Иқлим ўзгариши, инфратузилма
эскириши ва МОда аҳоли сони ўсиши сувдан фойдаланиш масаласини миллий
хавфсизлик даражасига чиқармоқда. Тошкентда экспертлар асосий
хавф-хатарларни муҳокама қилиб, минтақадаги сув танқислигини бартараф этиш
чораларини таклиф этди. Мунозаралар обзори — Gazeta материалида.
Сув эндиликда фақатгина
тармоққа оид масала бўлишдан тўхтаб, иқтисодиёт, иқлим, геосиёсат
ва энергетика чорраҳасидаги стратегик ресурсга айланди. Март ойи охирида
бўлиб ўтган Tashkent Water Week форумида экспертлар глобал сув тенденциялари
ва Марказий Осиё давлатлари олдида турган минтақавий муаммоларни муҳокама
қилди. Gazeta мухбири уларнинг чиқишлари асосида обзор тайёрлади.
«Сув етарли бўлган
тақдирда ҳам, уни тежаш керак»
Ўзбекистон Прогрессив ислоҳотлар маркази ижрочи
директори Миршоҳид Аслановнинг фикрича, бугунги кунда Марказий
Осиё дуч келаётган сув муаммолари ресурсларни баҳолашнинг эскирган усулларидан
реал вақт режимидаги мониторинг тизимларига зудлик билан ўтишни талаб қилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, сувдан самарасиз фойдаланиш
оқибатлари аллақачон глобал миқёс касб этган.
«Орол
денгизи тубидаги туз ҳатто Шимолий қутбда ҳам қайд этилган. Бу умумий муаммоларга нисбатан
ягона ёндашувни ишлаб чиқиш қанчалик муҳимлигини кўрсатади», — деди у.
Тарихий хатолар Орол денгизининг деярли йўқ бўлиб
кетишига олиб келди, бу эса иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли
саломатлиги учун оғир оқибатларни келтириб чиқарди. Аслановнинг фикрича, бу
Ўзбекистонга қўшнилар билан ҳам тўпланган тажриба ва чиқарилган хулосалар,
ҳам инқирозни ҳал қилишнинг янги ёндашувлари билан бўлишиш ҳуқуқини беради.
Ўзбекистон Прогрессив ислоҳотлар маркази раҳбари
минтақа мамлакатлари, жумладан, Афғонистон учун ҳам асосий муаммо сифатида
ресурсларни бошқаришни кўрсатди. Узоқ вақт давомида Марказий Осиёда сув
тақсимоти тахминий ҳисоб-китобларга таянган ҳолда амалга ошириб келинган.
«Афсуски,
ҳозирча биз сув ҳажмини етарлича аниқ баҳоламаяпмиз ва уни самарасиз
бошқаряпмиз. Реал
маълумотларга асосланган шаффоф ёндашув зарур», — деди Асланов.
Ҳозирда Ўзбекистонда сув тежовчи технологияларни кенг
жорий этиш режалаштирилаётганини у яна бир бор эслатиб ўтди. Хусусан, президентнинг
февраль ойидаги фармонига мувофиқ, томчилатиб суғориш технологиялари миллионлаб
гектар қишлоқ хўжалиги ерларига татбиқ этилади.
Трансчегаравий дарёлар ҳақида гапирар экан, эксперт
Афғонистон ва бошқа давлатларнинг умумий сув ресурсларидан фойдаланиш
ҳуқуқини қўллаб-қувватлади.
«Биз
Афғонистонга ўзимиз йўл қўйган хатолардан қочишга ёрдам беришга тайёрмиз. Тажрибамиз шуни кўрсатадики, сув
етарли бўлган тақдирда ҳам, уни асраш керак», — деди у.
Миршоҳид Асланов минтақа давлатларини ягона
маълумотлар базасига эга бўлган сув ресурсларини бошқаришнинг бирлашган
тизимини яратишга чақирди. Унинг фикрича, сув истеъмолининг шаффоф ҳисоби мамлакатлар
ўртасидаги ишончни мустаҳкамлайди ва минтақанинг иқтисодий ўсишига хизмат
қилади.
«Масала экологияда эмас,
балки миллий хавфсизликда»
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
Минтақавий тадқиқотлар маркази раҳбари Мурод Узоқов ўз
чиқишида минтақадаги сув инқирозини кучайтираётган асосий омилларни санаб ўтди.
