Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тадбиркорлар биринчи хато учун огоҳлантирилади, кичик бизнес текширувлари 3 йилга тўхтатилади



Улашинг :


Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектларини текширишга уч йилга мораторий жорий этилади. Шунингдек, бизнес учун «Биринчи хато учун — огоҳлантириш» қоидаси татбиқ қилиниб, қоидани илк бор бузган тадбиркорларга жарима солишдан аввал камчиликни бартараф этиш учун 10 кун берилади.

Ўзбекистонда кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга уч йил муддатга мораторий эълон қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 27 августда имзоланган тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармонда назарда тутилган.

Хусусан, мораторий даврида кичик тадбиркорлик субъектларини текшириш ноқонуний ҳисобланади. Бундай ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Бироқ айрим ҳолатлар бундан мустасно. Жумладан, жиноят иши доирасидаги текширувлар, инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш, меҳнат қонунчилигига риоя этилиши юзасидан ўтказиладиган текширувлар, фуқароларнинг мурожаатлари, қўшилган қиймат солиғини қоплаш ёки қайтариш ҳамда тадбиркорлик субъекти тугатилиши билан боғлиқ текширувларга мораторий татбиқ этилмайди.

«Самарали назорат» тадбири

Шунингдек, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — бизнес омбудсман томонидан «Самарали назорат» тадбири ўтказилади.

Унинг доирасида назорат органларининг сўнгги уч йилда ўтказган текширувлари материаллари жойига чиқиб, тўлиқ ўрганилади. Ўрганиш якунларига кўра, назорат органлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар юзасидан ваколат доирасида тегишли чоралар кўрилади.

Текширув ўтказиш тартиби бузилгани ёки ноқонуний текширувлар аниқлангани тақдирда, фаолияти текширилган тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари ҳам кўрилади.

Бизнес омбудсман ҳар олти ойда «Самарали назорат» тадбири доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан Президент администрациясига ахборот киритиб боради. Шунингдек, 2028 йил 1 декабргача тадбир натижалари асосида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини назорат қилишнинг ишчан, профилактик ва натижага йўналтирилган механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар киритади.

Ўрта ва йирик бизнес учун ташаббус тарзидаги аудит

2027 йил 1 январдан 2028 йил 31 декабргача ҳуқуқий эксперимент тариқасида ўрта ва йирик тадбиркорлик субъектлари учун янги механизм жорий қилинади. Унга кўра, тадбиркорлар аудиторлик ташкилотини жалб қилган ҳолда солиқ ва йиғимларни тўғри ҳисоблаш ҳамда тўлаш бўйича ташаббус тарзидаги аудитдан ўтиши мумкин бўлади.

Аудиторлик хулосаси солиқ органлари томонидан тан олинади. Аудит ўтказилган давр учун солиқ органлари солиқ аудити ўтказмайди. Фақат аудиторлик хулосаси қамраб олмаган солиқ ҳуқуқбузарликлари аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.

Агар аудит давомида аниқланган хато ва камчиликлар 30 кун ичида бартараф этилса, тадбиркорлик субъектига молиявий жарималар қўлланмайди.

Мазкур эксперимент доирасида аудит ўтказиши мумкин бўлган ташкилотлар реэстри Солиқ қўмитаси томонидан юритилади ва унинг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади. Аудиторлик хулосасини тан олиш оқибатида тўланмай қолган солиқ ва йиғимлар аниқланса, бунинг учун аудиторлик ташкилоти жавобгар бўлади.

«Биринчи хато учун — огоҳлантириш»

Фармонга кўра, тадбиркорлик субъектларида бир йил давомида ўтказиладиган ҳар қандай такрорий текширув фақат Бизнес-омбудсманнинг рухсати билан амалга оширилади. Бунда камера солиқ текшируви бундан мустасно.

Тадбиркорлик субъектларига молиявий жарималар қўллашда «Биринчи хато учун — огоҳлантириш» қоидаси жорий этилади. Унга кўра, қоидани биринчи марта бузган, бироқ фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи ёки бошқаларнинг мулкига зарар етказмаган тадбиркорга дарҳол жарима солинмайди. Аввал камчиликни бартараф этиш учун унга 10 кун муддат берилади.

2027 йил 1 январдан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш ёки вақтинча тўхтатиб туришга олиб келаётган сабаб ва омилларни доимий тадқиқ қилиш тизими ҳам йўлга қўйилади.

Бунда тадбиркор фаолиятини тугатиш ёки тўхтатиб туриш бўйича ариза топширганида, бунинг сабаблари қайд этиб борилади. Ушбу маълумотлар Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизимида автоматик таҳлил қилинади.

Адлия вазирлигига уч ой муддатда фармонда назарда тутилган ушбу имкониятларни мазкур автоматлаштирилган тизимда яратишни таъминлаш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, бизнес текшируви учун мораторий ҳақида Шавкат Мирзиёев 18 август куни Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилганди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда 2025 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январгача кичик бизнес учун ҳар қандай қўшимча мажбуриятларга мораторий жорий этилган.

gazeta.uz


Сарлавха :
Иқтисодиёт

07 09 2026 / 14:44