Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ўрмонзорлар — Орол экологик муаммосини ҳал қилишнинг ягона реал йўли». Зиновий Новицкий колонкаси



Улашинг :


Орол денгизининг қуриган тубида кўкаламзорлаштириш ишлари самара кўрсатди, аммо бу йўналишдаги кейинги ишлар айниқса Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги минтақавий мувофиқлашувни талаб қилади. Бу ҳақда батафсил — Оролни кўкаламзорлаштириш устида ишлаётган академик Зиновий Новицкий колонкасида.

Орол муаммоси — бутун сайёра муаммоси бўлиб, уни барча биргаликда ҳал қилиши керак. Бу фикр 22 апрель куни Остонада бўлиб ўтган Минтақавий экология саммитида янгради. У ерда иқлим ўзгариши оқибатлари, сув ресурслари танқислиги, ерлар деградацияси ва Марказий Осиёда чўлланишнинг кучайиши муҳокама қилинди.

Чўлланишга қарши кураш учун илмий асос

Менинг фикримча, Ўзбекистон ушбу саммитда жуда муҳим ташаббусни — экологик илм-фан маркази ҳисобланган Green University ҳузуридаги Чўлланишга қарши кураш ва қурғоқчиликнинг олдини олиш марказига минтақавий мақом беришни илгари сурди.

Чўлланиш — ижтимоий-иқтисодий тизим (касалликлар, қашшоқлик, очлик, иқтисодиётнинг беқарорлиги) ва табиий омиллар (қурғоқчилик, сув эрозияси, тупроқ шўрланиши, ўсимлик қопламининг деградацияси) ўртасидаги мураккаб ўзаро таъсир маҳсулидир. Бу соҳалар бир-бирини осонликча кучайтириши ва чўлланиш жараёнида тескари алоқага эга бўлиши мумкин.

Марказ негизида илмий салоҳиятни бирлаштириш ерлар деградацияси ва Орол денгизининг қуриган тубида тез-тез кузатиладиган туз-чанг чиқиндиларини мониторинг қилишнинг кучли тизимини яратиш имконини беради.

Ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудидаги қуриган Орол тубидан, майдони тахминан 6 миллион гектарни ташкил этувчи ҳудуддан, ҳар йили ҳавога 150 млн тоннагача туз, чанг ва қум кўтарилади. Бу массалар булутларга аралашиб, 1000 км масофагача кўчади, шўр ёмғир ва қор кўринишида тушиб, шаҳарлар, қишлоқ ҳудудлари, қишлоқ хўжалиги ва одамлар саломатлигига зарар етказади.

Туз ва чанг тарқалишининг асосий манбалари бўлиб қуритилган тубдаги майдони тахминан 450 минг гектарни ташкил этувчи юмшоқ ва қисман қобиқланган шўрхоклар қолмоқда. Бу ҳудудлар ўсимлик қопламидан маҳрум бўлган ва уларда дефляция ўчоқлари ҳосил бўлаётганини тез-тез кузатиш мумкин. Илгари биз қуритилган тубдаги шўрланган тупроқлар майдони йил сайин тез суръатларда ошиб боришини прогноз қилган бўлсак, ҳозир бу аллақачон рўй берди.

Бундай ҳудудларни ўрмонлаштириш жуда қийин — мавжуд чўл ўсимликлари кучли шўрланишга дош беролмайди. Шунинг учун грунт сувлари юзага яқин жойлашган шўрланган ерларда ўсиши мумкин бўлган ўсимликлар изланмоқда.

Сўнгги икки йилда Оролнинг қуриган тубида Arundo donax (баланд пояли қамиш) номли ўсимлик муваффақиятли синовдан ўтказилмоқда. У тупроқ ва грунт сувларининг шўрланишига чидамли. Бу йил тажриба биогель ва бетаин қўлланган ҳолда 2 гектар майдонда ўтказилди. Илк ижобий натижалар аллақачон олинган.

Оролнинг қуриган тубида нима ишлар қилинди?

Денгизнинг қуриб қолган тубида ўсимлик қопламининг камлиги муаммоси 50 йилдан ортиқ вақтдан бери мавжуд. Узоқ вақт ишлар маҳаллий даражада олиб борилиб, сезиларли натижа бермаган. Улар 2018 йилдан кейин, Орол денгизининг қуриган тубини ўрмон-мелиоратив ўзлаштириш бўйича давлат дастури қабул қилингач, янги кўламга чиқди.

