Ўзбекистон ҳукумати мартгача 2030
йилга бориб ЯИМни 300 млрд долларгача ошириш учун иқтисодий ўсиш моделини
тайёрлаши керак. Режа таркибий ислоҳотлар ва саноатни ривожлантиришни
ичига олади. Шунингдек, кейинги 10 йилда аҳоли жон бошига ЯИМни 10 минг долларгача
ошириш траекторияси ҳам белгиланади.
Ўзбекистон
президенти Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни «Инсон қадрини улуғлашга қаратилган
миллий дастурларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади.
Унда мамлакатнинг яқин йиллардаги ривожланишининг асосий йўналишлари белгилаб
берилди.
Еттита миллий дастурдан бири юқори
технологиялар ва меҳнат унумдорлигини оширишга асосланган иқтисодиётни
ривожлантириш бўлади.
Иқтисодиётни
300 млрд долларгача қандай ошириш режалаштирилмоқда?
Йўл харитасига кўра, 2027 йил март
ойига қадар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бошқа идоралар билан биргаликда
белгиланган мақсадларга эришишнинг аниқ механизмларини белгиловчи президент
қарори лойиҳасини тайёрлаши лозим.
Ҳужжатда юқори иқтисодий ўсиш
суръатларини сақлаб қолиш ва барқарор иш ўринларини яратишга қаратилган
«Иқтисодий ўсишнинг янги модели ва саноат сиёсатига ўтиш» дастурини ишлаб
чиқиш назарда тутилиши керак.
Хусусан, олтита асосий йўналиш
бўйича таркибий ислоҳотларни давом эттириш, шунингдек, иқтисодиётнинг камида
саккизта тармоғини ривожлантириш бўйича амалий чора-тадбирларни белгилаш
режалаштирилмоқда.
Ҳукумат 2030
йилга бориб ЯИМни 300 млрд долларгача ошириш, шунингдек, кейинги ўн йил
давомида аҳоли жон бошига ЯИМни 10 минг доллардан оширишнинг йиллик
траекториясини белгилаши керак.
Кўрсаткичларни ишлаб чиқишда
иқтисодиётнинг алоҳида тармоқлари ва ҳудудларнинг ҳиссасини, истиқболли ўсиш
йўналишларини, инвестиция манбалари ва лойиҳаларни амалга ошириш механизмларини
аниқлаш зарур.
Хусусий сектор ва рақобатни
ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, хизматлар соҳаси
ва замонавий инфратузилмада янги ўсиш драйверларини аниқлашга алоҳида
эътибор қаратилади.
Экспортни ошириш учун логистика,
сертификатлаштириш, ташқи бозорларга чиқиш билан боғлиқ муаммолар ва бошқа
чекловларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш режалаштирилмоқда.
450 млрд
доллар инвестиция ва 2 млн иш ўрни
Иқтисодий дастурни амалга ошириш
учун ҳукумат яқин ўн йил ичида 450 млрд доллар хорижий инвестиция жалб
қилишни режалаштирмоқда.
Инвестициялар, саноат ва савдо
вазирлигига 2027 йил июнь ойига қадар замонавий технологиялар ва юқори
даромадли лойиҳаларга урғу берган ҳолда хорижий инвестицияларни жалб қилиш
бўйича янги стратегия ишлаб чиқиш топширилди.
Йўл харитасига мувофиқ, мақсадли
инвестициялар ҳажмини йиллар, тармоқлар ва ҳудудлар кесимида тақсимлаш зарур.
2027−2030 йиллар даври учун аниқ мақсадли кўрсаткичлар, кейинги йиллар учун эса
прогноз параметрлари белгиланиши керак.
Инвестиция
лойиҳалари портфелини ҳар йили шакллантириш ва янгилаб бориш кўзда
тутилмоқда. Шу билан бирга, ҳукумат умумий инвестициялар ҳажмида хусусий
ва хорижий инвестициялар улушини 80 фоизгача ошириш ниятида.
