Илк бор
ўтказилган қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири ер, боғлар ҳажми, чорва
сони, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ҳамда суғориш
усулларига аниқлик киритиш имконини берди. Кўплаб кўрсаткичлар аввалги
ҳисоб-китоблардан сезиларли даражада фарқ қилди. Асосий жиҳатлар.
Ўзбекистонда илк бор ўтказилган
қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири натижасида аввал статистик ҳисоботларда
акс этмаган қарийб 1 миллион гектар ер майдони аниқланди. Иссиқхоналар
майдони олдин ҳисоб-китобларга нисбатан қарийб уч баравар кўп экани, йирик
шохли қорамоллар сони эса 2,3 миллион бошга кам экани маълум бўлди. Аҳоли ва
қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг якуний натижаларини Миллий статистика
қўмитаси 13 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот
анжуманида тақдим этди. Бу ҳақда Gazeta мухбири хабар бермоқда.
Рўйхатга олиш тадбири экин
майдонлари, боғлар, узумзорлар, иссиқхоналар, чорва моллари ва паррандалар
сони, шунингдек, балиқчилик ҳавзаларига оид маълумотларга аниқлик киритиш
имконини берди. Қатор кўрсаткичлар бўйича натижалар аввал эълон қилинган
статистик маълумотлардан сезиларли даражада фарқ қилди.
Аввал
ҳисобга олинмаган қарийб 1 миллион гектар ер майдони аниқланди
Аҳоли ва
қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижасида аввалги статистик кузатувларда
қамраб олинмаган 985,4 минг гектар ер майдони қўшимча равишда ҳисобга
олинди. Ушбу майдонларнинг асосий қисми — 789,6 минг гектари экин ерларига
тўғри келади.
Миллий статистика қўмитаси бошқарма
бошлиғи Жаҳонгир Камбаровнинг айтишича, рўйхатга олиш
натижаларини қайта ишлашда «Ўзбеккосмос» агентлиги билан ҳамкорликда геоахборот
технологиялари ва сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланилган. Мутахассислар
қарийб икки йиллик тасвирларни кадастр маълумотлари билан таққослаб, амалда экин
экилаётган ва ўсимликлар билан қопланган ҳудудларни аниқлаган. Кейин ушбу
ерларга чиқиб, улардан фойдаланувчиларни белгилаган ва маълумотларни
статистик ҳисобга киритган. Шунингдек, асосий фаолияти қишлоқ хўжалиги билан
боғлиқ бўлмаган, бироқ қишлоқ хўжалиги ерларига эга ёки ушбу йўналишда қўшимча
фаолият юритадиган корхоналар ҳам рўйхатга олинган.
Рўйхатга олишнинг якуний
натижаларига кўра, очиқ майдонларда бир йиллик экинлар етиштириладиган ерлар
4,21 миллион гектарни ташкил этган.
Табиий пичанзор ва яйловлар
майдони 21,17 миллион гектар, кўп йиллик дарахтзорлар қарийб 3,5 миллион
гектар, ўрмонлар ва бошқа ўрмон билан қопланган ерлар эса 3,57 миллион
гектарга тенг. Яна 560,1 минг гектар ер вақтинча экин экилмайдиган
майдонлар сифатида ҳисобга олинган. 652,8 минг гектар ер майдонидан эса
балиқчилик мақсадларида фойдаланилади.
Бир йиллик экинлар етиштириладиган
умумий майдоннинг 2,32 миллион гектари ёки 55,1 фоизи фермер хўжаликлари
ҳиссасига тўғри келади. Яна 788,7 минг гектар (18,7 фоиз) ердан деҳқон ва
аҳолининг ёрдамчи хўжаликлари фойдаланади. Шу билан бирга, табиий пичанзор
ва яйловларнинг 89 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи
ташкилотлар фойдаланувида экани маълум бўлди.
