Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Инвестиция дастурини шакллантириш такомиллаштирилади



Улашинг :


Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш тизимини янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, инвестиция дастурларини шакллантириш, уларни мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатига кескин ва ижобий таъсир кўрсатадиган лойиҳалар билан тўлдириш, лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда улар ишга туширилгандан сўнг инвестициядан кейинги мониторинг тизими жорий қилинади.

Инвестиция дастури тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг тасдиқланган концепция ва дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари асосида уч йиллик даврга шакллантирилади.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Инвестиция дастурини, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ва бошқа марказлаштирилмаган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестиция лойиҳаларининг манзилли рўйхатини шакллантириб боради, шунингдек, Инвестиция дастурининг амалга оширилишини умумий мониторинг ва назорат қилиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низомда Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби ҳамда унинг мазмунига қўйиладиган талаблар, шунингдек, инвестиция дастурининг амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш, инвестиция дастурининг ахборот таъминоти, инвестициядан кейинги мониторингини амалга ошириш тартиби аниқ белгилаб берилган.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2023 йил 1 январдан бошлаб Инвестиция дастурини “Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали мониторинг қилиш тартибига тўлиқ ўтади.

2023 йилдан бошлаб келгуси йилларга мўлжалланган Инвестиция дастури лойиҳасини шакллантириш “Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

19 01 2023 / 14:25