Кейинги пайтда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида инқилобий ўзгаришлар рўй беряпти. Бу янгиланишлар самаралари қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам сезилиб, аграр тармоқ тубдан модернизация ва диверсификация қилинмоқда. Натижада амалиётга илғор ёндашувлар, инновацион усуллар жорий этиляпти. Давлатимиз раҳбарининг ғояси асосида қишлоқ хўжалигидамаҳсулот етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг “занжирли”технологиясига асосланган кластерлар услуби пайдо бўлгани бунга яққол мисолдир.
Аграр соҳани ҳаракатлантирувчи “драйвер”
Президентимиз Шавкат Мирзиёев сайловолди учрашувларидаёқ, мамлакатда етиштирилаётган барча маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш тизимини йўлга қўйиш, яъни кластер тизими ғоясини илгари сурган эди. Аграр жабҳа ва у билан бевосита боғлиқ бўлган тармоқлар истиқболи кластер билан боғланаётгани бежиз эмас, албатта. Чунки бу янги тузилма қишлоқ хўжалигида бозор иқтисодиёти тамойилларига ўтиш жараёнини тезлаштириш, чекка ҳудудларга саноатни олиб кириш, энг асосийси, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлашда катта имкониятга эгалиги билан ажралиб туради.
“Кластер” сўзи инглизчадан ўгирилганда, “тўплам” деган маънони билдиради. Иқтисодиётда у бирор маҳсулотни ишлаб чиқариш учун бир неча мустақил компаниялардан ихтиёрий равишда тузилган бирлашмага нисбатан айтилади. Бу усул айни пайтда дунёнинг кўплаб давлатларида кенг қўлланилади. Айтайлик, кластер тузилмалари енгил саноатда Швейцария, Австрия, Италия, Дания, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Покистон, Хитой ва Туркия давлатларида, кимё ва машинасозлик саноатида Германияда, озиқ-овқат, косметика саноатида Францияда муваффақиятли фаолият юритмоқда. Кластер усулини қўллаш кейинги пайтда Жануби—Шарқий Осиё, Хитой, Сингапур, Японияда кенгайиб бормоқда. Ўзбекистон ҳам улар сафидан мустаҳкам жой эгаллаётгани диққатга сазовордир.
Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда юртимизда 97 та пахта-тўқимачилик, 149 та мева-сабзавотчилик, 65 та ғаллачилик, 35 та шоличилик ва 7 та доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган кластерлар фаолият юритяпти. Мазкур янги тузилма ўтган жуда қисқа вақт ичида аграр соҳани ҳаракатлантирувчи етакчи куч — “драйвер”ига айланди. Биргина пахтачилик мисолида айтадиган бўлсак, 2020 йилда республикамиз бўйича етиштирилган 3 миллион тоннадан зиёд пахта хом ашёсининг асосий қисми пахта-тўқимачилик кластерлари ҳиссасига тўғри келди.
Муваффақиятнинг бош омили
Кластер қайси омиллар ҳисобига ривожланяпти, деган савол туғилиш табиий, албатта. Бу ҳақда тўхталганда, қуйидаги энг муҳим жиҳатларни алоҳида санаб ўтиш, кифоя.
Биринчидан, кластер усулида маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчилар манфаатларининг муштараклиги таъминланяпти.
Иккинчидан, у ўзида чигит экишдан тортиб, пахта етиштириш, уни бирламчи ва чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилишгача бўлган “занжирли” ишлаб чиқаришнинг тўлиқ халқаси яратилмоқда.
Учинчидан, кластер иштирокчилари қишлоқ жойларга саноатни олиб кириш эвазига соҳада йиғилиб қолган муаммоларни ҳал этишда ташаббускор бўлишмоқда.
Тўртинчидан, қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш, даромадини ошириш орқали уларнинг бой ва фаровон яшаши учун қулай муҳит яратиб бериляпти.
Мавсумий ишчи тушунчасига барҳам бериляпти
Президентимиз томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида эътироф этилган Қуйи Чирчиқ туманидаги “ТCT Сluster” кластери янги тузилманинг афзалликларини амалда тўлиқ исботлади.