Иссиқхоналар
майдони аввалги маълумотларга нисбатан қарийб 3 баравар кўп чиқди
Қишлоқ
хўжалигини рўйхатга олиш жараёнидаги энг катта тафовутлардан бири иссиқхоналар
майдонини ҳисобга олишда аниқланди. Рўйхатга олишдан олдин уларнинг умумий
майдони 8 минг гектар деб баҳоланган эди. Маълумотларга аниқлик киритилгандан
сўнг бу кўрсаткич 22,1 минг гектарга етди. Яъни аввалги ҳисоб-китобларга
нисбатан қарийб 2,8 бараварга ошди. Ушбу майдонларнинг 15,3 минг гектари (69,2
фоизи) деҳқон ва аҳолининг ёрдамчи хўжаликларига, қолган 6,8 минг гектари эса
юридик шахсларга тегишли.
Шундай қилиб, иссиқхона
майдонларининг асосий қисми фермер хўжаликлари ва йирик агросаноат
корхоналарига эмас, балки аҳолининг кичик хўжаликларига тўғри келади.
Боғлар ва узумзорлар майдони
ҳам аввалги маълумотлардан юқори бўлиб чиқди. Аввалги 516,3 минг гектар ўрнига
613 минг гектарни ташкил этди. Фарқ 96,7 минг гектар ёки 18,7 фоизга тенг.
Жумладан, мевазорлар майдони 456,7 минг гектарга, узумзорлар майдони эса 156,3
минг гектарга етган. Мевазорларнинг 194,7 минг гектари (42,6 фоизи)
ва узумзорларнинг 78 минг гектари (49,9 фоизи) фермер хўжаликлари
ҳиссасига тўғри келади.
Деҳқон ва ёрдамчи хўжаликлар
эса мос равишда 140,7 минг гектар мевазор (30,8 фоиз) ва 54,6 минг гектар
узумзорга (34,9 фоиз) эга.
Экин
майдонларининг 70 фоиздан ортиғини донли ва техник экинлар ташкил этади
Бир йиллик
экинлар етиштириладиган умумий ер майдонининг қарийб ярми — 1,997
миллион гектари (47,4 фоизи) донли ва дуккакли дон экинлари ҳиссасига
тўғри келади. Техник экинлар эса яна 1,013 миллион гектар ёки 24 фоиз майдонни
эгаллайди. Ушбу икки гуруҳ жами экин майдонларининг 71,4 фоизини ташкил этади.
Шу билан бирга,
ер майдонларидан фойдаланиш таркиби хўжаликлар тоифасига қараб сезиларли
даражада фарқ қилади. Очиқ майдонларда бир йиллик экинлар етиштириладиган
ерларнинг 81,3 фоизи юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади. Бироқ сабзавот ва картошка
етиштириш учун ажратилган ерларнинг асосий қисмидан деҳқон ва аҳолининг ёрдамчи
хўжаликлари фойдаланади.
Хусусан,
340,5 минг гектар сабзавот майдонининг 243,6 минг гектари (қарийб 72 фоизи),
133,1 минг гектар картошка майдонининг эса 110,8 минг гектари (қарийб 83 фоизи)
аҳоли хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади.
Техник экинлар етиштириладиган
ерларнинг салмоқли қисми ҳам фермер хўжаликлари томонидан ўзлаштирилган.
Жумладан, 1,013 миллион гектар майдоннинг 708,5 минг гектаридан фермер
хўжаликлари фойдаланади.
Малина
етиштириладиган майдонлар 27 баравар кўп бўлиб чиқди
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш
тадбири айрим турдаги экинлар бўйича аввалги статистик маълумотлар билан
сезиларли тафовутлар борлигини кўрсатди.
Хусусан,
малина етиштириладиган майдонлар 119 гектардан 3281 гектаргача қайта кўриб
чиқилди. Бу аввалги кўрсаткичдан 27,6 баравар кўп. Гулкарам майдонлари 471
гектардан 5189 гектарга (11 баравар), доривор ўсимликлар майдони 5096 гектардан
24 802 гектарга (4,9 баравар), қулупнай майдонлари эса 1778 гектардан 5436
гектарга (3,1 баравар) оширилди.
Бундан ташқари, аввалги статистик
кузатувларда алоҳида ажратиб кўрсатилмаган бир қатор экинлар майдони ҳам илк
бор мустақил ҳисобга олинди. Улар қаторига ферула (каврак) — 12 675
гектар, брокколи — 6060 гектар, ширинмия — 5289 гектар,
лаванда — 2994 гектар ва голубика — 490 гектар киради.
