ОТБ Ўзбекистон билан СИдан
фойдаланган ҳолда муҳим материаллар ишлаб чиқариш ва жараённинг ёпиқ
циклини ривожлантириш лойиҳаларини муҳокама қилмоқда. ОТБ департаменти раҳбари
Евгений Жуков Gazeta`га берган интервьюсида Ўрта коридор, энергия коридори,
Роғун ва Қамбарота ГЭСлари ҳақида сўзлаб берди.
Осиё тараққиёт банки 3 май куни
«Критик муҳим минерал ресурслардан ишлаб чиқариш сари» деб номланган янги
шериклик молиялаштириш механизми ишга туширилганини эълон қилди.
У Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатларига тоза энергетика,
аккумуляторлар, электромобиллар ва рақамли технологиялар учун зарур бўлган
минералларни етказиб бериш занжирларини ривожлантиришга ёрдам бериши керак.
ОТБ президенти Масато Канда
банкнинг Самарқанддаги 59-йиллик йиғилишида таъкидлаганидек, минтақа «фақатгина
хомашё манбаи бўлиб қолмай», балки иш ўринлари, технологиялар ва қўшилган қийматга
ҳам эга бўлиши керак. Механизм мамлакатларнинг оддий қазиб олишдан мураккаброқ
босқичларга — қайта ишлаш, ишлаб чиқариш ва рециклингга ўтишига
қаратилган.
Осиё тараққиёт банкининг Иқлим ўзгариши
ва барқарор ривожланиш департаменти бош директори Евгений Жуков 4 май куни Gazeta`га берган интервьюсида ОТБ
Ўзбекистонга критик минераллар соҳасида қандай ёрдам бериши мумкинлиги, нима
учун Ўрта коридор бошқа йўналишлар ўрнини боса олмаслиги, Каспий орқали
ўтадиган «яшил» энергия йўлаги лойиҳаси қайси босқичда экани ва банкнинг
янги экологик ҳамда ижтимоий талаблари лойиҳаларни тайёрлашга қандай таъсир
қилиши ҳақида гапириб берди.
— ОТБ
сессияларидан бирида критик минераллар мавзуси муҳокама қилинди. Ўзбекистон
президенти ҳам ОТБнинг «критик минераллардан — ишлаб чиқариш сари»
дастурига қўшилишни таклиф қилди. Банк бу йўналишда Ўзбекистонга қандай ёрдам
бера олади? Аниқ лойиҳалар борми?
— ОТБ учун бу нисбатан
янги сектор. Ўтган йилнинг июль ёки август ойида ОТБ Директорлар кенгаши критик
минераллар бўйича янги сиёсатни қабул қилди. Бунгача биз ушбу соҳада деярли
ишламаган эдик. Аммо глобал ва минтақавий иқтисодиёт декарбонизация
ўтишини амалга ошираётгани ҳамда критик минераллар жаҳон ва минтақа
иқтисодиёти учун жуда муҳимлиги сабабли биз ушбу секторга киришга қарор қилдик.
Август ойининг ўзидаёқ
Покистонда олтин ва мис қазиб олиш бўйича илк лойиҳани маъқулладик (Белужистон
провинциясидаги Reko Diq мис-олтин конини ўзлаштириш учун 410 млн доллар ажратилди).
Қолган мамлакатларда эса ишларни энди-энди бошлаяпмиз.
Биз Ўзбекистонда ҳукумат билан
сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ўта муҳим материалларни ишлаб чиқариш
ҳамда янада ёпиқроқ ишлаб чиқариш тизимини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама
қилмоқдамиз.
Албатта, Ўзбекистонда руда қазиб
олиш анча олдин, советлар давридан бошланган. Бироқ биз ҳукуматга
ва алоҳида корхоналарга ушбу рудани сунъий интеллект ёрдамида янада
самаралироқ усулда қазиб олишда ёрдам бермоқчимиз. Шунингдек, корхоналарга
чиқиндилар камроқ бўлиши ва қайта ишлаш самарадорлигини ошириш учун айланма
иқтисодиётни қуришда кўмаклашишни истаймиз.
Энг асосий ғоялардан бири —
банкка аъзо бўлган ривожланаётган мамлакатларимизнинг фақат руда қазиб олиш
билан шуғулланадиган энг қуйи босқичда қолиб кетмаслигидир. Чунки қўшилган
қиймат ва маблағ у ерда эмас, балки кейинги қайта ишлаш
босқичларидадир.