Гап шундаки, ушбу туманда кластер усулига ўтилмасидан олдин пахтадан гектарига 11-13 центнердан ҳосил олинган, холос. Экин майдонлари кластер ихтиёрига берилгач, биринчи мавсум — 2019 йилнинг ўзида гектаридан ўртача 35 центнердан пахта етиштирилиб, ялпи ҳосил 30 минг тоннадан ошди. 2020 йил эса 10 минг гектарда ғўза парваришланиб, мавсум якунлари бўйича ўртача ҳосилдорлик 41 центнердан ошди. Бу масаланинг бир жиҳати.
Унинг иккинчи томони шундаки, туманда фермер хўжаликлари давридаги ишчилар сони 898 нафарни, ўртача иш ҳақи эса 550 000 сўм бўлган бўлса, “ТCT Сluster”да 8 600 та иш ўрни яратилди, ўртача иш ҳақи эса 4 марта кўп — 2,1 млн сўмга етказилди. 2019 йилда фермер хўжаликлари давридаги 7,9 млрд. сўмдан 6 баробар кўп ёки 28,7 млрд. сўм солиқ тўловлари тўланди. 2020 йилда тўланган солиқ ҳажми эса 53 млрд. сўмни ташкил этди.
Мана, кўряпсизми, кластернинг афзалликлари нимада?
Энг муҳими, пахта-тўқимачилик кластерида мавсумий ишчи деган тушунчага барҳам берилмоқда. Кластерларда одамлар йил — 12 ой бандлиги таъминланяпти. Улар худди завод ва фабрикалар ишчиларидек, қишин-ёзин меҳнат қилиб, ойлик маош олишмоқда.
Катта ишонч ва ғамхўрликнинг юксак намунаси
Таъкидлаш керакки, кластерлар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, қулай агробизнес муҳити яратилмоқда. Биргина 2020 йилда қабул қилинган 5 та қонун, Президентимизнинг 12 та Фармони ва 30 дан ортиқ қарори, шунингдек, ҳукуматнинг кўплаб қарорлари мазкур соҳа вакилларини молиявий қўллаб-қувватлаш, қўшимча эркинлик ва енгилликлар беришга қаратилган.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаситашкил этилгани эса кластер иштирокчиларига бўлган катта ишонч , ғамхўрликнинг юксак намунаси бўлди. Бундай эътибор бизларни руҳлантириш билан бирга, зиммамизга масъулият ҳам юкламоқда. Буни чуқур ҳис қилган ҳолда, қўлга киритилаётган ютуқларни мустаҳкамлаш йўлида бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шулардан энг муҳими, бу — илм-фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришдир.
Тажриба шуни кўрсатаяптики, илм-фан ва техника ютуқлари ишлаб чиқариш билан чамбарчас боғланмаса муваффақиятга эришиб бўлмайди.Шу боис бугун кластерлар ва олий ўқув юртлари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш борасида дастлабки муҳим қадам ташланди. Яъни мамлакатимизда биринчи бўлиб Бухородаги “BCT Cluster” ҳамда Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида давлат-хусусий шериклик йўлга қўйилди. Унинг доирасида дуал таълим тизими амалиётга жорий қилиниб, келгусида кластер талабидан келиб чиққан ҳолда, барча бўғиндаги мутахассислар тайёрланадиган бўлди.
Яна бир янгилик шундан иборатки, Президентимизнинг ғояси асосида юртимизда фаолият юритаётган кластерлар қошидаИлмий марказлар, Илмий-техник кенгашларташкил этилмоқда. Уларга соҳанинг етук олим ва профессорлари, ёш тадқиқотчилар жалб этиляпти. Пировардида деҳқончиликка интенсив технологиялар, илғор усуллар қўлланилмоқда. Шунингдек, барча агротехника тадбирлари илмий асосда амалга ошириляпти. Бунинг ҳисобига уруғлик, минерал ўғит, ёнилғи-мойлаш материаллари — бир сўз билан айганда, моддий ва табиий ресурслар тежалишига эришилиб, қишлоқ хўжалиги экинларидан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилмоқда.
