Ўзбекистон Республикаси Президенти “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Унга мувофиқ, 2025 йилда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари белгиланди. Улар:
а) кичик ва ўрта бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 55 фоизга, саноатда - 34 фоизга, экспортда - 34 фоизга ва аҳоли бандлигини таъминлашда 75 - фоизга етказиш;
б) камида 600 нафар кичик ва ўрта бизнес субъектларининг йириклашишига кўмаклашиш орқали уларни "чемпион" тадбиркорларга айлантириш;
в) ичимлик ва оқова сув, йўл, қурилиш, коммунал хўжалик,
утилизация, миграция, маданият ва ижтимоий хизматларда кичик бизнес улушини
камида 2 бараварга ошириш;
г) 100 нафардан кўп ишчиси бор тадбиркорлик субъектлари
сонини 4 мингга етказиш;
д) Саноатни жадал ривожлантириш бўйича лойиҳа офисларини
ташкил этиш ҳисобига камида 100 та кичик ва ўрта бизнес субъектларида бренд
маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш;
э) кичик бизнес субъектлари иштирокида камида 200 та стартап
лойиҳаларни амалга ошириш;
ж) узоқ муддатли ижарага берилган 30 минг гектар экин ер
майдонида юқори даромадли экинларни етиштириш, 16 та ихтисослашган агрокомпания
фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда 9 та замонавий агросаноат хўжалигини ташкил
қилишдан иборат бўлади.
2025 йил 1
майдан бошлаб "ўзини ўзи банд қилган шахе - якка тартибдаги тадбиркор -
кичик бизнес-ўрта бизнес-йирик корхона" занжири асосида тадбиркорлик
субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш бўйича:
а) ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор
ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи
ундирилмайди;
б) ўз фаолиятини тегишинча якка тартибдаги тадбиркор,
микрофирма ёки кичик корхона тоифасигача йириклаштирган ўзини ўзи банд қилган
шахслар ва тадбиркорлик субъектларига Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш
дастури доирасида 50 миллион сўмгача, Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш
комплекс дастури доирасида - 150 миллион сўмгача гаровсиз кредитлар берилади;
в) ўз фаолиятини тегишинча ўрта ёки йирик бизнес тоифасигача
йириклаштирган тадбиркорлик субъектларига - бир йил давомида қўшилган қиймат
солиғи суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) етти кун муддатда тезлаштирилган
тартибда амалга оширилиши механизми жорий қилинади.
2025 йилда
кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 120 триллион сўм, шу жумладан,
тадбиркорлик дастурлари доирасида 22 триллион сўм миқдоридаги кредит маблағлари
ажратилади.
Фармонга мувофиқ:
а) Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида
янгидан ташкил этилган ва ҳисоб рақамида етарли маблағлар айланмасига эга
бўлмаган кичик ва ўрта бизнес субъектларига уларнинг гаров таъминотидан келиб
чиқиб кредит ажратишга рухсат берилади;
б) 2025 йил 1 июлга қадар юридик шахсларга онлайн режимда
микрокредит ажратиш жараёнлари соддалаштирилади ва уларни тезкор тасдиқлаш
механизмлари жорий қилинади;
в) Кичик бизнесни узлуксиз кқўллаб-қувватлаш комплекс
дастури доирасида Ижтимоий ҳимоя ягона реестрида турган ишсиз фуқароларни иш
билан таъминлаган кичик ва ўрта бизнес субъектларига ушбу фуқаролар учун ташкил
қилинган ҳар бир иш ўрнига қўшимча равишда 10 миллион сўмдан, 10 ва ундан кўп
бундай иш ўринларини ташкил қилган субъектларга 100 миллион сўмгача 3 йилгача
муддатга йиллик 14 фоиз ставкада айланма маблағларни тўлдириш учун кредит
ажратиш амалиёти йўлга қўйилади;
г) Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тижорат банклари билан
биргаликда ушбу банднинг “в" кичик бандида келтирилган талаблар
бажарилишини доимий мониторинг қилиб, белгиланган мезонларга амал қилмаган қарз
олувчилар бўйича кредит фоиз ставкаси бозор ставкаларига ўтказилади.
Тез ва юқори
суръатларда ўсаётган тадбиркорлик субъектларини “чемпион" тадбиркорларга
айлантириш дастури амалга оширилади. Дастур доирасида "чемпион"
тадбиркорларга айлантириладиган ташкилотлар рўйхати шакллантирилиб, унга
қуйидаги мезонларга жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари киритилади:
а) туман (шаҳар) даражасида-ҳар бир туман (шаҳар)да камида
2тадан йиллик айланмаси 10 миллиард сўмдан юқори бўлган ва 50 тадан ортиқ иш
ўрни яратган тадбиркорлик субъектлари;
б) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент
шаҳрида - ҳар бир ҳудудда камида 5 тадан йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан
юқори бўлган ва 500 тадан ортиқ иш ўрни яратган тадбиркорлик субъектлари;
в) республика даражасида - йиллик айланмаси 1 триллион
сўмдан юқори бўлган ва 5 мингдан ортиқ иш ўрнини яратган тадбиркорлик
субъектлари.
Фармон билан:
а) 2026 йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахслар
шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхати;
б) 2026 йил 1 январдан кучга кирадиган Миллий ҳунармандчилик
фаолиятининг йўналишлари рўйхати ва "Ҳунарманд" уюшмасига аъзо бўлиш
мезонлари тасдиқланди.
2025 йил 1
июлдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар
кичик ва ўрта бизнес субъектлари зиммасига янги мажбуриятлар юклатилишини
назарда тутадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишга мораторий эълон
қилинади. Шунингдек, 2028 йил 1 январга қадар "Биринчи имконият"
тамойили жорий этилади ва унинг доирасида биринчи фаолият йили давомида савдо
ва тадбиркорлик соҳаларига оид маъмурий ҳуқуқбузарликни илк бор содир этган
кичик тадбиркорлик субъектлари маъмурий жавобгарликдан озод этилади.
2025 йил 1
сентябрдан бошлаб қуйидаги мезонларга бир вақтнинг ўзида жавоб берувчи кичик ва
ўрта бизнес субъектларининг фаолиятини ихтиёрий равишда тугатишда солиқ
текшируви ўтказилмайди:
а) охирги уч йилда товарларни (хизматларни) реализация
қилишдан олинган жами даромади 10 миллиард сўмдан ошмаган;
б) бюджет ва кредиторлар олдида қарздорлиги мавжуд бўлмаган
ҳкамда мунтазам равишда солиқ ҳисоботларини тақдим этаётган;
в) "Хавфни таҳлил қилиш" электрон тизимида
ҳуқуқбузарлик содир этиш хавфи паст даражада таснифланган.
ЎзА сайтидан олинган.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
28 05 2025 / 12:15