Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Солиқ харажатлари: нима учун имтиёзлар бюджет сиёсатининг бир қисми сифатида қаралиши керак?



Улашинг :


Солиқ имтиёзлари бизнес ва аҳолини қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида қаралади. Лекин иқтисодий моҳиятига кўра, уларнинг аксарияти бюджет харажатларидир. Яширин иқтисодиётни қисқартириш институти раҳбари Аббосбек Жўраев нега Ўзбекистонга солиқ харажатлари бўйича шаффоф ҳисоботлар зарурлиги ҳақида.

Давлат соҳаларни нафақат бюджетдан тўғридан-тўғри харажатлар воситасида, балки солиқ имтиёзлари орқали ҳам қўллаб-қувватлаши мумкин. Бироқ самарадорлиги баҳоланмас экан, бундай чоралар, келтирадиган фойдаси исботланмаган тақдирда ҳам, йиллар давомида амалда сақланиб қолиши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва фискал таҳлил институти директори Аббосбек Жураев солиқ харажатлари тўғрисидаги ҳисобот тизими Ўзбекистонга нима учун зарурлигини тушунтириб беради.

Солиқ харажатлари мавзуси нима учун кун тартибига чиқди?

Кўплаб мамлакатлар учун солиқ харажатларини тизимли ҳисобга олиш ва самарадорлигини баҳолаш масаласи долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон ҳам бундан мустасно эмас. Бугунги кунда қандай солиқ имтиёзлари чинакамига самара келтиради-ю, қайсиларини қайта кўриб чиқиш кераклигини тушуниш ниҳоятда муҳим.

Солиқ имтиёзлари ва қўшимча чегирмалар бериш иқтисодиётни рағбатлантириш воситаларидан бири ҳисобланади. Давлат солиқ механизмларидан айрим тармоқларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ижтимоий вазифаларни ҳал этиш мақсадида фойдаланади. Бироқ тақдим этилган солиқ ва божхона имтиёзлари ва уларнинг самарадорлиги масаласи жамоатчиликда доимий равишда саволларни келтириб чиқармоқда.

Имтиёзларнинг тақдим этилиши сабаблари ва уларнинг иқтисодий табиатини тушунтирмаган ҳолда, фақат рақамларни эълон қилиш имтиёздан фойдаланувчиларга нисбатан салбий муносабатларни юзага келтирмоқда. Хусусан, Коррупцияга қарши кураш агентлигининг хабар қилишича, 2025 йил якунларига кўра Ўзбекистон тадбиркорлари 178,1 трлн сўмлик солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланган, бу эса давлат бюджети даромадларининг деярли 50 фоизини ташкил этади. Бунда имтиёзларнинг энг катта ҳажми қўшилган қиймат солиғига тўғри келади.

Бироқ шуни тушуниш муҳимки, имтиёз деб аталадиган енгилликлар ҳар доим ҳам иқтисодий жиҳатдан имтиёз бўлавермайди. Айрим ҳолларда бу солиқ архитектурасининг бир қисми бўлиши мумкин. Бу ерда солиқнинг «эталони» қандай бўлишини ва ундан четга чиқишнинг қандай даражаси имтиёз сифатида қаралиши мумкинлигини тушуниш муҳим. Шунинг учун ҳам солиқ харажатларини баҳолаш тизими зарур.

Масалан, экспорт учун ҚҚСнинг нол ставкаси — бу иқтисодий нуқтаи назардан имтиёз эмас, балки солиқ архитектурасининг элементидир. Товарлар экспорт қилинадиган мамлакатда солиққа тортилади, шунинг учун нол ставкани қўллаш солиққа тортишнинг халқаро мантиғига мос келади.

Яна бир мисол — жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзлар. Иш берувчи юридик шахс сифатида ҳисоботни тақдим этади, имтиёздан фойдаланувчи эса жисмоний шахс ҳисобланади. Ходим иш ҳақи ҳисобидан фарзандининг олий ўқув юртида ўқиши учун ҳақ тўласа, иш берувчи солиқни ҳисоблашда тўлов манбаида имтиёзни қўллайди. Шундай қилиб, иш берувчи ҳисобот тақдим этди, имтиёзни эса жисмоний шахс олди.