Шунингдек,
сабзавот ва полиз экинлари кўчатлари етиштириладиган майдонлар (2096
гектар), сирень (1530 гектар) ҳамда цитрус мевалари — лайм, апельсин
ва мандарин етиштириладиган майдонлар (201 гектар) ҳам алоҳида ҳисобга
олинди.
Миллий статистика қўмитасида
таъкидланишича, бундай ўзгаришлар бир йил ичида экин майдонлари ҳақиқатда бир
неча бараварга кўпайганини эмас, балки статистик ҳисоб қамровига аниқлик
киритилганини англатади.
Дон, сабзавот
ва мева маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми қайта кўриб чиқилди
Экин майдонларига аниқлик киритилиши
2025 йилдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ҳам қайта
ҳисоблаш имконини берди.
Янгиланган
маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 11 миллион тонна дон етиштирилган.
Бу аввал эълон қилинган кўрсаткичдан 8,6 фоизга кўп.
Сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш
ҳажми 14,4 миллион тоннага (+5,2 фоиз), полиз экинлари ҳосили эса 4,2 миллион
тоннага (+28,2 фоиз) қайта кўриб чиқилди. Мева ва резавор мевалар ишлаб
чиқариш ҳажми 4,1 миллион тоннани (+18,5 фоиз), узум етиштириш эса 2,3 миллион
тоннани (+14,5 фоиз) ташкил этди.
Натижада
2025 йилда ўсимликчилик маҳсулотлари қиймати бўйича баҳолаш 243 триллион сўмдан
290,6 триллион сўмга оширилди. Бу 47,6 триллион сўмга ёки 19,6 фоизга
кўпдир.
Қўмитада тушунтирилишича, ушбу
ўзгаришлар аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш даврида қўшимча маҳсулот
ишлаб чиқарилганини англатмайди. Аксинча, аввалги ҳисоб-китобларда тўлиқ акс
этмаган маҳсулот ҳажмлари ҳам статистик маълумотларга киритилган.
Йирик шохли
қорамоллар сони аввалги маълумотларга нисбатан 2,3 миллион бошга кам бўлиб
чиқди
Чорвачилик соҳасида эса қишлоқ
хўжалигини рўйхатга олиш тадбири натижалари аксинча кўрсаткичларни намоён этди.
2026 йил 15
январь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда йирик шохли қорамоллар сони 12,24 миллион
бошни ташкил этган. Бу аввалги статистик баҳолаш кўрсаткичидан қарийб 2,3
миллион бошга кам.
Шу билан бирга, жами
қорамолларнинг 10,65 миллион боши ёки 87,1 фоизи деҳқон ва аҳолининг ёрдамчи
хўжаликларида парваришланади. Юридик шахслар ҳиссасига эса атиги 12,9 фоиз
тўғри келади.
Жами йирик шохли қорамолларнинг
қарийб 4,22 миллион бошини сигирлар ташкил этади. Шундан 3,6 миллион боши
жисмоний шахслар хўжаликларида, 622,3 минг боши эса юридик шахслар тасарруфида.
Қўй ва эчкиларнинг умумий сони
23,09 миллион бошни ташкил этган. Шундан қарийб 20,29 миллион боши қўйлар, 2,8
миллион боши эса эчкилар ҳиссасига тўғри келади. Аҳоли хўжаликларида 16,47
миллион бош қўй ва эчки парваришланади. Бу уларнинг умумий сонининг
71,3 фоизини ташкил этади. Қолган 28,7 фоизи юридик шахслар хўжаликларига тўғри
келади.
Рўйхатга
олиш натижаларига кўра, шунингдек, 251,1 минг бош от, 35,5 минг бош туя, 45,7
минг бош чўчқа ва 573,8 минг бош мўйнали ҳайвон ҳисобга олинган.
Паррандаларнинг умумий сони 120,9
миллион бошни ташкил этган. Йирик ва майда шохли қорамоллардан фарқли
равишда, паррандаларнинг асосий қисми (61,7 фоизи) юридик шахслар хўжаликларида
боқилади. Деҳқон ва аҳолининг ёрдамчи хўжаликлари ҳиссасига эса 38,3 фоиз тўғри
келади.
Бундан ташқари, мамлакатда 917,1
мингта асалари оиласи мавжуд бўлиб, уларнинг 711,9 мингтаси ёки қарийб 78 фоизи
аҳоли хўжаликларида парваришланади.
