Тан олиш керакки, хусусий бизнес юритиш соҳасидаги айрим масалалар (масалан, валюта конвертацияси, фойдани эркин репатриация қилиш, халқаро молия институтларини жалб қилиш ва ҳ.к.лар) узоқ вақт давомида ҳал этилмасдан қолди, бу эса ўз навбатида, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига жиддий таъсир кўрсатди.
Бироқ сўнгги йилларда бу борадаги вазият тубдан ўзгара бошлади, инвестиция муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар жадаллик касб этди. Ҳозир Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни ҳаракатлантирувчи омилларидан бири – миллий иқтисодиётга хорижий капитални жалб этиш ҳисобланади.
Шу боис хусусий мулкнинг ҳуқуқ ва ҳимоясини мустаҳкамлаш, ҳар қандай мулкдор қонуний йўл билан қўлга киритган ёки яратган ўз мулкининг дахлсизлигига асло шубҳа қилмаслигини таъминлайдиган ишончли кафолатлар тизимини яратиш зарур. Шунда тадбиркор ўз бизнесига бехавотир инвестиция киритиш, ишлаб чиқариш фаолиятини кенгайтириш, маҳсулот ҳажми ва олаётган даромадини кўпайтиришдан манфаатдор бўлади.
Ер муносабатларининг тубдан ислоҳ қилиниши миллий иқтисодиётимизнинг янада юксалишига замин яратди. Хусусан, 2019 йилда қабул қилинган «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун билан ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби ва уларнинг ҳуқуқий ҳолати тартибга солинади. Ерни тақсимлашнинг шаффоф, бозор тамойиллари асосида ва барчага тенг ҳуқуқли тартибини жорий этиш, ердан фойдаланиш соҳасидаги мулкий-ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш мақсадида 2021 йил июнь ойида Президентнинг «Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Ерни бозор мулкига айлантириш, унинг иқтисодий қийматини аниқлаш ва молиявий муомалага жалб этиш, ер участкаларини ажратиш ва улардан фойдаланиш устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш ер ислоҳотларининг муҳим натижаси бўлди.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 22 август куни тадбиркорлар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотда 5 та йўналиш бўйича қуйидаги ташаббусларни илгари сурди:
Биринчи ташаббус корхоналарни тоифаларга ажратиш ва уларни қўллаб-қувватлашга ўзига хос ёндашувни ўрнатишни кўзда тутади. Ушбу таснифнинг асосий моҳияти – корхоналарга солиқ ва бошқа имтиёзлар бериш орқали уларни янада ривожлантириш учун рағбатлантиришдир.
2023 йил 1 январдан бошлаб микрокорхоналар учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.
Иккинчи ташаббус тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизимини яратиш мақсадида умумий қиймати 20 трлн. сўмлик кичик бизнес лойиҳаларига қаратилган.
Учинчи ташаббус – кредит бериш билан чекланиб қолмасдан, етарли шарт-шароит, инфратузилма ва кафолатланган бозор яратиш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, бизнес учун алоҳида ёндашувларни жорий этишдан иборат.
Тўртинчи ташаббус – тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Бундан буён ер ва мол-мулк бериш тўғрисидаги қарорларни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилади.
Бешинчи ташаббус – тадбиркорлар учун янги жавобгарлик ва жарималар жорий этишга 3 йиллик мораторий эълон қилиниши. Шунингдек, тадбиркорлар зиммасига янги мажбуриятлар юкловчи янги қонун ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда, тадбиркорлар 6 ой ичида хатога йўл қўйганликлари учун жазоланмайди.
Лекин ҳали ечимини кутаётган муаммолар бор. Улар мулкчилик шаклларини ривожлантириш ва бунинг учун қонуний асосларни яратиш, иқтисодиётни либераллаштириш, қишлоқ бошқарувини тубдан ислоҳ қилиш, давлат улуши иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш, рақобат муҳитини яхшилаш, коррупцияга қарши жиддий курашиш масалаларига тегишли.
Қайд этиш лозимки, Конституциявий қонун лойиҳасига киритилаётган бир қатор янги моддалар тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган. Жумладан, Конституциявий қонун лойиҳасининг 53-1-моддаси қуйидагича баён этилмоқда: “Ҳеч бир шахс ўз мол-мулкидан суднинг қарорисиз маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкни жамоат эҳтиёжлари учун мажбурий равишда бошқа шахсга ўтказиш қонунда назарда тутилган алоҳида ҳолларда ҳамда тартибда унинг ўрнини олдиндан ва тенг қийматда қоплаш шарти билан амалга оширилиши мумкин».
Мулк дахлсизлиги ва ҳимоясининг конституциявий кафолатларини амалда таъминлаш бу, биринчидан, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг энг муҳим мезони бўлса, иккинчидан, мамлакат иқтисодиётини ҳар томонлама ва жадал ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий заминдир.
М.ХОЛМУҲАМEДОВ,
эксперт, иқтисодиёт фанлари номзоди
Сарлавха :
Иқтисодиёт
14 10 2022 / 11:45