Биз Ўзбекистон
ва минтақанинг бошқа мамлакатларига ушбу зинапоядан кўтарилишда ёрдам бериш
учун ҳам давлат, ҳам хусусий сектор билан ҳамкорлик қилишни истаймиз. Агар
минтақанинг геологик харитасига қарасак, «критик материаллар
ва минераллар» деб аталувчи ресурсларнинг аксарияти бизда —
Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа қўшни давлатларда эканини кўрамиз. Бизда
техник ёрдам дастури, грант қўллаб-қувватлови мавжуд ва биз Ўзбекистонда
тоғ-кон секторини модернизация қилиш устида ишлаймиз.
Сунъий интеллект ҳақида гапирганда,
биз айнан Ўзбекистонни назарда тутяпмиз.
Умуман олганда, эълон қилинган
молиявий шериклик доираси ҳозирча 20 млн долларни ташкил этади. Аммо
маблағларни самарали сарфласак, катта эҳтимол билан бу миқдор ортади.
У ерда икки қисм бўлади: биринчиси — кўпроқ техник ёрдам,
иккинчиси — инвестициявий, яъни лойиҳаларни тайёрлашга эмас, балки айнан
конкрет лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириладиган маблағлар.
— ОТБ
ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистондаги бирор лойиҳада қатнашиши мумкинми?
— Мамлакатлар бўйича ҳеч қандай
чекловлар йўқ. Ушбу траст жамғармаси Осиё тараққиёт банкининг барча
мамлакатларига тааллуқлидир. Агар Ўзбекистонда қизиқарли лойиҳалар бўлса,
демак, ундан Ўзбекистонда фойдаланамиз.
— Ўзбекистон
бундан аввал ЕИ ва АҚШ билан критик муҳим минераллар
соҳасида алоҳида келишувлар тузган эди ва уларда, жумладан, хомашё етказиб
бериш ҳам муҳокама қилинган. ОТБнинг янги ташаббуси асосий урғуни ишлов
берилмаган ресурслар экспортидан мамлакат ичида қайта ишлашни ривожлантириш ва
юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар етказиб беришга кўчиради деб айта
оламизми?
— Бу — Ўзбекистон
ҳукуматининг қарори. Ўзбекистон — суверен давлат, бу ресурслардан
қандай фойдаланишни ўзи ҳал қилади.
Бизнинг нуқтаи назаримиздан,
ушбу минералларга эга бўлган ҳар қандай мамлакат учун уларни шунчаки қазиб
олиш, поездга юклаш ва жўнатиб юбориш эмас, балки қайта ишлаш, қимматроқ сотиш,
кўпроқ даромад кўриш ва мамлакат ичида кўпроқ иш ўринлари яратиш анча
фойдалироқ бўлган бўларди.
— Ўтган
йили сиз Ўрта коридордан энергетикага оид бўлмаган савдода ўз салоҳиятининг
тахминан 10 фоизи даражасида фойдаланилаётганини айтган эдингиз. Охирги
йиллардаги инвестициялар ва дунёдаги вазиятни ҳисобга олганда, ҳозирда
нима асосий тўсиқ бўлиб қолмоқда — портларнинг жисмоний инфратузилмасими,
божхона рақамлаштирилишими ёки тарифларми?
— Портларнинг жисмоний ҳолати,
инфратузилма, тартибга солиш масалалари ва тарифлар — буларнинг
барчаси муаммолигича қолмоқда. Аммо биз бу муаммоларни бартараф этиш учун
минтақа мамлакатлари билан ҳамкорлик қиляпмиз.
Шуни айтишим мумкинки, яқин
келажакда ҳам биз бу борада қанчалик ишламайлик, Ўрта коридор ҳеч қачон
шимолий, жанубий ёки шарқий йўлаклар ўрнини тўлиқ боса олмайди. Барибир
бу мультимодал йўлак: сиз контейнерни Каспий денгизи соҳилига олиб
келдингиз, уни кемага юкладингиз, кейин яна поездга қўйдингиз —
ва шундай қилиб бир неча марта такрорланади.
Хусусий сектор билан
гаплашганимизда, улар ҳозирги вақтда Ўрта коридор орқали ташиш нархи бошқа
коридорларга қараганда тахминан уч баравар қиммат эканини айтмоқда.
Эҳтимол, бу ҳажми кичик, лекин қиймати баланд бўлган товарларни ташиш учун мос
келар. Аммо арзон ва катта ҳажмли товарлар учун ундай эмас.
