Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Жаҳон банки Ўзбекистонга хусусий секторни кенгайтиришда логистика, туризм, фармацевтика соҳаларига устуворлик беришни тавсия қилди.



Улашинг :


Жаҳон банки Ўзбекистонга хусусий секторни кенгайтиришда логистика, туризм, фармацевтика соҳаларига устуворлик беришни тавсия қилди. Бу соҳаларни ислоҳ қилиш орқали ўрта муддатли истиқболда $5,2 млрд дан $6,4 млрд гача хусусий инвестицияларни жалб қилиш, 300 мингдан ортиқ иш ўринларини яратиш мумкин.

Жаҳон банки Ўзбекистонга хусусий инвестицияларни жалб қилиш, сифатли иш ўринларини яратиш ва хусусий секторнинг ролини ошириш учун логистика, туризм ва фармацевтика соҳаларига устуворлик беришни тавсия қилди. Бу ҳақда банк томонидан яқинда эълон қилинган «Ўзбекистон хусусий сектори диагностикаси» («Uzbekistan: Country Private Sector Diagnostic») номли янги таҳлилий ҳисоботда сўз юритилади.

Сўнгги йиллардаги иқтисодий ўсиш, ҳисоботда таъкидланишича, тобора кўпроқ капитал жалб этилиши ҳисобига юз бермоқда. Сиёсий ҳамда институционал тўсиқлар шароитида ўсишда умумий омиллар унумдорлиги ва меҳнатнинг ҳиссаси камайиб боряпти.

«Корхоналар ўз фаолиятини чекловчи асосий омиллар сифатида кўпинча солиқ ставкалари (24 фоиз), молиявий ресурслардан фойдаланиш имконияти (12 фоиз) ва малакали кадрлар етишмаслигини (11 фоиз) кўрсатмоқда. Бу, айниқса, кичик ва ўрта корхоналарнинг фаолиятини расмийлаштириши ҳамда кенгайишига тўсқинлик қиляпти. Инфратузилманинг ишончлилиги ортиб, электр энергияси ва коммунал хизматлардаги узилишлар камайган ва уларга уланиш тезлашганига қарамай, корхоналарнинг ўсиши солиқ, молиялаштириш ва инсон капитали билан боғлиқ муаммолар туфайли чекланганлигича қолмоқда», — дейилади ҳисоботда.

Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон иқтисодиётининг ҳозирги ўсиш суръатларини сақлаб қолиш учун алоҳида тармоқлар даражасида қўшимча саъй-ҳаракатлар талаб этилади, дейди ЖБ экспертлари. Хусусан, рақобат муҳити йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, ходимларнинг касбий кўникмалари етишмовчилигига барҳам бериш ҳамда инфратузилма ва тартибга солиш муаммоларини ҳал этиш шулар жумласидан. Ҳисоботда қайд этилишича, айнан инфратузилма ва тартибга солиш муаммолари мамлакатга хусусий инвестициялар оқимини ҳамон тўхтатиб турибди.

«Ўзбекистон иқтисодий трансформациясининг кейинги босқичи хусусий сектор салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун бозор ислоҳотларини давом эттиришни талаб қилади, — дейди Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Нажи Бенхасин. — Рақобатни кучайтириш ва бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш лозим. Бу инвестицияларни жалб қилиш, илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш орқали унумдорликни ошириш ва замонавий иқтисодиёт учун зарур бўлган малакали ишчи кучини ривожлантиришга ёрдам беради».

Давлат инвестицияларидан рақобатбардош хусусий секторга асосланган моделга ўтишни жадаллаштириш учун Жаҳон банки Ўзбекистонга логистика, туризм ва фармацевтика соҳаларига устуворлик беришни тавсия қилмоқда. Қайд этилишича, ушбу йўналишлар хусусий капитални жалб қилиш ва иш ўринларини яратиш салоҳияти нуқтаи назаридан танлаб олинган. Қолаверса, мазкур соҳаларда ислоҳотларни қисқа муддатли истиқболда амалга ошириш имконияти мавжуд ҳамда давлат томонидан жорий этилиши мумкин бўлган аниқ чоралар орқали хусусий инвесторлар учун жозибадор шарт-шароитларни яратиш мумкин. Ҳисоботда айтилишича, ушбу йўналишлардаги ислоҳотлар Ўзбекистонга ўрта муддатли истиқболда 5,2 млрд доллардан 6,4 млрд долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиши ҳамда 300 мингдан ортиқ бевосита ва билвосита иш ўринларини яратишга ёрдам бериши мумкин.

