Кейинги йилларда мамлакатимизда энергетика тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунда йирик инвестиция лойиҳалари, модернизация, транcформация ишлари соҳадаги муҳим янгиликлар ҳисобланади.
Шу вақтга қадар электр энергиясини ишлаб чиқаришда углеводород ресурсларидан фойдаланилган бўлса, кейинги тўрт-беш йил ичида “яшил энергетика” ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Шу вақт оралиғида иккита қуёш электр станцияси қурилган бўлса, бугунги кунда 10 дан ортиқ қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш ишлари бошлаб юборилган.
Ҳозирги кунда “яшил энергетика”нинг умумий ишлаб чиқаришдаги улуши 10 фоизни ташкил қиладиган бўлса, бу борада олиб борилаётган ишлар натижасида 2030 йилга бориб, уларнинг улуши 30 фоизга етказилади.
Тизимда бу каби улкан ишлар амалга оширилиши бошланганига қарамай, 2022-2023 йиллар соҳа жамоаси учун синовли йиллар бўлди. Табиий газ ва электр энергиясидаги узилишлар, турли авариявий ҳолатлар, муаммолар ва уларнинг ечимини излаш уларга осон бўлмади.
Шу ўринда, 2022 йилда амалга оширилган лойиҳалар ҳақида тўхталиб ўтсак. Хусусан, умумий қуввати 1374 мегаваттли 6 та иссиқлик ва қуввати 100 мегаваттли 1 та қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди.
– Бухоро вилоятининг Бухоро туманида қуввати 270 мегаваттли газ-поршенли иссиқлик электр станцияси, Тошкент вилоятининг Қибрай туманида умумий қуввати 710 мегаваттли 3 та иссиқлик электр станцияси, Хоразм вилоятининг Янгиариқ туманида қуввати 174 мегаваттли янги иссиқлик электр станцияси, Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қуввати 100 мегаваттли қуёш фотоэлектр станцияси ва Сирдарё вилоятининг Ховос туманида 220 мегаватт қувватли иссиқлик электр станциялари шулар жумласидандир. Ушбу 7 та электр станция йилига 11 миллиард 300 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Қурилмаларнинг энергия тежамкорлиги ҳисобига йилига 1 миллиард 503 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади. Станциялар қурилиши давомида 3 минг 960 иш ўрни яратилган бўлса, улар ишга туширилгач, 545 янги иш ўрни яратилди, – деди Энергетика вазирлиги Лойиҳа офиси директори ўринбосари Баҳромбек Умарбеков.
Тендер танловлари очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида ўтказилмоқда
“Яшил энергия”ни ишлаб чиқариш бугунги кунда сиёсат даражасига кўтарилди. Негаки, бу иқлим ўзгариши олдини олиш, атроф-муҳит муҳофазаси ва табиий ресурсларни тежаш йўлидаги энг муҳим чора-тадбирлардир.
Мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилаётган шамол ёки қуёш электр станцияларини қуриш лойиҳалари бўйича тендер танловлари очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ўтказилмоқда. Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистонда умумий қуввати 500 МВтли 3 та қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича ўтказилган тендер танловида ғолиб бўлган компаниялар аниқланди.
Энергетика вазирлиги Департаменти директори Абдуллажон Отабоевнинг қайд этишича, ўтказилган мазкур танлов натижаларига асосан Бухоро вилоятида 250 МВт ва Хоразм вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциялари қурилади. Станциялар қурилиши 2024 йилда бошланади ва 2025 йилда ишга туширилади.
– Айни кунларда Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида қуввати 300 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ва Қорақалпоғистон Республикасида қуввати 200 МВтли шамол электр станциясини қуриш бўйича тендер танловлари давом этмоқда. Ўз навбатида, яшил энергетикани ривожлантириш йўлида давлатимиз томонидан ҳам катта имкониятлар яратилмоқда. Президентимизнинг 2022 йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра, энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қатор имкониятлар яратилди. Шу ўринда, ушбу қурилмалар учун берилган имтиёз ва афзалликлар ҳақида маълумот берсам. Қуёш панелларини уйдан чиқмаган ҳолда онлайн харид қилиш имконияти яратилди. Бунинг учун https://energymarket.uz/ платформасига кириб, хоҳлаган компаниядан, хоҳлаган қувватдаги қурилмаларга буюртма бериш мумкин. Жисмоний шахслар қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини 3 йил муддатга фоизсиз, бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотиб олишлари мумкин. Бунда 5 киловаттгача бўлган қисмига бўлиб-бўлиб тўлаш имтиёзлари берилади. Фуқаролар томонидан қурилмаларни тўлиқ харид қилинганда қуёш панеллари харажатларинниг 6 миллион сўмгача ва қуёш сув иситиш қурилмаларининг 2,1 миллион сўмгача бўлган қисми Энергияни тежаш жамғармаси томонидан компенсация қилиб бериш каби имтиёзлар мавжуд, – деди А.Отабоев.
Таъкидлаш жоизки, Президентимиз фармони билан ушбу қурилмаларни ўрнатганингиздан сўнг, электр таъминоти корхонаси билан электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартнома имзолашингиз мумкин. Агар хонадонингизга 5 кВт қувватдаги қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатсангиз, бу сизга ўртача 50 миллион сўмга тушади ва у бугунги кундаги тариф билан ҳисоблаганда, 9 йилда ўзини қоплайди. Кейинги 11 йил қуёш станциясидан чиққан электр энергиясига пул тўламайсиз. Шунингдек, хонадонингизда ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ортган қисмини ҳудудий электр тармоқлари корхонасига сотиб даромад олишингиз мумкин. Бунда тадбиркорлик фаолияти деб ҳисобланмайди ва ҳеч қандай солиқ тўламайсиз.