Халқаро шартномалар бўйича умумий нормалар ҳам мавжуд. Масалан, эркин савдо зонаси доирасида айрим мамлакатлардан товарларни божсиз олиб кириш қўлланилади. Бу ҳолда имтиёз олувчи сифатида юридик шахсни кўрсатиш унчалик тўғри эмас. Ушбу Битимнинг республика учун қийматини кўрсатиш тўғрироқ.

Нақд хорижий валютани импорт қилишда ҚҚС бўйича имтиёз ҳам иқтисодий моҳиятига кўра имтиёз эмас, балки солиқ архитектураси элементи ҳисобланади, чунки унинг номинал қийматини ошириш мумкин эмас.

Шундай қилиб, имтиёзларни ҳисобга олиш тизими йўлга қўйилмаса, давлат солиқ тизими орқали қайта тақсимланадиган ресурсларнинг тўлиқ ҳажмини кўрмайди. Бундан ташқари, бюджет юкининг ўсиши шароитида қайси имтиёзлар иқтисодий самара беришини ва қайсилари қайта кўриб чиқишни талаб қилишини тушуниш айниқса муҳимдир.

Тизимли ҳисоботнинг йўқлиги ҳам имтиёзларнинг тўпланиб қолишига олиб келиши мумкин. Уларнинг кўпчилиги, объектив зарурат ёки исботланган иқтисодий самара бўлмаса ҳам, йиллар давомида амал қилишда давом этади.

Нима учун солиқ имтиёзлари бюджет харажатлари сифатида қаралиши керак?

Халқаро молия институтлари, жумладан, Халқаро валюта жамғармаси солиқ харажатлари бевосита бюджет харажатларига тенг эканини таъкидлайди, чунки улар ҳам ресурсларни аҳолининг алоҳида гуруҳлари, иқтисодиёт тармоқлари ёки хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига қайта тақсимлашга қаратилган.

Лекин бюджетдан тўғридан-тўғри харажатлар ва солиқ имтиёзлари орасида муҳим фарқ бор. Анъанавий бюджет харажатлари тасдиқлаш, назорат қилиш ва жамоатчилик муҳокамасидан ўтади. Солиқ имтиёзлари эса кўпинча бюджетнинг ҳақиқий йўқотишлари сифатида қабул қилинмайди. Ваҳоланки, иқтисодий табиатига кўра улар давлат потенциал даромадларининг бир қисмидан воз кечишини англатади.

Натижада, шундай вазият юзага келадики, расман бюджет мувозанатли бўлиб кўриниши мумкин, бироқ давлат ресурсларининг маълум ҳажми бундай қарорларни тўлиқ баҳоламасдан солиқ тизими орқали қайта тақсимланади.

Солиқ харажатлари — шунчаки солиқ имтиёзлари эмас. Бу давлат молиявий сиёсатининг тўлақонли элементи бўлиб, бюджет барқарорлигига, иқтисодиёт тузилмасига ва давлат ресурсларини тақсимлаш самарадорлигига таъсир кўрсатади.

Қандай турдаги имтиёзлар солиқ харажатларига киради?

Ҳозирги вақтда Яширин иқтисодиётни қисқартириш ва фискал таҳлил институти солиқ харажатлари тўғрисидаги тизимли ҳисоботларни шакллантириш бўйича ишларни бошламоқда.

Муайян чора солиқ харажати эканини аниқлаш учун «меъёр» деб нима ҳисобланишини тушуниш зарур. Бунинг учун ҳар бир солиқ тури бўйича эталон шакллантириш талаб этилади.

Эталон солиқ тизими — солиққа тортишнинг базавий модели бўлиб, солиқ имтиёзининг мавжудлиги унга нисбатан аниқланади. У солиқнинг стандарт конструкциясининг бир қисми бўлган элементларни ва солиқ харажатлари кўринишидаги оғишларни юзага келтирувчи чораларни ажратиш имконини беради.

