Озарбайжон президенти Илҳом
Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида Gazeta обзор тайёрлади. У икки
мамлакат ўртасида 2022 йилда Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги
декларация имзоланганидан буён алоқалар қандай ривожланганига бағишланади.
Ўзбекистон ва Озарбайжон 1995
йил 2 октябрда дипломатик алоқалар ўрнатган. 1996 йилда Озарбайжон Тошкентда ўз
элчихонасини очган бўлса, 1998 йил май ойида Бокуда Ўзбекистон элчихонаси
иш бошлаган. Ўша 1996 йилнинг ўзида президентлар Ислом Каримов ва Ҳайдар
Алиев Дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолаганди.
2022 йил июнь ойида Стратегик
шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги
декларациянинг ҳамда 2024 йил август ойида Иттифоқчилик муносабатлари
тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши муҳим босқичларга айланди. Gazeta
мамлакатлар ўртасидаги алоқаларнинг ривожланиши бўйича обзорни эълон қилганди.
Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат
ташрифи арафасида биз Стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация
имзоланганидан буён ҳамкорлик қандай ривожлангани ва қайси соҳалар энг
муваффақиятли бўлгани ҳақида обзор тайёрладик.
Савдо
алоқалари
Ўзбекистон ва Озарбайжон
ўртасида эркин савдо тартиби амал қилади, унга кўра, ўзаро товар етказиб бериш
божхона тўловларидан озод этилган. Сўнгги йилларда товар айирбошлаш юқори
суръатларда ўсди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) маълумотларига
кўра, 2017 йилдан 2025 йилгача ўзаро савдо ҳажми 9,5 баробарга — 32,5
миллион доллардан 307,3 миллион долларгача ошди.
2022
йилда — декларация имзоланган пайтда — товар айирбошлаш ҳажми
тахминан 182 миллион долларга баҳоланганди. 2024 йил якунларига кўра бу
кўрсаткич 252 миллион долларга етди, 2025 йилда эса 300 миллион долларлик
маррадан ошди. 2026 йилда ўсиш
янада тезлашди. Биринчи чоракда товар айирбошлаш 80,1 миллион долларга етиб, ўтган йилнинг
шу даврига нисбатан 42,5 фоизга юқорилади.
Ўзбекистондан экспорт қилинаётган
товарлар импортдан қарийб уч баробар кўп: 80 миллион долларга нисбатан
227,3 миллион доллар. 2025 йилда Ўзбекистон етказиб беришларининг асосий
қисмини саноат товарлари ташкил этди —
63,4 миллион доллар. Кейинги ўринларда машина ва транспорт ускуналари
(49,3 млн), озиқ-овқат маҳсулотлари (36,3 млн), ичимликлар ва тамаки
маҳсулотлари (34,3 млн) туради. Хизматлар улушига 22,5 миллион доллар, тайёр
маҳсулотларга 11 миллион доллар, кимё саноати маҳсулотларига эса 5,1 миллион
доллар тўғри келди.
Озарбайжондан импорт камроқ
диверсификация қилинган. 80 миллион долларнинг ярмидан кўпи — 43,2 миллион
доллари ёки 54 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади. Кейинги
ўринларда саноат товарлари (17,4 млн), машина ва ускуналар (5,8 млн), кимё
маҳсулотлари (5,4 млн) ва хизматлар (4,3 млн) қайд этилган.
2025 йил июнь ойида ҳукуматлараро
комиссия йиғилишида томонлар 2030 йилга бориб товар айирбошлаш ҳажмини 1
миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган. Буни ҳам савдо ҳажмини ошириш, ҳам
ўзаро инвестициялар ва саноат кооперацияси лойиҳаларини кўпайтириш
ҳисобига амалга ошириш режалаштирилган.
Инвестициялар
ИТИМ маълумотларига кўра, 2017 йилда
Озарбайжоннинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми атиги 100
минг долларни ташкил этган бўлса,
2025 йил якунлари бўйича 173,7 миллион долларга етди. Ўзбекистонда Озарбайжон
капитали иштирокидаги корхоналар сони 2017 йилдаги 71 тадан 460 тагача ошди.
Улар асосан қурилиш, қайта ишлаш саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият
юритмоқда.
2023 йил
июль ойида ташкил этилган Озарбайжон — Ўзбекистон инвестиция компанияси
(ОЎИК) икки томонлама сармоявий ҳамкорликнинг асосий институтига айланди. Унинг
устав капитали 500 миллион долларни ташкил этади. Компаниянинг устувор
йўналишлари қайта ишлаш саноати, соғлиқни сақлаш, таълим, логистика, молиявий
технологиялар ва энергетика ҳисобланади.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат
ва савдо вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йил ўрталарига келиб ОЎИК
умумий қиймати 360 миллион доллардан ортиқ бўлган 15 та лойиҳани молиялаштирган.
