Мамлакатимизда сўнгги йилларда
коррупцияга қарши курашиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар асосида иш олиб
борилмоқда. 2017 йил 3 январда ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида
“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган.
2025 йил 5 март куни эса
давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида Коррупцияга қарши курашиш миллий
кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда юртимизда коррупциядан холи муҳит яратиш
бўйича қилинган ишлар муҳокама этилиб, коррупция ислоҳотлар йўлидаги энг катта
тўсиқ ва ғов эканлиги таъкидланди.
Илмий адабиётларда коррупциянинг
асосий сабаблари сифатида иқтисодий тенгсизлик, ҳуқуқий тизимдаги камчиликлар
ҳамда институционал муаммолар кўрсатилади. Бу омиллар коррупциянинг пайдо
бўлишини ва унинг тарқалишини тезлаштиради. Айнан шунинг учун ҳам бу борада
илмий изланишлар олиб бориш орқали муаммони асил моҳиятини англаш ва унга қарши
курашиш мумкин бўлади. Илмий ёндашув коррупциянинг сабабларини аниқлаш ва унинг
олдини олишда самарали қарорларни ишлаб чиқиш учун муҳимдир.
Президент Шавкат Мирзиёев
таъкидлаганидек: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг
яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир
жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак
марраларга эриша олмаймиз”. Бунинг учун жамиятнинг маънавий ва ахлоқий
саводхонлигини ошириш, ёшларнинг ҳуқуқий, маърифий билимларини кучайтириш,
коррупцияга қарши ўз позициясини қатъий билдириш керак.
Коррупциянинг сабабларини ўрганиш
илмий тадқиқотлар учун муҳим аҳамиятга эга. Бу тадқиқотлар коррупциянинг
барвақт олдини олиш бўйича стратегияларни ишлаб чиқишда ёрдам беради. Масалан,
иқтисодий сабаблар коррупциянинг пайдо бўлишига туртки беради, чунки турли
хилдаги чеклашлар, амалдорларнинг назоратсизлиги ва имтиёзларга эга бўлиши
уларни пора олишга ундайди.
Илмий тадқиқотлар коррупциянинг
ижтимоий оқибатларини ҳам таҳлил қилади. Коррупция, ўз навбатида, иқтисодий
ўсишни секинлаштиради, инвестицияларнинг камайишига, ишлаб чиқаришнинг
пасайишига олиб келади. Ижтимоий адолатсизликни кучайтиради, жамиятда
ислоҳотларни нотўғри тушуниш ва нотўғри талабларни тарғиб этади. Шундай қилиб,
коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органлари ва қонун билан чекланмасдан,
балки ижтимоий муҳитнинг яхшиланишини ҳам талаб қилади.
Тадқиқотчилар коррупциянинг
олдини олиш учун самарали давлат сиёсатини ишлаб чиқишда ҳуқуқшунослик ва
сиёсатшунослик соҳасидаги тадқиқотларнинг аҳамиятини таъкидлашади. Бу ҳуқуқий
ва сиёсий механизмлар коррупцияга қарши курашиш учун муҳимдир. Улар орасида
коррупцияга қарши қонунлар, тизимли мониторинг, жамоатчилик назорати ва кенг
тарғибот тадбирлари муҳим роль ўйнайди. Ижтимоий ва ҳуқуқий соҳаларда амалга
ошириладиган тадқиқотлар коррупцияга қарши курашишга самарали таъсир кўрсатишга
ёрдам беради.
Илмий тадқиқотлар коррупцияга
қарши курашишда инновацион технологияларнинг аҳамиятини ҳам кўрсатмоқда. Модерн
ахборот тизимлари, маълумотлар таҳлили ва электрон ҳукуматнинг ривожланиши
коррупциянинг олдини олишда муҳим роль ўйнайди. Электрон тизимлар коррупциянинг
олдини олиш ва шаффофлигини таъминлашга ёрдам беради.
Шунингдек, ёшлар таълими ва
тарбияси ҳам коррупцияга қарши курашишда муҳим ўрин тутади. “...Ислоҳотларимиз
натижадорлиги аввало, садоқатли, фидойи ва коррупцияга тоқатсиз янги авлодга
бевосита боғлиқ. Бу ишда фикри тоза ёш авлодни тарбиялаш устувор вазифага
айланиши шарт”. Шу мақсадда мактаб директорлари “Тарбия” фани доирасида
ўғил-қизларимизга ҳалоллик, бировни ҳаққига хиёнат қилмаслик каби эзгу ғояларни
содда тилда тушунтириб бориши керак” деган эди Юртбошимиз.
Хулоса қилиб айтганда,
коррупцияга қарши курашишда илмий ёндашувнинг аҳамияти катта. Илмий тадқиқотлар
коррупциянинг сабабларини аниқлаш, ундан сақланиш ва самарали сиёсатлар ишлаб
чиқишга ёрдам беради. Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш учун ижтимоий,
иқтисодий ва маданий аспектларни ҳам инобатга олиш керак. Инновацион
технологияларнинг ривожланиши, жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши ва ёшларнинг
маънавий ҳамда ҳуқуқий маърифийлиги муваффақиятга эришишда муҳим аҳамиятга эга.
Абдулла Рўзиқулов,
Демократик жараёнларни таҳлил
қилиш маркази
ЎзА