Натижада ҳозирга қадар 2 миллион гектардан ортиқ иҳота ўрмонлари барпо этилди. Бу ҳудудларда дефляция жараёнлари деярли тўлиқ тўхтаган — битта саксовул бутаси 1 тоннадан ортиқ қум субстратини ушлаб қолишга қодир.

Бу ишларга илмий асосни Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти олимлари яратган бўлиб, улар 1981 йилдан бошлаб тадқиқотлар олиб борган. Шу вақт ичида улар 20 дан ортиқ илмий-тадқиқот лойиҳасини ишлаб чиққан. Ана шу ишланмалар асосида Ўрмонлар ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши кураш агентлиги Орол денгизининг қуриган тубида ўрмон-мелиоратив ишларини амалга оширмоқда.

Нега ўсимлик қоплами жуда муҳим? Ва бу фақат экология учун эмас

Минтақавий экология саммитида таъкидланганидек, Орол денгизининг қуриши туфайли Оролбўйида ёзги ҳарорат ўртача 2−2,5 даражага ошган, қурғоқчилик кучайган, қишлар совуқроқ бўлиб қолган. Атмосферага карбонат ангидрид газининг катта миқдорда чиқарилиши ва кислороднинг камайиши иқлим ўзгариши ҳамда исишга олиб келмоқда. Бу таъсирни энг кучли ҳис қилаётган ҳудуд — Марказий Осиёдир.

Шунинг учун Ўзбекистон 2030 йилга қадар Орол денгизи қуриган тубининг 80 фоизини ўсимлик билан қоплашни режалаштирмоқда. 2026 йил баҳорида Ўзбекистон ўрмончилари 115 минг гектар иҳота ўрмонларини барпо этди. Қуриган тубдаги кўчатлар бебаҳо аҳамиятга эга. Улар Оролбўйи аҳолисини соғлом ҳаётга қайтариш, ҳайвонларни озуқа билан таъминлаш муаммосини ҳал қилишга қодир биологик омилдир. Шунингдек, улар тупроқ дефляциясини минимал даражага тушириб, ҳаво тозалиги, карбонат ангидрид газининг камайиши ва кислороднинг кўпайишига ижобий таъсир кўрсатади.

Тадқиқотларимиз шуни кўрсатдики, 4 йиллик саксовул ва черкезнинг 1 гектари мос равишда 1158,2 кг ва 1547,8 кг карбонат ангидрид газини ютади ҳамда 835,4 кг ва 1116,4 кг кислород ажратади. Қуриган тубда кенг кўламли ўрмонлаштириш ишларини олиб бориш глобал исиш муаммосини камайтиришга яқинлашиш имконини беради. Бу Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларни бажаришга қўшаётган муҳим ҳиссасидир.

Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 2040 йилга бориб Орол денгизи ҳавзасида сув ресурслари танқислиги деярли икки бараварга — йилига 20 миллиард кубометргача ошиши мумкин. Қуриган тубда устун шамоллар йўналишига перпендикуляр жойлаштирилган ўрмонзорлар шамолнинг кинетик энергиясини камайтиради ва шу орқали тупроқдаги намликни сақлаб қолади, чунки бу ҳолатда буғланиш 40 фоизга камаяди, ҳавонинг нисбий намлиги эса 30 фоизга ошади. Натижада қатор оралари ва тасмалараро ҳудудларда ўтсимон ўсимликлар ўсиши учун қулай шароит яратилади.

Чўлдаги хўжалик фаолияти

Президент Шавкат Мирзиёев аввалроқ «чўл иқтисодиёти» атамасини қўллаган эди — бу чўлларни ўзлаштиришга илмий ёндашиш ва ундан дивиденд олиш кераклигини англатади. Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган туби тахминан 3,2 млн гектарни ташкил этади ва бу ҳудудни хўжалик ва экологик фойдаланишсиз қолдириб бўлмайди. Бунда гап комплекс ёндашув ҳақида кетмоқда, яъни ўрмонзорлар яйлов чорвачилиги, асаларичилик, доривор ўсимликлар етиштириш, экотуризм ва илмий алмашинув учун асосга айланиши керак.

Бироқ инсон ҳам чўлланиш қурбони, ҳам унинг тарқатувчисидир. Айнан у, чўл ресурслари тугамайди деган психологик қараш таъсирида, кўпинча чўл ҳудудларининг кенгайиши ва ерларнинг йўқолишига сабаб бўладиган ҳаракатларига етарлича аҳамият бермайди.

