Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

“Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди



Улашинг :


“Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

2021 йил 18 август куни Тошкент шаҳрида “Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбати ташкилотчилари: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш Маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес- омбудсман).

Давра суҳбати иштирокчилари: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Давлат активларини бошқариш Агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Риэлторлик ташкилотлари ассоциацияси ҳамда соҳага алоқадор бошқа ташкилотлар вакиллари ва тадбиркорлик субъектлари.

Мулоқотда шунингдек, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеП аъзолари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, илмий-тадқиқот муассасалари, шунингдек, тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектлари вакиллари иштирок этиб, кун тартибидаги масала юзасидан фикр-мулоҳазалар билдиришди.

Кейинги йилларда миллий қонунчилик тизимида янгича ёндашувлар асосида ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, Республикамизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини қисқартириш, самарали рақобатбардош муҳитни шакллантириш ҳамда тадбиркорларга янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга давлат томонидан алоҳида соҳаларни ортиқча тартибга солиш ҳолатлари ҳанузгача мавжудлиги хусусий секторнинг давлат функцияларини амалга оширишдаги иштироки даражасига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Жумладан, давлат функцияларини хусусий секторга бериш имкониятини ўрганишга ҳамда мазкур йўналишда тегишли шарт-шароитларни яратишга кўмаклашувчи тизимнинг мавжуд эмаслиги давлат органлари томонидан ушбу масалаларга эътибор қаратилмаётганлигига олиб келмоқда.

Ушбу қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 7 декабрдаги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Ушбу Қонунни қабул қилишдан мақсад - Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга cолиш билан боғлиқ жамоатчилик билан муносабатларини тартибга солиш, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларни ташкил этиш ва фаолият юритиши, уларга аъзолик (иштирок этиш) ва уларнинг ҳуқуқий мақомини, давлат томонидан тартибга солиш механизмларини белгилашдир.

Мазкур Қонун Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш чоғида юзага келадиган муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши, мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш жараёнларига кўмаклашиши, касбий фаолият турларини давлат тарафидан лицензияланмаган ҳолда мувофиқлаштириш механизмини топиш имконини бериши ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатларнинг кўп қисмини ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот мақомига эга нодавлат тузилмаларига бериб юборилишини таъминлайди.

Ушбу Қонун нотижорат ташкилотларига нисбатан улар фаолиятининг ўз хусусиятига кўра тадбиркорликдан иборат бўлган қисмига татбиқ этилади.

Ушбу Қонун лойиҳасида шахсий манфаат, профессионал фаолият, профессионал фаолият субъектлари, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот, ўз-ўзини тартибга солишнинг асосий принциплари ва мақсадлари, ўз-ўзини тартибга солишда давлат бошқаруви ва назорати ва бошқа асосий тушунчалар ёритилган.

Жумладан, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот деб тадбиркорлик субъектларининг ихтиёрий ёки мажбурий аъзолигига (иштирокига) асосланган Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган ассоциация (иттифоқ), жамоат бирлашмаси ёки бошқа ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ташкил этилган нотижорат ташкилотига айтилади.

Қуйидаги талаблар ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларга нисбатан асосий ҳисобланади:

1) агар ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунларида бошқача тартиб белгиланмаган бўлса, ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот таркибида камида йигирма бешта тадбиркорлик субъектининг ёки маълум бир турдаги камида юзта профессионал фаолият субъектларининг аъзолари сифатида бирлашиши;

2) ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилотнинг барча аъзолари учун мажбурий бўлган тадбиркорлик ёки профессионал фаолият учун стандартлар ва қоидаларнинг мавжудлиги;

3) ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот томонидан ушбу қонуннинг 33-моддасига мувофиқ унинг ҳар бир аъзосининг ишлаб чиқарилган маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) истеъмолчилари ва бошқа шахслар олдида қўшимча мулкий жавобгарлигини таъминлаши.

Шу тарзда амалиётга жорий этилаётган янги механизм ишлаши учун мамлакатда “Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, риэлторлик, аудиторлик, баҳолаш ҳамда бошқа шу каби субъектлар фаолиятларини нодавлат институтлари тарафидан лицензиясиз мувофиқлаштириш учун замин яратилиши лозим.

Ўз навбатида “Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуннинг ишлаб чиқилиши билан бир вақтда Ўзбекистон Республикасининг “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”, “Аудиторлик фаолияти тўғрисида” ва “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунларини янги таҳрирда қабул қилиш керак. Чунки лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини мувофиқлаштирувчи амалдаги қонунчилик ҳужжатларининг меъёрлари давлат тарафидан лицензиялашга асосланган мувофиқлаштириш механизмига мослаштирилган.

Ўзбекистон Республикасининг “Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида”ги қонунининг қабул қилиниши:

- биринчидан, мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш жараёнларига кўмаклашиши;

- иккинчидан, касбий фаолият турларини давлат тарафидан лецензияланмаган ҳолда мувофиқлаштириш механизмини топиш имконини бериши;

- учинчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ваколатларнинг кўп қисмини ўз-ўзини тартибга солувчи ташкилот мақомига эга нодавлат тузилмаларига бериб юборилишини таъминлайди.

Лицензиялаш ва рухсатнома бериш тартиб-таомилларининг соддалаштирилиши ва “Тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектларини ўз-ўзини тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг тайёрланиши тадбиркорлик субъектлари фаолиятини лицензиялаш ва рухсатнома бериш асосида фаолият юритиш тизимини соддалаштириш, улар фаолиятини амалга ошириш борасидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга кўмаклашади.

Шу тарзда давра суҳбати иштирокчилари томонидан мазкур қонун лойиҳаси бўйича билдирилган қўшимча ва ўзгартиришлар мазкур соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорлик ва профессионал фаолият субъектлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда иқтисодий ислоҳотларни янада жадаллаштиришга хизмат қилади.





Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

19 08 2021 / 12:04