Унинг фикрича, сув ресурслари тақчиллигининг ортиб
бориши демографик ўсиш билан боғлиқ: охирги 25 йил ичида Марказий Осиё аҳолиси
деярли икки баравар кўпайди ва 2050 йилга келиб 100 миллион кишидан ошиши мумкин. Бу жараён фаол урбанизация ва иқтисодий
ривожланиш билан бирга кечмоқда, бу эса сув ресурсларига бўлган босимни
бир неча баробар оширади.
Бошқарув ва технологик муаммолар туфайли сувдан
фойдаланиш тизими самарасизлигича қолмоқда. Каналлар, тўғонлар ва тақсимот
тизимларининг эскиргани сабабли сув исрофи айрим жойларда 40−50
фоизга етмоқда. Сув ресурсларининг қарийб 90 фоизи суғориладиган
деҳқончиликка сарфланади — ваҳоланки, дунё бўйича ўртача кўрсаткич
тахминан 30 фоизни ташкил этади.
Сув хўжалигини самарасиз бошқариш оқибатида
минтақанинг йиллик иқтисодий йўқотишлари 2 миллиард долларга баҳоланмоқда. БМТ маълумотларига кўра, Марказий Осиё ерларининг қарийб 37 фоизи аллақачон деградацияга учраган. Вазият ёмонлашган тақдирда, 2050 йилга келиб ҳосилдорлик 40 фоизга камайиши мумкин, бу эса озиқ-овқат инқирози хавфини келтириб чиқаради.
«Сув ва
иқлим кун тартиби экологик муаммолар тоифасидан миллий ва минтақавий
хавфсизлик даражасига кўтарилди. У иқтисодий ривожланиш, энергетика ва озиқ-овқат барқарорлигига бевосита таъсир кўрсатади», — деди Мурод Узоқов.
Эксперт вазиятга таъсир этувчи алоҳида омил сифатида
глобал исишни кўрсатиб ўтди. Минтақада ҳарорат дунёдаги ўртача кўрсаткичдан тезроқ кўтарилмоқда, бу эса сув ресурсларининг 80 фоизини таъминловчи Помир ва Тянь-Шань музликларининг эришини тезлаштиряпти. Охирги 50 йил ичида уларнинг майдони учдан бирга қисқарган.
Прогнозларга кўра, 2050 йилга келиб Амударё
ва Сирдарё ҳавзаларидаги сув оқими 5−13 фоизга камайиши мумкин. Бу экотизимлар ва ёғингарчилик тартибининг ўзгаришига, шунингдек, қурғоқчилик ва об-ҳаво аномалиялари тез-тез такрорланишига олиб келади. Узоқов сўнгги йилларда минтақада жала қуйиши ҳолатлари кучаяётганига эътибор қаратди — бунда бир ойлик ёғингарчилик меъёри бир неча кун ичида ёғиб ўтади.
Сув танқислиги ва қишлоқ хўжалигидаги даромадларнинг
камайиши ички иқлим миграциясига сабаб бўлиши мумкин, яъни
аҳоли қишлоқ хўжалиги ҳудудларини оммавий равишда тарк этиб, шаҳарларга кўчиб
ўта бошлайди. Одамларнинг бундай оқими мавжуд инфратузилма ва ижтимоий хизматларга қўшимча босим юклайди.
Шу нуқтаи назардан, эксперт сув ресурсларидан
фойдаланиш бўйича ёндашувларни қайта кўриб чиқиш, шунингдек, минтақадаги асосий
дарёларнинг трансчегаравий хусусиятини инобатга олган ҳолда, комплекс бошқарув
соҳасида Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун самарали
ва келишилган чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади. Ўзаро манфаатли
ечимларга олиб борувчи йўл сўнгги йилларда мамлакатлар ўртасида мустаҳкамланиб
бораётган ишончдир. Ижобий мисоллар сифатида у Норин дарёсининг
сув-энергетика ресурсларидан биргаликда фойдаланиш, Қамбарота ГЭС-1 қурилишига
тайёргарлик ва Зарафшон дарёсида гидроэнергетикани ривожлантириш
лойиҳаларини санаб ўтди. Эксперт, шунингдек, Афғонистон билан Қўштепа канали
бўйича муносабатлардаги прогресларни алоҳида қайд этди.
