Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Рақобатсиз давлат харидлари: қонун бор, чекловлар йўқ — коррупция хавфи сақланиб қолмоқда



Улашинг :


Ўзбекистонда давлат харидларининг деярли ярми ҳалигача рақобатсиз усулларда ўтказиляпти. Қонунчиликдаги тўғридан-тўғри шартнома тузиш бўйича «кенг йўлак» тендерларни четлаб ўтишга имкон бераётгани ва амалдаги назорат тизимини қайта кўриб чиқиш зарурлиги тўғрисида Эксперт Хусаин Раджапов мақоласи.

Хусаин Раджапов (PhD), Тошкент давлат юридик университети, «Бизнес ҳуқуқи ва суд ҳимояси» тадқиқот маркази илмий ходими, «Рақобат ҳуқуқи» мутахассиси, Япониянинг Кобе Университети меҳмон тадқиқотчиси.

2026 йил 16 февралдаги президент фармони (ПФ-22) билан тасдиқланган «Маҳалла инфратузилмасини янада такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш бўйича устувор ислоҳотлар дастури»да давлат харидларида коррупцияга қарши кураш, очиқ ва адолатли рақобатни таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қайд этилган.

Шунингдек, давлат дастурида давлат харидлари соҳасидаги муаммолар қаторида иштирокчиларнинг ўзаро алоқадорлиги ва картель битимларига алоҳида урғу берилган. Эксперт давлат харидларидаги картель келишувлари муаммоси ҳақида аввалги мақоласида батафсил ёзган эди.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Ўзбекистонда харидлар тизимининг шаффофлигини ошириш ва коррупция хавфларини камайтиришга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди: электрон тендер ва аукционлар жорий этилди, жараёнлар рақамлаштирилмоқда.

Бироқ амалиёт шуни кўрсатяптики, давлат харидларининг электронлаштирилиши бюджет маблағларидан самарасиз фойдаланиш муаммосини ўз-ўзидан ҳал қила олмайди. Харид иштирокчилари ва буюртмачилар томонидан амалга ошириладиган коррупция ва картель келишувлари барҳам топмаяпти, шунчаки янги шаклларга кўчяпти.

Суиистеъмол қилиш ҳолатларининг илдизи кўп ҳолларда буюртмачиларнинг ўз фаолиятига бориб тақалади: айнан улар ижрочини олдиндан «танлаб қўйиши», харид шартларини ўзгартириши ва хўжакўрсинга рақобат ташкил қилиб, етказиб берувчиларнинг хатти-ҳаракатларини яширинча мувофиқлаштириши мумкин. Муаллиф, шунингдек, рақобатли электрон давлат харидларидаги типик коррупция схемалари ҳақида аввалроқ ёзган эди.

Ушбу мақолада бошқа, кўзга камроқ ташланадиган, лекин хавфлилик даражаси ундан қолишмайдиган жиҳатга — рақобатсиз харидлардаги коррупция хатарларига эътибор қаратиш таклиф этилади. Амалга оширилган ислоҳотларга қарамай, давлат харидларининг салмоқли қисми ҳанузгача тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ва ягона етказиб берувчидан харид қилиш орқали амалга оширилмоқда, бу эса рақобатга, бюджет маблағларидан самарали фойдаланишга ва коррупцияга қарши ҳақиқий курашга бевосита таҳдид солади.

Иқтисодиётнинг энг йирик сегменти

Расмий статистикага кўра, 2024−2025 йилларда давлат харидларининг қарийб ярми — 2024 йилда 46 фоиз, 2025 йилда 43 фоиз қисми тендерсиз тўғридан-тўғри шартномалар ва ягона етказиб берувчилар орқали амалга оширилган. Шундан тўғридан-тўғри шартномалар улуши 28 фоизни ташкил қилади.

Ўзбекистонда давлат харидлари тизими шунчаки техник ёки маъмурий жараён эмас, балки иқтисодиётнинг йирик сегменти ҳисобланади. Давлат харидлари ва буюртмаларининг мамлакат ЯИМга нисбати тахминан 20 фоиз деб баҳоланади. Демак, бу соҳадаги ҳар қандай рақобатсизлик, самарасизлик ёки коррупцион хавфлар — бутун иқтисодиётга таъсир қиладиган тизимли муаммо.

