Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Миллий Тадбиркорлик Кодекси - тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясининг ҳуқуқий пойдевори



Улашинг :


Миллий Тадбиркорлик Кодекси - тадбиркорлар ҳуқуқий ҳимоясининг

ҳуқуқий пойдевори

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга Мурожаатнома йўллаб, унда қуйидаги фикрни таъкидлаганди: “Очиқ тан олиш керак, аксарият ҳолларда бирон-бир масалани аниқ ҳал этмайдиган, бир-бирига тўғри келмайдиган қонун ва қонуности ҳужжатларини қабул қилиш амалда кўплаб муаммолар туғдирмоқда. Ўзингиз айтинг, самарасиз ишчи гуруҳлар ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш амалиётига таъсир кўрсатмайдиган, ижро механизмларига эга бўлмаган, таъбир жоиз бўлса, «ўлик» қонунлар кимга керак? Ана шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқиб, амалга оширишимиз лозим”.

Ўтган йилнинг декабрида эса давлатимиз раҳбари Парламентга Мурожаатномасида хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилган бир қанча чора-тадбирларни баён қилди, жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилиб, уларнинг сони қисқартирилиши ҳамда тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилишини қайд этди. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг тегишли бандида тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиб, тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси аниқ-равшан белгилаб қўйилди. Аён бўляптики, тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солинишининг такомиллаштирилиши ўта муҳим, устувор вазифалар сирасидан ўрин оляпти. Бу эса хусусий бизнес мамлакатимиз ҳаётида нақадар катта ўрин тутишини, шундан келиб чиқиб, давлатимиз ишбилармонларга янада қулайроқ шарт-шароит яратишга киришганини англатади.

Тилга олинган кодексни ишлаб чиқишда фаолиятининг ўзак-негизини тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ташкил қилувчи ташкилотлар ниҳоятда фаол қатнашяпти, бу ишга бутун салоҳиятини сафарбар қиляпти.

Маълумки, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-Омбудсман) O`zLiDeP билан ҳамкорликда Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этди. Мулоқотда Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммоларини ўрганиш институти, Олий Суд ҳузуридаги Судьялар олий кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш маркази, Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, шунингдек, фермерлик ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этиб, кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Таъкидланганидек, мамлакатимиз тараққиётида ҳал қилувчи аҳамиятга эга мазкур соҳани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар дуч келаётган тўсиқларни бутунлай олиб ташлаш ғоят муҳимдир.

Тадбирда сўзга чиққанлар тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ижодкорлигида янгича ёндашувларни жорий этиш аллақачон катта заруратга айланганини билдирдилар. Ўтган йилларда миллий қонунчилик тизимида янгича ёндашувлар асосида ислоҳотлар амалга оширилди. Лекин талай камчиликлар батамом йўқолиб кетмади. Жумладан, хусусий секторга оид турли меъёрий ҳужжатларда қарама-қаршиликлар, чалкашликлар, бир-бирини такрорловчи нормалар, бюрократия кучайишига хизмат қилувчи талаблар ҳамон мавжуд. Устига-устак, қонун-қоидалар шу қадар кўп ва тез-тез ўзгариб турадики, наинки тадбиркор, ҳатто юристлар ҳам уларни ўқиб-ўрганишга, ҳаммасини ёдда сақлашга ожиз қолади. Бу салбий ҳолатга қанчалик тез барҳам берилса, шунчалик яхши.

Давра суҳбатида тадбиркорлик кенг қулоч ёзишида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари катта роль ўйнаши ҳам айтилди. Улар тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширишнинг асосий субъектлари сирасига киради. Жойларда тадбиркорлик ва яратувчанлик муҳитини шакллантириш, ёшларни, биринчи навбатда таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш, аҳолини тадбиркорликка оид ахборот-маълумотлар билан таъминлаш, тегишли ҳудуддаги бўш бино ва иншоотларни ишлаб чиқариш объектларига айлантириш, оилавий тадбиркорлик, касаначилик, миллий ҳунармандчилик, чорвачилик, паррандачилик, деҳқончилик, шахсий томорқа хўжалигини рағбатлантиришга кўмаклашиш, замонавий инсон омилини шакллантириш каби вазифаларнинг қай даражада бажарилиши уларга ҳам боғлиқ. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатлар, имкониятлар бор.

