Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Иқтисодчилар ХВЖ солиқ сиёсати бўйича Ўзбекистонга берган айрим тавсияларни танқид қилмоқда



Улашинг :


Иқтисодчилар Юлий Юсупов ва Отабек Бакиров Халқаро валюта жамғармасининг даромад солиғининг прогрессив шкаласига ўтиш ва «иқтисодиётга солиқ юкини ошириш»ни таклиф қилган тавсияларини танқид қилди. Уларнинг фикрича, айрим таклифларда мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий воқелиги ҳисобга олинмаган.

Иқтисодчилар Юлий Юсупов ва Отабек Бакиров Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистондаги миссиясидан сўнг берган айрим тавсияларини танқид қилди.

ХВЖнинг эълон қилинган ҳисоботига кўра, жамғарма солиқ тушумларининг уч йил давомида ЯИМга нисбатан 2 фоиз пунктига (2020 йилга нисбатан) камайишини қоплашни ва солиқ тизимини адолатли қилишни таклиф қилмоқда. Таклифлар махсус акциз солиғини (алкоголь, қазиб олинадиган ёқилғи, транспорт, шакар учун) ошириш, инвестиция ва божхона имтиёзларини камайтириш, даромад солиғининг ягона ставкасидан прогрессив шкалага ўтишни ўз ичига олади.

Иқтисодчи олим, Иқтисодий тараққиётга кўмаклашиш маркази директори Юлий Юсупов солиқ имтиёзларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади:

«Мен индивидуал ва соҳага оид имтиёзларни бекор қилиш кераклигига тўлиқ қўшиламан — улар бозор механизмларини бузади, коррупцияга ёрдам беради ва рақобатни чеклайди», — деди у.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, 2020 йилдан бошлаб солиқ тушумлари камайгани ҳақидаги гап ҳақиқатга тўғри келмайди. «ОТБ маълумотларига кўра, пасайиш кузатилмаган: 2020 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари ЯИМга нисбатан 26,9 фоизни, 2024 йилда эса 30,5 фоизни ташкил этган», — дея тушунтирди эксперт.

Унинг қўшимча қилишича, асл муаммо буджет даромадлари эмас, балки давлат харажатларининг кескин ўсишида: 2020 йилда ЯИМнинг 29,1 фоизидан 2024 йилда 35,5 фоизгача.

«Ҳа, даромадлар ўсиши харажатлар ўсишидан орқада қолмоқда, аммо бу давлатнинг ошириб юборилган харажатларини камайтиришдан кўра солиқ юкини оширишимиз кераклигини англатадими?» — сўради Юсупов.

Иқтисодчининг фикрича, ХВЖ тавсиялари мантиғи расмий равишда тўғри, аммо маҳаллий воқеликка мос келмайди:

«ХВЖ мантиғига кўра, агар харажатлар кўп бўлса, солиқлар ҳам катта бўлади. Лекин бу ривожланган бозор иқтисодиёти учун мўлжалланган мантиқ. Ўзбекистон эса бундай давлат эмас», — дея таъкидлади у.

Юсуповнинг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳоли жон бошига ЯИМи қарийб 3000 долларга тенг бўлган камбағал мамлакатлигича қолмоқда, бозор иқтисодиёти ҳам эмас — бу ерда асосий қарорлар бозор томонидан эмас, балки амалдорлар томонидан қабул қилинади (катта давлат харажатлари, имтиёзлар, субсидиялар, солиқ ва божлар, шунингдек, имтиёзли кредитлар).

«Мамлакат қанчалик камбағал бўлса, у кўтара оладиган бюджет ва солиқ юки шунчалик кам бўлади… Агар у, албатта, бой мамлакатларга етиб олишни истаса. Чунки ЯИМда давлат харажатларининг юқори улуши бизнес харажатларининг юқорилиги ва рақобатбардошликнинг пастлигини билдиради», — дейди у.

Экспертнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда давлат харажатларининг ЯИМдаги улуши Ғарбий Европа мамлакатларидаги кўрсаткичлар билан таққосланарли — у корхоналарнинг квазифискал харажатларини ҳисобга олган ҳолда (Жаҳон банки маълумотларига кўра) ЯИМнинг 40% дан ортиғини ташкил этади.

«Ҳатто Шарқий Осиёнинг бой мамлакатларида ҳам бу кўрсаткич 1,5−2 баравар кам. Мен ҳатто муваффақиятли ривожланаётган камбағал иқтисодлар ҳақида гапирмаяпман», — деди у.

Унинг фикрича, мансабдор шахслар харажатларининг муттасил ўсиб бораётгани — самарали жамоатчилик назоратининг йўқлиги натижаси:

«Улар фаолияти устидан самарали жамоатчилик назорати, самарали назорат ва мувозанат мавжуд бўлмаган шароитда бу ўткир истак давлат харажатларининг чексиз ўсишига айланади, бу эса иқтисодиётга ошиб бораётган солиқ ва қарз юки билан қопланади», — деди Юсупов.

Солиқларни кўтариш ўрнига у муқобил вариантни таклиф қилди:

· давлат харажатларини, айниқса, иқтисодий харажатларни 1,5−2 баробарга тубдан қисқартириш;

· давлатнинг мулк улушини камайтириш;

· мамлакатда бизнес юритиш харажатларини камайтириш ва маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш мақсадида тадбиркорлик субъектларига солиқ ва қарз юкини камайтириш;

· божлар ва тарифсиз тўсиқларни олиб ташлаш;

· рақобат муҳитини мустаҳкамлаш, «мансабдор шахслар томонидан сунъий равишда яратилган монополия ва коррупция иллатларини йўқ қилиш» мақсадида индивидуал ва соҳага оид имтиёзларни бекор қилиш.