Бу анча мураккаб вазифа. Халқаро амалиётда ягона универсал ёндашув мавжуд эмас: бир хил солиқ чоралари турли мамлакатларда солиқ сиёсатининг мақсадлари ва давлатнинг институционал хусусиятларига қараб турлича талқин қилиниши мумкин.

Шу сабабли, институт ҳар бир солиқ тури бўйича эталон тизимини аниқлаш методикасини ишлаб чиқиш ва эълон қилишни режалаштирмоқда. Шу билан бирга фойдаланувчилар сони ва суммаси кўрсатилади.

Эталон солиқ тизимини тайёрлаш техник масала эмас. Бу солиқ харажатларини ва давлатнинг фискал сиёсати сифатини холисона баҳолаш учун фундаментал асосдир.

Солиқ харажатлари қандай баҳоланади?

Дастлабки босқичда баҳолаш бюджетга келиб тушмайдиган даромадларни ҳисоблаш асосида амалга оширилади. Яъни, у ёки бу имтиёзни қўллаш натижасида давлат ололмаган солиқ тушумлари ҳажми аниқланади.

Бу усул нисбатан оддий бўлиб, солиқ харажатлари кўлами ҳақида умумий тасаввурга эга бўлиш имконини беради. Бироқ, унинг чекловлари ҳам мавжуд. Хусусан, бундай ёндашув солиқ тўловчиларнинг хулқ-атворидаги эҳтимолий ўзгаришларни ҳисобга олмайди. Масалан, имтиёз бекор қилинган тақдирда потенциал даромадлар ҳар доим ҳам бюджетга тўлиқ ҳажмда тушмаслиги мумкин.

Шунга қарамай, ҳисобот тизимини жорий этишнинг дастлабки босқичида айнан ушбу усул энг кўп амалда қўлланиладиган ва амалга ошириладиган бўлади.

Кейинги босқичларда солиқ харажатлари самарадорлигини таҳлил қилиш, солиқ тўловчиларнинг хатти-ҳаракатларини баҳолаш ва олинган натижаларни бюджетни режалаштириш тизимига интеграция қилиш учун услубий асос яратиш зарур.

Ушбу тизим алоҳида йўналиш сифатида солиқ харажатлари тўғрисидаги маълумотларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш билан боғлиқ бўлади. Бу эса солиқ-бюджет сиёсати соҳасида янада барқарор таҳлил ва назорат тизимини яратиш имконини беради.

Ҳисоботлар энг кўп қўллаб-қувватлашни ким олаётганини кўрсатиб берадими?

Харажатларни баҳолаш имтиёзни тақдим этиш йўналишлари, имтиёз олувчилар сони, шунингдек, йирик миқдордаги имтиёз олувчилар бўйича тайёрланади. Шунингдек, таҳлилий материаллар ва у ёки бу имтиёзларни қўллаш учун асослар, хусусан, Солиқ кодекси, Божхона кодекси, Халқаро шартномалар меъёрлари ва бошқалар мавжуд бўлади.

Солиқнинг пасайтирилган ставкаларини қўллашдан тушадиган суммаларни алоҳида бўлимда кўрсатиш режалаштирилмоқда.

Бундай ёндашув нафақат солиқ харажатларининг умумий ҳажмини кўриш, балки солиқ тизими орқали қайси тармоқлар, солиқ тўловчиларнинг қайси тоифалари ёки ёрдам олувчилар гуруҳлари энг кўп қўллаб-қувватланаётганини билиб олиш имконини ҳам беради.

Нима учун солиқ харажатларининг самарадорлигини баҳолаш мураккаб вазифа?

Солиқ харажатларининг самарадорлигини баҳолаш энг мураккаб вазифалардан бири ҳисобланади. Ҳатто аниқ белгиланган мақсадлар мавжуд бўлганда ҳам муайян имтиёзнинг эълон қилинган натижаларга эришишга қанчалик ҳисса қўшишини ҳар доим ҳам холисона аниқлаш имконияти мавжуд эмас.