Компаниянинг шахсий инвестиция портфели ҳажми 2026 йил ўрталарига келиб 144
миллион долларга етди. ОЎИК амалга
оширишни режалаштирган лойиҳалар қаторида
Янги Тошкентда халқаро мактаб қуриш, Тошкентдаги American University
of Technology`ни қўллаб-қувватлаш ҳамда Озарбайжон ҳудудида автомобиль
заводини ташкил этишда иштирок этиш кабилар бор.
Agalarov Development компаниясининг
Чорвоқ сув омбори бўйидаги Sea Breeze Uzbekistan барча фаслларда ишловчи
курорти Озарбайжоннинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳасига айланиши керак. 2024
йилда компания раҳбари Эмин Агаларов лойиҳани Шавкат Мирзиёевга тақдим этган,
ўшанда унинг қиймати 10 миллиард долларга баҳоланганди. Ҳозирда
лойиҳа бошланғич босқичда турибди. 2025 йилнинг июнида томонлар лойиҳани 5
миллиард доллар миқдорида амалга ошириш бўйича битим имзолаган, бу эса
Ўзбекистон сайёҳлик соҳасига киритилган энг йирик хусусий инвестиция бўлган.
Ижтимоий тармоқларда қурилишнинг
Чорвоқ экотизимига ва сув таъминотига таъсири юзасидан қизғин жамоатчилик
муҳокамаси бўлган. Шундан сўнг расмийлар инвесторга «қатъий талаблар» қўйилганини маълум
қилган: сув омборига оқова ташланган тақдирда, қурилиш тўхтатилади, шартнома
бекор қилинади ва ер олиб қўйилади. Январь ойида Бўстонлиқ туманида
жамоатчилик эшитувлари бўлиб ўтди, апрелда эса экологик экспертиза лойиҳанинг
биринчи босқичини қўшимча ишлов бериш шарти билан маъқуллади.
2024 йил сентябрь ойида худди
шу компания Тошкент марказида қиймати 133 миллион долларли 750 хонадонга
мўлжалланган Agalarov Residence премиум турар жой мажмуасини қуришни бошлаган.
2024 йил август ойида Ўзбекистон
ва Озарбайжон тўқимачилик соҳасида еттита қўшма лойиҳани ишга
туширишга келишиб олганди,
уларнинг энг йириги Евлах туманида Global Textile компаниясининг қиймати 104
миллион доллар бўлган пахта-тўқимачилик кластеридир. Озарбайжоннинг «Азершекер»
компанияси билан биргаликда амалга оширилаётган лойиҳа пахта етиштиришдан
тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи кўзда тутади. Лойиҳани
якунлаш дастлаб 2026 йил ўрталарига режалаштирилганди.
Келгусида томонлар лойиҳалар
кўламини янада кенгайтиришни режалаштирмоқда. 2026 йил июль ойида
Озарбайжоннинг янги элчисидан ишонч ёрлиқларини қабул қилар экан, Шавкат
Мирзиёев яқин истиқболда икки давлатнинг қўшма инвестиция портфели ҳажмини 10
миллиард долларга етказиш режалаштирилганини маълум қилган.
Энергетика
Қорақалпоғистондаги Устюрт платосида
нефть ва газ қидируви Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг энг йирик қўшма
лойиҳаси ҳисобланади. 2025 йил июль ойида Озарбайжоннинг давлат нефть
компанияси SOCAR маҳсулот тақсимотига оид битимни имзолаш орқали илк бор Ўзбекистоннинг
қазиб олиш секторига кириб келди. Лойиҳага киритилаётган сармоя 2 миллиард
долларгача баҳоланмоқда, Устюрт
қаърида эса дастлабки прогнозларга кўра 100 миллион тоннагача нефть ва 35
миллиард куб метр газ бўлиши мумкин.
2026 йил май ойида
Британиянинг BP компанияси шериклардан 40 фоизли улушни сотиб олиб,
лойиҳага қўшилди, бироқ SOCAR
лойиҳа оператори бўлиб қолмоқда. Платода сейсмик қидирув ишлари бошлаб
юборилган. «Ўзбекнефтгаз», ишлар муваффақиятли бўлган тақдирда, Ўзбекистон
нефть маҳсулотлари импортидан тўлиқ воз кечиши мумкинлигини билдирганди.
Томонлар
электр энергетикаси соҳасида ҳам ҳамкорлик қилмоқда. 2024 йил ноябрь ойида
Бокуда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим бўйича конференциясида Ўзбекистон, Қозоғистон
ва Озарбайжон президентлари «яшил энергетика коридори» тўғрисидаги
битимни имзолаган. Ҳужжатга
кўра, Марказий Осиё давлатлари қуёш ва шамол станцияларида ишлаб
чиқарилган электр энергиясини Озарбайжон орқали Европага етказиб беришни
режалаштирмоқда.
Ҳозирча лойиҳа тайёргарлик
босқичида: уч давлат қўшма корхона тузиб, техник-иқтисодий асосларни ишлаб
чиқмоқда, электр узатиш тармоқларини қуриш эса кейинги босқичларга қолдирилган.
