Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

АСОСИЙ МЕЗОН – ДАРОМАД, ЛЕКИН... Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантиришга нималар тўсқинлик қилмоқда?



Улашинг :


Наманган шаҳрида Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-Омбудсман), Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспортини ривожлантиришнинг долзарб вазифалари ва истиқболлари (Фарғона водийси мисолида)” мавзусида республика илмий-амалий анжумани ўтказилди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, давлат ва хўжалик бошқарув органлари, олимлар, тадқиқотчи­изланувчилар, фермерлар, агрокластерлар, тадбиркорлар ва соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари қатнашган ушбу анжуманда Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси ва Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида аграр соҳадаги ислоҳотларни ривожлантиришга оид белгилаб берилган устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишга оид долзарб масалалар муҳокама қилинди. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг учдан бир қисмидан ортиқроғи аграр соҳа ҳиссасига тўғри келади. Қишлоқ хўжалигида 3,5 миллиондан ортиқ аҳоли иш билан банд бўлиб, маҳсулотларни чет элга сотишдан тушган тушумлар умумий экспорт даромадларимизнинг 25 фоизигача миқдорини ташкил қилади. 2020 йили пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 1 миллиард долларлик мева-сабзавот экспорт қилинди. Ўтган давр мобайнида, Мурожаатномада қайд этилганидек, мева­сабзавотчилик, ғаллачилик ва чорвачилик йўналишида ҳам 500 га яқин кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилди. Хусусан, мева­сабзавотчилик кластерлари томонидан 1,2 млн. тонна маҳсулот етиштирилиб, 526,6 минг тонна ички истеъмолга, 500 минг тонна қайта ишлашга ҳамда 153,7 млн. долларлик 180,4 минг тонна мева­сабзавот экспортга йўналтирилди. Амалиётга илғор ёндашувлар, инновацион усуллар жорий этиляпти. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш ва чуқур қайта ишлашнинг “занжирли” технологиясига асосланган кластерлар услуби пайдо бўлгани бунга яққол мисолдир. Аграр жабҳа ва у билан бевосита боғлиқ тармоқлар истиқболи кластер билан боғланаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки бу янги тузилма қишлоқ хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтиш жараёнини тезлаштириш, чекка ҳудудларга саноатни олиб кириш, энг асосийси, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда катта имкониятга эгалиги билан ажралиб туради. Таъкидлаш жоизки, ривожланган мамлакатлар (Европа Иттифоқи, АҚШ, Канада) бозорларида кооперативларнинг улуши 40 фоиздан ошади, Ўзбекистонда эса бу йўналиш эндигина ривожланмоқда. Аграр соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш, мева­сабзавот маҳсулотларини етиштириш, чуқур қайта ишлаш ва экспортини ривожлантириш борасида ҳукуматимиз томонидан қўйилган вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлаш учун қуйидаги масалалар ечимини топиши долзарб аҳамиятга эга. Республикамиз аҳолиси сонининг юқори суръатлар билан ўсиб бориши, қишлоқ хўжалиги ерларининг бошқа тоифага ўтказилиши ва глобал иқлим ўзгариши таъсирининг кескинлашуви оқибатида охирги 15 йилда аҳоли жон

бошига тўғри келадиган суғориладиган майдонлар 24 фоизга (0,23 гектардан 0,16 гектаргача), ўртача йиллик сув таъминоти даражаси эса 3 048 метр кубдан 158,9 метр кубгача қисқарди. Қишлоқ хўжалигида ўртача йиллик сув сарфи иқтисодиёт тармоқларида истеъмол қилинган сув ресурсларининг 90 фоизини ташкил этиб, юқорилигича қолмоқда. Деҳқончилик учун қарийб 88 фоиз сув ресурсларини қўшни давлатлардан импорт қиладиган давлатимизда дунёдаги иқлим ўзгариши ва бошқа омиллар туфайли бу борадаги тақчиллик йилдан йилга кучаймоқда. Ер ва сув ресурслари тобора танқис бўлиб бораётган шароитда экинларни жойлаштиришда иқтисодий самарадорлиги ва бозор конъюнктураси инобатга олинмагани, интенсив ёндашувлар жорий этилмагани боис қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажми пастлигича қолмоқда. Бу эса аҳоли сони муттасил ўсиб бораётган вазиятда озиқ­овқат хавфсизлигини таъминлаш, камбағал қатлам учун кундалик истеъмолга зарур маҳсулотларни (картошка, пиёз, ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва ҳоказо) арзон нархда йил давомида узлуксиз етказилишини таъминлаш сингари долзарб иқтисодий­ижтимоий масалани олдимизга қўяди. Таъкидлаш жоизки, Конституциямизнинг 53­моддасига мувофиқ, бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма­хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб­баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди. Таҳлилларга кўра, ҳар бир туманда кўпинча битта кластер фаолият юритади. Шу боис фермерларда шартнома имзолаш борасида танлов йўқ, ўзлари етиштирган пахта нархини белгилаш бўйича назорат ёки музокара ўтказиш имкони мавжуд эмас. Мустақил кооперативларини ташкил этмоқчи бўлган фермерлар ушбу тумандаги кластер билан шартнома имзолашдан бошқа чораси йўқ. Кластерлар ва маҳсулот етказиб берувчилар ўртасида тенг ҳуқуқлилик принципи ва бозор тамойилларига асосланган муносабатларнинг қатъий жорий қилиниши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларининг жаҳон бозорида сотилишига ижобий таъсир кўрсатади. Зеро, дунё текстиль брендлари қатъий мониторинг учун қулай муҳитни ҳамда етказиб бериш занжири стандартларига риоя қилишни таъминлай оладиган кучли мустақил фуқаролик жамиятига эга бўлган мамлакатдан маҳсулотлар олишни истайди. Уруғчилик ҳамда кўчатчилик хўжаликларига харажатларининг камида учдан бир қисмига субсидия ажратиш муҳим аҳамият касб этади. Бунда туманларнинг ихтисослаштирилиши, тупроқ­иқлим шароити ва сув таъминотини, шунингдек, чуқур таҳлиллар ва халқаро экспертларнинг тавсияларини