Гўшт
ва сут ишлаб чиқариш ҳажми бўйича баҳолар пасайтирилди
Чорва моллари сонига аниқлик
киритилиши чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг ҳам қайта
кўриб чиқилишига сабаб бўлди.
Миллий
статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда мол гўшти ишлаб чиқариш
ҳажми бўйича баҳолаш аввалги кўрсаткичдан 13,1 фоизга, сут ишлаб чиқариш ҳажми
бўйича баҳолаш эса қарийб 19,2 фоизга пасайтирилди.
Бу аввал эълон қилинган статистик
маълумотларга ўзгартириш киритилганини англатади. Мазкур кўрсаткичлар 2025
йилда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан ҳақиқатда камайганини
билдирмайди.
Аҳолини ва қишлоқ хўжалигини
рўйхатга олиш тадбири қишлоқ хўжалиги ташкилотларида ҳайвонларни сақлаш
усуллари ҳақида ҳам маълумот олиш имконини берди.
Хусусан,
дастлабки маълумотларга кўра, юридик шахслар тасарруфида ҳайвонларни боғлаб ёки
махсус жойларда сақлаш учун мўлжалланган 24,5 мингта, яйловда сақлаш учун 15,3
мингта, парранда ва қуёнларни қафасларда сақлаш учун 14,2 мингта, саноат
(фабрика) усулида сақлаш учун эса 1,1 мингта махсус жой ҳисобга олинган.
Ушбу кўрсаткичлар ҳайвонларни сақлаш
усуллари бўйича ҳисобга олинган объектлар сонини ифодалайди. Улар ҳар бир
технология асосида боқилаётган чорва моллари сонини англатмайди.
Балиқ овлаш
ҳажми бўйича баҳолаш икки баравардан кўпроқ оширилди
Балиқчилик соҳасида ҳам статистик
кўрсаткичлар сезиларли даражада қайта кўриб чиқилди.
Қишлоқ
хўжалигини рўйхатга олиш натижаларига кўра, балиқ етиштиришда фойдаланиладиган
сув ҳавзалари майдони 652,8 минг гектарни ташкил этган. Бу аввалги
маълумотларга нисбатан 15 фоизга кўп.
Ушбу майдонларнинг 647,6 минг
гектари юридик шахсларга, 5,2 минг гектари эса деҳқон ва аҳолининг ёрдамчи
хўжаликларига тўғри келади.
Балиқчилик ҳавзалари
ва етиштирилган маҳсулотлар ҳақидаги янгиланган маълумотлар асосида балиқ
овлаш ҳажми бўйича баҳолаш 2,2 бараварга оширилди. Аввалги 205,5 минг тонна
ўрнига 446,5 минг тонна этиб белгиланди.
Миллий статистика қўмитасининг аҳолини
ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишнинг дастлабки натижалари акс этган алоҳида
инфографикасида юридик шахсларга қарашли 7,3 мингта хўжалик балиқчилик билан
шуғулланиши ҳам кўрсатилган. Шунингдек, сунъий сув ҳавзаларига эга 5,6 мингта
ва табиий сув ҳавзаларига эга 2,7 мингта хўжалик ҳисобга олинган.
Иккала тоифа бўйича кўрсаткичлар
йиғиндиси хўжаликларнинг умумий сонидан кўп. Бу бир хўжалик бир вақтнинг
ўзида бир неча турдаги сув ҳавзаларидан фойдаланиши билан изоҳланиши мумкин.
Бироқ тақдим этилган материалларда бундай ҳисоб юритиш методикасига аниқлик
киритилмаган.
Ўзбекистонда
қишлоқ хўжалиги ерлари қандай суғорилади?
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш
тадбири қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда фойдаланиладиган сув манбалари
ва суғориш усуллари ҳақида ҳам маълумот олиш имконини берди.
Дастлабки
натижалар акс этган инфографикага кўра, юридик
шахслар тасарруфидаги хўжаликларда энг кенг тарқалган усул анъанавий юзаки
суғориш бўлиб, у 108,6 мингта ҳисоб бирлигида қайд этилган.