Миллий брендлар дунёни забт этади
Пахта-тўқимачилик кластерларининг изланишлари туфайли кейинги пайтда янги миллий брендлар яратилиб, Ўзбекистон маҳсулотлари дунё бозорларини забт этмоқда. Бу ҳақда сўз юритганда, Бухородаги “BCT Cluster”кластерининг бешта фабрикадан иборат тўқимачилик мажмуасида тайёр жинси кийим-кечаклари ишлаб чиқариш тўлиқ ўзлаштирилгани ва миллий брендяратилганига алоҳида тўхталиш жоиз. Бу ерда тайёрланаётган органик тўқимачилик маҳсулотларни харидорларга тўғридан-тўғри етказиб бериш мақсадида республикамиз ҳудудида 50 та савдо дўкониочиляпти. Уларнинг дастлабкилари ҳозирги пайтда фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг чет эл давлатларидаги элчихоналари кўмагида хорижий давлатларда 100 та савдо нуқтасини ташкил этиш режалаштирилган. Яқинда хориждаги биринчи савдо мажмуаси Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида фаолиятини бошлади. Бундай савдо тармоқлари нафақат қўшни мамлакатлар, балки Европа давлатлари, Болтиқбўйи республикалари, Япония ва ҳатто жинси ватани бўлган АҚШда ҳам фаолиятини бошлайди. Пировардида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йилига ўртача 75-80миллион евро миқдорида валюта тушумига эришилади. Бу миллий брендларимиз яқин йилларда дунёни эгаллашидан бир нишонадир.
Сир эмас, пахта-тўқимачилик кластерлари эндигина шаклланиб, оёққа туриш даврини бошидан ўтказмоқда. Уларни янада ривожлантириш учун,энг аввало,қишлоқ хўжалигини молиялаштиришни такомиллаштириш зарур.Аксарият тадбиркорлар амалдаги молиялаштириш тартиби кластерларнинг ишлаб чиқариш циклига мос келмаслиги сабабли маблағ етишмовчилигига дуч келишмоқда. Тажрибадан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, масалан, пахта етиштириш ва чуқур қайта ишлаш учун айланма маблағни шакллантиришга кредитлар камида уч йилга берилиши керак. Завод, фабрика қуриш сингари инвестициявий лойиҳаларга йўналтириладиган инвестициявий кредитлар муддати эса 5-9 йил бўлиши талаб этилади. Шу боис кредит ажратишда унинг фоизи ва қайтариш муддатини белгилашда пахта-тўқимачилик тармоғининг ўзига хос жиҳатлари, албатта, инобатга олиниши зарур.
Биринчидан, у юқори рентабелли ёки киритилган сармоя тез қайтадиган йўналиш эмас.
Иккинчидан, пахтани етиштиришдан тортиб, чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни истеъмолчиларга етказиб бериш жараёни ўртача уч йил давом этади. Яъни биринчи йил сарфланган маблағ уч йилдан кейин қайта бошлайди. Ҳозирги молиялаштириш тизимига кўра, кредитлар атиги 1 йилга берилади. Бу эса пахта етиштириш умумий харажатларнинг кўпи билан 60 фоиз харажатларини қоплайди, холос.
Кейинги яна бир муҳим масала шуки, номоддий активлардан бири бўлган ердан фойдаланиш ҳуқуқини молиявий оборотга киритишдир. Қонунчилигимизда банкдан кредит олишда гаров сифатида ер участкасидан доимий фойдаланиш ёки ижарага бериш ҳуқуқидан фойдаланиш нормалари белгилаб қўйилган. Лекин шу пайтгача амалда ундан фойдаланилмади. Сабаби,ердан фойдаланиш ҳуқуқининг қийматини ҳисоблаш механизми йўқ. Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида ушбу масалани ҳал этиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш бўйича Ҳукуматга аниқ топшириқлар берилди.
Кластерлар олдида турган вазифалардан энг муҳимлари сирасига, шунингдек, моддий ва табиий ресурсларни тежаш, ердан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, пахта-тўқимачилик кластерларида чуқур қайта ишлашнинг “занжирли технологияси”ни тўлиқ қўллашорқали пировардида экин майдонларидан олинадиган даромадни кўпайтиришдир. Биз эндиликда ўз ишимизга фақатгина ҳосилдорлик кўрсаткичи билан эмас, балки кўрилаётган соф иқтисодий фойда билан баҳо берадиган давр келди. Пахта-тўқимачилик кластерлари бу борада кўпчиликка ибрат бўлиб, амалиётга йирик инновацион лойиҳаларни татбиқ этаверади.
Муртазо РАҲМАТОВ,
“Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси раиси, иқтисод фанлари доктори, профессор, сенатор