Шу нуқтаи назардан, давлат харидларида очиқлик ва адолатли рақобатни таъминлаш нафақат ҳуқуқий тамойил, балки макроиқтисодий барқарорлик ва бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш масаласидир.

Қуйида Хусаин Раджапов давлат харидларида рақобатсиз механизмлар, аввало, тўғридан-тўғри шартномаларнинг сақланиб қолаётган сабаблари, уларнинг коррупция хавфи билан бевосита боғлиқлиги ҳамда қонунчиликдаги зиддиятли ёндашувларни тизимли равишда таҳлил қилади. Ушбу таҳлил давлатнинг коррупцияга қарши сиёсати ва давлат дастурларида белгиланган мақсадларни шубҳа остига қўймайди. Аксинча, у рақобатли тартиб-таомиллардан айрим истиснолар амалиётда ўз мақсадига зид равишда қўлланилиб кетиши мумкин бўлган ҳуқуқий ва институционал заиф нуқталарни, хусусан, харид қарорларини тайёрлаш ва ижро этиш босқичларида аниқлашга қаратилган.

«Қонун бор, лекин рақобатли тартиб-таомиллардан кенг истиснолар сақланиб қолмоқда»

«Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг 71-моддаси тўғридан-тўғри шартнома тузиш мумкин бўлган 21 та ҳолатни назарда тутади. Ушбу 21 та ҳолатда назарда тутилган асосларнинг бир қисми, масалан, фавқулодда ҳолатлар, интеллектуал фаолият натижаларининг ҳуқуқ эгасидан харид қилиш, нархи давлат томонидан тартибга солинадиган товарларни харид қилиш, шунингдек гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ҳамда олиб кириш каби асослар ўз табиатига кўра ҳақиқатан ҳам истисно ҳолатлар ҳисобланади ва жамоат манфаатлари нуқтаи назаридан умумий жиҳатдан асосли ҳамда оқилона деб баҳоланиши мумкин.

Бироқ, муаммо шундаки, «Давлат харидлари тўғрисидаги» қонуннинг 71-моддасида келтирилган 21 та ҳолатнинг камида ярми амалда давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома асосида амалга оширишни талаб қилмайди — бундай харидлар рақобатли тендерлар орқали ҳам бемалол амалга оширилиши мумкин. Мазкур ҳолатлар қуйидаги 1-жадвалда келтирилган. Айнан шу ўринда истисно қоиданинг ўрнини эгаллай бошлайди.

1-жадвал. Тўғридан-тўғри шартномалар рўйхатидан чиқариш учун таклиф этилаётган, рақобатли тендер жараёнларини ўтказиш мумкин бўлган асослар

№

«Давлат харидлари тўғрисидаги» қонуннинг 71-моддасига кўра амалдаги асос

Нима сабабдан тўғридан-тўғри шартнома тузиш учун етарлича асос ҳисобланмайди

Қандай рақобатли усул қўллаш мумкин

1

Суд ишлари учун адвокат (вакил) тайинлаш

Юридик хизматлар бозори рақобатли; хизмат сифати ва нархни солиштириш мумкин

Энг яхши таклифларни танлаш / малакалаш мезонларига асосланган тендер

2

Хизмат сафарлари учун чипталар ва яшаш харажатлари

Авиакомпаниялар, агентликлар ва меҳмонхоналар бозори рақобатли

Электрон дўкон / кичик қийматли хариднинг соддалаштирилган тартиби / аукцион

3

Санаторий-курорт йўлланмалари ва маданий тадбирларга чипталар

Кўплаб хизмат кўрсатувчилар мавжуд

Энг яхши таклифларни танлаш / тендер

4

Янги автотранспорт воситалари, махсус ва қишлоқ хўжалиги техникаси

Дилерлар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида рақобат мавжуд

Тендер / аукцион

5

Расмий делегациялар ташрифлари учун хизматлар (яшаш, овқатланиш, сувенирлар)

Стандарт бозор хизматлари; фавқулодда ҳолат эмас

Энг яхши таклифларни танлаш / тендер / электрон дўкон (кичик харидлар учун)

6

ВМ захира жамғармасидан ажратилган маблағлар, парламент делегациялари учун харидлар