ҳисобга олган ҳолда “майдон бирлигидан юқори фойда олиш” тамойилига асосан экспортбоп экинларни жойлаштириш, юқори авлодли уруғликлар билан таъминлаш, илғор ресурстежовчи, инновацион технологиялардан фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш борасида чораларни кўриш лозим. Таассуф билан таъкидлаш лозимки, ҳозирги вақтда ривожланган давлатларда 1 метр куб сув билан 4-6 АҚШ долларилик маҳсулот етиштирилаётган бўлса, республикамизда бу кўрсаткич 0,15 АҚШ долларини ташкил этмоқда, холос. Шу тарзда қишлоқ хўжалиги соҳасини юқори қийматли экинларни кўпайтириш орқали диверсификация қилиш ниҳоятда долзарб бўлиб турибди. Ўзбекистонда мева­сабзавот етиштириш ўсимлик маҳсулоти қийматининг 50 фоизини ва мамлакат қишлоқ хўжалиги товарлари экспорт қийматининг 35 фоизини ташкил этади. Ушбу экинлар анъанавий даромадларга қараганда кўпроқ фойда келтириши билан бирга яхши ҳақ бериладиган мавсумий иш манбаи ҳамдир. Айниқса, хотин­қизлар учун қўшимча иш ўринлари яратилади. Масалан, ёввойи ҳолда ўсувчи ковул ўсимлиги хомашё базасидан самарали фойдаланиш мумкин. Шу йўсинда аграр соҳада ҳосилдорлик кўрсаткичи билан эмас, балки кўрилаётган соф иқтисодий фойда билан баҳолаш механизмини йўлга қўйиш бугунги давр талабига айланмоқда. Рентабелликни ошириш – ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, унинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш лозим. Президентимиз таъбири билан айтганда, тупроққа тушадиган ҳар бир томчи сув, ҳар грамм ўғитнинг аниқ ҳисоб­китобини олиш, ҳосилдорлик, даромадни кўпайтириш чораларини кўриш лозим. Маълумотларга кўра, 2020 йили Ўзбекистонда 16 млн. тоннадан зиёд мева-сабзавот етиштирилди. Ушбу ҳосилнинг қарийб 1,5 млн. тоннаси (қиймати 1 млрд. AҚШ доллари) халқаро бозорга экспорт қилинди. Хусусан, мева-сабзавотчилик кластерлари 1,2 млн. тонна маҳсулотлар етиштириб, шундан 526,6 минг тоннаси ички истеъмолга, 500 минг

