Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Президент шундай топшириқ берди: пахтачиликда шинжон тажрибаси қўлланади



Улашинг :


16.07.2024

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев илгарироқ даромад ва ҳосилдорликнинг ошиши учун деҳқончилик илмга асосланиши керак, деган эдилар. Куни кеча Фарғона вилоятига қилинган ташриф чоғида унинг амалий йўлларини ҳам тавсия қилишди. Яъни, келгуси йили Фарғона вилоятида юз фоиз пахта майдонларига чигит Хитойнинг Шинжон усулида экилади. Хўш бу нима дегани?

Дастлаб шу кунгача қандай услубда пахта етиштирилганини тилга олайлик. Тошлоқ тумани деҳқонини ҳам, ташкилотчиларини ҳам уста пахтакор, дейиш мумкин. Негаки, мана бир неча йилдирки, вилоятда энг юқори ҳосилдорлик олган ҳам, шартномани энг биринчи адо этган ҳам тошлоқликлардир. Масалан, Хуршидбек Ўсаралиев бошчилигидаги “Хуршидбек зиё” фермер хўжалигини олайлик. 32 гектарда Ф-8290 навли пахта етиштирмоқда. Кўчатлари аввало зич, шунга қарамай дуркун, бақувват. Ҳосилнику “қуйиб” ташлаган.

–60х40 схемада қўшқатор қилиб эрта баҳор – 27 март куни ерга чигит ташлаган эдик. Ҳозир ҳар гетарда 200 мингдан зиёд кўчатимиз бор, –дейди Хуршидбек. –Мана, иккинчи сувни қўйяпмиз. Ўтган йили 170-180 минг кўчат билан 50-55 центнергача пахта олгандик. Бу йил 60 центнердан кам бўлмайди.

Авваллари бир гектарда 100-120 минг пахта кўчати бўлар эди. Ҳосил ҳам, меҳнати ҳам, қолаверса даромади ҳам шунга яраша бўлган. 2023 йилга келиб кўчат сонини кескин оширдилар. Энди деҳқон, унинг техникаси даладан чиқмай қолди.

–Ҳозиргача 6 марта “сажен”, кўчат сони кўплиги учун азотли, фосфорли ўғит одатдагидан 100-150 килограммдан ортиқ солдик. Тўғри, ҳаражат катта, лекин ҳосилдорлик юқори бўлгани учун даромад ҳам шунга яраша бўлади, – дейди фермер.

Тошлоқ туманида 5700 гектар майдонга чигит ташладилар. Унинг ўттиз фоизида анъанавий усулга нисбатан бир ярим, икки баробар кўчат кўп.

–Ўтган йили 180 минг кўчати бўлган майдонлар 50 центнердан пахта берган эди. У аввалги йилдагига нисбатан 10 центнерга юқори, – дейди Тошлоқ тумани ҳокими ўринбосари Азимжон Бобораҳимов. –Бу йил эса 200-220 мингтадан кўчат бор ҳар бир гектарда. Демак 60 центнердан ҳосил олиш орзу эмас,ҳақиқат.

Замон, қишлоқ хўжалиги тизими, иш услуби ва сиёсати ўзгарди. Энди аввалги йиллардаги каби теримда қўл кучига таяниб бўлмайди. Механизация хал қилувчи омилга айланадиган вақт келди. Буни тошлоқлик фермерлар англаб етдилар.

–Илгари пахта майдонларимиз 3, 5, 10 гектаргача эди. Ҳозир майдонлар 18 гектардан кам эмас. Унинг сабаби пахтани машинада терамиз дея майдонларни атайин кенгайтирганимизда, – дейди “Неъматжон ҳожи” фермер хўжалиги раҳбари Ғиёсиддин Неъматов.

Туман ҳокимлиги фермер ва кластер кучини ҳосилдорликни оширишга қаратиш билан бирга терим машиналарини кўпайтириш харакатида.

–50 центнер 200 минг кўчат етиштирган майдон учун оддий хол экан. Агротехникага қатъий риоя қилинса бемалол 60 центнердан ҳосил олса бўлишига ишондик, – дейди Азимжон Бобораҳимов. –Бу йил иш кучини ва ҳаражатни тежаш мақсадида 6 та терим машиналарини сотиб олмоқдамиз ва туманда машина теримини кенг йўлга қўямиз.

Фарғона вилоятида, жумладан Тошлоқ туманида мана икки йилдирки янгича усулни синаб кўришмоқда.

–Ўзбекистон Республикаси президенти Фарғона вилоятига ташрифи чоғида айнан “Мезон” усули ҳақида гапириб ўтди. Унинг афзаллиги шундаки кўчатнинг қалинлиги меванинг кўплиги ҳисобига ҳосилдорлик юқори бўлади, – дейди “Файзли тонг жилваси” фермер хўжалиги раҳбари Раҳматжон Отахонов. –Бундай усулда пахта етиштирганда озуқани ва ишловни кўпайтириш лозим.

Меҳнатни илмий асосда ташкил этиш жуда тез натижасини берди. Мана бу майдонларни кўриб кўзингиз қувнайди.

–76 схемада ҳар гектарида 200 мингтадан кўчат етиштирдик. Бир тупда 9-10 тадан бўлиқ кўсагимиз бор. Пахта ишлашда давом этяпти. Ўтган йили ҳар гектаридан 50 центнердан пахта олган эдик. Бу йил ниятимиз ҳосилдорликни 60 центнерга етказиш, – дейди Раҳматжон.

Хўш, Хитойнинг Шинжонидачи? Улар аввало юз фоиз чигитни пленка остига экадилар. Иккинчидан, барча пахта майдонлари 76 схемага мослаштирилган. Учинчидан, ҳар гектар майдонда 200-220 мингдан кам эмас кўчатлар.

Ва ниҳоят, пахта ғарқ очилганида юз фоиз терим машиналарида йиғиб олинади. Шундан гектаридан олинадиган ҳосилдорлик 50-60 центнердан кам эмас, даромад эса юқори ҳосилдорлик ва иш асосан механизацияда бажарилгани учун эски усулга нисбатан анча юқори.

Президент фарғоналик деҳқонларни вилоятнинг барча пахта майдонларида айнан шу усулни қўллашга чорлади.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА





Сарлавха :
Иқтисодиёт

17 07 2024 / 11:21