Маблағ манбаси рақобатни истисно қилишга асос бўлолмайди

Тендер / икки босқичли давлат харидлари

7

Ижтимоий муассасалар учун озиқ-овқат харидлари

Озиқ-овқат бозори юқори рақобатли

Аукцион (бошланғич нархни пасайтириш) / тендер

8

Тиббий кўрик ва даволаш хизматлари

Кўп ҳолларда хусусий клиникалар ўртасида рақобат бор

Энг яхши таклифларни танлаш / икки босқичли давлат харидлари

9

«Эл-юрт умиди» жамғармаси таълим дастурлари ва хорижий мутахассислар

Таълим хизматлари бозори рақобатли

Энг яхши таклифларни танлаш / тендер

10

Алоқа, интернет ва телерадиоузатиш хизматлари

Бозорда бир нечта провайдер мавжуд

Тендер / аукцион / рамкали харид (узоқ муддатли)

Юқорида келтирилган ҳолатлар бўйича тўғридан-тўғри шартномаларни истисно сифатида сақлаб қолиш ушбу соҳаларда оперативликка эмас, балки рақобат муҳитининг тизимли чекланишига олиб келади, маълум етказиб берувчиларга барқарор устунлик беради ва натижада бозорда сунъий монополлашув юзага келади.

Жадвалда келтирилган маълумотлар ҳақиқатан фавқулодда ва ноёб ҳолатларда истиснолар зарурлигини инкор этмайди; аксинча, у айрим асослар ўз моҳиятига кўра рақобатли бозорларга тегишли эканини ва уларни қонунда назарда тутилган рақобатли харид тартиб-таомиллари орқали амалга ошириш мумкинлигини кўрсатади. Бу эса коррупция хавфларини камайтиришга ва бозорлар монополлашувининг олдини олишга хизмат қилади.

Алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, 71-моддада рақобатсиз тўғридан-тўғри шартнома тузиш учун асос бўладиган энг баҳсли норма — ҳукумат қарорлари асосида тўғридан-тўғри шартнома тузиш имкониятидир. Айнан шу ерда назорат қилиш қийин бўлган «кенг йўлак» вужудга келади.

Бу механизмнинг асосий муаммолари қуйидагича:

· бу асосни қўллаш учун аниқ мезонлар белгиланмаган;

· молиявий чекловлар йўқ;

· хатто тендер ўтказиш объектив жиҳатдан мумкин бўлган ҳолатларда ҳам ушбу «кенг йўлак»дан фойдаланиш имконияти сақланиб қолмоқда.

Натижада йирик давлат харидлари қонуний тарзда рақобатли тартиб-таомилларни четлаб ўтиши мумкин. Бу айрим инсофсиз мансабдорлар ҳукумат қарорларини ниқоб сифатида қўллаб, ушбу «кенг йўлак»дан фойдаланиб, тендер ўтказмасдан йирик давлат буюртмаларини ўзларига аффилланган бизнес тузилмаларига ўтказишга уринишига шароит яратади. Бу эса давлат харидлари тизимида институционал коррупция хавфини жиддий оширади.

«Истиснолар» ҳукумат қарорлари билан расмийлаштирилганда: тўғридан-тўғри шартномалар қандай қилиб меъёрга айланяпти

Амалиётда ҳукумат қарорлари билан вазирликлар, идоралар ёки давлат иштирокидаги йирик корхоналарга тендер ўтказмасдан тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқи берилаётган ҳолатлар тобора кўпроқ учрамоқда. Қолаверса, айрим қарорларда тўғридан-тўғри шартнома тузилиши лозим бўлган компания номи ҳам аниқ кўрсатиб қўйилган ҳолатлар мавжуд.

