Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Янги қурилаётган уйлардан хонадон сотиб олишда харидор панд емаслиги учун нима қилиш керак?



Улашинг :


Янги уй қурилиб битмагунича, яъни кадастр ҳужжати тайёр бўлмагунча ҳеч қандай ҳуқуқий амалиётни амалга ошириб бўлмайди. Бу эса харидорнинг ҳуқуқларини чеклашга замин яратмоқда.

Хоразмлик нотариуснинг фикрича, бу муаммонинг ечими – қурилиш шартномаси тузиш ва уни нотариал тасдиқдан ўтказишдир.

Янги уй-жойлар қурилиши кейинги йилларда авж олгани сир эмас. Ўз навбатида, уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳам шунга яраша эканки, сотилмай қолаётган хонадон йўқ.

Янги уйларнинг сифати, нарх-навоси алоҳида масала. Қуйида янги уйларга нисбатан эгалик ҳуқуқи ҳақида фикр юритамиз.

Пулини олдиндан тўлаб қўйиб, уй битишини йиллаб кутиб қолаётган ёки чув тушаётган одамлар йўқ эмас. Чунки янги уй қурилиши бошланиши билан уларнинг тайёр макетлари кўрсатилган рекламаларни кўриб, уй олишга қизиқаётганлар кўпчилик. Фақат кўп қаватли бўладими, бир қаватли бўладими, уй битиб, кадастр ҳужжатлари тасдиқланмагунча уни сотиб олувчи эгалик ҳуқуқини қўлга кирита олмайди.

Янги қурилаётган уйлардан хонадон сотиб олаётанлар қурилиш ташкилотига пул бериб, таваккал қилишдан бошқа чораси йўқ.

Хоразм вилояти Урганч шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Тоҳир Ниёзметов бу муаммонинг ечими борлигини айтмоқда.

– Бунинг учун қурилиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши керак, – дейди Т.Ниёзметов. – Бу буюртмачи (харидор) ва пудратчи (тадбиркор) ўртасида бино, иншоот ёки унинг бир қисмини янгидан қуриш, тиклаш, бузиш ёки қайта жиҳозлаш бўйича ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш шартномаси бўлади. Ёки бутунлай янги бино яратиш, таъмирлаш, реконструкция ишлари ёки индивидуал хизматлар бўлиши мумкин.

Нотариус бундай тажриба ривожланган давлатларда мавжудлиги, бу истеъмолчи манфаатига хизмат қилишини таъкидлайди.

Ўзбекистон Нотариал палатаси ва Германия нотариат тизими ўртасида йўлга қўйилган халқаро ҳамкорлик доирасида тажриба орттирган нотариус ушбу масалани ўрганган.

– Германия халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик фонди ҳамда Германия федерал Нотариал палатаси томонидан Кёнигсвинтер шаҳарчасида ташкил этилган семинарда турли хил мавзуларда машғулотлар олиб борилди, илғор тажрибалар ўрганилди, – дейди нотариус. – Ўрганилган мавзулар орасида менга жуда қизиқ бўлган мавзу бу – германиялик нотариусларнинг қурилиш шартномаси тузишлари бўлди.

Германия қонунчилигига кўра, фақатгина “қурилиш шартномаси” кўчмас мулкни сотиш билан боғлиқ бўлса, нотариал тасдиқлашни талаб қилади.

Ўзбекистон мисолида бу янги қурилаётган кўп қаватли кўп хонадонли турар-жой биноларини қуриш ҳамда сотиш билан боғлиқ ҳолатларга татбиқ этилса, мақсадга мувофиқ бўлади.

“Қурилиш шартномаси” лойиҳаси нотариуслар томонидан жуда пухта тайёрланади. Шартномада қурувчи ва буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ кўрсатилади. Масалан, бино тавсифи, қурилиш режалари ёки хизматлар рўйхати. Қурувчининг мажбурияти – қурилиш ишларини сифатли ва ўз муддатларида бажариш. Мижознинг асосий мажбурияти эса тўловни амалга оширишдир.

Томонларнинг келишувчига қараб тўлов амалга ошириш шартлари белгиланади. Мисол учун: умумий сумманинг 25 фоизи олдиндан, 25 фоизи қурувчи томонидан маълум бир ишни қилганидан кейин, 25 фоизи маълум бир бошқа ишни бажарганидан кейин, қолган 25 фоизи бино тўлиқ қурилиши тугалланиб, фойдаланишга қабул қилинганидан кейин.

Германияда “Қурилиш шартномаси” бўйича тўловлар фақат банк орқали амалга оширилади. Шартномада қурилиш ишларини тугатиш муддатлари аниқ кўрсатилади, агар қурувчи шартномада кўрсатилган муддатда бинони қуриб битказмаса харидорга жарима тўлаши бўйича бандлар ҳам киритилиши мумкин.

Қурилиши тугалланган бинода нуқсонлар бўлса, қандай тартибда тузатилиши ҳам “Қурилиш шартномаси”га киритилиши мумкин.

“Қурилиш шартномаси”нинг нотариал тартибда тузилиши – юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олиш учун зарур механизм, десак бўлади. Бу самарали амалиёт Ўзбекистон қонунчилигига киритилса, айни муддао бўлар эди.

Норгул Абдураимова,

ЎзА


Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий

30 01 2023 / 11:36