Банк таҳлилларига кўра, ушбу йўналишларда тавсия этилган чора-тадбирларни амалга оширишда мавжуд тўсиқларни бартараф этиш имконияти юқори. Шунингдек, тегишли ислоҳотлар амалга оширилган тақдирда, соҳага хусусий капитал кириб келиши, қўшимча иш ўринлари яратилиши ҳамда ушбу чора-тадбирларнинг бошқа ривожланиш мақсадларига эришишга ҳисса қўшиши эҳтимоли ўртачадан юқоригача баҳоланмоқда.

Логистика: автомобиль транспортида юк ташиш ва омбор хўжалиги

Ўзбекистоннинг географик жойлашуви (Евроосиё «Ўрта йўлаги» бўйлаб жойлашгани ва денгизга чиқиш имконияти йўқлиги) самарали логистика ва омбор хизматларига талабни юзага келтирмоқда. Евроосиё савдо йўналишларининг ўзгариши ҳамда мамлакатда ишлаб чиқариш ва агросаноат соҳаларининг ўсиши ҳисобига 2030 йилга бориб халқаро автомобиль юк ташиш оқимлари сезиларли даражада кенгайиши кутилмоқда.

Омбор бозори таҳлилларига кўра, «А» тоифасидаги иншоотлар учун соф таклиф тақчиллиги қарийб 88 фоизни ташкил этади. Бу хусусий инвесторлар учун замонавий логистика парклари, божхона омборлари ва «совуқлик занжири» марказларини қуриш ҳамда бошқариш учун улкан имкониятлар мавжудлигини англатади. Соҳада бозор тузилмаси ва рухсатномалар бериш тизими тарқоқлигича қолмоқда. Бундан ташқари, арзон нархларда хизмат кўрсатувчи, масъулияти паст операторлар базаси катта бўлиб, уларда сифат, хавфсизлик ва замонавий активларга инвестиция киритиш учун рағбат чекланган.

Ҳисоботда айтилишича, қуйидаги йўналишларда тегишли ислоҳотларни амалга ошириш соҳага қўшимча хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун шароит яратиши, жумладан, логистика соҳасига инвестиция оқимини очиши, хизматлар ишончлилигини ошириши ва трансчегаравий рақобатбардошликни яхшилаши мумкин:

· ер участкаларини ажратиш ва алоҳида инфратузилма объектларини қуриш учун рухсатномалар олиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, жараёнларини бошидан охиригача рақамлаштириш;

· халқаро юк ташиш рухсатномаларидан (Dazvol) янада шаффоф рақамли фойдаланишни таъминлаш.

Ушбу ислоҳотлар натижасида соҳага кириб келиши мумкин бўлган хусусий капиталнинг эҳтимолий ҳажми 950 млн — 1,05 млрд доллар даражасида баҳоланмоқда. Қолаверса, 108 мингтагача иш ўринлари (37−41 мингта тўғридан-тўғри ҳамда 60−67 мингта билвосита) яратилиши мумкин.

Савдо алоқалари кенгайиб, ЖСТга аъзо бўлиш доирасида стандартлар уйғунлашгани сари, рухсатномалар беришнинг прогнозлилиги ортиши ва хизмат кўрсатиш сифати стандартлари инвесторлар ишончини мустаҳкамлайди. Қолаверса, ушбу сегментларни ривожлантириш мамлакатнинг минтақавий савдо ва транзит маркази, жумладан, «Ўрта коридор» доирасидаги ролини кучайтиришга ёрдам беради, дейилади ҳисоботда.

Маданий ва экологик туризм

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон туризм соҳасида маданий ва экологик туризмни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган катта салоҳият мавжуд. Хусусан, соҳа ўзида ЮНЕСКО рўйхатига киритилган кўплаб объектларни ҳамда ҳали тўлиқ ўрганилмаган табиат ва саргузашт туризми имкониятларини мужассам этган.

Туризмга хусусий сармояларни жалб қилиш салоҳияти асосан икки сегментга таянади: Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва 4000 дан ортиқ тарихий ёдгорликларига асосланган маданий туризм ҳамда мамлакатнинг ранг-баранг ландшафтлари имкон берадиган экологик туризм.

