Бухоро вилояти Вобкент туманида ҳам шахсий экин майдонларидан мўл ва сифатли ҳосил олиш борасида катта тажриба тўпланган. Буни тумандаги Шакаркент маҳалласи аҳолисининг томорқадан унумли фойдаланиш тажрибаси мисолида кўриш мумкин.
– Биз шакаркентлик кўплаб хонадон эгаларининг иш андозаларини бошқа ҳудудларда кенг татбиқ этмоқдамиз, – дейди туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Азиз Мираков. – Туманда 2853 гектар томорқалар мавжуд. Бундан самарали фойдаланиш учун барча имкониятлардан фойдаланяпмиз. Тавсияларимизни ҳам бериб бораяпмиз. Мазкур маҳаллада бирон қарич ер бўш қолмайди, самарали фойдаланилади. Бу ҳудуд тажрибасини бошқа ҳудудларга ҳам оммалаштиряпмиз. Маҳаллага қарашли Қалач қишлоғидамиз. Мазкур ҳудуднинг томорқасида ихчам иссиқхонаси бўлмаган хонадоннинг ўзи йўқ. Бу ерда барча доимий меҳнат билан банд. Асадовлар хонадонида бунга яна бир бор амин бўлдик.
–Ерга меҳр берган кишидан она замин ўз саховатини аямайди, – дейди оила сардори Авазхон Асадов. –Ўтган йили “Намунали томорқачи” кўкрак нишонига эга бўлган эдим. Мақсадимиз лимон, помидор, бодринг ҳосилларини етиштириб, аҳоли дастурхонига арзон маҳсулотларни етказишдан иборат.
Маълумот учун шу кеча -кундузда Бухоро вилоятида жами 43 минг 101 гектар аҳоли томорқаси мавжуд. Ҳозирги кунга келиб унга бўлган муносабат ижобий томонга сезиларли даражада ўзгарди. Буни бозорлардаги маҳсулотлар арзонлигидан ҳам билса бўлади. Юртимиздаги бундай тўкинлик манбааларини яратишда албатта, томорқа ер эгаларининг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Зариф Комилов, ЎзА
Сарлавха :
Ижтимоий–сиёсий
03 04 2023 / 11:37