Хусусан, фақат 2025 йил биринчи ярим йиллигининг ўзида қабул қилинган айрим ҳукумат қарорларида:

· донни қабул қилиш ва ҳисоб-китоб жараёнларини рақамлаштириш мақсадида «d-xarid.uz» ахборот тизимини «Realsoft» МЧЖдан тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилишга рухсат берилган, бироқ нега айнан ушбу компания танлангани ва нима учун тендер ўтказилмагани бўйича очиқ асос келтирилмаган;

· интенсив боғ ва иссиқхоналар барпо этиш лойиҳаларида «AGROSANOAT INNOVATORLARI» МЧЖга товар ва хизматларни тендерсиз харид қилиш ҳамда лойиҳалаш ва қурилиш ишларини бир вақтнинг ўзида амалга ошириш ҳуқуқи берилган, лекин компанияга бундай эксклюзив мақом тақдим этилишининг сабаблари очиқланмаган;

· қимматбаҳо металларни давлат кон-металлургия компаниялари томонидан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотиш тартиби 2030 йилгача узайтирилган, лекин бу механизмнинг рақобат муҳити ва бозор шартларига таъсири очиқ баҳоланмаган;

· Ўзбекистонда мажбурий маркировкалаш тизими ҳеч қандай очиқ танловсиз «CRPT TURON» МЧЖга топширилган;

· давлат нефть-газ компанияси томонидан қисқа муддат ичида триллион сўмларга тенг тўғридан-тўғри битимлар тузилиб, тендерсиз шартномаларнинг катта қисми муайян хусусий компаниялар ҳиссасига тўғри келган.

Келтирилган мисолларда бир умумий жиҳат бор: бу қарорларда нега айнан тўғридан-тўғри шартнома механизми танланаётгани, нима учун тендер ўтказиш мумкин эмаслиги ва нега давлат буюртмалари маълум доирадаги хусусий корхоналар қўлида тўпланиб қолаётгани очиқланмаган. Бу эса 71-моддадаги ушбу «кенг йўлак» амалда рақобатсиз йирик харидларни қонунийлаштириш воситасига айланиб қолганини кўрсатади.

Бундай ҳукумат қарорларининг айримлари ёпиқ тарзда қабул қилиниши ва жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинмаслиги эса вазиятни янада оғирлаштиради. Жамият мезонларни, асосларни ва муқобилларни кўрмас экан, давлат харидлари соҳасида шаффофлик ва ҳисобдорликка жиддий путур етади.

Чекловлар бор эди — лекин тезда бекор қилинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташаббуси асосида 2022 йил 11 ноябрдаги президент фармони (ПФ-244-сонли) билан ҳукумат қарорлари воситасидаги йирик рақобатсиз давлат харидлари амалиётини камайтиришга қаратилган чекловлар жорий этилган эди. Унга кўра, 2023 йил 1 мартдан бошлаб:

· Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори (1,44 млрд сўм ва ундан ортиқ) давлат харидларини тўғридан-тўғри шартнома орқали амалга ошириш тақиқланган;

· вазирликлар ва уларнинг тасарруфидаги ташкилотлар ўртасида БҲМнинг 3 500 баравари ва ундан юқори харидларни тўғридан-тўғри шартнома орқали амалга ошириш ман этилган.

Бу чекловлар рақобатсиз амалиётларнинг олдини олиш ва рақобатни кучайтиришда ёрдамчи воситага айланиши мумкин эди.

Бироқ ушбу нормалар бир ойга ҳам етмасдан, 2023 йил 4 апрелдаги ПФ-47-сонли президент фармони (lex.uz базасида мавжуд эмас, ёпиқ қарор) билан чиқариб ташланди. Кейинчалик 2025 йил 26 декабрдаги ПФ-259-сонли президент фармони орқали муайян қайта кўриб чиқишлар амалга оширилган бўлса-да, рақобатсиз харидлар учун «кенг йўлак» сақланиб қолмоқда.

«Комплекс экспертиза»: мустақил назоратми ёки формал босқич?

2024 йилда «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонунга киритилган ўзгаришга кўра, ҳукумат қарорлари асосида тузилган тўғридан-тўғри шартномалар Комплекс экспертиза қилиш марказида экспертизадан ўтказилиши шарт деб белгиланган.

Расман бу назоратни кучайтириш йўлида ташланган қадам. Лекин савол туғилади: бундай механизмни чинакамига мустақил ёки нейтрал деб ҳисоблаш мумкинми?