Давлат идоралари ва ташкилотларида яшил энергетика ривожланмоқда
Бугунги кунда энергетика соҳасида нафақат йирик лойиҳалар, балки давлат идоралари ва ташкилотларида ҳам қуёш панеллари ўрнатилмоқда. Бу станциялар бино ва иншоотларни электр энергияси билан таъминлаш ва табиий газни иқтисод қилишга қаратилган.
Шу каби ўтган йили Энергетика вазирлиги биносида 240 кВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди. Мазкур электр станция орқали йилига 432 минг киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилади ва натижада 144 минг метр куб табиий газ тежалишига эришилади. Аҳамиятлиси, ушбу станция кундуз куни вазирлик биносини электр энергияси билан тўлиқ таъминлайди. Шунингдек, электр энергиясининг ортган қисмини ҳудудий электр таъминоти корхонасига узатиш имконияти ҳам яратилди.
– 2022 йилда вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимликлар бино-иншоотларида умумий қуввати 49 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ишга туширилди, – деди вазирлик матбуот хизмати бош мутахассиси Обиджон Дилмуродов. – Шу билан бирга, умумий ҳажми 733 минг литр бўлган қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди. Албатта, бу ишлар мамлакатимизда “яшил энергетика”ни ривожлантириш йўлидаги дастлабки қадамлардир. Бугунги кунда талаб ва эҳтиёжнинг ортиб бориши билан электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми оширилмоқда. Буни биргина 2022 йил мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, республикамизда жами 74,3 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3 миллиард киловатт/соатга ёки 4,2 фоизга кўп демакдир. 2022-2023 куз-қиш даврида республика истеъмолчиларига жами 34 миллиард 565 миллион киловатт/соат электр энергияси етказиб берилиши режалаштирилган. Мавсум давомида аҳолига 10 миллиард 759 милилон киловатт/соат электр энергияси етказиб берилади.
Электр тармоқларида инвестиция, модернизация ва реконструкция ишлари кўлами кенгаймоқда
2022 йилда Инвестиция дастури доирасида 3 647,1 миллион доллар ҳажмда, шундан тўғридан-тўғри 2470 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Шунингдек, ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчиларга сифатли етказиб берилишини таъминлаш мақсадида ҳудудларда 125 километр узунликдаги магистраль электр узатиш тармоқлари ва 2 та подстанция қурилди. Юқори кучланишли 9 та подстанция модернизация қилиниб, уларнинг қуввати 1241 мегавольт амперга оширилди. 5 минг километрдан зиёд электр узатиш тармоқлари ва 1113 та трансформатор пункти янгиланди.
Табиий газ ва кўмир таъминотини янада яхшилаш чоралари кўрилди
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимизда тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантиришга қаратилаётган ислоҳотлар табиий газ ва кўмир таъминотидаги мавжуд муаммоларни ечиш талабини қўймоқда. Бу эса соҳада тизимли тадбирларни амалга оширишга туртки бўлаётир.
Шундан келиб чиқиб, ўтган йилда мамлакатимиз бўйича 54,9 километр магистраль газ қувурлари ва 17 та газ тақсимлаш станцияси реконструкция қилинди, 2200 километр магистраль қувурлар техник диагностикадан ўтказилди.
Шунингдек, 50,7 километр газ тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирланиб, реконструкция қилинди, 299 та газ тақсимлаш пункти реконструкция қилиниб, 69,8 мингтаси техник тафтишдан ўтказилди. Жами 51,6 миллиард метр куб табиий газ қазиб чиқарилди. Суюқ углеводородлар қазиб чиқариш 2 922,1 минг тоннани, шундан нефть 789,3 минг тонна ва конденсат 2 132,8 минг тоннани ташкил этди. 871,7 минг тонна суюлтирилган газ, 1 254,6 минг тонна автобензин, 800 минг тонна дизель ёқилғиси, 110,1 минг тонна мазут, 423,2 минг тонна полиэтилен, 83,7 минг тонна полипропилен ишлаб чиқарилди. Ўз навбатида, 2022 йилда республика истеъмолчиларига 37,7 миллиард метр куб, шундан аҳолига 9,3 миллиард метр куб табиий газ, 69,5 миллиард киловатт соат, шундан аҳолига 15,3 миллиард киловатт соат электр энергияси етказиб берилди. Аҳоли истеъмолчилари ва ижтимоий соҳа учун 559,2 минг тонна суюлтирилган газ ҳамда 1 412,3 минг тонна кўмир етказиб берилди.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш, бунда бор имкониятдан фойдаланиш ҳамда энергия манбаларини диверсификация қилиш ва тизимли ёндашувни ташкил этиш, аҳолининг ўсиб бораётган талабини ҳисобга олган ҳолда энергия билан барқарор таъминлаш муҳим масалалардандир. Бу жараёнда муқобил энергетика тизимларини амалиётга татбиқ этиш табиий бойликларни асрашда муҳим аҳамият касб этади.
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
24 02 2023 / 11:58