Таққослаш учун, томчилатиб суғориш
5,1 мингта, эгилувчан қувурлар орқали суғориш 4,1 мингта, ёмғирлатиб суғориш
1,3 мингта, дискрет суғориш эса 500 та ҳисоб бирлигида кўрсатилган.
Сув манбалари орасида энг кўп юзаки
сувлардан фойдаланилади — 103,7 мингта ҳисоб бирлиги. Ер ости сувлари
13,4 мингта, водопровод суви 1,6 мингта, тозаланган оқова сувлар эса 600 та
ҳисоб бирлигида қайд этилган.
Шуни инобатга олиш керакки,
статистик маълумотлар суғориладиган ер майдонлари бўйича эмас, балки
юридик шахсларга тегишли ҳисоб бирликлари сони бўйича келтирилган.
Шу сабабли улар асосида сув тежовчи технологиялар қўлланилаётган экин
майдонларининг умумий майдондаги улушини бевосита аниқлаб бўлмайди.
Бундай баҳолашни амалга ошириш учун
ҳар бир суғориш усули қўлланилаётган ер майдонлари ҳақида алоҳида
маълумотлар талаб этилади.
Фермер
хўжаликларининг қарийб 12 фоизига аёллар раҳбарлик қилади
Миллий
статистика қўмитасининг батафсил жадвалларига кўра, 2025 йилда қишлоқ хўжалиги
фаолиятини амалга оширувчи юридик шахсларда асосий ходимлар сони 629,3 минг
нафарни ташкил этган. Уларнинг 452,8 минг нафари эркаклар (72 фоиз), 176,5 минг
нафари эса аёллардир (28 фоиз).
Ходимларнинг энг катта қисми фермер
хўжаликлари ҳиссасига тўғри келади — 417,3 минг нафар. Қишлоқ хўжалиги
фаолиятини амалга оширувчи бошқа ташкилотларда эса 210,6 минг нафар киши меҳнат
қилган.
Аҳолини рўйхатга олиш жараёнида 400
минг нафар мавсумий ишчи ҳам аниқланган. Уларнинг 210,6 минг нафари эркаклар,
189,4 минг нафари эса аёллардир.
Илк бор алоҳида инфографикада қишлоқ
хўжалиги хўжаликлари раҳбарларининг жинси ва ёши бўйича таркибига оид
маълумотлар ҳам тақдим этилди.
Дастлабки
маълумотларга кўра, 93,1 минг нафар фермер хўжалиги раҳбарининг 82,2 минг
нафарини эркаклар, атиги 10,9 минг нафарини эса аёллар ташкил этади. Шундай
қилиб, фермер хўжаликлари раҳбарлари орасида аёлларнинг улуши қарийб 11,7 фоиз,
эркакларники эса 88,3 фоизга тенг.
Умуман, статистиканинг аграр соҳаси
бўйича ҳисоботида акс этган 160,5 минг нафар ташкилот раҳбарининг 132 минг
нафари эркаклар, 28,5 минг нафари эса аёллардир. Аёл раҳбарларнинг улуши қарийб
17,8 фоизни ташкил этади.
Раҳбарларнинг энг кўп қисми 35−44
ёш тоифасига тўғри келади — 55,3 минг нафар. Уларнинг 45,9 минг
нафари эркаклар, 9,4 минг нафари эса аёллардир. Кейинги ўринларда 45−54 ёшдаги
45,2 минг нафар ва 55 ёш ҳамда ундан катта ёшдаги 34,2 минг нафар
раҳбарлар туради. 25−34 ёш тоифасидаги раҳбарлар сони 23,4 минг нафарни
ташкил этса, 25 ёшгача бўлган раҳбарлар атиги 2,4 минг нафар ёки умумий сонинг
қарийб 1,5 фоизини ташкил қилади.
Шундай қилиб, қишлоқ хўжалиги
соҳасида ҳисобга олинган юридик шахслар раҳбарлари орасида ўрта ва катта
ёшдаги эркаклар устунлик қилади.
Кўчат
етиштириш билан асосан аҳоли хўжаликлари шуғулланади
Қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш
тадбири турли хил кўчатлар етиштириш билан шуғулланувчи хўжаликлар сонига ҳам
аниқлик киритиш имконини берди.
