Ишбилармонлик муҳити кўрсаткичлари динамикаси таҳлили умумий индикатор 2023 йилда кескин тебранишларга учрамагани ва ижобийлигича қолганини кўрсатди. Фақат июль ойида 65 пунктгача кескин ўзгариш юз берди. Ноябрь ойида эса ишбилармонлик фаоллигининг 52 пунктгача энг катта пасайиши қайд этилди.
2023 йилнинг биринчи чораги асосан қишлоқ хўжалиги ва хизматларининг ўсиши билан боғлиқ бўлган ишбилармонлик оптимизмининг изчил ўсиши билан ажралиб турди.
Кейинги ойларда, оптимизм даражаси тўғриланди. Жумладан, июнь ойигача умумий кўрсаткич 57 пунктга тушиб, июль ойида 65 пунктга етди. Қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги кўрсаткичларнинг сезиларли ўсиши ҳисобига – 70 ва 67 пунктгача энг юқори кўрсаткичларга эришилди. Шу билан бирга, июль ойидаги сўров натижалари қурилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 80 пункт даражасида бизнес оптимизмининг ошганини кўрсатди.
Августдан декабргача ишбилармонлик муҳитининг умумий кўрсаткичи ўртача 54 пунктни ташкил этди. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасида 59 пунктгача ижобий тебранишлар кузатилди.
Шунингдек, йил охирига келиб саноат ва қурилиш соҳаларида ишбилармонлик муҳитидаги ўзгаришларни баҳолашда бироз пасайиш кузатилди. Хусусан, сентябрдан декабргача саноатдаги ишбилармонлик муҳити 57 пунктдан 42 пунктга, қурилишда эса октябрь ойидаги 53 пунктдан декабрда 45 пунктга пасайди. Бу эса мазкур тармоқлардаги ҳозирги ҳолатнинг ёмонлашгани билан боғлиқ.
2023 йилнинг дастлабки уч ойида бизнесни ривожлантириш истиқболлари бўйича кутилмаларнинг умумий кўрсаткичи ўртача 72 пунктда сақланиб қолди. Бу тадбиркорлар ўртасидаги жуда юқори даражадаги оптимизмни кўрсатди. Йил давомида компанияларнинг кутилмалари юқори даражада сақланиб қолди. Хусусан, август ойигача бу кўрсаткич сезиларли тебранишларсиз 80 пунктгача сақланиб қолди ва фақат йил охирига келиб пасайган ҳолда 61 пунктдан 66 пунктгача ўзгарди.
2023 йилнинг январь-апрель ойилари якунларига кўра, келгуси уч ойда ўз бизнесининг умумий аҳволи яхшиланишини кутаётган компаниялар улуши юқори даражада – 81 фоизга, йил охирига келиб эса 72 фоизгача барқарорлашди.
Хизмат кўрсатиш соҳаси умумий тенденциясидан алоҳида тебранишларни кўрсатди: январь ойида 78 фоиздан май ойида 73 фоизгача ва августдаги 80 фоиздан октябрда 68 фоизгача юқори даражада сақланиб қолди.
Ҳар ойда жорий ҳолат ва кутилмалар ўртасидаги муносабатлар кейинги уч ой давомида сақланиб қолган иқтисодий ривожланишнинг ижобий тенденциясини кўрсатди.
Йил якуни бўйича ишбилармон доиралар томонидан тўсиқлар таҳлили шуни кўрсатдики, тадбиркорларнинг ўртача 53 фоизи бизнес юритишда ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини таъкидлаган. Бу кўрсаткич аста-секин ўсишни бошлашдан олдин йилнинг дастлабки тўрт ойида 49 фоизда сақланиб, июнь ойида максимал 58 фоизга етди. Йил охирига келиб, кичик оралиқ сакраш билан бошланғич даражага ўртача пасайиш кузатилди.
М.Қосимова, ЎзА
Сарлавха :
Қонунлар
17 01 2024 / 11:12