Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Стартаплар AgroVentures’дан 500 минг долларгача сармоя жалб қилиши мумкин


Улашинг :


«Агробанк» ва AgroVentures корпоратив акселераторига аризалар қабули давом этмоқда. Бепул дастурга 20 тагача стартап саралаб олиниб, улар банк ва унинг бизнес мижозлари билан пилот лойиҳаларни амалга оширади. Аризалар 9 ноябргача қабул қилинади.

AgroVentures венчур фонди президентнинг 2026 йил 13 мартдаги ПҚ-99-сон қарорига мувофиқ «Агробанк» томонидан ташкил этилган. Жамғарма қишлоқ хўжалигидаги стартапларни қўллаб-қувватлаш, истиқболли ғояларни молиялаштириш ва уларни амалиётга жорий этишга кўмаклашади.

Корпоратив акселератор шу йўналишдаги амалий ташаббуслардан биридир. 12 ҳафталик дастур давомида жамоалар «Агробанк» бўлинмалари ҳамда унинг кичик ва ўрта бизнес мижозлари билан биргаликда ўз маҳсулотларини реал шароитда синовдан ўтказади.

Дастурни муваффақиятли якунлаган стартаплар AgroVentures’дан 25 мингдан 500 минг долларгача сармоя жалб қилиш имкониятига эга бўлади. Дастур AI Station ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

Банк билан амалий ҳамкорлик ва менторлик

Ҳар бир жамоага «Агробанк» томонидан тажрибали менежер бириктирилади. У стартапга банк ва унинг мижозлари билан пилот лойиҳани амалга оширишда кўмаклашади.

Иштирокчилар бизнес ва агробизнес, банк ва IT соҳасидаги экспертлардан дастур давомида менторлик асосида билимлар ва кўникмалар орттириши ҳамда тажриба олади имконияти мавжуд. Дастур халқаро мастер-класслар, ҳудудлардаги амалий семинарлар ҳамда менторлар билан яккама-якка учрашувларни қамраб олади. Машғулотларда маҳсулотни бозорга олиб чиқиш, сотувни ривожлантириш, молиявий модель тузиш ва инвесторларга тақдимот тайёрлаш устида ишланади.

Халқаро менторлар орасида Microsoft ва Intel компанияларида ишлаган Talos Capital асосчиси Крис Цангос ҳамда Mantro компанияси бош директори Манфред Троппер бор.

Акселератор якунида жамоалар Demo Day тадбирида «Агробанк» раҳбарияти, инвесторлар ва ҳамкорларга ўз маҳсулотлари ҳамда пилот натижаларини тақдим этади.

Дастурда қатнашиш бепул.

Иштирок учун стартаплардан улуш ёки уларнинг даромадидан фоиз талаб қилинмайди.

Дастур кимлар учун мўлжалланган?

Акселераторга агросоҳа ва финтеч, банк тизимида сунъий интеллект, ақилли қишлоқ хўжалиги, логистика ва таъминот, иқлим хатарлари ҳамда кичик ва ўрта бизнес учун ечимлар йўналишида маҳсулотга эга жамоалар таклиф этилади.

Рўйхатда кўрсатилмаган бошқа йўналишларда ишлаётган, бироқ банк ёки фермерлар учун фойдали ечим таклиф қила оладиган стартаплар ҳам ариза топшириши мумкин.

Аризалар 9 ноябргача қабул қилинади. Дастурга 20 тагача жамоа саралаб олинади. Батафсил — ҳаволада.

газета.уз



Сарлавха :
Стратегия ва давлат дастурлари

23 10 2026 / 9:52