Шунга қарамай, биз мамлакатлар
билан ишлаяпмиз, чунки бу коридор, гарчи бошқа йўналишлар ўрнини тўлиқ
боса олмаса-да, таъминот йўлларини диверсификация қилиш учун жуда муҳим.
— Ўзбекистоннинг
бундаги иштироки қандай?
— Осиё тараққиёт банкида МОМИҲ
(Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури) дастури мавжуд. Биз
кўплаб секторларда, жумладан, транспорт ва энергетика соҳаларида
иш олиб боряпмиз.
Ўзбекистонликлар учун, эҳтимол,
Ўзбекистоннинг бундаги иштироки энг қизиқарлиси бўлса керак. Ўзбекистон
дунёдаги денгизга чиқиш учун камида иккита давлат чегарасини кесиб ўтиш керак
бўлган икки мамлакатдан биридир: Ўзбекистон ва Лихтенштейн.
Шу сабабли барча муқобил йўллар жуда қизиқ бўлиши табиий.
Биз транспорт секторида Ўрта
коридорни ривожлантириш устида ишлаяпмиз, айниқса, Қозоғистонда ва Ўзбекистонда
ҳам. Ўтган йили Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларининг илтимосига
кўра, биз «яшил энергия
коридори» деб
номланган лойиҳа устида иш бошладик. У Ўзбекистон ва Қозоғистон
энергетикасини Озарбайжон билан, балки ундан нарига — Грузия орқали Ғарб
билан боғлаши керак. Грузияда Жаҳон банки кўмагида Қора денгиз орқали Руминияга
ва ундан узоқроққа тармоқ ўтказиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Минтақа мамлакатлари, айниқса,
Ўзбекистон қайта тикланувчи энергетикага, биринчи навбатда, қуёш ва шамол
энергиясига жуда кўп маблағ сарфламоқда. Келажакда бу йўлакдан ана шундай
энергияни экспорт қилиш учун фойдаланиш мумкин (2030 йилдан бошлаб Ўзбекистон
«яшил» электр энергияси ортиқча қисмини Европага экспорт қилишни режалаштирмоқда).
— Яшил
энергия коридори лойиҳаси ҳозир қайси босқичда?
— Ҳозирги кунда биз дастлабки
техник-иқтисодий асослар (ТИА)ни молиялаштирдик. Ўтган йили дастлабки ишлар
учун 250 минг доллар миқдорида грант ажратилган эди. Эндиликда биз Италиянинг
CESI компаниясини ёлладик — бу компания Жаҳон банки билан Грузияда
Қора денгиз орқали ўтадиган лойиҳа устида ҳам ишламоқда.
Биз тахминан 1 млн доллар
ажратдик, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки ҳам тахминан шунча
миқдордаги маблағ билан қўшилди. Ҳозирда биз янада батафсилроқ ТИА устида
ишлаяпмиз. Кейин кўрамиз: агар керак бўлса, тартибга солиш соҳасида
ўзгартиришлар тавсия қиламиз ва ТИА лойиҳа иқтисодий ва молиявий
жиҳатдан қизиқарли эканини кўрсата олса, инфратузилманинг ўзини молиялаштиришга
ёрдам берамиз.
Энергия коридори билан
бирга, биз Каспий денгизи туби бўйлаб интернет кабелини ўтказиш устида ҳам
ишлаяпмиз.
Маълумот учун: Ўзбекистон
Қозоғистондан Озарбайжонга Каспий денгизи туби орқали ўтадиган толали-оптик
кабель линиясига уланиш устида ишламоқда. Бу интернет-трафик учун муқобил
йўналиш яратиш имконини беради ва мамлакатга миллиардлаб фойда келтиради,
деб баёнот берган эди DataVolt вакили 2025 йил октябрь ойида Шавкат Мирзиёев
билан бўлган учрашувда.
— Интернет
кабелини ётқизиш лойиҳаси бўйича тафсилотлар билан бўлиша оласизми?
— Ҳозирча тафсилотлар сир эмас,
шунчаки ривожланишнинг анча эрта босқичидамиз.
— Марказий
Осиё энергия тизимларини бирлаштириш ва минтақавий электр энергияси
бозорини яратиш муҳокама қилинмоқда. Энг мураккаб масалалардан бири —
тариф шаклланишидир. Аҳоли учун тарифлар субсидияланадиган мамлакатлар
ҳукуматларини аҳолининг заиф қатламларига зарар етказмасдан бозор нархларига
ўтишга қандай ишонтириш режалаштирилмоқда?
