Мамлакатимизда Фарғона вилояти нафақат аҳоли сони энг зич ҳудуд экани, балки саноат, озиқ-овқат, нефтни қайта ишлаш ва бошқа нометалл минерал маҳсулотлар ишлаб чиқариш каби фаолият турлари билан иқтисодиётимиз салдосида салмоқли ўринга эга.
Жорий йилнинг 2 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли турмуш тарзи ва ҳаёти билан яқиндан танишиш мақсадида Фарғона водийси ҳудудларига ташрифининг иккинчи куни Андижондан Фарғонага борди. Дастлаб Фарғона вилояти Қўштепа туманида кўплаб оилалар фаровонлигига сабаб бўлаётган «Global textile infinity» кластер фаолиятини ўрганиб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш учун истиқболли таклифларини берди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, бугунги кунда 4 миллионга яқин аҳолиси бор Фарғона халқи учун вилоятда нафақат давлат томонидан, балки тиниб-тинчимас меҳнаткаш аҳолиси эвазига меҳнат шароитлари, муносиб турмуш тарзи, қолаверса, ижтимоий масалаларда омилкор ечимлар топилган.
Шу ўринда вилоят иқтисодиётининг кўрсаткичларига назар таш-ласак, 2022 йилда Фарғона вилоят ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми жорий нархларда 55 972,1 миллиард сўмни, 2021 йилга нисбатан 4,6 фоизга ўсишни ташкил этган. Республика бўйича ялпи ички маҳсулотни шакл-лантиришда Фарғона вилоятининг улуши 6,3 фоизга тенг бўлган.
Бироқ 2022 йилда янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари сони 2021 йилга нисбатан 2,5 фоизга пасайиб, 8 минг 828 тани кўрсатди. Бу пасайиш, ўз навбатида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯҲМдаги улушига ҳам таъсир қилди. Жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯҲМдаги улуши 2021 йилда 69,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2022 йилда 68,9 фоизга тўғри келди.
Бу таҳлиллар, жорий йилда вилоятда тадбиркорлик субъектларини жадал ташкил этиш бўйича маҳаллабай ишлаш дастурларини қайта кўриб чиқиш, туманлар кесимида янги тадбиркорлик субъектларини янада кўламли ташкил қилиш, мавжудларини ривожлантириш, бу орқали, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирларни такомиллаштиришни тақозо этади.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятини бошлаши учун зарур маълумотларни эркин фойдаланишга чиқариш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусий секторга кенг йўл очиш ҳамда иқтисодий муносабатларда эркин бозор тамойилларини жорий этишга қатъий амал қилиш ижросини янада кучайтиришни талаб этади.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномаси мамлакатимизда инсон қадри ва манфаати устувор эканини ўз ичига олиб, унда оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилиши, 2022 йилда бу йўналишга 10 триллион сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилгани, 2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастури учун 12 трил-лион сўм йўналтирилишини бежиз таъкидламаган.
Статистик маълумотларга қараганда, вилоятда 2022 йили ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари 30 390,5 миллиард сўмни ташкил қилиб, республика саноатидаги улуши 5,5 фоизга тўғри келди. Жон бошига саноат маҳсулотлари ҳажми 7720,3 минг сўмни ташкил қилган ҳолда, 2021 йилга нисбатан 2,7 фоизга ошган.
Танганинг икки томони бўлганидек, вилоятда бугунги кунда 20 мингга яқин оила уй-жойга муҳтож, ҳар йили 30 мингдан зиёд янги оилалар ташкил топиши туфайли уй-жойга бўлган реал талаб ошиб бормоқда. Бундан ташқари, 4-5 та ҳудудларда ичимлик суви таъминоти даражаси 50 фоиздан паст, вилоятда канализация ва иссиқлик таъминоти тизимлари етарли ривожланмаган, ички йўллар таъмирга муҳтож.
Сўнгги олти йилда тадбиркорлик субъекттлари фаолиятлари кенгайиши, ташкили этилиши сабабли вилоятда электр энергияси истеъмоли 1,3 баробарга ошган. Истеъмолчилар сони кенгайиши натижасида электр тармоқлари, трансформатор ва подстанцияларнинг 30 фоизи капитал таъмирга муҳтож ёки маънавий эскирган.
Айни пайтда, вилоятда ишсизлик муаммоси ҳам мавжуд, боз устига ҳар йили меҳнат бозорига қўшимча кўплаб ёшлар кириб келмоқда. Бундан ташқари, “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтарлари”да рўйхатдан ўтказилган оилалар доимий даромад манбаига эга эмас. Бундай ижтимоий муаммолар давлатимиз раҳбари мурожаатномада айтган “Камбағалликни қисқартиришнинг асосий омили бу – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш...”, “2023 йилги бандлик дастурини туманлар кесимида пухта ишлаб чиқиб, тасдиқлаш...” ислоҳотларни кенг кўламда амалга оширишни талаб этади.