«Қўштепа
канали қурилиши масаласидаги ҳамкорлигимиз тизимли экспертлар мулоқоти
форматига ўтди. Доимий
фаолият юритувчи қўшма ишчи гуруҳи тузилди, бу эса муҳокамаларни сиёсий
текисликдан соф профессионал даражага ўтказиш имконини берди», — деб
таъкидлади Мурод Узоқов.
Инқирозни бартараф этиш учун Узоқов сув тежовчи
технологияларни жорий этиш, соҳа мутахассисларини тайёрлаш ва хусусий
инвестицияларни жалб қилиш учун молиявий воситаларни яратишга эътибор қаратишни
таклиф қилди. Унинг фикрича, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича
минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш устувор вазифа бўлиши керак.
«Инқирозларни бартараф
этиш билан чекланмаслик керак»
Халқаро сув ресурсларини бошқариш институтининг (IWMI)
Марказий Осиё бўйича офиси катта илмий ходими Искандар Абдуллаев минтақанинг
қатъий сув иқтисодиётига ўтиши зарурлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра,
мамлакатлар ўзларининг «сув изи»ни диққат билан кузатиб боришлари керак: сув
қаерда, қандай ҳажмда ва қандай сарфланаётганини ҳамда бу жараёнларнинг
иқтисодий самарадорлиги қандай эканини аниқ тушуниб олишлари лозим.
У замонавий сув хавфсизлиги концепцияси эндиликда
битта давлат доираси ёки иқтисодиётнинг алоҳида устувор тармоғини
қўллаб-қувватлаш билан чекланиб қолмаслигини таъкидлади. Марказий Осиё давлатлари
қўшни мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тармоқлараро ёндашувни
жорий этишлари зарур. Абдуллаев қишлоқ хўжалигига алоҳида эътибор қаратиб, ҳар бир томчи
сувдан максимал ҳосил олиш тамойили асосида ишловчи «ақлли» агро
ва биотехнологияларни ривожлантиришга чақирди.
Глобал исиш таъсирини баҳолар экан, IWMI вакили
эътиборни ресурсларнинг жисмоний танқислигидан олдиндан айтиб бўлмайдиган
омилларга қаратди.
«Иқлим
ўзгариши фақат сув етишмаслиги дегани эмас. Бу ўсиб бораётган ноаниқликдир. Ойлар ва йиллар
олдин анъанавий режалаштиришга таянишимиз мумкин бўлган даврлар ўтди. Бугунги
кунда вазият доимий равишда ўзгариб бормоқда», — деди Искандар Абдуллаев.
Марказий Осиё давлатлари инфратузилманинг
модернизациясига, сув сақлаш тизимларини қуришга ва ҳисоб-китобни
рақамлаштиришга фаол сармоя киритаётганига қарамай, экспертнинг фикрича, фақатгина
технократик ёндашув муаммони тўлиқ ҳал қилишга қодир эмас. Унинг ҳисоблашича,
минтақа табиий экотизимларнинг салоҳиятига етарлича баҳо бермаяпти.
«Биз яшил тизимларимизни
унутиб қўйдик. Улардан фойдаланиш мураккаб инфратузилма қуришга бўлган эҳтиёжни
камайтиради ва иқлим билан боғлиқ хавфларни юмшатади, шунингдек, катта
миқдордаги маблағларни тежаш имконини беради», — дея таъкидлади Абдуллаев.
Унинг фикрича, янги технологияларни муваффақиятли
оммалаштириш учун ҳукуматларнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари, дарё ҳавзалари
даражасида бошқарувнинг рақамли тизимларини жорий этиш ва биргаликда
экологик прогнозлар ишлаб чиқиш зарур.
Эксперт сув ресурсларини самарали бошқариш йўлидаги
асосий тўсиқлардан бири сифатида академик доиралар ва давлат тузилмалари
ўртасидаги тарқоқликни кўрсатди. Маълумотлар чекланган, тадқиқотчилар
ва сиёсатчилар ўртасида ахборот алмашиш каналлари йўлга қўйилмаган
шароитда қарор қабул қилиш жараёнининг самарадорлиги пасаяди. Маълумотлар
етишмаслиги ва алоқанинг заифлиги бошқарув қарорлари сифатини туширади
ва илмий базанинг ривожланишига тўсқинлик қилади.
«Реактив бошқарувдан
узоқ муддатли режалаштиришга ўтиш керак. Инқирозларни бартараф этиш билан
чекланмаслик керак», — дея хулоса қилди Искандар Абдуллаев.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
03 04 2026 / 9:44