Бундан бир неча йиллар олдин хориждан ташриф буюрган мутахассис Қашқадарё вилояти деҳқонлари билан учрашувда интенсив технологиялар ёрдамида иссиқхоналар ташкил қилиш ва уни табиий йўл билан иситиш ҳақида гапира туриб, Германияда ер остидан сизот сувлари ҳисобидан фойдаланиб, уларни махсус қувурларда босим билан айлантириш орқали парникда иссиқликни таъминлаш йўлга қўйилганини айтган эди. Боиси, қиш фаслида ҳаво совиб кетади, аммо ер остида сувлар илиқ бўлади.
Яратганнинг назари тушган юртимизда шундай булоқлар борки, уларнинг суви тайёр қайнаган сув ҳароратида отилиб чиқади. Қашқадарё вилоятининг Косон туманида қайнар булоқлардан бир эмас бир нечта бор. Ҳудуд тадбиркорлари саховатпеша заминнинг берган бу имкониятларидан унумли фойдаланишни йўлга қўйди. Яъни иссиқхоналар ташкил қилиб, қайноқ булоқ сувлари ёрдамида уларни иситмоқда.
Хусусан, туманнинг Уйрот маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган иссиқ сув булоқ атрофида “Косон Соф Агро” масъулияти чекланган жамияти аъзолари жорий йилнинг январь ойида ҳудуднинг табиий имкониятларидан келиб чиқиб полизчилик иссиқхоналари ташкил этган. Ҳозирда 30 сотих майдонда табиий иссиқ сув булоқлари ёрдамида иситиладиган кўчатчилик иссиқхонаси ташкил этилган бўлса, 2 гектар иссиқхонага полиз кўчатлари экишга ҳам улгуришган. Жамият томонидан иссиқхоналарни кенгайтириш ишлари давом эттирилмоқда. Яқин кунларда жами бундай иссиқхоналар ҳажми 10 гектарга етказилади ва улар табиий иссиқ сув булоғи ёрдамида иситилиб, у ерда баҳорнинг энг эртапишар қовун, тарвузлари етиштирилади.
Таъкидлаш лозимки, “Косон Соф Агро” МЧЖ томонидан жорий йилнинг ўтган икки ойида тумандаги Турон ҳудудида 150 гектар боғ ва токзор барпо этилди. Жорий йил 25 мартга қадар минг гектарга яқин ер майдонида 200 гектар боғ, 100 гектар соя, 400 гектар нўхат ва 50 гектар полиз (шундан 10 гектар иссиқхонада) ва 200 гектар мош каби озиқ-овқат экинларини экиш ишлари якунига етказилади. Ушбу лойиҳаларнинг амалиётга татбиқ этилиши натижасида жорий йилда 300 тага яқин доимий ва мингтага яқин мавсумий иш ўринлари яратиш мўлжалланмоқда.
Косон туманида ердан иссиқ сув
сизиб чиқадиган ҳудудлар яна борлиги ҳисобга олинадиган бўлса, яқин келажакда
туманда бу каби истиқболли лойиҳалар қамрови янада кенгаяди. Бу эса ҳудудда
экспортбоп озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошиши билан бирга минглаб
ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминланишига хизмат қилади.
Ў.Баротов,
ЎзА
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
04 03 2021 / 15:53