Чунончи Мурожаатномадааҳоли бандлигини таъминлашда яна бир катта манба – бу, зироатчилик эканини қайд этилиб, икки йил ичида аҳолига 200 минг гектардан зиёд ер бўлиб берилаётгани, бу эса қиёсан Самарқанд вилоятининг жами пахта ва ғалла майдонидонига тенг экани қайд этилган эди. Ишсизлик муаммосини ечишда ҳар бир вилоят учун давлат томонидан берилаётган бу имкониятлар озиқ-овқат хавсизлигини таъминлашдаги асосий омиллардан бўлган Она заминдан самарали фойдаланиш зарурлигини, бугун давлатимимиз раҳбари берган улкан имконирятлардан унумли фойдаланилмаса, эртага кеч бўлиши мумкинлигини англатади.
Фарғона учун яна бир катта имкониятлар эшиги очилдики, президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида вилоятда келгуси беш йилда 8 миллиард доллар миқдордаги 11 мингдан зиёд пухта ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари амалга оширилишидир.
Давлатимиз раҳбари томонидан муаммоларнинг реал ечими сифатида вилоятнинг ҳар бир тумани саноат тармоқларига ихтисос-лаштирилиши ва локомотив соҳаси ҳисобланган нефть ва кимё саноатида жами 1,5 миллиард долларлик инвестиция ҳисобига 93 та лойиҳа амалга оширилиши, 3 мингта янги иш ўринлари ташкил этилиши белгилаб берилди.
Пировардида эса, вилоятда экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш янада кенгайтирилиб, «драйвер» соҳага айланган тўқимачилик саноатида келгуси беш йилда 1,1 миллиард долларлик инвестициялар ўзлаштирилиши прогноз қилинмоқда. Хусусан, Қўқон шаҳри водийнинг «савдо ва транспорт-логистика маркази»га айлантирилиб, вилоятда келгуси беш йилда хизмат кўрсатиш ҳажми 2,5 баробарга ошиши бўйича саъй-ҳаракатлар олиб борилиши қайд этилди.
Вилоятнинг камчиликларидан ютуқлари кўп. Бугунги кунда Фарғонада маҳаллий тадбиркорлар, деҳқон хўжаликлари саъй-ҳаракати билан полизчилик, боғдорчилик ва бошқа тармоқларда ўз брендларига эга бўлмоқда. Шу боис 2022 йилда жами амалга оширилган экспорт ҳажми – 827,2 миллион долларни ташкил қилган, 2021 йилга нисбатан 3,2 фоизга, импорт ҳажми – 1 234,3 миллион доллар, яъни 19,3 фоизга ошган.
Юқорида айтганимиздек, аҳолиси зич ушбу ҳудудда янги саноат субъектлари ва инвестиция оқимлари сув ва ҳаводек зарур десак, тўғри бўлади. Ўтган йилда Фарғона вилоятида йил давомида ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ҳажми 957,4 миллион долларни ташкил этиб, 2021 йилги кўрсаткичга (512,3 миллион доллар) нисбатан ўсиш 445 миллион долларга ёки 187 фоизга тенг бўлди.
2022 йил давомида вилоят иқтисодиётига инвестициялар киритиш бўйича Хитой – 375,1 миллион, Россия Федерацияси – 190,3 миллион, Швейцария – 83,8 миллион, Жанубий Корея – 78,8 миллион, Германия – 65,4 миллион, Сингапур – 32,5 миллион ва Туркия – 30,3 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритган. Шу билан бирга, Фарғонага инвестиция киритган мамлакатларнинг умумий сони 30 тани ташкил этиши, бу вилоятда жуда барқарор инвестицион муҳит яратилганидан далолат.
Бундан ташқари, Фарғонадаги 2022 йилда саноат, фармацевтика, таълим, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳалари инвесторлар учун энг жозибадор аҳамиятга эга бўлди. Бир томондан рақамлаштириш тизимли ишлагани боис IT ва инновацион техно-логиялар соҳаларида ҳам яхши ўсиш динамикасини кузатилди. Расмий ОАВда эътироф этилганидек, ўтган йилда Standard & Poor's халқаро рейтинг агентлиги Фарғона вилоятида юқори иқтисодий ўсиш кузатилганини эътироф этиб, унда тижорий қарздорликнинг мавжуд эмаслиги “B+” даражасидаги «Барқарор» прогнозли кредит рейтингда эканини қайд этган. Жаҳон ҳамжамияти эътиборидаги бу иқтсиодий салмоқ эса, вилоятни ташқи савдо-сотиқ оламида шаффоф инвестицион муҳит сифатида танитди.
«Инсон қадри учун» тамойили асосида ҳудудда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва тиббиётни қўллаб-қувватлаш борасида хусусий секторга имконият берилгани рақобат ва сифатни оширишда муҳим жараён бўлди. Натижада, вилоятда айни пайтда 720 тага шифо масканлари ишлаб турибди, Фарғона шаҳридаги «Meridian» тиббиёт маркази таянч сифатида 120 та стационар ўринга, йилига 2 мингта жарроҳлик амалиётини ўтказиш қувватини ўзида мужассам эта олади.