Асосий йўналишлар қаторида халқаро
брендларни жалб қилиш, юқори технологияли ишлаб чиқаришларни, яшил энергетика
ва инфратузилмани ривожлантириш, шунингдек, давлат-хусусий шерикликни
кенгайтириш ўрин олган.
Ҳар бир йирик лойиҳа учун инвестор,
лойиҳа қиймати, молиялаштириш манбалари, амалга ошириш муддатлари, инфратузилмага
бўлган эҳтиёж, кутилаётган экспорт ҳажми ва янги иш ўринлари сони
тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган алоҳида паспорт тузиш назарда
тутилмоқда.
Шунингдек, инвестиция лойиҳаларини
амалга ошириш тартиб-таомилларини соддалаштириш ва инвесторлар томонидан
мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторингни кучайтириш режалаштирилган.
2030 йилга
бориб саноатда 2 млн та юқори даромадли иш ўрни яратиш алоҳида
мақсад бўлади. Бунинг учун ҳукумат юқори даромадли иш ўринлари мезонларини
тасдиқлаши, 2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра уларнинг сонини аниқлаши
ва янги мақсадли кўрсаткичларни йиллар, ҳудудлар ва тармоқлар бўйича
тақсимлаши керак.
Дуал таълимни ривожлантириш, саноат
корхоналари эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда мутахассислар тайёрлаш, ишлаб
чиқариш зоналарини зарур инфратузилма билан таъминлаш ва юқори қўшилган
қийматли тармоқларга инвестициялар жалб этиш кўзда тутилган.
Иш ўринлари яратиш режаларининг
бажарилиши меҳнат, солиқ ва бошқа расмий ҳисоботлар асосида кузатиб
борилиши назарда тутилмоқда.
300 млрд долларлик
мақсад қанчалик реал — иқтисодчи фикри
Иқтисодчи Миркомил Холбоев сентябрь
ойида ўзининг Mirkonomika Telegram каналида янги
иқтисодий маррага эришиш имкониятларини таҳлил
қилган эди.
У аввалроқ Ўзбекистон 2030
йилга бориб иқтисодиёт ҳажмини 240 млрд долларга етказишни режалаштирганини
эслатиб ўтди. Мустақиллик байрами тантаналари вақтида давлат раҳбари ушбу
маррани 300 млрд долларгача кўтарди.
Иқтисодчининг сўзларига кўра, янги
кўрсаткич халқаро молия ташкилотлари прогнозларидан унчалик катта фарқ
қилмайди.
У ўз
таҳлилида Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) прогнозига таянган бўлиб, унга кўра
Ўзбекистоннинг номинал ЯИМи 2030 йилда 273,4 млрд долларга, 2031 йилда эса 301
млрд долларга етиши керак эди. ХВЖнинг янгиланган октябрь ойи прогнозига кўра, Ўзбекистон
иқтисодиёти ҳажми 2030 йилда тахминан 276,2 млрд доллар, 2031 йилда эса 304,1
млрд доллар даражасида баҳоланмоқда.
Холбоев сўнгги йилларда Ўзбекистон
иқтисодиётининг доллар ҳисобидаги номинал ўсиш суръатлари юқори эканига эътибор
қаратди.
Унинг ҳисоб-китобларига кўра, 2025
йилда ушбу кўрсаткич 21,1 фоизни ташкил этган, 2026 йилнинг биринчи ярмида эса
26,8 фоизгача тезлашган.
Иқтисодчи тезлашишнинг иккита асосий
омилини ажратиб кўрсатди: реал иқтисодий ўсиш суръатларининг 1,3 фоиз пунктига
ошиши ва сўмнинг ўртача курси 6,1 фоизга мустаҳкамланиши.
Агар биринчи ярим йиллик суръатлари
йил охиригача сақланиб қолса, 2026 йил якунларига кўра Ўзбекистон иқтисодиёти
ҳажми 186,5 млрд долларга етиши мумкин, дея ҳисоблаб чиқди
Холбоев.