Марказ Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги ташкилот ҳисобланади. Демак, буюртма ҳам, рухсат ҳам, экспертиза ҳам бир тизим ичида қолиб кетяпти. Бундай шароитда экспертиза нархларнинг оширилиши, алоқадорлик ва асосланмаган тўғридан-тўғри шартномалар тузилишига қарши тўсиққа эмас, балки жараёндаги оддий босқичга айланиб қолиш хавфи юзага келади. Институционал жиҳатдан мустақил бўлмас экан, бу экспертиза механизмининг назорат кучи чекланганлигича қолади.

Стратегияда муаммо тан олинган, лекин аниқ ечим йўқ

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 20 декабрдаги 865-сон қарори билан тасдиқланган 2025−2027 йилларда давлат харидлари тизимини такомиллаштириш ва ривожлантириш стратегиясида тўғридан-тўғри шартномалар улушининг юқорилиги муаммо сифатида қайд этилган. Шунингдек, ҳужжат қуйидагиларни назарда тутади:

· тўғридан-тўғри шартномаларда нархни асослаш усулларини ишлаб чиқиш;

· рақобатсиз шартномаларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш амалиётини жорий этиш.

Бироқ, бу ерда асосий хавф ётибди. Биринчидан, асослантириш мезони сифатида «бошланғич нарх»га таянишнинг ўзи етарли эмас. Бошланғич нарх ҳар доим ҳам ҳақиқий бозор қийматини акс эттиравермайди. Муқобил таклифлар билан солиштирмасдан ва рақобат муҳитини таҳлил қилмасдан туриб, ҳар қандай «асос» шартли бўлиб қолаверади ва уни расмийлаштириш осон бўлади.

Иккинчидан, жамоатчилик муҳокамаси фойдали восита, лекин унинг самарадорлиги ошкор қилинаётган маълумотларнинг тўлиқлигига бевосита боғлиқ. Агар ҳукумат қарорларида нима учун тендер ўтказиш имконсизлиги ва муайян пудратчи қайси мезонлар асосида танлангани тушунтирилмаса, муҳокама шунчаки расмиятчиликка айланиб қолиши хавфи бор. Ҳар бир аниқ шартнома бўйича «такомиллаштириш», «ривожлантириш» ёки «мақбуллаштириш» ҳақидаги умумий иборалар шаффоф ва текшириладиган асоснинг ўрнини боса олмайди.

Рақобат қўмитаси ва Антикоррупция агентлиги хулосалари

Юқорида келтирилган 2024 йилдан жорий этилган Комплекс экспертиза ҳам ҳукумат тизими ичидаги механизм бўлгани сабабли, у тўғридан-тўғри шартномалар учун тўлақонли институционал фильтр вазифасини бажара оляптими, деган савол пайдо бўлади.

Давлат харидларида, жумладан, тўғридан-тўғри шартномалар тузишда Рақобат қўмитаси ва Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг хулосалари мажбурий характерга эга эмаслиги вазиятни янада чигаллаштиради. Ҳукумат қарорларини қабул қилувчи органлар ушбу идораларнинг хулосасини олиши ҳам мумкин, лекин уларни инобатга олмасдан ҳам қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга. Моҳиятан, назорат органларининг хулосалари очиқдан-очиқ хавфли қарорларни тўхтатиб қўйиш учун юридик кучга эга бўлмай, тавсиявий характерга эга бўлиб қолмоқда.

Бу ҳолат тўғридан-тўғри шартномалар каби энг юқори коррупция хавфи мавжуд бўлган механизмларда айниқса муаммолидир. Ҳатто назорат органи рақобатнинг чекланиши хавфи, манфаатлар тўқнашуви ёки нархнинг асоссиз оширилганини кўрсатган тақдирда ҳам, бу сигналларни четлаб ўтиш мумкин.

Аслида эса, тўғридан-тўғри шартномалар ўз табиатига кўра бюджет маблағларини рақобат асосида ва самарали сарфлаш тамойилидан истисно ҳисобланади. Демак, уларни қўллаш сусайтирилган эмас, аксинча кучайтирилган назорат остида амалга оширилиши лозим. Яъни, улар мажбурий икки босқичли институционал фильтрдан — монополияга қарши ва коррупцияга қарши назоратдан ўтиши шарт.