Ташвишли жиҳати шундаки, бугун Оролнинг қуриган тубида кенг кўламда қидирув ишлари ва газ қазиб олиш ишлари олиб борилмоқда, янги конлар қидирилмоқда. Бу жараёнда нозик экотизим оғир техникалар ғилдираклари остида йўқ қилинмоқда. Бир томондан, бу табиий — ҳудуд ривожланмоқда, аммо шу билан бирга газ қазиб чиқариш саноати ҳисобидан ўрмонлаштириш ишларини ҳам амалга ошириш зарур. Бу ерда биринчи ўринга ўрмонзорлар чиқиши керак, уларга фақат ноқулай ерларга экилган ўсимлик сифатида эмас, кенгроқ маънода қараш лозим.

Орол денгизининг қуриган тубидаги дарахтзорлар муҳим экологик, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга эга.

Экологик аҳамияти. Ўсимликлар, жумладан, озуқабоп турлар, ўз илдизлари билан тупроқни мустаҳкамлайди ва шу орқали унинг емирилишининг олдини олади. Натижада суғориладиган ерларга тушиб, уларнинг унумдорлигини пасайтирадиган туз ва чанг камроқ тарқалади. Ҳаво тозароқ бўлади, бу эса маҳаллий аҳолининг генофондига ижобий таъсир кўрсатади.

Иқтисодий аҳамияти. Қуриган тубдаги ўрмонлаштиришга яроқли чўкмалар чорвачилик учун мустаҳкам озуқа базасини яратиш захираси ҳисобланади. Биз қуриган тубда яйловлар яратиш усулларини ишлаб чиқдик ва илмий тавсиялар тайёрладик. Уларни жорий этиш гектаридан 500 дан ортиқ озуқа бирлиги олиш мумкин бўлган чўл бутасимон яйловлар яратиш имконини беради, бу эса минтақада чорвачиликнинг жадал ривожланишига хизмат қилади. Маҳаллий аҳоли боқадиган чорва сонини 30−40 фоизга ошириш мумкин бўлади.

Ижтимоий аҳамияти. Оролбўйида иш ўринлари етишмайди, шу боис одамлар кўпинча Қозоғистон, Россия ва бошқа давлатларга иш излаб кетишади. Қуриган тубда кўп компонентли бутасимон яйловлар яратиш мақсадга мувофиқ, улардан фойдаланиб маҳаллий аҳоли чорвачиликни ривожлантиради. Биргаликда 40−50 бош сигир боқиши мумкин бўлган фермерларни сут маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича мини-заводлар ва маҳсулотларни олиб кетадиган транспорт билан таъминлаш мумкин бўларди. Одамлар ўз меҳнати қадрланаётганини ҳис қилади ва ўзини ўзи таъминлай олади.

Орол учун яна нима қилиш зарур?

Мен сўнгги 40 йил давомида Орол денгизининг қуриган тубида ишлаб, илмий лойиҳаларга раҳбарлик қилиб келаман ва конференцияларда аниқ таклифлар билан чиқиш қиламан. Улар ҳар доим қўллаб-қувватланади, аммо аҳвол ўзгармай қолмоқда. Шунинг учун Минтақавий экология саммити материалларига таяниб, таклифларимни яна бир бор айтмоқчиман ва улар эшитилишига умид қиламан.

1. Қуриган тубда юзага келаётган ҳақиқий вазиятни акс эттирувчи асосий ҳужжат бўлиши керак. Афсуски, Марказий Осиёдаги барча республикалар ўрмончилари бундай ҳужжатдан маҳрум, усиз қуриган тубдаги экологик вазиятни ҳаққоний баҳолаш мумкин эмас.

Ўзбекистон президенти Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратишни таклиф қилди. У минтақадаги чўлланиш, тупроқ деградацияси жараёнлари ва сув ресурслари ҳолати динамикасини яққол ифода этадиган фундаментал илмий-таҳлилий базага айланиши керак.

Менинг фикримча, шунингдек Ўзбекистон ва Қозоғистон учун Орол денгизининг қуриган тубини ўрмон-мелиоратив ўзлаштириш бўйича ягона тизимни ишлаб чиқиш зарур. Бу ҳужжатда қуйидагилар акс эттирилиши керак:

· илдиз жойлашадиган қатламдаги тупроқнинг шўрланиш даражаси;

· ҳудуднинг дефляцияга мойиллиги;

· туб чўкмаларининг тури;

· грунт сувларининг жойлашиш чуқурлиги ва минераллашув даражаси;

· ҳудуднинг ўтсимон ва дарахт-бутасимон ўсимликлар билан қопланганлик даражаси.

