– Маркетингнинг асосий принципларидан бири ҳалолликдир, – дейди Муҳаммадали Эшонқулов. – Сиз бизнесингизга истеъмолчи кўзи билан қарай олсангиз, олдингизга қўйган аниқ мақсадингиз ортидан яхши натижага эришишингизга ишонсангиз, демак сизнинг бизнесингизда маркетинг бор. Брендда ўзингизда йўқ нарсани кўрсатманг ва доимо самимий бўлинг.
Ушбу маҳорат дарсларида тадбиркорлик соҳасида салмоқли ютуқларга эришган бизнес вакиллари маркетинг, шахсий бренд ва реклама соҳалари бўйича ўз муваффақият сирлари ва тажрибаларини бўлишди. Иштирокчилар маркетинг фундаменти ва инсоннинг шахсий маркетинг фундаменти хусусида керакли маълумотга эга бўлди. Бундан ташқари, улар маркетингнинг мақсади ва унинг асосий вазифалари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
«Lokals» креатив агентлиги раҳбари Фарҳод Норбоев маркетинг одамларга худди кино, янгиликлар, мусиқа, китоблардек таъсир кўрсата олишини алоҳида таъкидлаб ўтди. Маркетинг асосида бозорда талабни ўрганиш, бозор таркибини аниқлаш, товарни ўрганиш, рақобат шароитларини тадқиқ қилиш, сотиш шакли ва услубларини таҳлил этиш кераклигини тушунтирди. Шунингдек, бозорни билиш, бозорга мослашиш, бозорга таъсир ўтказиш маркетингнинг асосий тамойиллари эканини қайд этди.
– Сифатли маҳсулот, ҳамёнбоп нарх, етказиб бериш хизматини тўғри йўлга қўйиш ва қизиқарли реклама маркетингнинг муҳим пойдевори ҳисобланади, – дейди «605» агентлиги асосчиси Отабек Шарапов. – Маркетингда мақсадни бойлик орттириш ёки машҳурликка эришишга эмас, профессионаллик ва ўз устингизда ишлаш билан боғланг. Сиз ўз соҳангизнинг проффесионали бўлсангиз, ривожланишга интилсангиз, бойлик ҳам машҳурлик ҳам ўзи сизни излаб топади.
Тадбир якунида спикерлар иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.
Маълумот учун, Marketing.uz лойиҳаси ҳар ойда Ўзбекистондаги таниқли соҳа экспертлари иштирокида ўтказиладиган маҳорат дарсларидир. Лойиҳанинг асосий мақсади ёшларни соҳага қизиқтириш, бизнес эгалари учун маркетинг бўйича фойдали маълумотлар етказиш, соҳага қизиқувчилар ёшлар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйишдир. Ҳар бир сонда соҳада катта тажрибага эга 3 та спикер ўз билимларини ёшлар билан бўлишади. Шу кунга қадар мазкур лойиҳада Ферузхон Ёқубхўжаев, Жўрабек Бабаев, Малик Каримов, Шоҳруҳ Низамутдинов, Акмал Раимов каби соҳа профессионаллари иштирок этган.
Шаҳноза Нуруллаева, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
12 07 2021 / 13:53