Июнда
Ўзбекистоннинг ёнилғи импорти апрель-май ойларидаги юқори ҳажмлардан сўнг
пасайди: бензин 2025 йилга нисбатан кўпроқ (лекин майга қараганда 1/3 баравар
кам), дизель ёнилғиси деярли 19 баравар, керосин эса 12,5 баравар кам олиб
келинган. Бензин ва керосин ўртача импорт нархи ўсишда давом этди.
Ўзбекистон январь-июнь ойларида 949,4 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотларини импорт қилди — бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17,2 фоизга кўп, дея хабар беради Gazeta ўрганган Божхона қўмитаси маълумотлари.
2025 йилнинг олти ойида ушбу товар
гуруҳи бўйича импортнинг қиймат ҳажми 810,4 млн долларни ташкил этган. Шундай
қилиб, импорт харажатлари 139 млн долларга ошган.
Импортнинг
энг йирик қисми бензин бўлди. Январь-июнь ойларида мамлакатга 691,4 млн литр
бензин олиб келинди, бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 73,7 фоизга
кўпдир. Қиймат жиҳатидан импорт 78,5 фоизга ўсиб, 229,4 млн доллардан 409,5 млн
долларга етди.
Ярим йил ичида бензиннинг ўртача
импорт нархи 1000 литр учун 592 долларни ташкил этди, бир йил аввал бу
кўрсаткич 576 доллар эди. Сўнгги ойларда у сезиларли даражада ошди:
апрелда — 1000 литр учун 576 доллар, майда — 632 доллар, июнда —
727 доллар. Шундай қилиб, июнь ойида бензиннинг ўртача нархи май ойидагидан 15
фоизга, апрель ойидагидан эса 26 фоизга юқори бўлди.
Дизель ёнилғиси импорти эса, аксинча, қисқарди. Олти
ой ичида 283 минг тонна дизель ёнилғиси импорт қилинди, бу ўтган йилгига
нисбатан 18,7 фоизга кам. Етказиб бериш қиймати 11,1 фоизга — 257,5 млн
доллардан 228,9 млн долларгача камайди. Шу билан бирга, ўртача импорт нархи
9,4 фоизга ўсиб, бир тоннаси учун 809 долларни ташкил этди.
Апрель ойида
дизелнинг ўртача импорт нархи бир тонна учун 924 долларни, майда 966 долларни
ташкил этган бўлса, июнь ойида 767 долларгача пасайди. Июнь ойида дизель
ёнилғисининг физик импорти 2800 тоннагача камайди — бу ўтган йилнинг июнь
ойига (51,8 минг тонна) қараганда 18,7 баравар камдир.
Таққослаш учун: май ойида 42,7 минг
тонна, апрелда эса 39,5 минг тонна импорт қилинган.
Январь-июнь ойларида суюлтирилган
газ — пропан импорти қарийб 2,8 баробарга ошиб, 156,2 минг тоннани
ташкил этди. Унинг қиймати 3,6 баробарга кўпайиб, 86,3 млн долларга етди.
Пропаннинг ўртача импорт нархи бир тонна учун 420 доллардан 553 долларга
(+31,7%) ошди. Апрель ойида у 515 долларни, майда 576 долларни, июнда 679 долларни
ташкил этди.
Мойлаш материаллари етказиб бериш 20,8 фоизга
ўсиб, 54,9 минг тоннани, уларнинг қиймати эса 22,9 фоизга ошиб, 98,5 млн
долларни ташкил қилди.
Бошқа суюқ ёнилғилар импорти тўрт баравардан
кўпроққа — 18,8 минг тоннадан 77,3 минг тоннагача ошди. Қиймат жиҳатидан
етказиб беришлар 3,8 баробарга — 11 млн доллардан 42 млн долларгача
кўпайди. Шу билан бирга, ўртача импорт нархи 7,1 фоизга пасайиб, бир
тоннаси учун 544 долларни ташкил этди.
Бошқа енгил дистиллятлар импорти 11 фоизга — 98,5
минг тоннагача, етказиб бериш қиймати эса 10,6 фоизга — 59,2 млн
долларгача камайди. Ўртача импорт нархи деярли ўзгармади ва бир тоннаси
учун 601 долларни ташкил этди.
Ярим йил
ичида керосин олиб келиш 2,5 баробарга — 49,7 минг
тоннадан 19,5 минг тоннагача, унинг қиймати эса 59,9 фоизга — 19,7 млн
долларгача қисқарди.
Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси
(IATA) маълумотларига кўра,
2026 йил бошида Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашуви ва Ҳормуз бўғози орқали
етказиб беришнинг узилиши ортидан авиация ёнилғиси нархи кескин ошган. Май ойи
охирига келиб, нархлар апрель ойидаги энг юқори кўрсаткичлардан пасайди, аммо
февраль ойи охиридаги даражадан анча юқорилигича қолди.