Аммо уларни ишга солиш мушкул. Жойларда барча давлат идоралари ҳам тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида аҳоли ва тадбиркорларга зарур шарт-шароит яратмоқда, деб айта олмаймиз. Эътиборлиси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ фаолиятини белгиловчи қонун ҳужжатларида ягона ёндашув мавжуд эмас. Соҳа мутахассислари фикрига кўра қонунчилик ҳужжатларида давлат ташкилотларининг бу борадаги фаолияти баъзиларида “мажбурият”, бошқаларида “вазифа” ва айримларида эса “ваколат” ҳамда “жавобгарлик” сифатида белгиланган. Амалдаги назорат тизими эса формал тусга эга бўлиб, ижродаги муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилишга йўналтирилмаяпти. Ана шу сабабларга кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасидаги фаолиятини такомиллаштириш бугунги давр талабидир. Бу эса тадбиркорлик йўналишида олиб бораётган ишларимизга, тегишли қонунларимизга фуқароларимиз, тадбиркорлар, чет эл инвесторларида ишончсизлик уйғотиши мумкин. Тадбиркорлик кодекси ана шу салбий ҳолатга ҳам барҳам бериши зарур.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан бошқариш ва назорат қилиш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро шартномавий муносабатларни тартибга солишда ҳам йирик ҳажмдаги қонунчилик ҳужжатлари амалга киритилиши оқибатида уларни қўллашда муайян қийинчиликлар ва муаммолар юзага келяпти. Шу сабабли тегишли қонун ҳужжатларини тизимлаштирган ҳолда ягона тадбиркорлик кодексига бирлаштириш ва институционал тартибга солиш зарур.

Эътиборлиси, Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши соҳага доир қонун ҳужжатларини тизимлаштириш билан боғлиқ масалалар ечимини топишни талаб этади. Қонунлар ички тизимлилигини таъминлашда кодекслаштириш алоҳида ўрин тутади. Маълумки, кодекс муайян ҳуқуқ (қонунчилик) соҳасидаги норматив мажмуани ифодаловчи, жамловчи қонундир. Кодекс тузиш жараёнида тармоқдаги ҳуқуқий нормалар, турли даражадаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар таҳлил қилинади, қайта ишланади, ихчамлаштирилади ва такомиллаштирилади.

Тадбиркорлик фаолияти эркинлигини кафолатлаш тамойилидан келиб чиқиб, ушбу соҳадаги қонунчиликда ихтилофлар вужудга келганда тадбиркор манфаатини ҳимоялаш устуворлигини ва қонунчиликдаги зиддиятлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин қилинишини кодексда белгилаб қўйиш ҳам юртимизда тадбиркорлик ривожига хизмат қилади.

Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ва норма ижодкорлигида янгича ёндашувларни жорий этишни тақозо этувчи айрим омиллар мавжуд. Булар сирасига Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили таъкидлаганидек, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тўғридан-тўғри тартибга солишга йўналтирилмаганлиги ва тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунларни амалиётга жорий этиш механизмининг етарлича шаклланмаганлиги ва бошқалар киради.

Тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда уларни қабул қилишда бир қатор талаблар четда қолдирилган. Хусусан, қонунда ортиқча ҳаволаларнинг кўплиги, айниқса, тегишли ҳуқуқлар ва уларнинг ҳажмини белгиловчи нормалар қонундан ҳаволаки нормалар орқали “чиқариб” юборилганини қайд этиш зарур. Шунингдек, қонуности ҳужжатлари кўп ҳолларда тадбиркорлик субъектларининг қонун билан белгиланган ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқармайди ёки уларга ғов бўлади.