Хусусан,
узум кўчатлари етиштириш билан 920,5 мингта хўжалик шуғулланган. Уларнинг 918,1
мингтаси деҳқон ва аҳолининг шахсий ёрдамчи хўжаликларига тўғри келади.
Бу умумий кўрсаткичнинг 99,7 фоизини ташкил этади.
Мева дарахтлари кўчатларини 375,6
мингта хўжалик етиштирган. Шундан 365 мингтаси деҳқон ва ёрдамчи
хўжаликлар ҳиссасига тўғри келади.
Терак кўчатлари 400,4 мингта, тут
кўчатлари 267,1 мингта, манзарали дарахт кўчатлари 257,5 мингта, павловния
кўчатлари эса 34,3 мингта хўжаликда етиштирилган.
Нима учун
натижалар аввалги статистик маълумотлардан бу қадар фарқ қилади?
13 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот
анжуманида Миллий статистика қўмитаси раиси ўринбосари Зоҳиджон Зияев аҳоли
ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири миллий статистика тизимини ислоҳ
қилиш доирасидаги энг йирик тадбирлардан бири бўлганини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, тўпланган
маълумотлар ердан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги фаолияти таркиби ва давлат режалаштириши
учун зарур бўлган бошқа кўрсаткичларни янада тўлиқ баҳолаш имконини беради.
Қўмита вакили Жаҳонгир
Камбаров рўйхатга олиш натижалари маълумотларни тўплаш усуллари
ва ахборот манбаларининг ўзига хос хусусиятлари сабабли аввалги статистик
кўрсаткичлардан фарқ қилиши мумкинлигини таъкидлади.
Рўйхатга олиш жараёнида маълумотлар
иштирокчилар томонидан тақдим этилган ахборотлар асосида шакллантирилиб,
маъмурий маълумотлар ва аввалги статистик кузатувлар натижалари билан
таққосланган.
Авваллари статистик ҳисоб-китобларда
асосан кадастр ҳужжатларида расман қишлоқ хўжалиги ерлари сифатида белгиланган
майдонлар ҳисобга олинар эди. Энди эса расмий ҳужжатларда бошқа мақсадлар учун
ажратилган бўлса-да, амалда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланилаётган
ҳудудлар ҳам ҳисобга олинди.
Қўмита вакили бунга мисол сифатида
саноат корхоналарига қарашли ер участкалари ва ижтимоий муассасалар
ҳудудидаги боғларни келтирди.
Шу сабабли
аниқланган ўзгаришларни — айрим экинлар майдонининг кўпайиши, ҳисобга
олинган чорва моллари сонининг камайиши ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб
чиқариш ҳажмининг қайта кўриб чиқилишини — 2025−2026 йилларда бевосита
содир бўлган ўзгаришлар сифатида талқин қилиш тўғри эмас.
Олинган маълумотлар қишлоқ хўжалиги
статистикаси ва бошқа иқтисодий кўрсаткичларга аниқлик киритишда
фойдаланилади.
Миллий статистика қўмитаси,
шунингдек, рўйхатга олиш тадбирининг батафсил натижаларини, жумладан, вилоятлар
ва туманлар кесимида янада кенгроқ маълумотларни эълон қилиш давом этишини
маълум қилди.
Маълумотларни босқичма-босқич эълон
қилиш 2027 йил 1 июлга қадар давом этиши белгиланган. Шу билан бирга,
натижаларнинг айрим қисми белгиланган муддатдан олдин тақдим этилди.
Мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор
ўтказилган ялпи қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбири аҳолини рўйхатга олиш
билан бир вақтда, 2026 йил 15 январдан 28 февралга қадар амалга оширилди.
Gazeta аввалроқ Ўзбекистон аҳолисини
рўйхатга олишнинг 37 йилдан кейин илк бор ўтказилгани ва мамлакат аҳолиси
39 миллион нафардан ошгани ҳақида ёзганди. Рўйхатга
олиш натижаларига кўра, Миллий статистика қўмитаси шаҳар аҳолиси улуши,
кутилаётган умр кўриш давомийлиги, аҳолининг ёш таркиби, миллий таркиби,
оилавий ҳолати ва таълим даражасига оид маълумотларга ҳам аниқлик киритди.
gazeta.uz
Сарлавха :
Иқтисодиёт
16 11 2026 / 12:42