— Бу, албатта, аҳолига таъсир
кўрсатадиган масала. Аммо биз ушбу бозорни ривожлантиришни истаймиз. Биз
инфратузилмага катта маблағ киритдик ва мамлакатларга CAPS (Central Asia
Power System, Марказий Осиё бирлашган энергия тизими) фаолиятини қайта тиклашда
ёрдам бердик. Бунга кўп миллион долларлаб инвестиция киритганмиз.
Аммо ҳозирда кўплаб янги
генерация қувватлари, айниқса, қайта тикланувчи энергия манбалари, жумладан,
Тожикистондаги ва келажакда Қирғизистондаги гидроэнергетика объектлари
ишга тушмоқда. Биз электр узатиш тармоқлари ушбу янги энергияни қабул қилишга
тайёр бўлишини таъминлашимиз керак. Ва биз бу борада мамлакатларимиз
билан бирга ишлаймиз.
Эсимда, бир неча йил аввал қишда
минтақада кичик бир инқироз юз берганди, ўшанда энергетика тизими бироз
издан чиққан эди (2022 йил январдаги блэкаут). Ўйлайманки, мамлакатлар келажакда
бундай ҳолат такрорланмаслигидан манфаатдор.
Қизиқарли жиҳатлардан бири
шундаки, биз, албатта, энергия ўтиши ва қайта тикланувчи энергия манбаларини
ривожлантиришга эътибор қаратмоқдамиз. Бироқ улар янги инфратузилма —
нафақат энергия узатиш, балки уни сақлаш тизимлари, яъни аккумуляторлар билан
тўлдирилиши керак.
Ўтган йили биз Грузияда 200 МВт
қувватга эга аккумуляторларга инвестиция киритдик. Озарбайжон, Қирғизистон ва
Қозоғистонда ҳам шунга ўхшаш лойиҳаларни муҳокама қиляпмиз. Ўйлайманки,
Ўзбекистонда ҳам бу борада музокаралар кетмоқда.
Маълумот учун: 22 январь куни
Жаҳон банки «Марказий Осиёда электр энергияси бозорини ривожлантириш
ва энергия тизимларини интеграция қилиш» (REMIT) дастурини тасдиқлади.
Қиймати 1 млрд доллардан ортиқ бўлган ушбу дастур узатиш инфратузилмасини
мустаҳкамлаши, тармоқлар ишончлилигини ошириш учун рақамли тизимларни жорий
этиши ва сектордаги мувофиқлаштиришни кучайтириши керак. Биринчи
минтақавий электр энергияси бозори Марказий Осиёда 10 йил ичида пайдо бўлиши
лозим.
— Иқтисодий
коридорлар билан боғлиқ конкрет лойиҳалар ва МОМИҲ дастури доирасидаги
бошқа ташаббуслар ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Биз
коридорлар нафақат инфратузилмавий, балки иқтисодий лойиҳа ҳам бўлишини
истардик. Шунчаки йўл қуриш — бу, албатта, жуда муҳим. Аммо МОМИҲ дастури
доирасида биз бу шунчаки инфратузилма ёки транспорт йўлаги эмас, балки
иқтисодий коридор бўлиши кераклиги ҳақида гапиряпмиз.
Биз мамлакатларимиз ўртасидаги
минтақавий ҳамкорликнинг ҳар қандай шаклда кучайишини олқишлаймиз. Шунингдек,
Бишкек ва Олмаота ўртасидаги шунга ўхшаш коридор устида ҳам ишлаяпмиз.
Чегара пунктлари инфратузилмасини
яхшилаш бўйича катта дастур тайёрлаяпмиз. Ўтган йили Қирғизистонда тўрт-бешта
шундай постни модернизация қилиш бўйича лойиҳани маъқулладик. Биз у ерда
шунчаки «қути» қурмоқчи эмасмиз, балки янги тизимларни жорий этмоқчимиз.
Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик
(МОМИҲ) дастури доирасида олтита
транспорт йўлагидан иборат тармоқ шакллантирилмоқда. Улардан бири —
2-йўлак — умумий жиҳатдан Ўрта коридор номи билан машҳур Транскаспий
халқаро транспорт йўналишига мос келади. Шу билан бирга, янги
трансформацияловчи лойиҳалар, жумладан, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон
ўртасида сувости энергия ва толали-оптик кабелини ётқизишни назарда
тутувчи «Каспий яшил энергия йўлаги», шунингдек, Покистон, Қирғизистон,
Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистонни қамраб олувчи МОМИҲ рақамли йўлаги
ривожлантирилмоқда.
