Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Таҳлил: Ўзбекистон иқтисодиёти барқарорликни сақлаб қолди



Улашинг :


Ўзбекистон иқтисодиёти ташқи қийинчиликларга чидамлилигини кўрсатди. Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг 1-чорагида иқтисодиёт ички ва ташқи зарбалар шароитида ривожланди. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 2023 йилнинг 1-чорагида 5,5 фоизга ўсди.

Қўшни мамлакатларда ЯИМнинг ўсиш суръатлари январь-март ойларида ўтган йилнинг дастлабки уч ойига нисбатан тезлашди. Шундай қилиб, Қозоғистонда иқтисодиёт 4,9 фоизга, Қирғизистонда 4,6 фоизга ўсди. Хитойда ЯИМ ўсиши 4,5 фоизни ташкил этган. Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлигининг ҳисоб-китобларига кўра, январь-февраль ойларида Россия ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 3,2 фоизга камайди, инфляция секинлашди, йил бошидан бери нархлар 1,7 фоизга ошди.

Уч ойда Ўзбекистонда инфляция 2022 йилнинг мос давридаги 2,9 фоиздан 2,4 фоизгача пасайди. Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи — 3,4 фоиз (2022 йил январь-март ойларида — 4,4 фоиз), ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,6 фоиз (2,1 фоиз), пуллик хизматлар нархи 1,6 фоиз (1,5 фоиз) бўлди.

Асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг ўсиш суръати 3,1 фоизгача секинлашди. Ўсиш бюджет маблағлари ҳисобидан инвестиция ҳажмининг 2,1 баробарга сезиларли ўсиши, шунингдек, жалб этилган хорижий инвестициялар ва давлат кафолати остида олинган кредитлар ҳажмининг 22 фоизга ўсиши билан боғлиқ бўлди. Марказлаштирилмаган инвестициялар орасида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг 37 фоизга ўсиши кузатилмоқда. Умуман олганда, 1-чорак якунларига кўра, марказлаштирилган инвестициялар улуши инвестициялар умумий ҳажмининг 10 фоизи, марказлаштирилмаган инвестициялар улуши 90 фоиз бўлганини кўриш мумкин.

Январь-март ойларида иқтисодиётнинг барча тармоқларида ўсиш кузатилган бўлса-да, аммо 2022 йилнинг 1-чорагига нисбатан саноат, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўсиш суръатлари секинлашди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, жорий йилнинг дастлабки уч ойида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4,1 фоизга ошди. Энг катта ўсиш электр энергияси, газ таъминоти, буғ ва ҳавони тозалаш тармоғида бўлган, яъни 5,4 фоиз. Кўриб чиқилаётган даврда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 4,3 фоизга юқорилади. Тоғ-кон саноатида ўсиш суръати 2022 йил январь-март ойларига нисбатан 2 фоизгача тезлашди (0,8 фоиз). Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг ўсиши 2022 йилнинг 1-чорагида 24 фоиздан 2023 йилнинг биринчи 3 ойида 5,1 фоизгача секинлашган.

Кўриб чиқилаётган даврда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 10,9 фоизга ошган. Бу 2022 йил январь-март ойларида 15,9 фоиз бўлган эди. Қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши 3,2 фоизга тезлашиши кузатилмоқда. Бу кўрсаткич 2022 йил январь-март ойларида 2,8 фоизни кўрсатган.

Ташқи савдо айланмаси 11,9 фоизга ўсиб, 14,8 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, экспорт ҳажми 2,6 фоизга камайди ва 5,7 миллиард долларни ташкил этиб, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 баравар сезиларли даражада ўсган. Импортнинг ўсиш суръати 23,4 фоизгача секинлашиб, ҳажми 9,1 миллиард долларни ташкил этган. Ўтган 2022 йил январь-март ойларида эса бу кўрсаткич 44,2 фоиз бўлган.

Мутахассисларнинг фикрича, экспорт кўрсаткичларининг пасайиши хорижга ёқилғи-энергетика ресурслари етказиб бериш 48 фоизга, олтин 19 фоизга, саноат товарлари деярли 10 фоизга, хом ашё 40 фоизга камайиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, озиқ-овқат экспорти 26 фоизга, кимёвий маҳсулотлар 13 фоизга, машина ва транспорт ускуналари деярли 2 баравар, тайёр маҳсулотлар 36 фоизга, хизматлар деярли 50 фоизга ошди.

Импортда асосий ўсиш машина ва транспорт ускуналарини етказиб бериш 42 фоизга, минерал ёқилғи ва нефт маҳсулотлари 53 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари 17 фоизга, кимёвий маҳсулотлар 16 фоизга, хом ашё етказиб беришнинг 21 фоизга ошиши ҳисобига тўғри келмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, салбий таъсир кўрсатган кўплаб ташқи ва ички муаммоларга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти 2023 йилнинг 1-чорагида барқарорликни намойиш этди ва юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолди.

Б.Мелиқулова, ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

26 04 2023 / 14:07