Вазирлар
Маҳкамасининг 06.11.2026 йилдаги 610-сон қарори
билан Ташқи иқтисодий фаолиятда маҳсулотларнинг экспорт ва импортини миқдорий
чекловлар орқали тартибга солиш тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Ҳужжат ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштиришга доир Президентнинг 02.06.2023 йилдаги ПҚ-181-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди. Миқдорий чекловлар деганда тақиқлар, квоталар, лицензиялаш ва бошқа маъмурий чоралар тушунилади, божхона божлари, солиқлар ва йиғимлар бундан мустасно.
Низомда чекловларни жорий этишнинг 17 та асоси назарда тутилган,
жумладан, озиқ-овқат етишмовчилиги, миллий хавфсизлик, ҳаёт ва соғлиқни
муҳофаза қилиш. Чекловлар камситмайдиган, имкон қадар вақтинчалик бўлиши ва
сабаб бартараф этилгач бекор қилиниши лозим.
Квоталар «аралаш тақсимот» ёки «биринчи келган – биринчи олади»
усулида тақсимланади. Аралаш усулда квота ҳажмининг 50 фоизи анъанавий импорт
қилувчилар (экспорт қилувчилар) ўртасида сўнгги уч йилдаги улушига мутаносиб
равишда, қолган 50 фоизи эса навбат асосида тақсимланади.
Маҳсулот импорти ёки экспортида камида 5 фоиз улушга эга бўлган ТИФ
иштирокчилари анъанавий ҳисобланади. Ой давомида фойдаланилмаган ҳажм автоматик
равишда умумий навбатга ўтказилади, квотадан воз кечилганда эса Божхона
қўмитасини квота амал қилиш муддати бошланишидан камида уч календарь кун олдин
хабардор қилиш керак.
Божхона юк декларациясини my.gov.uz орқали тақдим этиш квотадан фойдаланиш
бўйича сўров ҳисобланади, навбат эса декларация қабул қилинган сана ва вақтга
қараб белгиланади. Бир кунда квота қолдиғидан кўп ҳажмга декларация берилса,
қолдиқ мутаносиб равишда тақсимланади.
Квотанинг умумий, фойдаланилган ва эркин қолдиқ ҳажми, шунингдек,
декларациялар навбати Божхона қўмитасининг «Ягона дарча» тизимида реал вақт
режимида акс эттирилади.
Тижорат сирини ташкил этувчи маълумотлар ошкор этилмайди.
Декларацияга ташқи савдо шартномаси (контракт), ҳисоб-фактура
(инвойс) ва (ёки) юк ҳужжатлари, маҳсулотнинг номи, ТИФ ТН коди ва тавсифи
илова қилинади, улар бўлмаса, декларация рад этилади. Аниқланган камчиликларни
бартараф этиш учун бир иш куни берилади.
Ҳужжатларни сохталаштириш, нотўғри маълумотни такроран тақдим этиш,
божхонани хабардор қилмасдан квотадан фойдаланмаслик каби қўпол бузилишлар учун
талабгор 12 ойгача квоталар тақсимотида иштирок этишдан чекланиши мумкин.
Тугатиш ёки банкротлик жараёни бошланган талабгорларга квоталар ажратилмайди.
Ҳужжат
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва
Ўзбекистон Республикаси Жаҳон савдо ташкилотига расман аъзо бўлган санадан
бошлаб кучга киради.
Илхам
Ибрагимов
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
19 11 2026 / 11:37