Бу Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини
кўрсатди. Керосин, шу жумладан авиакеросин импорти апрель-июнь ойларида
ўтган йилги даражадан сезиларли даражада паст бўлди: апрель ойида Ўзбекистон
2025 йил апрелидаги 8700 тонна ўрнига 5500 тонна (1,5 баравар кам); май
ойида — бир йил аввалги 11,1 минг тонна ўрнига 1800 тонна (6,3 баравар
кам); июнь ойида эса — ўтган йилнинг июнидаги 23,9 минг тонна
ўрнига 1900 тонна (12,5 баравар кам) импорт қилди.
Шу билан
бирга, керосиннинг ўртача импорт нархи ўсиб борди. Апрель ойида у бир
тонна учун 879 доллар, майда 1101 доллар, июнда 1393 долларни ташкил этди (бу
ўтган йилнинг июнь ойига нисбатан 38,6 фоизга кўп — 1005 доллар).
Натижада 12 июнь куни Узбекистан
Аирwайс авиакомпанияси Ўзбекистон шаҳарларидан Россияга айрим йўналишлар бўйича
парвозлар частотаси қисқартирилганини эълон қилди. Бу қарор авиация ёнилғиси
танқислиги ва унинг нархи ошгани билан изоҳланади.
Энг кучли пасайиш мазутда қайд
этилди. Унинг импорти 12,4 баробарга — 231,2 минг тоннадан 18,7 минг
тоннага камайди. Етказиб бериш қиймати 93,2 млн доллардан 5,3 млн долларгача
қисқарди. Мазутнинг ўртача импорт нархи 29,2 фоизга пасайиб, бир тоннаси учун
285 долларни ташкил этди.
Июнь
Июнь ойида нефть
ва нефть маҳсулотлари импорти 89,9 млн долларни ташкил этди.
Бу 2025 йил июнига нисбатан 22,3 фоизга, 2026 йил майига нисбатан эса 36,9
фоизга камдир. Таққослаш учун: апрелда импорт ҳажми 174 млн, майда эса 142,4
млн долларни ташкил этган эди.
Июнь ойида
Ўзбекистон 36,9 млн долларга 50,7 млн литр бензин импорт қилди. Ўтган йилнинг
июнь ойига нисбатан жисмоний ҳажм 1,6 фоизга, қиймат эса 32,8 фоизга
ошди. Шу билан бирга, бу май ойи ҳажмидан 29,6
фоизга ва апрель кўрсаткичидан 64,3 фоизга камдир.
Июнь ойида пропан импорти
26,7 минг тоннага (18,1 млн доллар) етди — бу ўтган йилга нисбатан
жисмоний ҳажмда 3,4 баробар, қиймат жиҳатидан эса деярли олти баробар кўпдир.
Ўртача импорт қиймати божхона
қиймати ва етказиб берилган маҳсулотнинг жисмоний ҳажми асосида
ҳисобланади. Бу ички бозордаги ёнилғининг чакана нархи эмас.
Ёнилғи захиралари етадими?
Энергетика вазирининг биринчи
ўринбосари Умид Мамадаминов шу ҳафта Ўзбекистонда нефть маҳсулотлари ишлаб
чиқариш ҳажми ҳозирда 1,2 млн тоннадан ошганини маълум қилди. Бундан ташқари, хусусий
тадбиркорлар яна 600−700 минг тонна маҳсулот импорт қилмоқда. Яъни, нефть
маҳсулотлари бозорининг тахминан учдан бир қисми — 33−37 фоизи —
импорт ҳиссасига тўғри келади.
У ёнилғининг ҳар бир тури
(бензин, дизель, керосин) бўйича ишлаб чиқариш ва импорт ҳажмларини
алоҳида айтиб ўтмади, бироқ захиралар яқин 2−3 ойга етишини таъкидлади.
Энергетика вазири Жўрабек
Мирзамаҳмудов 2025 йил декабрида куз-қиш мавсумида дизель ёнилғисига бўлган
талаб 776 минг тоннани ташкил этишини маълум қилган эди. У ўшанда талабни қоплаш
учун қуйидаги ҳажмларда маҳсулот етказиб бериш кўзда тутилганини таъкидлаганди
(жами 740 минг тонна, бу эълон қилинган талабдан кам):
·
317 минг
тонна — «Ўзбекнефтгаз»;
·
196 минг
тонна — Saneg компанияси;
·
227 минг
тонна — импорт.
Яъни, дизель ҳажмининг қарийб 30
фоизи импортга тўғри келган.