«Ва, энг муҳими, давлатнинг иқтисодиётдаги функцияларини тубдан ўзгартириш. Мансабдор шахсларни бизнесдан тортиб олиш, уларга шу кунгача тинмай амалга ошириб келаётган бозор механизмларини, рақобат муҳитини бузишни тақиқлаш керак», — деди Юлий Юсупов.

У ХВЖнинг иқтисодга солиқ юкини ошириш борасидаги ёндашувига қўшилмайди. «Макроиқтисодий тамойилларнинг механик татбиқ этилиши мамлакатнинг институционал ва тарихий хусусиятларини ҳисобга олмаган ҳолда айнан мана шу нарсага олиб келади», — деб хулоса қилди эксперт.

«ХВЖнинг даромад солиғини табақалаштириш таклифига асло ва асло рози бўлмаслик керак«

Молиячи Отабек Бакиров Халқаро валюта жамғармасининг Ўзбекистон даромад солиғининг бир текис ставкасидан (12 фоиз) прогрессив шкаласига ўтиши кераклиги ҳақидаги тавсиясини кескин танқид қилди.

Жамғарманинг ҳисоблашича, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва 2020 йилдан бошлаб ЯИМ улуши сифатида солиқ тушумларининг камайишини қоплаш учун бу қадам зарур.

Бироқ, Отабек Бакировга кўра, бу таклиф зарарли ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий воқелигини ҳисобга олмайди. «Бу жуда ёмон ва, қанчалик ғалати эшитилмасин, антиижтимоий таклиф», — деди у.

Унинг эслатишича, илғор солиқ шкаласини жорий этиш ҳақидаги ишоралар бир йил аввал Ўзбекистон расмийлари томонидан берилган, ҳозир эса шунга ўхшаш ғоялар «гўёки ХВЖ экспертлари оғзидан бирга бир янграмоқда».

Бакиров ХВЖ таклифи қабул қилиниши мумкин эмаслигининг бир қанча сабабларини аниқлади.

«Охирги йилларда даромад солиғидан тушумлар улушда ҳам, суммада ҳам тезроқ ўсмоқда, биринчи чоракда ҳам бу тенденция давом этган. Яъни меҳнат бозори оқаришдан, даромад солиғи тўловчилар сони ўсишдан тўхтагани йўқ», — деди у.

Прогрессив шкалага ўтиш, унинг сўзларига кўра, қисқа вақт ичида даромадларни ошириши мумкин, аммо бандликнинг «оқариши»ни тўхтатади ва конвертларда иш ҳақи амалиётини қайтаради.

«Юқори даромад эгалари, яъни бойлар Ўзбекистон шароитида даромадларини корпоратив харажатлар орқали ёки дивиденд орқали чиқариб олишади, асло иш ҳақи орқали эмас. Шунинг учун ижтимоий адолат ҳақида гап кетса, дивиденд солиғини ошириш (даромад солиғи ставкасигача) ёки шахсий истеъмолга кетаётган корпоратив харажатларни солиқ базасига киритишни илгари суриш лозим», — деб ҳисоблайди иқтисодчи.

«Ўзи нима учун меҳнаткаш даромадидан 12%, буржуй эса дивидендидан 5% (ундаям мингта имтиёз) солиқ тўлаши керак? Шуми ижтимоий адолат?» — деб сўради у.

Унинг фикрича, солиқларни ошириш — самарасиз қарзлар тўлови.

«Агар даромад солиғи ставкалари оширилса ва прогрессив шкалага ўтилса, тинимсиз ўсаётган қарзларни тўлаш юкининг халқ бўйнига солиқларни ошириш кўринишида (тарифлар кўринишида илиниши аллақачон бошланган) илиниши тезиси амалда тасдиқланади», — деди Бакиров.

Эксперт ижтимоий сиёсат учун бюджет даромадларини ошириш зарурлигига рози, аммо «меҳнаткашлар ҳисобидан эмас».

«Охирги 8 йилда доллардаги миллиардерларга айланган шоввозлар ниҳоят солиққа тортилиши керак. Қани ўзбек газ ва нефть конларини эгаллаб олганлар, каррасига солиқ ставкаси пасайтирилганлар? Шуларнинг чўнтагини бўғиш пайти келмадими? Қани божсиз мошин олиб кириб сотаётганлар? Шулардан ҳисоб сўраш керакмасми? Ё улар яп-янги джетларда учсин, саройларда яшасин, қора халқ улар учун солиқ тўласинми?» — сўради у риторик тарзда.

Бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг июнь ойи бошида маълум қилишича, 2024 йил якунига кўра Ўзбекистонда даромад солиғи тўловчилар сони 6,3 миллион кишига етган (иқтисодиётда банд бўлган аҳолининг 44,1 фоизи). Таққослаш учун: 2022 йил 1 июль ҳолатига кўра, ушбу солиқни 5,37 миллион киши ёки иқтисодий фаол аҳолининг 39,4 фоизи тўлаган.

ХВЖ олтин нархининг юқори бўлишига қарамай, солиқ тушумлари ЯИМ улуши сифатида пасайишда давом этганини таъкидлади. Бу, хусусан, тез ривожланаётган хизматлар соҳаларида (масалан, ахборот технологиялари) солиқ имтиёзлари, заиф солиқ текширувлари, йирик солиқ тўловчиларни бошқаришдаги операцион муаммолар ва ҚҚСни қайтаришнинг кескин ўсиши каби базани бузувчи омиллар билан, шунингдек, ҳам инвестицияларнинг кўпайиши, ҳам, хабарларга кўра, фирибгарлик билан боғлиқ.

газета.уз


Сарлавха :
Иқтисодиёт

30 06 2025 / 13:20