Марказий
Осиё давлатлари алоҳида инвестиция маркази бўлиш учун рақобатлашгандан кўра,
минтақани ягона бозор сифатида инвесторларга тақдим этса, кўпроқ фойда кўради.
Марказий банк раиси Тимур Ишметовга кўра, келгусида минтақа аҳолиси 100 млн
нафарга, умумий иқтисодиёти эса $1 трлнга етиши мумкин.
Ўзбекистон тўғридан тўғри хорижий
инвестицияларни жалб қилиш манбаларини диверсификация қилиш ва фақат бир
минтақа ёки мамлакатга боғланиб қолмасликни мақсад қилган. Бу ҳақда Марказий
банк раиси Тимур Ишметов «Financial Times»га берган интервьюсида маълум қилди.
Хитойнинг инвестициялар оқимидаги
салмоғи катталиги ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у Хитойни Ўзбекистоннинг
географик жойлашуви ва тарихий ҳамкорлигини ҳисобга олган ҳолда йирик
савдо ва инвестиция ҳамкори сифатида қайд этди.
«Бироқ биз инвестиция манбаларини
диверсификация қиляпмиз. Ҳозир Европа давлатлари ва АҚШ билан ҳам
муносабатларимиз жуда яхши, савдо ва инвестициялар ҳажми ўсиб бормоқда.
Биз ҳамкорлик алоқаларимизни доимий равишда диверсификация қилиб
боряпмиз», — деди Марказий банк раиси.
Ишметов Ўзбекистон алоҳида ҳамкор
давлатлардан бирини танлашни мақсад қилмаганини таъкидлади.
«Бизнинг мақсадимиз —
инвестиция манбаларини доимий равишда диверсификация қилиш, янги бозорларни
ўзлаштириш ҳамда савдо ва инвестиция соҳаларида кўплаб давлатлар билан
яхши муносабатларни сақлаб қолиш. Бизда бирор минтақа ёки муайян мамлакатга
эътиборни жамлаш керак, деган устуворлик йўқ», — деди у.
«Ягона
минтақа сифатида ҳаракат қилиш яхшироқ»
Financial Times’нинг Ўзбекистон
Марказий Осиё учун минтақавий инвестиция хабига айланиши мумкинми, деган
саволига Марказий банк раиси масалага кенгроқ қараш — бутун минтақани
ягона ҳудуд сифатида кўриб чиқишни таклиф қилди.
«Айнан биринчи қадам — қўшни
давлатлар билан муносабатларни яхшилаш — Ўзбекистон ва бутун
минтақанинг иқтисодий ўсишига кучли туртки берди. Ҳозир барча қўшниларимиз
билан муносабатларимиз жуда яхши ва менимча, бу ҳамма учун манфаатли
ҳолат», — деди Ишметов.
Марказий банк раиси минтақа
давлатлари алоҳида инвестиция хаби мақоми учун рақобатлашгандан кўра,
биргаликда йирик бозорни шакллантириши фойдали эканини таъкидлади.
Бу халқаро инвесторлар учун минтақани янада жозибадор қилиши мумкин.
«Ҳар бир
давлатга алоҳида қараб, қайси бири яхшироқ эканини солиштиришдан кўра,
инвесторлар минтақани яхлит ҳолда қабул қилиши барчамиз учун манфаатли. Ҳозир
минтақада 80 миллиондан ортиқ аҳоли бор, бир неча йилдан кейин бу кўрсаткич 100
миллионга етади. Қачондир минтақа иқтисодиёти 1 триллион долларлик ҳажмга эга
бўлади», — деди Марказий банк раиси.
Унинг фикрича, бунинг учун минтақа
давлатлари иқтисодий сиёсатни янада яқинроқ мувофиқлаштириши ва «қўшни
давлатлар ўртасида ўзига хос очиқ бозор яратиши» зарур.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
07 09 2026 / 12:49