Энг катта ўсишни “Миллий Банк” ва “Инфинбанк” кўрсатиб, улар мос равишда 4 ва 3 поғонага кўтарилди. Шу билан бирга, “Ипотекабанк” кучли учликдан тушиб кетди ва “Ўзсаноатқурилишбанк” умумий рейтингда энг катта пасайишни кўрсатди.
2022 йил 1 июнь ҳолатига республика банк тизими активлари 493,7 триллион сўмни (2021 йил 1 июнь ҳолатига нисбатан ўсиш 25 фоиз), мажбуриятлар – 420,2 триллион сўмни (ўсиш 26 фоиз), кредитлар – 345,2 триллион сўмни (ўсиш 15,9 фоиз) ҳамда депозитлар -173,9 триллион сўмни (ўсиш 37,8 фоиз) ташкил этди.
Марказ тадқиқотида банклар икки гуруҳга бўлинган — катта ва кичик. Рейтинг ушбу гуруҳларнинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида тузилган. Шу билан бирга, кичик банклар гуруҳига фақат Тошкент шаҳрида (ёки фақат битта вилоятда) фаолият юритувчи банклар киради.
2022 йилнинг II чораги учун йирик банклар фаоллик рейтингида “Капитал банк” юқори ўринни эгаллашда давом этмоқда, молиявий воситачилик ва оммабоплиги бўйича ўтган чоракка нисбатан кўрсаткичларини яхшилади. Бу банкнинг аҳоли ва тадбиркорлик вакиллари билан фаол иш олиб бораётганини кўрсатади. Бироқ, рейтинг натижалари шуни кўрсатадики, банк капиталнинг етарлилиги ва рентабеллигига эътибор бериши керак.
“Траст банк” рейтингнинг иккинчи поғонасини эгаллаб, ўзининг етакчи ўрнини сақлаб қолди ва “Ҳамкор банк” бир поғонага кўтарилиб, кучли учликни ёпди.
“Ипотека банк” давлат улуши мавжуд энг йирик банклардан бири бўлиб, у илгари динамик ўсишни (6 пунктга) кўрсатган, умумий рейтингда 3-ўриндан 5-ўринга тушди. Банкнинг молиявий воситачилик бўйича рейтинги муддатли депозитларнинг кредитларига нисбатини янада ошириш, бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлар ҳамда Молия вазирлиги олдидаги мажбуриятлари бўйича кўрсаткичларини яхшилаш лозимлигини кўрсатмоқда.
“Миллий банк” умумий рейтингда 4 поғонага (12 ўрин) юқорилади. Банкнинг бошқарув самарадорлиги ва ликвидлилик бўйича ижобий натижалари кузатилди. “Микрокредитбанк” умумий рейтингда 2 поғонага кўтарилиб, 10-ўринни эгаллади. Бунга банкнинг молиявий воситачилик (10-ўрин) ва активлар сифати (11-ўрин) кўрсаткичлари бўйича сезиларли ижобий ўзгаришлари сабаб бўлди.
“Ўзсаноатқурилишбанк” умумий рейтингда 4 поғона йўқотиб, 10-ўриндан 14-ўринга тушиб кетди. Бунга банкнинг активлари сифати, бошқарув самарадорлиги ва ликвидлилик кўрсаткичларидаги ўзгаришлар сабаб бўлган. Хусусан, муаммоли кредитлар ҳажми ошди ва юқори ликвидли активлари жами активларига нисбати камайди.
2022 йилнинг II чораги учун кичик банклар фаоллик рейтингида Ўзбекистондаги 14 та кичик банклар орасида “Универсалбанк” иккинчи чоракда энг фаол бўлди ва ўз мавқеини бирданига 3 баллга яхшилади. Шу билан бирга, “Давр банк” ўзининг етакчи позицияларини сақлаб қолган ҳолда кичик банклар категориясида рейтингнинг етакчиси бўлиб қолмоқда.
“TBC Bank” умумий рейтингда уч поғона йўқотди ва рейтингнинг олтинчи поғонасидан тўққизинчи поғонасига тушиб кетди.
Ш.Маматуропова, ЎзА
Сарлавха :
Иқтисодиёт
15 07 2022 / 12:40