Таҳлил қилинаётган даврда Ўзбекистоннинг асосий савдо шериклари бўлган мамлакатларда иқтисодий ўсиш кузатилди. Россия Федерацияси Иқтисодий ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 1-чорагида Россия иқтисодиёти 5,4%га ўсди. Кўриб чиқилаётган даврда Хитой ялпи ички маҳсулоти 5,3%га ошди. Қозоғистонда қисқа муддатли иқтисодий кўрсаткичнинг ўсиши 4,7%ни ташкил этди. Қирғизистонда иқтисодий ўсиш суръати 8,8%ни ташкил этди.
Инфляция. Ўзбекистонда дастлабки уч ойда нархлар 1,7%га ошган (2023 йил 1-чорагида – 2,4%). Йиллик ҳисобда истеъмол нархларининг ўсиши ҳам 8%гача секинлашди (2023 йил март ойи охирида – 11,7%). Таққослаш учун, Қозоғистонда 1-чоракда истеъмол нархлари индекси 2023 йил декабрь ойига келиб 2,6%га (йиллик ҳисобда – 9,3%), Россияда – 1,9%га (йиллик ҳисобда – 7,8%) ошди. Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1-чорагида озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 1,7%га, ноозиқ-овқат маҳсулотлари 1,1%га, хизматлар 2,3%га ошди.
Биринчи уч ой якунларига кўра, мисли кўрилмаган инвестиция фаоллиги кузатилди – асосий капиталга инвестициялар 75%га ошди. Марказлаштирилмаган инвестициялар ҳажми 1,8 баробар, жумладан, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2,6 баробар ошди. Шунингдек, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан инвестициялар 13%га, аҳоли маблағлари ҳисобидан 6,3%га ўсиши кузатилмоқда.
Марказлаштирилган инвестициялар ҳажми 17%га ошди. Шу билан бирга, бюджет маблағлари ҳисобидан инвестициялар 50%дан ортиқроққа қисқартирилди. Ҳукумат кафолати остида жалб қилинган инвестициялар 2,4 баробар ошди, бироқ уларнинг умумий инвестициялардаги улуши 4,8%ни ташкил этди.
Умуман олганда, 1-чорак якунларига кўра, инвестициялар умумий ҳажмида марказлаштирилмаган инвестицияларнинг улуши 93%ни, марказлаштирилган инвестициялар эса 7%ни ташкил этди.
Иқтисодиётнинг барча тармоқларида 2023 йил январь-март ойларидаги кўрсаткичларга нисбатан жадал ўсиш динамикаси кузатилди.
Қишлоқ хўжалигида ўсиш суръати 2023 йилнинг 1-чорагидаги 3,2%дан жорий йилнинг 1-чорагида 3,6%гача тезлашди. Ўсимликчилик ва чорвачилик 3,6%га, ўрмон хўжалиги 2,7%га, балиқчилик 5,8%га ўсди.
Кўриб чиқилаётган даврда саноат ишлаб чиқариши 6,5%га ўсди (2023 йил январь-март ойларида – 4,1%). Тармоқлар бўйича ишлаб чиқаришнинг қарийб 80%ини ташкил этувчи қайта ишлаш саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 7,1%га, тоғ-кон саноатида 4,9%га, электр таъминоти, газ таъминоти, совутиш тизимлари – 2,9%га, сув таъминоти ва чиқиндиларни утилизация қилишда - 5,8%га ўсиш суръатларини ташкил этди.
2024 йилнинг январь-март ойларида қурилиш соҳасида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг ўсиш суръати 6,8%ни ташкил этди (2023 йилнинг шу даврида – 4,5%).
2024 йилнинг биринчи уч ойида бозор хизматлари ҳажми 14,2%га, 2023 йилнинг шу даврида эса 10,9%га ошди. Хусусан, энг катта ўсиш таълим соҳасида – 26%, молиявий хизматлар – 25%, ахборот ва коммуникациялар – 19%, соғлиқни сақлаш – 14%, доимий яшаш жойи ва овқатланиш – 11%, кўчмас мулк - 11%га кузатилди. Чакана товар айланмаси 9,3%га ошди.
Транспорт хизматлари ҳажми 7,2%га, юк айланмаси 6,2%га, йўловчилар айланмаси 5%га ошди.
Январь-март ойларида ташқи савдо айланмаси 6,2%га ўсиб, 15,8 млрд долларга етди (2023 йилнинг январь-март ойларида ўсиш 12,8%ни ташкил этди). Шу билан бирга, экспорт 10%га ошиб, 6,4 млрд долларни ташкил этди (2023 йилнинг январь-март ойларида 0,7%га пасайиш кузатилди), импорт 3,8%га ошиб, 9,4 млрд долларни ташкил этди (ўтган йилнинг дастлабки уч ойида импортнинг 23%га ўсиши кузатилди).
Жорий йилнинг дастлабки уч ойида ёқилғи-энергетика материаллари экспорти қарийб 2 баробар, хомашё 32%, кимё саноати маҳсулотлари 28%, хизматлар 10%га ўсган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ёқилғи-энергетика материаллари импортини 37%га, хизматларни 40%га, саноат товарлари импортини 14%га оширди. Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари импорти 6,7%га, кимё маҳсулотлари 2,5%га, машина ва ускуналар 2,6%га камайганини қайд этиш лозим.
***
Сарлавха :
Иқтисодиёт
30 04 2024 / 17:39