Шавкат Мирзиёев Ўзбек тили байрами
кунида ўзбек алифбосининг янги варианти тўғрисидаги қонунни имзолади, дея
маълум қилди Саида Мирзиёева. «Ўзгаришлар осон кечмайди, кимлардадир эътироз
ёки хавотир уйғотиши ҳам табиий. Лекин ёзувимиздаги ноқулайликларга барҳам
беришнинг бошқа йўли йўқ», — деди у.
Президент Ўзбек тили байрами кунида
лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштириш тўғрисидаги қонунни
имзолади. Бу ҳақда 21 октябрь куни Президент администрацияси раҳбари Саида
Мирзиёева маълум қилди.
«Ниҳоят, узоқ йиллик тарихий хато
тузатилди. Бугун Президентимиз лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини
такомиллаштиришга оид қонунни имзоладилар. Бу йиллар давомида баҳсларга
сабаб бўлаётган ва охири кўринмаётган масала эди. 2023 йил 11 декабрда
жадидлар меросига бағишланган конференциядаги нутқимда алифбони тузатиш
ташаббусини илгари сурган ҳолда, мазкур баҳсларга нуқта қўйиш вақти
келганини айтган эдим», —
деб ёзди у ўзининг Telegram каналида.
«Албатта,
ўзгаришлар осон кечмайди, кимлардадир эътироз ёки хавотир уйғотиши ҳам табиий.
Лекин, ишонинг, ёзувимиздаги ноқулайликларга барҳам бериш ва тилимизнинг
рақамли макондаги ўрнини мустаҳкамлаш учун бошқа йўл йўқ эди», — деди
Саида Мирзиёева.
«Энди ҳамма ҳужжатлар янгидан
қилинадими? Йўқ, асло! Биз харажатларни энг минимал даражага тушириш йўлини
танладик: амалдаги барча ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозлар ўз
кучида қолади, дарслик, пешлавҳа ва кўрсаткичлар эса яроқлилик муддати тугагач,
босқичма-босқич алмаштирилади», — маълум қилди Президент администрацияси
раҳбари.
«Ушбу қонуннинг 21 октябрь куни
қабул қилинишида чуқур рамзий маъно бор. Тузатилган алифбомиз маърифатпарвар
аждодларимиз орзуси, ёшларимиз саводхонлиги ва тилимиз мавқеини
юксалтиришга хизмат қилишига ишонаман. Барчангизни Ўзбек тили байрами куни
билан табриклайман!» — деб ёзди у.
Аввалроқ Сенат лотин ёзувига
асосланган ўзбек алифбосига киритиладиган ўзгартиришларни маъқуллаган эди. Янги вариант амалдаги 26
та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва битта тутуқ
белгисидан иборат. Sh, Ch, Oʻ ва Gʻ ўрнига Ş, Ç, Ö ва Ğ ҳарфларидан фойдаланиш,
Ng ни эса алоҳида бирлик сифатида алифбо таркибидан чиқариб ташлаш
таклиф этилган. Қонунчилик палатаси ўзгартиришлар тўғрисидаги қонунни июль
бошида қабул қилган эди.
30 йилдан
ортиқ давом этган ислоҳот
Ўзбекистон лотин ёзувига асосланган
ўзбек алифбосини 1993 йилда жорий этган эди (унда «ўзбек ёзувининг лотин
алифбосига ўтилган 1929 — 1940 йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб,
кенг жамоатчилик вакиллари билдирган истак-хоҳишларини инобатга олган ҳолда»
деган жумла мавжуд эди). Биринчи таҳрирда Ş, Ç, Õ ва Ğ ҳарфлари бор эди. Бироқ 1995 йилда улар чиқариб
ташланиб, Sh, Ch, Oʻ ва Gʻ бирикмаларига алмаштирилган.
Лотин алифбосига тўлиқ ўтишни 2000
йилгача якунлаш режалаштирилган. Бироқ ислоҳот яна 26 йилга
чўзилди.
2020 йилнинг октябрь ойида президент
мамлакатда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш
тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳукуматга янгиланган алифбога
узил-кесил ва тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича ишчи гуруҳ тузиш топширилди.
Лотин ёзувига асосланган янги алифбо
лойиҳаси муҳокама қилиш учун муайян ўзгартиришлар билан 2018, 2019 ва 2021 йилларда эълон қилинган, 2023 йилда эса унинг муқобил варианти
муҳокама қилинган. Муҳокамалар баҳс-мунозаралар билан кечди. Gazeta ушбу
масалага кўплаб материалларни бағишлади — уларнинг баъзиларига ҳаволалар
қуйида келтирилмоқда.
gazeta.uz
Сарлавха :
Қонунлар
22 10 2026 / 11:21