Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тимур Ишметов: Ўзбекистон иқтисодиёти қийин босқичда турибди



Улашинг :


Самарқандда бўлиб ўтган II Ўзбекистон иқтисодий форумида молия вазири Тимур Ишметов яқин йилларда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда қайси жиҳатга кўпроқ эътибор қаратилиши, давом этаётган глобал рецессиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири ҳақида фикр билдирди.

– Мамлакатимизда шу йил иқтисодий ўсиш кузатилди. Аммо, инқироз бошланганида яхши кутилмалар бера олмадик. 2020 йилдан 2021 йилгача давом этган пандемия даврида мавжуд муаммоларни ҳал қилишнинг энг тўғри йўли структуравий ислоҳотларни давом эттириш эканини тушуниб етдик. 3-4 йил олдин қарз олишга кўпроқ эътибор қарата бошладик. Қарзимиз катта эмас. Бизни барча ҳамкорларимиз ва инвесторлар қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтишди.

Бироқ, ҳозирда Ўзбекистон иқтисодиёти қийин босқичда турибди. Янги қийинчиликлар билан юзлашяпмиз. Глобал рецессия фонида кредит жалб қилиш қимматлашиб, фоиз ставкалари ошяпти. Молиявий буферимиз чекланди. Айни вақтдаги вазиятда бюджет харажатларини қисқартириш керак.

Жорий йил бюджет дефицити 4 фоиз атрофида бўлади. Кейинги йил учун дилемма қаршисида турибмиз. Тақчилликни 3 фоиз кўрсаткичда ушлаб қолиш осон бўлмайди. Босим жуда катта. Ҳозир инфляцияни ушлаб туриш биз учун асосий масала бўлиши керак. Бўлмаса инфратузилмани давлат бюджетидан молиялаштира олмаймиз. Шунинг учун барча харажатларимизни камайтиришимиз керак.

Бу вазиятдан чиқиш учун асосий эътиборни хусусий пул маблағларидан фойдаланишни кўзда тутувчи таркибий ислоҳотларга қаратиш керак. Шуни ҳам айтиш керак, инвестиция оқимининг ўзгариши ва минтақавий инқироз туфайли ислоҳотларни амалга ошириш мураккаблашди. Бу ижобий жараён эмас. Бу шароитда ҳам, хусусий инвесторларнинг мамлакатга келиши ва жараёнларда қатнашиши учун ислоҳотларни амалга оширишдан тўхтамаслигимиз шарт.

Жаҳон банки ва ОТБ таҳлилларига кўра, мамлакатимизда давлат сектори ва хусусий сектор учун тенг рақобат шароитларини яратиш керак. Баъзи тармоқларда нархларни либераллаштиришимиз керак. Яхши бошланган хусусийлаштириш дастуримизни, худди шундай якунлашимиз лозим зарур. Агар, ислоҳотларни ўтказиш тўхтатилса ёки кечиктирилса, иқтисодий ўсишни сақлаб қолишнинг имконияти бўлмайди. Бу ислоҳотларни давом эттирсак, бу йилда 5 фоиз ва ундан юқорироқ иқтисодий ўсишни сақлаб қоламиз.

Бироқ, асосий эътиборни 2024-2025 йилларга қаратишимиз зарур. Ислоҳотларни давом эттирсаккина, иқтисодий ўсишни ҳам сақлаб қоламиз. Агар бу ишни кечиктирсак ёки орқага сурсак, кейинги иккинчи ёки учинчи йилдан иқтисодий ўсишни сақлаб қолишнинг имконияти йўқ. Бу борада кўплаб хорижий мамлакатлардаги ҳолат турлича. Бироқ, биз иқтисодиётнинг хусусий маблағларга таянишини таъминлайдиган реформаларни давом эттиришимиз зарур. Бу эътибор қаратишимиз керак бўлган ягона йўл, – деди молия вазири.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

07 11 2022 / 13:13