Тадбиркорлик Кодексининг қабул қилиниши зарурати қуйидаги омиллар, жумладан, тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан мақсадли тартибга солишнинг адолатли асослари ҳамда аниқ мезонларини вужудга келтириш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг қонуний кафолатларини таъминлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, кафолатлаш ҳамда ҳақиқий ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш, тадбиркорлик субъектлари учун рақобат муҳитини яхшилаш ва давлатнинг айрим функцияларини хусусий секторга ўтказиш, тадбиркорлик фаолияти этикаси қоидалари ва коррупцияга қарши курашиш тартиб-таомилларини кенг жорий этиш, давлат органларининг (айниқса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг) тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш борасидаги имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш, давлатнинг иқтисодиётга асоссиз аралашишининг олдини олиш ва бошқа долзарб омиллар билан ҳам изоҳланади.

Ушбу нормаларнинг ҳаётга амалда тадбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларига ҳақиқий адолатли иқтисодий ва молиявий эркинликни тақдим этади. Бундай эркинликнинг ҳуқуқий асослари эса фақатгина қонун даражасида ва албатта, тадбиркорлик кодексида белгилаб қўйилиши лозим.

Тан олиш керакки, ҳозирги кунда қонунларнинг ислоҳотлар амалга ошишига ижобий таъсири кутилганидек эмас ва ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги роли уларни такомиллаштиришни талаб этади.

Иқтисодий фаоллик эркинлиги, тадбиркорлик субъектлари иқтисодий манфаатларининг қонуний ҳимоя қилиниши, нархларни эркинлаштириш ва бозор инфратузилмасини шакллантириш, товар ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчи субъектларнинг ўзаро рақобати, тадбиркорлик субъектларининг қонун ман этмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланиши мумкинлиги сингари муҳим тамойилларнинг Тадбиркорлик кодексида янада мукаммал ҳолда мустаҳкамланиши ва амалиётга татбиқ этилишини таъминлаш механизмлари жорий этилиши лозим.

Барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишига доир конституциявий тамойил асосида фермерлар, деҳқон хўжаликлари, томорқа ер эгалари ва агрокластерларнинг давлат тасарруфидаги корхоналар, маҳаллий ҳокимлик идоралари ва кичик тадбиркорлик субъектлари ҳамкорлиги ҳамда ўзаро муносабатларини бозор принципларига мувофиқ ташкил этиш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Масалан, кластерлар томонидан фермер хўжаликлари ерларини олиб қўйиш ва фаолиятини тугатиш, фермерлар билан тузган шартномаларни бекор қилиш қонунчиликка зид маъмурий усуллар орқали бажариляпти. Айни пайтда, ҳозирда белгиланган тартибда муҳокама қилинаётган “Агросаноат кластерлари мақоми ва уларнинг фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳакида”ги ҳукумат қарори лойиҳасида қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчиларини агросаноат кластерларига мажбурий тартибда бириктириш амалиётининг бекор қилинишини кўзда тутилаётганлиги эътиборга лойиқдир. Кластерлар ҳақида гап кетганда, чорва кластерларига яйлов майдонлари ажратиш ва улар фаолиятини ташкил этиш жараёнида лалми дашт ҳудудларда чорвачилик фаолияти орқасидан қўй-мол боқиб, ҳаёт кечириб келаётган, аксарияти ишсиз бўлган маҳаллий аҳоли ва давлат статистика ҳисоботида чорва моллари сони кўрсатилиб, тегишли солиқ тўловларини амалга ошириб келаётган кўп тармоқли фермер хўжаликлари манфаатини ҳам ҳисобга олиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунингдек, агрокластерлар мажбуриятларининг бажарилиши ва инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини мониторинг қилиш механизми ҳам мавжуд эмас.