Транспорт
ва логистика
Ўрта коридор (Транскаспий йўналиши)
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлигининг асосий
йўналиши ҳисобланади. Ушбу йўналиш орқали Марказий Осиёдан юклар Каспий
денгизи, Озарбайжон ва Грузия орқали Туркия ҳамда Европага жўнатилади.
Ўзбекистон юклари Каспий денгизига Қозоғистон ва Туркманистон портлари
орқали чиқади. Шу боис Ўзбекистон мамлакатни қўшнилар ҳудуди орқали ўтувчи
транспорт коридорига боғловчи ўзаро боғлиқлик лойиҳаларидан манфаатдор. 2024
йил охирида Қирғизистон орқали Ўзбекистон ва Хитойни боғлайдиган янги
темирйўл қурилиши бошланган.
Бундан ташқари, Хитой —
Қирғизистон — Ўзбекистон — Туркманистон — Озарбайжон —
Туркия (CASCA+) мультимодал йўналиши фаолият кўрсатмоқда. 2025 йилда ушбу
йўналиш бўйлаб 6720 дан ортиқ контейнер ташувлари амалга оширилди, бу бир йил аввалгига
нисбатан 47 фоизга кўпдир. 2026 йил учун ҳам ушбу йўналиш бўйича имтиёзли
тарифлар белгиланган бўлиб, ташувлар ҳажмининг янада ошиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги
маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги икки томонлама
ташувлар 2024 йил якунлари бўйича 100 минг тоннадан ошган ва 2023 йилга нисбатан 5
фоизга ўсган. Транзит ташувларга келадиган бўлсак, уларнинг ҳажми анча кўп:
2024 йилда Ўрта коридор доирасида Боку порти орқали 1 миллион тоннадан ортиқ
Ўзбекистон юклари ўтган — бу бир йил аввалгига нисбатан 26 фоизга
кўп. 2026 йилда эса ўсиш 1,5 миллион тоннагача етиши прогноз қилинмоқда.
Юкларни расмийлаштириш ҳам
соддалаштирилмоқда: икки мамлакат ўртасидаги божхона транзити чегарадан ўтишни
тезлаштирувчи электрон E-TIR тизимига ўтказилди, автотранспортда ташишда эса томонлар қоғоз
рухсатномалардан воз кечиб, электрон E-PERMIT тизимига ўтмоқда.
2024 йилда Қирғизистон, Ўзбекистон,
Туркманистон, Озарбайжон, Грузия, Туркия ва Тожикистон темирйўл
идораларининг кўп томонлама учрашуви якунлари бўйича «Евроосиё транспорт
йўналиши» ассоциацияси ташкил этилган —
бу юк ташувларини тезлаштириш ва йўналишда юзага келадиган тўсиқларни
тезкор бартараф этишга қаратилган доимий майдондир. 2026 йил февраль ойида
Ўзбекистон, Озарбайжон ва Грузия темирйўллари Тошкентда Транскаспий
йўналишини биргаликда ривожлантиришга қаратилган ҳамкорлик битимини имзолаган.
Маданий-гуманитар
соҳа
2021 йилда Ўзбекистон Қорабоғни
тиклашда ёрдам беришга тайёрлигини билдирган эди. Ўшанда Шавкат Мирзиёев
мамлакат минтақадаги ёдгорликлар, маданият ва маърифат объектларини қайта
тиклашга ҳисса қўшишини айтганди.
2023 йил август ойида Ўзбекистоннинг
Озарбайжондаги бош гуманитар лойиҳаси юзага келди: Шавкат Мирзиёев
ва Илҳом Алиев биргаликда Фузулий шаҳрида ўзбек томони маблағлари ҳисобига
қурилган 960 ўринли Мирзо Улуғбек номидаги ўрта мактабни очди. Мактаб ўз фаолиятини 100 нафар ўқувчи
билан бошлаган бўлса, бугунги кунда у ерда 650 га яқин бола таълим олмоқда.
Озарбайжоннинг иштироки қарийб 40
минг озарбайжонлик истиқомат қиладиган ва Ҳайдар Алиев номидаги Маданият
маркази фаолият юритаётган Тошкент шаҳрида ҳам яққол сезилади. 2022 йил июнь
ойида, Илҳом Алиевнинг айнан декларация имзоланишига асос бўлган давлат
ташрифининг биринчи кунида, президентлар пойтахт марказида Ҳайдар Алиев
номидаги кўча ва ёдгорлик барельефига эга хиёбонни очган.
2025 йил ёзида икки мамлакат
президентларига Бокудаги «Ўзбекистон» мавзули боғи лойиҳаси тақдим этилган. Қиймати қарийб 80 миллион
доллар бўлган боғ «Ўзбекистон кўзгуси» сифатида режалаштирилган бўлиб, йилига
800 минг нафар ташриф буюрувчига мўлжалланган.
gazeta.uz
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
26 08 2026 / 15:51