Акс ҳолда, парадоксал вазият юзага келади: назорат механизмлари расман мавжуд, лекин қарор қабул қилиш жараёнига ҳал қилувчи таъсир кўрсатмайди. Натижада тизим ўша коррупция хавфларини фақат «қонунийроқ» ниқоб остида такрорлашда давом этаверади.

Нима қилиш керак?

Таклифларим қуйидагича:

1. 71-моддадаги тўғридан-тўғри шартнома тузиш асосларини қайта кўриб чиқиш ва қисқартириш. Жадвалдаги мисоллар 71-моддада тўғридан-тўғри шартнома тузишга рухсат берувчи асосларнинг камида ярми амалда истисно ҳолатлар эмаслигини кўрсатади. Тўғридан-тўғри шартномалар давлат харидларини амалга оширишнинг «одатий» усулларидан бирига айланиб қолмаслиги керак, балки ўз мазмунига кўра улар фақат ҳақиқатан фавқулодда ва ноёб ҳолатларда қўлланиладиган қатъий истисно механизми бўлиши лозим.

2. Ҳукумат қарорлари асосида тўғридан-тўғри шартномаларни тузиш учун аниқ мезонлар ишлаб чиқиш: ҳукумат қарорлари асосида тўғридан-тўғри шартнома тузиш фақат стратегик давлат аҳамиятига эга лойиҳалар, миллий хафсизлик, халқаро мажбуриятлар ва бозори ҳали шаклланмаган инновацион лойиҳалар каби ҳолатлар билан чекланиши, ҳар бир ҳолатда эса нега тендер ўтказилмаётгани ва нега айнан шу ижрочи танлангани қарор матнида очиқ асосланиши шарт.

3. Суммавий чекловларни қонун даражасида жорий этиш ва уларни четлаб ўтиш имкониятини қолдирмаслик: тўғридан-тўғри шартномалар бўйича БҲМнинг 3 500 баравари каби чегаравий қийматлар қонунга киритилиб, ушбу чекловлар ҳукумат қарорлари билан истисно тарзида ҳам бекор қилиниши мумкин бўлмаган қатъий норма сифатида мустаҳкамланиши лозим. Акс ҳолда исталган чеклов вақтинчалик характерга эга бўлиб, сиёсий қарор билан бекор қилиниши мумкин.

4. Тўғридан-тўғри шартномалардан фойдаланишда монополлашувнинг олдини олиш. Тўғридан-тўғри шартномалар, ўз табиатига кўра, давлат буюртмаларининг чекланган доирадаги етказиб берувчилар қўлида тўпланишига ва уларнинг барқарор монопол мавқелари шаклланишига ёрдам беради. Шу нуқтаи назардан, рақобатни қўллаб-қувватлаш ва коррупция хавфларини камайтириш мақсадида етказиб берувчиларни диверсификация қилиш ҳамда йирик ҳажмдаги харидларни бир нечта мустақил ижрочилар ўртасида тақсимлаш механизмларини кўзда тутиш мақсадга мувофиқ.

Шу билан бирга, ҳар бир лойиҳа бўйича бир нечта шартнома тузишнинг объектив имкони бўлмаслиги мумкин (масалан, ягона технологик мажмуа мавжуд бўлганда ёки натижа учун жавобгарлик талаблари қўйилганда). Бироқ, харид предмети лойиҳанинг сифати ва бошқарувига зиён етказмаган ҳолда бўлиш имконини берадиган ҳолларда, буюртма ҳажмини бир нечта етказиб берувчилар ўртасида тақсимлаш тамойилини қўллаш мумкин.

Бундай ёндашув буюртмачининг битта контрагентга қарамлигини камайтиради ҳамда монополлашув ва нархларнинг ошиб кетиши хавфларини жиловлайди.

5. Мажбурий уч босқичли назорат: формал экспертизадан институционал фильтрга ўтиш зарурати. Давлат харидларида тўғридан-тўғри шартномаларни қўллашни истисно ҳолат сифатида қолдириб, улар учун уч босқичли мажбурий назорат механизмини қонун даражасида жорий этиш мақсадга мувофиқ:

· Комплекс экспертиза қилиш марказининг ижобий хулосаси — шартноманинг ҳуқуқий, молиявий ва техник жиҳатдан асослилигини баҳолаш;

· Рақобат қўмитасининг ижобий хулосаси — рақобатни чеклаш хавфлари, бозорда муқобил етказиб берувчилар мавжудлиги ва тўғридан-тўғри шартнома қўллашнинг асослилигини баҳолаш;

· Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ижобий хулосаси — манфаатлар тўқнашуви, коррупция ва манфаатлар тўқнашуви хавфлари ва нархни асоссиз ошириш эҳтимолларини баҳолаш.