Кўп ҳолларда бизнеснинг ривожланишига солиқ имтиёзларидан ҳам кўра жиддийроқ омиллар таъсир кўрсатади: яъни, молиялаштириш имконияти, инфратузилма, маъмурий муҳит, рақобат даражаси ва институционал шароитлар (бизнес юритиш учун «ўйин қоидаларини» белгилаб берадиган тартиб-таомиллар, қонунлар, меъёрлар ва институтлар мажмуи, иқтисодиётнинг ривожланганлиги ёки жамият ҳаёти).

Шунинг учун солиқ харажатларининг самарадорлигини баҳолаш комплекс ёндашувни, сифатли маълумотларга таянилган статистикани ва жиддий таҳлилий базани талаб қилади.

Бундай баҳолаш асосий саволга жавоб топиши керак: имтиёз эълон қилинган мақсадлар — инвестицияларни рағбатлантириш, иш ўринларини яратиш, тармоқларни ривожлантириш ёки ижтимоий қўллаб-қувватлашга эришишни таъминлайдими ёки йўқ? Бунда нафақат берилган имтиёз ҳажми, балки унинг амалдаги иқтисодий натижаси ва бюджет барқарорлигига таъсирини ҳам ҳисобга олиш муҳим.

Янги тизим эскирган имтиёзларни бекор қилишга олиб келиши мумкинми?

Ҳисобот тизимининг мақсадларидан бири айнан амалдаги солиқ имтиёзларини мунтазам равишда қайта баҳолашдан иборат. Агар айрим чора-тадбирлар кутилган самарани бермаса ёки долзарблигини йўқотса, давлат уларни тузатиш, чеклаш ёки бекор қилиш бўйича янада асосли қарорлар қабул қилиши мумкин.

Бу солиқ тизимини иқтисодиётнинг барча иштирокчилари учун янада самарали, шаффоф ва адолатли қилиш имконини беради.

Солиқ харажатлари бюджет сиёсатининг шаффоф қисмига айланиши керак

Замонавий давлат молияси тизими солиқ харажатларини шаффоф ҳисобга олмасдан самарали фаолият кўрсата олмайди.

Бугунги кунда гап шунчаки солиқ имтиёзлари ҳақида эмас, балки иқтисодиётнинг алоҳида тармоқларини ривожлантиришга, бюджет барқарорлигига, инвестиция муҳитига ва ресурсларни тақсимлаш самарадорлигига бевосита таъсир кўрсатадиган давлат иқтисодий сиёсатининг тўлақонли воситаси ҳақида бормоқда.

Асосий вазифа — солиқ харажатлари соҳасида қабул қилинаётган қарорларнинг тизимлилиги, шаффофлиги ва таҳлилий асосланганлигини таъминлаш. Шундагина солиқ сиёсати давлатнинг барқарор иқтисодий ривожланишининг чинакам самарали воситасига айланиши мумкин.

Солиқ-бюджет сиёсатини таҳлил қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш доирасида институт томонидан тижорат ташкилотлари, кичик корхоналар, микрофирмалар, қурилиш соҳаси ташкилотлари, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари, юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари, шунингдек нотижорат ташкилотлари ўртасида онлайн сўров ўтказиш режалаштирилмоқда.

Сўровноманинг асосий мақсади — тадбиркорлик субъектлари тўқнаш келаётган долзарб муаммоларни аниқлаш ҳамда тегишли таклифларни йиғиб, улардан солиқ-бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича ташаббусларни тайёрлашда фойдаланишдир.

Сўровда иштирок этиш, қўшимча маълумот олиш, шунингдек таклифларни юбориш учун манфаатдор шахслар институт билан расмий электрон почта манзили office@ifs.imv.uz ҳамда (71) 239−19−52 телефон рақами орқали боғланишлари мумкин.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

gazeta.uz.


Сарлавха :
Иқтисодиёт

09 06 2026 / 15:16