Ушбу мезонлар қуриган тубда ўрмон-мелиоратив ишларни қай тартибда олиб боришни белгилаш, зарур технология ва чўл ўсимликлари турларини танлаш, шунингдек ҳисоб-китоб ва технологик карталар асосида керакли харажатларни аниқлаш имконини беради.

Давлат маблағларидан фойдаланишга нисбатан янада қатъий ёндашувни таъминлаш муҳим — тупроқ шароитларини ҳисобга олмасдан массив усулда ўрмонзор барпо этиш амалиётини қайта кўриб чиқиш, унинг ўрнига локал, ўчоқсимон ва яйловларни муҳофаза қилувчи технологияларни кенг қўллаш лозим.

2. Илмий ишланмаларга асосланган Экологик инқирозли ҳолатларга қарши кураш бўйича миллатлараро дастур ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ. Орол муаммоси минтақадаги барча давлатлар саъй-ҳаракатларини бирлаштиришни талаб қилади. Фақат ҳамкорлик экологик инқирознинг чуқурлашувини тўхтатиш ва барқарор ечимларни ишлаб чиқиш имконини беради. Бундай дастурни давлатлараро лойиҳалар форматида тайёрлаш мақсадга мувофиқ, чунки улар бутун минтақа учун умумий бойликка айланади.

3. Қуриган тубнинг ўрмонлаштирилганлик даражаси бўйича тўлиқ ва ҳаққоний манзарани шакллантириш учун барпо этилган ўрмонзорларни инвентаризация қилиш ва уларнинг ҳолатини доимий мониторинг қилиб бориш зарур.

4. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилдаёқ Чўл озуқабоп ўсимликлар кўчатларини етиштириш бўйича минтақавий марказ ташкил этишни таклиф қилган эди. Бу таклифни зудлик билан амалга ошириш керак, чунки ишлаб чиқариш сифатли озуқабоп ўсимликлар экиш материалига жуда муҳтож.

Аввалига бу минтақавий марказ бўлади, кейинчалик Қозоғистон ўрмончилари билан бирлашиб, Қозоғистоннинг Казалинск шаҳрида ташкил этилган ўрмон кўчатхонаси ҳамда Қорақалпоғистон ҳудудида жойлашган ўрмон кўчатхонасини ўз ичига олган Халқаро озуқабоп ўсимликлар кўчатларини етиштириш марказини ташкил қилиш мумкин. Ўзбекистон ва Қозоғистон Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтлари олимлари кўчат етиштириш бўйича комплекс тавсиялар ишлаб чиқади.

Ушбу марказ кўчатхонасида асбоб-ускуналар билан жиҳозланган илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. У ерда ёш олимлар илмий тадқиқотлар олиб бориб, диссертация ишларини ёзиши мумкин бўлади. Шунингдек, марказда олий таълим муассасаларининг соҳавий факультетлари талабалари, «яшил техникумлар» ўқувчилари, Green University талабалари ва магистрлари ҳам амалий ўқув машғулотларини ўташи мумкин.

5. Ўрмонлаштирилган қуриган тубдан хўжалик айланмасида фойдаланиш бўйича кластер ишлаб чиқиш зарур. Бунда яйловларни муҳофаза қилувчи ўрмончилик, асаларичилик, элита чўл озуқабоп ўсимликлар уруғчилик базасини ривожлантиришга эътибор қаратилиши лозим.

6. Илмий асосда Экологик офат ҳудудида экотуризмни ривожлантириш тўғрисида низом ишлаб чиқиш керак. Менимча, Мўйноқ — Казалинск йўналиши экотуризм учун истиқболли ҳисобланади. Бу отларда, туяларда, квадроциклларда, пиёда амалга ошириладиган экстремал экотуризм, шунингдек илмий, илмий-тадқиқот ва умумтаълимий туризм бўлиши мумкин.

Мен ушбу таклифлар Оролнинг қуриган тубидаги улкан ҳудуд келажаги учун муҳим, деб ҳисоблайман. Улар қўшни давлатлар, биринчи навбатда Қозоғистон олимлари билан халқаро ташкилотлар иштирокидаги минтақавий лойиҳалар доирасида биргаликда ишлаб чиқилиши мумкин.

Қуриган Орол тубидаги кўп йиллик иш тажрибам шуни таъкидлаш имконини берадики, бугунги кунда ўрмонзорлар Орол денгизи экологик муаммосини ҳал қилишнинг ягона реал йўли ҳисобланади.

Муаллиф ҳақида

Зиновий Богданович Новицкий — Ўзбекистонда ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти Иҳота ўрмонлари ва ўрмон мелиорацияси лабораторияси мудири.

gazeta.uz


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

14 05 2026 / 15:14