Янгидан ташкил этилаётган агрокластерларнинг қишлоқ аҳолиси қонуний манфаатларини инобатга олган ҳолда фаолият юритиши тўғрисидаги бандларнинг кластерларга оид қонунчилик нормаларига киритилишини ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ер майдонидан фойдаланиш (ерга эгалик) ҳуқуқи тамойилидан келиб чиқиб, ижара шартномасида белгиланган шартларни бажариб келаётган фермер хўжаликларини шартномада кўрсатилган муддатлар давомида оптималлаштиришга туширмаслик ва ернинг захирага қайтариб олинмаслигининг (суд қарори бундан мустасно) кафолатланиши ҳам айни муддаодир.

Шунингдек, ҳозирги вақтда қонун ҳужжатларини муҳокама қилиш учун шароит яратиш орқали уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш долзарб аҳамиятга эга. Шу ўринда тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир қилаётган амалдаги қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни танқидий руҳда кўриб чиқиш ва ушбу юзасидан ишлаб чиқилаётган Тадбиркорлик Кодекси лойиҳасига киритиш бўйича соҳа мутахассислари, олимлар, тадбиркорлар ва фермерларнинг таклифларини Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали (my.gov.uz) орқали таклиф бериш амалиётини йўлга қўйиш лозим.

Мавжуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг баҳоланиши улар тартибга соладиган тегишли йўналиш ва масалаларни янада такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилаётган омилларни бартараф этиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва қисқартириш нуқтаи-назаридан кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ. Бунда жумладан,

- тадбиркорлик субъектларига янги чекловлар ва янги турдаги рухсат бериш тартиб-таомиллари, лицензиялар жорий қилиш ёки мавжуд чеклов, рухсат бериш тартиб-таомиллари ва лицензияланадиган фаолият турларини тадбиркорлик субъектларининг янада кенгроқ доирасига татбиқ қилиш;

- рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни ёки лицензияларни олиш учун қўшимча талаблар ва шартларни жорий этиш;

- тадбиркорлик субъектлари томонидан анча харажатлар қилишга олиб келиши мумкин бўлган талаблар (шартлар)ни жорий этиш;

- тадбиркорлик субъектларининг белгиланган ҳуқуқларини қисқартириш (камайтириш) ёки қўшимча мажбуриятлар жорий қилиш;

- тадбиркорлик субъектлари учун янги турдаги жавобгарлик чораларини жорий қилиш;

- тадбиркорлик субъектларига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланиши ва ҳ.к. уларнинг тадбиркорлик фаолиятига таъсири нуқтаи назаридан баҳоланиши керак.

Айни пайтда, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини амалга оширишга йўналтирилган қонунчилик ҳужжатлари (дастурлар) ҳам тадбиркорлик субъектлари манфаатларини инобатга олган ҳолда ёки ушбу дастурларни амалга ошириш жараёнида уларга етказилган зиён (масалан, “снос”ларни компенсация қилиш ва ҳ.к.) қопланиши тартиботи белгиланган ҳолда қабул қилиниши мақсадга мувофиқ. Чунки тадбиркор ҳам солиқ тўловчи ва иш ўринларини яратувчи хўжалик юритувчи субъект сифатида конституция ва қонун ҳимоясидаги хўжалик юритувчи субъектдир. Мақсад жамият ва тадбиркор манфаатини уйғунлаштириш учун мустаҳкам пойдевор яратишдир.

Жамиятда тадбиркорга нисбатан социалистик тизим давридан мерос бўлиб қолган “ўғри” ва “қаллоб” деган нотўғри тушунчага барҳам бериш, унинг ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимояланишини таъминлайдиган муҳит яратиш бозор иқтисодиётига ўтиш даврида жуда муҳим аҳамиятга эга. Акс ҳолда ўз маблағларини ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатиш мақсадлари учун тиккан ҳамда ижтимоий масъулиятни бўйнига олган бизнес вакилининг қонуний ҳимоясини таъминлай олмасак, жамият равнақи ҳақида бонг уришга ўрин қолмайди.