Қонунчиликда ушбу учта хулосадан камида биттаси салбий бўлган тақдирда, тўғридан-тўғри шартнома тузишга йўл қўйилмаслиги аниқ белгилаб қўйилиши лозим.

Бундай ёндашув:

· тўғридан-тўғри шартномалардан фойдаланишни ҳақиқатан ҳам истисно ҳолатга айлантиради;

· назорат механизмларини формал тавсия даражасидан реал чеклов даражасига олиб чиқади;

· қарор қабул қилиш жараёнида институционал мувозанатни таъминлайди;

· давлат сиёсатининг «коррупциясиз ва адолатли рақобат» деган устувор мақсадларини амалий механизмлар билан мустаҳкамлайди.

Рақобат қўмитаси ва Антикоррупция агентлиги хулосаларини мажбурий қилиш масаласи Комплекс экспертиза қилиш маркази экспертизаси билан уйғун ҳолда қонунчиликда мустаҳкамланса, давлат харидларида рақобат ва коррупцияга қарши кураш декларатив эмас, институционал кафолатга айланади.

Хориж тажрибаси

Европа Иттифоқида олдиндан эълон қилмасдан шартнома тузишга (тўғридан-тўғри шартномаларга ўхшаш тартиб) фақат жуда истисно ҳолатларда йўл қўйилади ва бундай ҳолатлар тор ва қатъий тарзда талқин қилиниши шарт — бу Европа Парламенти ва Кенгаши Директивасида (32-модда) бевосита белгиланган.

АҚШда давлат харидлари тўғрисидаги федерал қонунчиликда тўғридан-тўғри шартнома орқали харид қилиш учун аниқ асослар, масалан, муқобил етказиб берувчиларнинг мавжуд эмаслиги, фавқулодда ҳолатлар, алоҳида бўлимда санаб ўтилган бўлиб, ҳар бир бундай ҳолат ҳужжатлар билан асосланиши шарт.

Японияда эса тўғридан-тўғри шартномалар фақат шошилинчлик ва рақобатни таъминлаш имкони йўқлиги каби объектив омиллар мавжуд бўлган ҳолларда қўлланиладиган чекланган истисно сифатида қаралади (29−3−4 модда).

Хулоса

Ўзбекистонда давлат харидлари соҳасида рақобатни кенгайтириш йўлида ижобий қадамлар ташланди. Бироқ рақобатсиз харидлар учун сақланиб қолган «кенг йўлак», чекловларнинг бекор қилиниши ва мустақил назоратнинг етишмаслиги коррупция хавфини тизимли равишда сақлаб қолмоқда. Тўғридан-тўғри шартномалар аниқ мезонлар, қатъий лимитлар ва ҳақиқатан мустақил назорат билан чекланмас экан, давлат харидлари тизимида очиқлик ва самарадорлик ҳақида фақат шиорлар даражасида гапириш мумкин.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Савдо-саноат палатасида тадбиркорлар билан ўтказилган сўнгги оммавий муҳокамалар муаммо нафақат бизнеснинг хулқ-атворида, балки давлат харидлари тизимининг архитектурасида ҳам эканлигини кўрсатмоқда. Бу тизимли камчиликлар, уларнинг аниқ механизмлари ҳамда тендерсиз ягона етказиб берувчидан харид қилиш муаммолари кейинги нашрларда алоҳида, янада батафсил таҳлил қилинади.

*Ушбу мақолада келтирилган таҳлил ва хулосалар мавжуд ҳамда чекланган очиқ манбаларга асосланган бўлиб, улар тўлиқ қамровли эмас ва айрим камчиликлар бўлиши мумкин. Шу боис, давлат харидлари соҳасини тегишли давлат тадқиқот марказлари ва мустақил тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда чуқур ва комплекс тарзда ўрганиш, шу асосда тизимли ечимлар ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ.

gazeta.uz