тоннаси қайта ишлашга ҳамда 180,4 минг тоннаси экспортга йўналтирган. Мутахассислар томонидан Ўзбекистон мева­сабзавот маҳсулотлари хуфия бозори ҳажми қарийб 7 миллиард долларга баҳоланмоқда. Бунга қарши курашни тадбиркорлар йўлидаги тўсиқларни олиб ташлаш орқали амалга ошириш, жумладан, маҳсулот етказиб берувчилар ва қайта ишлаш корхоналари ўртасида эркин бозор нархларида шартномавий муносабатларнинг кенг йўлга қўйилиши ва ижросининг таъминланиши мақсадга мувофиқ. Статистикага қараганда, 2020 йилнинг 10 ойида цитрус мевалар импорти ҳажми республикамизда қарийб 23 млн. долларни ташкил этган (асосий улуш: 17,6 млн. доллар – банан, 1,7 млн. доллар – апельсин). Бу эса республикамизда валюта тежамкорлигига эришиш ва ер майдони бирлигидан юқори даромад олиш тамойилидан келиб чиқиб жанубий ҳудудлар, хусусан, Сурхондарё вилоятида, шунингдек, иссиқхона хўжаликларида цитрус мевалар (жумладан, банан ва апельсин) етиштирилишини йўлга қўйиш (янада кўпайтириш) каби долзарб вазифани етакчи олим­агрономлар, мева­сабзавот кластерлари, бободеҳқонлар олдига қўймоқда. Стратегия доирасида белгиланган вазифаларни бажариш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини 2030 йилгача ривожлантиришда ўртача меҳнат унумдорлигини 1,7 баробар ошириш, маҳсулотларни қайта ишлаш бўйича қўшимча 3,4 млн. тонна қувват яратиш ҳамда ушбу кўрсаткични 30 фоизга етказиш, экспорт ҳажмини эса 20 млрд. АҚШ долларига кўтариш белгиланган. Республикамизда етиштирилган мева – 20 фоиз, сабзавот ва полиз экинлари – 5 фоизга яқин, узум – 10 фоиз атрофида саноат корхоналарида қайта ишланмоқда, холос. Бу эса мева­сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш қувватларини модернизация қилиш ва кескин ривожлантириш борасида ҳукумат даражасида инвестициявий дастур ишлаб чиқиш ва қабул қилиш долзарб аҳамиятга эгалигини кўрсатади. Натижада республикамиз озиқ­овқат хавфсизлиги пойдеворини янада мустаҳкамлашга шарт­шароит яратилади. Мамлакатимизда мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишга қулай шароит яратадиган инфратузилма тўлиқ шаклланмаган. Мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш бўйича логистика марказларини кўпайтириш ва фаолиятини ривожлантириш лозим. Шунингдек, экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг йўл харажатларини (авиа, авто) камайтириш ёки буни қоплаш учун экспортчиларга қисман бўлса-да, субсидия ажратиш масаласини ҳал этиш мақсадга мувофиқ. Президентнинг 2019 йил 24 мартдаги қарорига мувофиқ, мамлакатимиз экспортчиларига темирйўл орқали экспорт товарларини етказишда сарф­харажатларни компенсация қилиш учун 50

фоизгача миқдорда субсидия ажратилиши механизми йўлга қўйилган. Айни пайтда, АҚШ ёки Европа мамлакатларига эртапишар гилос ва бошқа мева­сабзавот маҳсулотлари, дуккакли экинларни ва улардан чуқур қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилишда йўл харажатлари маҳсулот таннархига нисбатан бир неча баробар ошганини таъкидлаш лозим (масалан, 1 кг. кунжут ёғи бозорда 25 минг сўм бўлгани ҳолда Тошкент – Нью-Йорк, Тошкент – Истанбул – Нью-Йорк маршрути бўйича авиахаражатлар 1 кг. юк учун қарийб 2,3 доллардан то 8-9 долларгача эканини кузатиш мумкин). Бу эса маҳсулот таннархини кескин кўтариб юборади ва республикамиз маҳсулоти рақобатдошлигини пасайтиради. Юртимизнинг келажакда Жаҳон савдо ташкилотига аъзолигидан самарали фойдаланиш, жумладан, МДҲ, Европа Иттифоқи ҳамда Осиё мамлакатларига экспорт ҳаж

мини кўпайтириш учун нарх томонидан рақобатбардошликка эришишни таъминлаш билан бирга, мева­сабзавот маҳсулотлари сифатини янада ошириб бориш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Бунда истиқболли йўналишларидан бири халқаро бозорларда рақобатбардош бўлган эко (органик) маҳсулотлар етиштиришдир. Мутасадди идоралар томонидан махсус биомаркировка қўйилиши, яъни “EKO”, “BIO”, “AB”, “ORGANIC” ёки экспорт қилинаётган мамлакат қоидаларига кўра бошқа, жумладан, GLOBAL G.A.P. каби халқаро кенг тан олинган стандартларнинг жорий этилиши, экологик тоза – органик маҳсулотлар етиштирувчи ва чуқур қайта ишлаб чиқарувчиларга молиявий кўмак кўрсатиш ҳамда чет элдан харидор топишга ёрдам берилиши муҳим аҳамиятга эга. Аграр соҳада меҳнат қилаётган барча фермер, деҳқон,

кластер эгалари ва қишлоқ хўжалик кооперативлари аъзолари манфаатлари уйғунлигини таъминлаш, мулкчилик шакллари хилма­хиллиги ва қонун олдида баробарлигига эришиш, бозор талабини ўрганиб, ақл билан иш тутиш, тупроқ­иқлим шароитидан келиб чиқиб экинларни жойлаштириш, ерни муҳофаза қилиш, аграр соҳа ходимларининг билим ва малакасини ошириб бориш мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириб, экспорт салоҳиятини кўтариш ҳамда қишлоқ аҳли даромадининг ошишига хизмат қилади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ҳамма иқтисодий соҳаларда асосий мезон – даромад. Манфаатдорлик бўлса, иш, натижа бўлади.

Акром АЛИМОВ, Бош директори.

Султонмурод МИХРИДИНОВ, марказ бўлим бошлиғи





Сарлавха :
Марказ фаолиятига оид

25 02 2021 / 12:54