Кейинги йилларда жаҳон ҳамжамиятида фуқаролар томонидан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлиги ва шаффофлигига нисбатан талаб кучайди. Дунёнинг турли мамлакатларида давлат органлари очиқлигини таъминлаш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (НҲҲ) муҳокамаси учун аҳоли ва тадбиркорлар билан онлайн-мулоқот турли шакллари йўлга қўйилган. Жамоатчилик муҳокамалари давлат бошқарувининг турли хил соҳаларида амалга оширилмоқда.

Бунда жамоатчилик муҳокамаси халқнинг ҳокимият бошқарувида тўғридан-тўғри иштирок этиши ва бевосита демократия тизими сифатида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига таклифлар, қўшимчалар, фикр-мулоҳазалар тақдим этиш йўли билан ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинишига қадар унинг мазмун-моҳиятини шакллантиришда иштирок этишга имконият яратади.

Бугунги кунда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ) ривожланиб бораётганлиги ва жамият ҳаётида беқиёс аҳамият касб этаётганлигини, давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро ҳамкорлиги учун янги имкониятлар туғдираётганлигини инобатга олиб, ишлаб чиқилаётган миллий Тадбиркорлик Кодекси лойиҳасини шакллантириш бўйича реал вақт режимида ишлайдиган махсус веб-портал орқали интерактив муҳокамани ташкиллаштириш мақсадга мувофиқдир. Бу эса муҳокама муддатларини тезлаштириш ва муҳокама шаффофлигини таъминлайди ҳамда унда фаол иштирок этувчи шахсларнинг нуқтаи назарини аниқ ифода этишга шарт-шароит яратади.

Тадбиркорлик Кодексидан кутилаётган асосий мақсад – тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, фаолияти эркинлиги кафолатларини тадбиркорлар учун содда ва равон тарзда ҳаволаки нормалардан ҳоли, тўғридан-тўғри кучга эга қонун ҳужжатида аниқ белгилаб берилишини таъминлаш ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда кенг жорий этилишидир.

Давра суҳбатида Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича тегишли вазирлик ва идоралар, нодавлат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳни шакллантириш, унинг иш режасини тайёрлаш, тадбиркорликка оид жуда кўп амалдаги қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш ва уларнинг сонини қисқартириб, Тадбиркорлик кодексига бирлаштириш, бу борада хорижий тажрибани ўрганиш, йўл харитасини ишлаб чиқиш, кодекс концепциясини яратиш, Тадбиркорлик кодекси бўйича амалга оширилаётган ишлардан ишбилармонларни хабардор қилиш ва уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ва бошқа шу сингари ишларга тааллуқли масалалар муҳокама қилиниб, муайян келишувларга эришилди. Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси муҳокамаларига тадбиркорлар, фермерлар қанчалик кўп жалб қилинса, ҳужжат шунчалик пишиқ-пухта бўлиши шубҳасиздир.

Бунда мавжуд қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ва ишлаб чиқилаётган Тадбиркорлик Кодекси лойиҳасига киритиш учун муҳокама иштирокчилари томонидан берилган таклифлар тегишли вазирликлар, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан тааллуқлилиги бўйича кўриб чиқилишини таъминлаш борасида қонун билан белгиланган меъёрлар доирасида чора-тадбирларни амалга ошириш лозим.

Шу ўринда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси амалдаги қонунчилик билан белгиланган ўз имкониятидан келиб чиқиб, электорати – тадбиркор ва фермерларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсий куч сифатида ҳозирда ишлаб чиқилаётган Тадбиркорлик Кодекси лойиҳасига киритилиши лозим бўлган асосий омил ва тамойилларни сиёсий платформа даражасида пухта ишлаб чиқиб, тегишли вазирлик ва идораларга чорлов ва чақириқ билан чиқиши, ўз нуқтаи назарини баён этиши, жамоатчилик муҳокамасини кенг миқёсда ташкиллаштириши бугунги кун давр талаби бўлиб қолмоқда.

Султонмурод Михридинов,

Ўзбекистон Тадбиркорлик ва

фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази бўлим бошлиғи





Сарлавха :
Иқтисодиёт

09 04 2021 / 9:14