Шу билан бирга, у сўм
мустаҳкамланишининг бироз секинлашиши доллар ифодасидаги номинал ЯИМ ўсиш
суръатларининг пасайишига олиб келиши мумкинлигини истисно этмади.
Иқтисодий
ўсишнинг учта сценарийси
Холбоев доллар ифодасидаги номинал
ЯИМ ўсиш суръатлари сақланиб қолишига қараб иқтисодиёт ривожланишининг бир
нечта сценарийларини кўриб чиқди.
Биринчи сценарий — 2024−2026
йиллардаги суръатларни сақлаб қолиш. Агар иқтисодиёт доллар ҳисобида йилига ўртача 20
фоизга ўсишда давом этса, 2030 йилга бориб унинг ҳажми 389 млрд долларга етиши
мумкин. Иқтисодчининг ўзи бундай сценарийни «жуда оптимистик» деб атади.
Иккинчи сценарий — пандемиядан
кейинги суръатларни сақлаб қолиш. Йиллик ўртача ўсиш 16 фоиз даражасида бўлганда,
2030 йилга бориб ЯИМ ҳажми 309 млрд долларни ташкил этиши мумкин, бу эса
қўйилган мақсаддан ошиб кетиш имконини беради.
Учинчи сценарий — 2017−2025
йиллардаги ўртача суръатлар. Агар иқтисодиёт доллар ифодасида йилига 9,8
фоизга ўсса, 2030 йилга бориб унинг ҳажми тахминан 234 млрд долларни ташкил
этади, яъни белгиланган мўлжалдан паст бўлиб чиқади. Шу билан бирга,
иқтисодчи 2017−2025 йиллар даври коронавирус пандемияси ҳамда миллий валютанинг
нисбатан кучли қадрсизланиши йилларини ўз ичига олишини таъкидлади.
«Агар яқин
йилларда сўмнинг сезиларли даражада қадрсизланиши юз бермаса (айниқса,
сўнгги икки йилда у мустаҳкамланмоқда) ва пандемияга ўхшаш йирик
инқироз содир бўлмаса, иқтисодиётнинг 300 млрд долларлик кўрсаткичга эришиш
эҳтимоли юқори», — деб ёзди Холбоев.
Унинг фикрича, қулай шароитлар ва
юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолган тақдирда, янги мақсадга тўлиқ эришиш
мумкин.
«Умуман олганда, қўйилган янги
мақсадга эришиб бўлмайди, деб айтиб бўлмайди. Агар пандемиядан кейин кузатилган
шароитлар ва ўсиш суръатлари сақланиб қолса, 2030 йилга бориб биз ушбу маррага
ета оламиз», — дея қайд этди иқтисодчи.
Ушбу сценарийларни баҳолашда гап
айнан доллар ифодасидаги номинал ЯИМ ҳақида кетаётганини
ҳисобга олиш лозим, унинг динамикаси нафақат товарлар ва хизматлар ишлаб
чиқариш ўсишига, балки инфляция, миллий валюта курсининг ўзгариши ва бошқа
омилларга ҳам боғлиқ.
Холбоевнинг баҳолашича, 300 млрд
долларлик кўрсаткичга эришиш Ўзбекистонга иқтисодиётнинг номинал ҳажми бўйича
Қатар, Украина, Марокаш, Словакия ва Кувайт каби давлатларнинг 2025
йилдаги кўрсаткичларидан ўзиб кетиш имконини беради.
Ҳудудларда
аҳоли жон бошига даромадлар қандай ўзгармоқда?
Иқтисодчи Миркомил Холбоев юқори
иқтисодий ўсиш суръатлари фонида Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида аҳоли
даромадларидаги тафовут қисқараётгани ёки йўқлигини ҳам таҳлил
қилди.
Унинг сўзларига кўра, пандемиядан
сўнг аҳоли жон бошига доллар ифодасидаги номинал ЯИМ қарийб икки бараварга ошган. Шу билан
бирга, уй хўжаликлари даромадлари тақсимотидаги тенгсизликни акс эттирувчи Жини
коэффициенти кетма-кет иккинчи йил пасаймоқда. Бу мамлакатда даромадлар
тенгсизлигининг умумий даражаси қисқараётганидан далолат беради.