Ҳукумат 2030 йилгача сайёҳлар сонини 20 миллионга етказишни ва қисқа муддатга келадиган, кам харажат қиладиган минтақавий сегментлардан ташқари янги бозорларни ҳам қамраб олишни мақсад қилган. Дастлабки ислоҳотлар ҳаво қатновларини яхшилаш ва турар жой объектларини қисман хусусийлаштиришни ўз ичига олади, бироқ юқори даромадли бозор сегментларини жалб қилиш учун туристик объектларни бошқариш, меҳмондўстлик кўникмалари ва дестинация инфратузилмасини такомиллаштириш зарур.

Ҳисоботга кўра, ер ижараси қоидаларининг тарқоқлиги, мерос объектларида жойлардаги бошқарувнинг заифлиги ҳамда табиат ва саргузашт туризми инфратузилмасидаги камчиликлар сифатли туризм маҳсулотларига инвестиция киритишга тўсқинлик қилмоқда. Ер кодексига ўзгартиришлар киритиб, ер ажратишнинг стандартлаштирилган ва рақобатбардош тизимини мустаҳкам эгалик ҳуқуқи билан таъминлаш, объектларни бошқаришнинг ҳуқуқий асосларига рухсат берувчи меъёрий ҳужжатларни чиқариш ҳамда асосий туристик манзиллар инфратузилмасига сармоя киритиш орқали хусусий капиталга даромадли лойиҳаларни ишлаб чиқиш имконини бериш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, ер ижараси, туризм соҳасида кадрлар салоҳиятини ошириш ва туризм объектларини профессионал бошқариш механизмлари бўйича қонунчилик ислоҳотлари соҳага қўшимча равишда 3,1 млрд доллардан 4,2 млрд долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиши ва 180 мингга яқин иш ўринларини яратиши мумкин, дейилади ЖБ ҳисоботида.

Ушбу чора-тадбирлар, шунингдек, Ўзбекистонга анъанавий йўналишлардан чиқиб, юқори қўшимча қийматга эга бозор сегментларига ўтиш орқали хорижий сайёҳлар оқимини диверсификация қилиш имконини беради.

Фармацевтика: женерик дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар

Ҳисоботда қайд этилишича, Ўзбекистон фармацевтика соҳасида аналог дори воситалари (женериклар) ва биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) ишлаб чиқариш сегменти хусусий инвестицияларни жалб қилиш учун катта салоҳиятга эга. Бу ушбу турдаги маҳсулотларга ички ва минтақавий талабнинг ортиб бораётгани билан боғлиқ.

«Мамлакат фармацевтика бозорига ҳозирда қатор тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилган ва кўплаб фирмалар минтақавий бозорларни таъминлаш учун сифат даражасини оширишга интилмоқда. Бироқ маҳсулотларнинг бозорга чиқиш вақтини қисқартириш, сифатини кафолатлаш ва экспорт каналларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш учун тартибга солиш тизимларини халқаро нормаларга мувофиқлаштириш лозим. Жорий тартиб-қоидалар туфайли рўйхатдан ўтказиш муддатлари 7−12 ойгача чўзилмоқда, биоэквивалентлик тадқиқотлари учун маҳаллий салоҳиятнинг йўқлиги эса женерикларнинг рақобатбардошлигини чекламоқда», — дейилади ҳисоботда.

Ўзбекистонга фармацевтика соҳасини ривожлантиришда, жумладан, қуйидаги йўналишларга эътибор қаратиш тавсия этилмоқда:

· дори воситаларининг биоэквивалентлигини ўрганиш учун аккредитациядан ўтган лабораторияларни ташкил этиш (аналог дори воситаси асл дори воситаси каби таъсир қилишини тасдиқлаш);

· фармацевтика корхоналарида ишлаб чиқариш амалиётини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;

· фаол фармацевтик ингредиентлар бўйича ҳужжатларни такомиллаштириш;

· дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва ишлаб чиқаришни тасдиқлаш жараёнларини соддалаштириш.

Банк ҳисоб-китобларига кўра, манзилли ислоҳотлар ўрта муддатли истиқболда соҳага қўшимча 188 млн долларгача хусусий инвестицияларни жалб қилиш ва 20 мингтагача бевосита ва билвосита иш ўринларини яратиш имконини беради.

Халқаро нормаларга мувофиқлашиш экспорт бозорларига йўл очади ҳамда глобал ишлаб чиқарувчилар ва дистрибьюторлар билан ҳамкорлик ўрнатиш имконини беради. Бу эса Ўзбекистоннинг фармацевтика маҳсулотларининг рақобатбардош минтақавий ишлаб чиқарувчиси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлашга ёрдам беради.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

13 07 2026 / 14:34