Параллель равишда, Қозоғистон ва
Қирғизистон чегара хизматларини модернизация қилишга қаратилган Олмаота-Бишкек
иқтисодий коридори, шунингдек, йирик гидроэнергетика лойиҳалари —
Тожикистондаги Роғун ГЭС ва Қирғизистондаги Қамбарота ГЭС-1 лойиҳалари илгари сурилмоқда.
— ОТБ
Роғун ГЭС лойиҳасини молиялаштиришда иштирок этишни муҳокама қилган эди.
Қандайдир қарор қабул қилиндими?
— Биз ҳали ушбу лойиҳага
инвестиция киритмадик. Ҳозирча техник ёрдам кўрсатяпмиз. Бу лойиҳа бўйича
етакчи ташкилот Жаҳон банкидир. Биз улар билан, шунингдек, Европа банки, Осиё
инфратузилмавий инвестициялар банки ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик
қилмоқдамиз.
Лойиҳа қиммат, йирик
ва техник жиҳатдан мураккаб. Ҳозирда баландлиги оширилаётган тўғон бўйича
саволлар бор. Инвестиция киритиш ҳақида қарор қабул қилишдан олдин биз
бу масалани жуда диққат билан ўрганяпмиз.
Биз кўрсатаётган ёрдамнинг яна
бир қисми — йўлни бошқа жойга кўчиришни молиялаштирганимиздир. Эски йўл
ҳозирда сув остида қолган ёки тўғон керакли баландликка кўтарилгач, сув
босадиган ҳудуддан ўтади. Биз юқорироқдан ўтадиган айланма йўлни қуриб бўлдик.
Лойиҳани ҳали қабул қилганимиз
йўқ. Биз уни қўллаб-қувватлашни истаймиз, лекин ҳозирча аниқ молиявий тасдиқ
мавжуд эмас. Давлатга ёрдам бериш учун Жаҳон банки ва барча шериклар билан
муҳокамаларни давом эттиряпмиз.
— Қамбарота
ГЭС бўйича вазият қандай?
— Қамбарота ГЭСни ҳам диққат
билан ўрганяпмиз. Қирғизистон ҳукуматидан лойиҳани молиялаштиришда ёрдам бериш
бўйича сўров олганмиз. Бу ерда ҳам Жаҳон банки етакчи роль ўйнамоқда.
Биз ушбу лойиҳа бўйича Қозоғистон,
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги музокаралар қандай кетаётганини жуда
синчковлик билан кузатяпмиз. Биламан, келишув ҳали имзоланмаган. Тушунишимча,
сув ресурслари мавжуд бўлган Қирғизистон ҳамда сув танқислиги кузатилаётган
жанубий Қозоғистон ва Ўзбекистон (Фарғона водийси) ўртасида сув ресурсларини
тақсимлаш бўйича саволлар бор.
Мамлакатлар келишувга эришишига
ҳамда худди Роғун ГЭС каби муҳим лойиҳалар маъқулланиши ва амалга
оширилишига умид қиламиз.
— 2027
йил 1 январдан ОТБнинг янгиланган экологик ва ижтимоий сиёсати (ESF —
Environmental and Social Framework) кучга киради. Бу маҳаллий экотизимлар
учун хавфларни истисно қилиш мақсадида «яшил» лойиҳаларга, масалан,
Ўзбекистондаги шамол электр станцияларига қўйиладиган талаблар янада
қаттиқлашишини англатадими? Бу лойиҳаларни амалга ошириш муддатларига
қандай таъсир қилиши мумкин?
— Ҳа, чунки энди экологик
таркибий қисм бизнинг янги экологик ва ижтимоий сиёсатимизнинг бир
бўлагига айланади.
Биз ушбу ҳужжатни қабул
қилаётганимизда, барча мамлакатлар — нафақат маблағ ажратадиган, балки
маблағ оладиган давлатлар билан ҳам жиддий муҳокамалар бўлиб ўтган эди.
Манфаатлар мувозанати барибир сақланиб қолишига умид қиламиз.
Биз бунга эътиборлироқ бўлишимиз
ва лойиҳаларнинг кредитолди тайёргарлик босқичларида кўпроқ сармоя
киритишимиз керак, токи бу кейинчалик амалга ошириш пайтида муддатларнинг
чўзилишига олиб келмасин. Минтақанинг кўплаб мамлакатларида фуқаролик жамияти
анча фаол, шунинг учун биз эҳтиёткорлик билан ишлашимиз керак.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
08 05 2026 / 12:31