Иқтисодчи
Отабек Бакировнинг таъкидлашича, нефть маҳсулотлари ишлаб
чиқариш ва импорт бўйича умумий маълумотлар бозордаги вазиятни баҳолаш
учун етарли эмас. Унинг фикрича, ёнилғининг асосий турлари — бензин,
дизель, пропан, керосин ва мазут бўйича ишлаб чиқариш ва етказиб бериш
таркибини, шунингдек, мамлакатлар бўйича импорт улуши, ҳукуматлараро келишувлар
бўйича квоталар ва уларнинг тақсимланиши тўғрисидаги маълумотларни ошкор
қилиш зарур.
Бакиров бензинни мисол қилиб
келтирди: 2026 йилнинг январь-май ойларида ички ишлаб чиқариш 502,2 минг тоннани
ёки қарийб 650 млн литрни, импорт эса 642 млн литрни ташкил этди. Унинг
баҳолашича, бу бензин импортига қарамлик тахминан 50 фоизга
етганини англатади. Иқтисодчи, шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқариш
ва импорт нисбати нархларга қандай таъсир қилишини, захиралар қайси
манбалар ҳисобидан шакллантирилишини ҳамда куз-қиш мавсуми учун қандай
сценарийлар кўриб чиқилаётганини тушунтириш муҳим, деб ҳисоблайди.
Май ойида ишлаб чиқаришнинг пасайиши
Беш
ойда бензин ишлаб чиқариш 2,9 фоизга ўсиб, 502,2 минг тоннани ташкил этди. Бироқ
май ойида 84,7 минг тонна автомобиль бензини ишлаб чиқарилди, бу ўтган йилнинг
май ойига нисбатан 13,7 фоизга камдир. Бу 2023 йил майидан (46,2 минг
тонна) буёнги энг паст кўрсаткичдир. Ўшанда Бухоро нефтни қайта ишлаш
заводидаги режали таъмирлаш ишлари фонида ишлаб чиқариш кескин пасайган эди. Бу сафар таъмирлаш
ҳақида хабар берилмади.
Таққослаш учун: апрель ойида нефтни
қайта ишлаш заводлари 104,3 минг тонна бензин ишлаб чиқарган эди.
Январь-май ойларида 476,4 минг
тонна дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилди — бу ўтган йилнинг
шу даврига нисбатан 7,9 фоизга кўп. Май ойида ишлаб чиқариш ҳажми
95,4 минг тоннани ташкил этиб, йиллик ҳисобда 17,8 фоизга камайди.
29 июнь куни Ўзбекистонда Аи-92
бензинининг биржа нархи тарихий энг юқори кўрсаткични янгилаб, бир тонна учун 13,92 млн сўмга
етди. Ой бошидан буён ёнилғи деярли 12 фоизга қимматлашди, бунда биржадаги
таклиф айрим кунларда деярли икки баробарга қисқарди.
Бензиннинг чакана нархи ҳам ошди.
Масалан, 14 июнь куни Carvon (собиқ UNG Petro) шохобчаларида Аи-92 маркали
бензиннинг бир литри 12,4 минг сўм турган бўлса, 5 июлга келиб унинг нархи 13
минг сўмгача кўтарилди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, июнь ойида бензин
бир ойда ўртача 3,9 фоизга, бир йилда эса 16,7 фоизга қимматлаган. Жумладан,
Аи-92 нархи 3,6 фоизга, Аи-95 — 6 фоизга, Аи-98 ва Аи-100 — 3,9
фоизга ошган.
Нарх ўсиши Россиядаги бензин
тақчиллиги билан бир вақтга тўғри келди. У ерда 1 апрелдан бензин (1 июндан
эса авиаёнилғи)
экспортига тақиқ жорий этилган, бироқ бу чеклов
ҳукуматлараро келишувлар, жумладан, Ўзбекистонга етказиб бериладиган
маҳсулотларга тааллуқли бўлмаслиги керак.
Россиядаги ёнилғи инқирози Украина
дронларининг нефть инфратузилмасига берган зарбалари билан боғланмоқда, бунинг
оқибатида мамлакат чет элдан бензин харид қилишни кўпайтиришга мажбур бўлди.
Аввалроқ Россия Ҳиндистон ва Беларусдан бензин
импорт қилишни бошлагани, шунингдек, Қозоғистон билан 50 минг тонна ёнилғи
сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бораётгани хабар қилинган эди.
Россия бозоридаги узилишлар Марказий
Осиё мамлакатларига ҳам таъсир қилди. Июль ойида Қирғизистон Энергетика
вазирлиги Беларус, Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа давлатларга ёнилғи
етказиб беришни барқарор сақлашга кўмаклашиш илтимоси билан мурожаат қилди. Статистикага кўра,
республикага бензиннинг қарийб 98,5 фоизи Россиядан келтирилади.
2023 йил бошида Ўзбекистон деярли
барча бензинни Россиядан импорт қилган. Ҳозирда Россия
Федерациясининг етказиб беришдаги улуши қанча экани номаълум.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
09 07 2026 / 10:40