Инсон қадрини ошириш, она ва бола саломатлигини сақлаш, аҳолини репродуктив назоратини олиб боришга доимо диққат-эътиборини қаратиб келаётган давлатимиз раҳбари Фарғона тиббиёт тизимида яратилган ушбу шароитлар билан танишаркан, Германия, Жанубий Корея, Япония ва Хитой каби тараққий этган давлатлардан келтирилган замонавий ускуналар билан жиҳозлангани, аҳолининг узоғи-яқин-оғири-енгил бўлаётганини гувоҳи бўлди.
Эътиборлиси, ўтган йили вилоят тиббиёт маркази ҳузурида университет ҳам ташкил этилган бўлиб, айни пайтда ушбу тиббиёт олийгоҳида 600 нафар талаба хорижий профессор-ўқитувчилардан таҳсил олиши, улар тажрибаси асосида амалиёт ўтаётгани вилоятнинг чекка қишлоқларига ҳам малакали кадрлар етиштириб бериш имкони туғилаётгани –бу муассаса замонавий лабораториялар ва олий даргоҳни ўзида бирлаштиргани билан тиббиёт кластери мақомини олди, дея айта оламиз.
Давлатимиз раҳбари шифокорлар билан суҳбатда «Хусусий тиббиётга шароит яратганимиз ўзини оқлади, буни аҳоли қабул қилди. Чунки одамларимиз яхши яшашга интиляпти, ўз соғлигига қараяпти. Аҳоли даромадини ошириш бўйича қилаётган ҳамма ҳаракатларимиз аслида шунинг учун – халқимизнинг соғлом ва фаровон яшаши учун», – деди.
Халқимиз орзу-ҳавасли халқ. Фарзанлар вояга ета бошладими, унга уй-жой қилиш, набиралар кўриб, “данагидан мағзи ширин экан” деб, уларни комил инсон этиб тарбиялашдек олий мақсадларда яшайди. Бундай хонадонлар Фарғонада ҳам бисёр ва битта ҳовлида икки-учта ўғилни тўйлаб аҳил ва иноқ яшаётган, аммо уй-жойга муҳтож оилалар ҳам бор. Шу боис давлатимиз раҳбари ташриф давомида келгуси беш йилликда вилоят аҳолисини арзон ва сифатли уй-жойлар билан таъминлаш масаласига устувор вазифа сифатида этибор қаратди. Шаҳар ва туманларда 2022 йилдан массив шаклида 167 та кўп қаватли уй-жойлар қурилишини амалга ошириш ҳисобига 3816 та оила уй-жой билан таъминланиши, ипотека кредити бўйича субсидия бериш орқали 2610 та эҳтиёжманд оилага хонадонлар ажратилиши бўйича топшириқлар берди. Хусусий пудрат ташкилотлари томонидан шаҳар ва туманларда яна 100 та кўп қаватли турар жойлар барпо этилиши жараёнлари олиб борилаётгани кўздан кечирилди.
Фарғонада 40 минг аҳолига мўлжалланган «Эко шаҳар» қурилиши, Қўқон ва Марғилон шаҳарлари ҳудуди кенгайтирилиб, жами 30 минг квартирали 700 та кўп қаватли уйлар қурилиши режалари янада такомиллаштирилди.
Давлатимиз раҳбари илгари суриб келаётган давлат дастурларида 2026 йилга бориб вилоятда экспортчи корхоналар сони 10 баробарга кўпайиши, 12 минг 600 гектар экин майдонлари аҳолига 10 дан 50 сотихгача очиқ танлов асосида узоқ муддатга ижарага берилиши орқали талабга яраша иш ўринлари яратилишини кўзлда тутилган. Қишлоқ хўжалиги, аграр соҳа, тадбиркорлик ва иқтисодий-ижтимоий жабҳа-лардаги кенг кўламли ислоҳотлар эса, жаннатмакон Фарғонани «янги бренд»лари ва иқтисодий равнақига асосан жаҳонда тараққий этган шаҳарлар қаторида танитиб, унга янада навқирон қиёфа бахш этади.
Давлатимиз раҳбари Фарғона вилоятида ижтимоий-иқтисодий соҳалар ва аҳоли ҳаёт даражасини яқиндан ўрганар экан, таълим-фан, инновацияларни институционал татбиқ қилган ҳолда, аҳоли, айниқса, ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, уй-жой, саломатлик, инвестиция жозибадорлигини ошириш ҳамда туризмни ривожлан-тиришга оид кўрсатмалар берди.
Фарғона вилоятида жадал суръатлар касб этаётган кенг кўламли бундай истиқболли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бозор иқтисодиёти шароитида Янги Ўзбекистонни барпо этишга ҳар биримиздан оддий фуқаро, фаол иштирокчи сифатида муносиб ҳисса қўшишимизни тақозо қилади, деб ўйлаймиз.
Шерзод Қурбонов,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети,
Иқтисодиёт (тармоқлар ва соҳалар) факультети талабаси, ЎзА
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
07 02 2023 / 11:04