1 январдан Ўзбекистонда фермер ва деҳқонлар учун пахта ва ғалладан
ташқари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда ҚҚС нолга тенглаштирилади.
Имтиёз қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг деярли ярмини қамраб олади
ва бизнесга 1 трлн сўмгача маблағни тежаш имконини беради.
Ўзбекистондаги фермер хўжаликларининг деярли ярми қўшилган қиймат солиғи
бўйича имтиёздан фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги
вазири Иброҳим Абдураҳмонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида
айтиб ўтди.
4 сентябрь куни президент
ҳузурида ўтказилган йиғилишда 2026 йил 1 январдан бошлаб фермер
ва деҳқонлар ўз маҳсулотларини сотганда ҚҚС ставкаси нолга тенг
бўлиши маълум қилинди. Имтиёз пахта ва ғалладан
ташқари мева-сабзавот, гўшт, сут, тухум ва бошқа қишлоқ хўжалиги
маҳсулотларига татбиқ этилади.
«Бугун давлатимиз
раҳбарига қишлоқ хўжалиги соҳасидаги янги таклифларни тақдим этдик. Сўнгги
пайтларда фермер ва тадбиркорлар билан мулоқотда солиқ юки ва қўшилган қиймат
солиғи бўйича саволлар кўпроқ янграмоқда. Бугун шу масалаларни ҳал қилиш
бўйича таклифлар берилди», — деди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари.
Унинг сўзларига кўра,
ҳозирда ҚҚС ставкаси 12 фоизни ташкил этади, бироқ президент топшириғига биноан
уни пасайтириш бўйича таклиф тайёрланган:
«Халқаро тажрибани
ўрганиб, фермерлар томонидан етиштирилган пахта ва ғалладан ташқари қишлоқ
хўжалиги маҳсулотларини қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш бўйича таклиф
тайёрланди. Яъни бундай товарлар учун ҚҚСнинг ноль ставкасини белгилаш таклиф
этилмоқда».
Вазирнинг ҳисоб-китобларига кўра, 48 мингдан ортиқ фермер — мамлакатда
рўйхатдан ўтган 100 мингдан ортиқ фермернинг деярли ярми — бу чорадан
тўғридан-тўғри фойда кўради. «Бу фермерларга солиқ юкини камайтиради
ва шунга мос равишда уларнинг хўжаликлари рентабеллигини сезиларли
даражада оширади: агар ҳозир рентабеллик даражаси 5−7 фоизни ташкил этса,
у 15 фоизгача ўсиши мумкин», — деди у.
Абдураҳмонов, шунингдек,
қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига ҚҚСнинг бекор қилиниши яширин иқтисодиётга қарши
курашишга ёрдам беришини ва янги аграр тизимларга йўл очишини таъкидлади:
«Ҳозир кичик,
саноатлаштирилмаган боғларда ҚҚС ундирилмайди, лекин йирик хўжаликларда
у амал қилади ва ишлаб чиқаришда қийинчиликларни келтириб чиқаради.
ҚҚСнинг бекор қилиниши агросекторда янги тизимларнинг ривожланишига туртки
бўлади».
Унинг сўзларига кўра,
асосий таъсирлардан бири фермерларнинг айланма маблағларини бўшатиш бўлади:
«Уруғлик, ўғит, ёқилғи
ва электр энергиясига сарфланган суммалар энди ҚҚСга тортилмайди, яъни
бу пуллар қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ишлатилиши мумкин».
Янги тартиб ва кешбек
Қишлоқ хўжалиги
вазирлиги раҳбари, шунингдек, президент вазирликка Солиқ қўмитаси билан
биргаликда ҳар йили ҚҚСнинг ноль ставкасига тушадиган маҳсулотлар рўйхатини
эълон қилиш бўйича топшириқ берганини маълум қилди. Бунда, бўшаган ҚҚС суммаси
уч кун ичида электрон платформа орқали иқтисодиётнинг бошқа тармоқларига
кешбек кўринишида қайтарилиши лозим.
«Президент бу янги тизим эканини, халқ буни ҳис қилиши кераклигини
таъкидлади. Уни ҳар бир кишига амалда тушунтириш керак. Авваллари бизга бундай
бўлиши мумкин эмасдек туюларди, бугун эса давлат раҳбари ечимларни тақдим
этди», — деди вазир.
Шунингдек,
мутахассисларни ўқитиш ва янги моделни тизимли жорий этиш вазифаси
қўйилди:
«Энг катта вазифа —
ҳаммани ўқитиш, тизимли ёндашувни жорий этиш. Президентимиз бу ишни
жойларда, илғор фермерларимиз иштирокида ташкил этиш, натижасини мониторинг
қилиб, бўлаётган ўзгаришлар ҳақида ҳар ойда ахборот бериб бориш бўйича топшириқ
берди».
Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ЯИМ
Якунда Абдураҳмонов
ислоҳотларнинг мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодиёт ўсиши учун
муҳимлигини таъкидлади:
«Мамлакатимиз ялпи ички
маҳсулотида қишлоқ хўжалигининг улуши салмоқли экани, айниқса, муҳим.
Бу соҳани соядан чиқариш унинг салоҳиятини бир неча баробар
оширади», — деди у.
Вазирнинг сўзларига кўра, 2025 йилда 517 триллион сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсад қилинган. Бироқ, президент таъкидлаганидек, мамлакатнинг реал ички имкониятлари бундан ҳам юқори.
Имтиёз самараси
Солиқ қўмитаси раиси
ўринбосари Жаҳонгир Абдиевнинг маълум қилишича, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги
маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланувчи корхоналарга бир қатор имтиёз
ва преференциялар тақдим этилмоқда — хусусан, уларга 11 турдаги
субсидиялар мавжуд. Бундан ташқари, чорвачилик ва паррандачилик билан
шуғулланувчи тадбиркорларга тўланган ҚҚСнинг 50 фоизини қайтариб бериш
механизми жорий этилди.
Эндиликда тадбиркорлар
ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда илгари 12% ҚҚС тўлашга
мажбур бўлган суммани ўзларида сақлаб қолишлари мумкин бўлади. Ҳисоб-китобларга
кўра, ноль даражали ставкани қўллаш натижасида бундай корхоналар
ихтиёрида 440 млрд сўмга яқин маблағ қолади.
Унинг сўзларига кўра, ноль даражали ставканинг амал қилиши мева-сабзавот
маҳсулотларини сотишга ҳам татбиқ этилади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра,
ушбу механизм бизнесда қўшимча 500 миллиард сўмдан ортиқ маблағни, юқоридаги
чора билан биргаликда эса қарийб 1 триллион сўмни сақлаб қолиш имконини беради.
Маъмуриятчиликни
соддалаштириш мақсадида ноль даражали ставкани қўллаш натижасида юзага
келадиган ҚҚС бўйича манфий фарқни қоплаш механизми ҳам сақлаб қолинади.
«Эндиликда тадбиркорлик
субъекти томонидан мурожаат қилинганидан сўнг маблағлар автоматик тарзда
уч кун ичида қайтариб берилади», — дея қўшимча қилди Абдиев.
Унинг қайд этишича,
бу чора-тадбирлар, аввало, корхоналарнинг айланма маблағлари ўсишига олиб
келади ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг яширин иқтисодиётдан чиқиши
учун рағбат яратади.
gazeta.uz