Бироқ алоҳида ҳудудлар ўртасидаги
вазият фарқ қилади. Вилоятлар аҳолисининг даромадлари яқинлашаётганини баҳолаш
учун Холбоев уларнинг 2010 йилдаги даражасини 2010−2025 йиллардаги аҳоли жон
бошига даромадларнинг ўртача йиллик ўсиш суръатлари билан таққослади.
Иқтисодий назарияга кўра, камроқ
таъминланган ҳудудлар муайян шароитларда бойроқ ҳудудларга қараганда тезроқ
ривожланиб, ортда қолишни босқичма-босқич қисқартириши мумкин. Агар бундай
тенденция кузатилса, дастлаб даромадлари паст бўлган ҳудудлар уларнинг юқорироқ
ўсиш суръатларини намойиш этиши керак.
Холбоевнинг тадқиқоти шуни
кўрсатдики, Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари ҳисобга олинганда бундай
қонуният кузатилмайди. Аксинча, 2010 йилда юқорироқ даромадга эга бўлган
ҳудудлар ўртача тезроқ ўсган.
Бироқ иқтисодчининг сўзларига кўра,
ушбу манзарани Тошкент сезиларли даражада ўзгартириб юборади. 2010 йилдаёқ энг
юқори даромадли ҳудуд бўлган пойтахт кейинги 15 йил давомида бошқа ҳудудларга
нисбатан аҳоли даромадларининг тезроқ ўсишини намойиш этган.
«Агар
Тошкент чиқариб ташланса ва боғлиқлик қайта текширилса, 2010 йилдаги
даромадлар даражаси билан сўнгги 15 йилдаги уларнинг ўртача ўсиш суръатлари
ўртасида тескари алоқа мавжудлиги маълум бўлади. Ўртача олганда, дастлаб
даромадлари пастроқ бўлган ҳудудлар юқорироқ даромадли ҳудудларга қараганда
тезроқ ўсган», — дея қайд этди Холбоев.
Шу тариқа, Тошкент
ҳисобга олинмаганда 2010−2025 йилларда Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги
даромадлар тафовути қисқарган. Иқтисодчининг сўзларига кўра,
ҳисоб-китоблардан қўшимча равишда Навоий вилояти чиқариб ташланганда ҳам ушбу
қонуният сақланиб қолади.
Холбоев пойтахтнинг алоҳида
мавқеини, жумладан, 2020 йилдан кейин хизматлар соҳасининг жадал ривожланиши
билан боғлайди. Пандемиядан олдинги давр таҳлил қилинганда, Тошкент минтақавий
тенгсизликнинг умумий манзарасига бу қадар сезиларли таъсир кўрсатмаган.
Шу билан бирга, иқтисодчи яна
бир тенденцияга эътибор қаратди: 2019 йилдан кейин пойтахт ҳисобга олинмаганда
ҳам вилоятлар ўртасидаги даромадлар яқинлашуви секинлашган.
«2019 йилдан кейин Тошкент ҳисобга
олинмаганда ҳам ҳудудлар ўртасидаги даромадлар яқинлашуви секинлашди. Менимча,
бу алоҳида ўрганишни талаб қилади», — дея хулоса қилди Холбоев.
Аввалроқ Gazeta хабар берганидек, президент Шавкат Мирзиёев
янги мақсад — 2030 йилга бориб Ўзбекистон ЯИМини 300 млрд долларгача
ошириш ҳақида илк бор 28 август куни мамлакат мустақиллигининг 35 йиллигига
бағишланган маросимда эълон қилган эди.
10 ноябрдаги фармон билан ушбу
мўлжаллар миллий дастурда мустаҳкамланди, ҳукуматга эса уларга эришишнинг аниқ
механизмларини тайёрлаш топширилди.
Сарлавха :
Иқтисодиёт
13 11 2026 / 12:09