
Дала четига бир уюм пахта тўпланди. Уни нима қилса бўлади? Деҳқоннинг бу пешона терини қанчага баҳоласа арзийди? Зар қадрини заргар билади деганларидек, қийматни белгилаш унга қайси кўз билан қарашга боғлиқ.
Тасаввур қилиш қизиқ жараён. “Оқ олтин” шу ҳолида четга сотиб юборилса, бирнави маблағга айланади. Оддий теримчи учун эса унинг килограми минг-икки минг сўм атрофида туради. Агар бирортаси боғловдаги мол-ҳолига едириб юборса, сув текин кетади. Оддий емиш бўлади.
Сир эмас, яқин-яқингача кўпчилик бу хомашёнинг қийматини шу торгина доирада тасаввур қилар эди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда ғўзани парваришлашдан тортиб пахтани ип-калавага айлантириш, ундан мато тайёрлаш, ярим тайёр маҳсулотдан эса кийим-кечак ишлаб чиқариш занжири яхши ривожланди. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатининг инвестицион жозибадорлиги ошди.
Соҳанинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш, маҳаллий тўқимачилик маҳсулотларининг хорижий бозорларга кенгроқ кириб бориши учун катта шароитлар яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 16 январда қабул қилинган “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида қайта ишлаш занжирини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу йўналиш равнақида янги ўсиш босқичини бошлаб берди.
Ҳужжат билан 2025-2027 йилларда ушбу йўналишда қайта ишлаш занжирини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Мақсадлар ўсиш динамикасига эътибор қаратамиз. Маҳсулотлар экспортини жорий йилда 4 миллиард, келгуси йилда 5 миллиард ва 2027 йилда эса 7 миллиард долларига етказиш режаси олинди.
Шунингдек, АҚШ ва Европа давлатлари бозорларига тайёр маҳсулотлар экспорти 500 миллион долларга етказилиши мақсад қилинди. Илғор технологиялар ва замонавий дизайнерлик ишланмаларини кенг жорий қилиш ҳамда халқаро брендларни жалб қилиш орқали эса жами экспортда тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари улуши 70 фоизга етказилиши қайд этилди.
Соҳа ривожида маблағ муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ип-калавани чуқур қайта ишлашни янада ривожлантириш мақсадида 5 миллиард доллар миқдорида хорижий инвестициялар, кредитлар жалб қилиш кўзда тутилган.
– Янги фармон соҳада эришилган ютуқларни алоҳида қайд этиб, истиқболдаги янги ривожланиш йўналишларини аниқ кўрсатиб беради, – дейди “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бўлим бошлиғи Абдуғаффор Умаралиев. – Тўқимачилик тармоғида қайта ишлашни чуқурлаштириш учун қулай молиявий шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди. Хусусан, ип-калава ва матонинг экспорт йиғимидан тушадиган маблағлар тўлиқ миқдорда “Тармоқларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси”га йўналтирилади. Маҳаллий маҳсулот ва брендларни халқаро “маркетплейс”ларда тарғиб қилиш, жойлаштириш ва реклама қилиш бўйича “Made in Uzbekistan” дастури амалга оширилади.

Жорий йилда етмишдан ортиқ тўқимачилик лойиҳалари амалга оширилади. Бунинг натижасида аралаш ип, трикотаж мато, газлама, тайёр тикув-тирикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қуввати сезиларли ошади.
Маҳаллий корхоналар ишлаб чиқариш фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун факторинг компанияси ташкил этилади. Бундан ташқари, бир қатор солиқ имтиёзлари қўлланилади.
Ушбу чора-тадбирлар эса шу йўналишдаги тадбиркорлик субъектлари учун катта имкониятларни яратади, улардаги экспорт ҳажми ва иш унумдорлигини оширади. Янги-янги иш ўринлари вужудга келади.
Кейинги йилларда тўқимачилик саноати мамлакатнинг асосий драйвер йўналишларидан бирига айланди. Бу каби ислоҳотлар иқтисодиёт равнақи, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири
Сарлавха :
Иқтисодиёт
11 02 2025 / 16:14