КАСАНАЧИЛИКНИ РИВОЖЛАНТИРИШ АСОСИДА АҲОЛИ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА ДОИР
ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА
Касаначиликни ривожлантириш орқали ишсиз аҳоли,
айниқса хотин-қизлар, меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш билан
бандлигига кўмаклашиш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатишни янада кенгайтириш
мақсадида:
1. 2022 йил 1 июлдан бошлаб касаначиликни меҳнат
шартномаси билан бир қаторда ишларни бажариш, товарлар ишлаб чиқариш ёки
хизматлар кўрсатиш ҳақидаги фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар, шу жумладан пудрат
шартномаси асосида ташкил этишга рухсат этилсин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов)
бир ой муддатда касаначилик шартларида амалга ошириладиган фаолият турлари
рўйхатини тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Бунда, касаначилик
шартларида кўрсатилиши мумкин бўлган хизмат турларини кенгайтиришга алоҳида
эътибор қаратилсин.
2. Белгилансинки, 2022 йил 1 июлдан 2025 йил 1 январга
қадар:
касаначиларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад
солиғи касаначиликдан олинадиган жами даромадни 50 фоизга, бироқ ҳисобот даври
(бир ой)да кўпи билан бир миллион сўмгача камайтирган ҳолда ҳисобланади;
касаначилар ижтимоий солиқ тўловини ўзини ўзи банд
қилган шахслар учун белгиланган тартибда амалга оширади;
Жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан
рўйхати 1-иловада белгиланган олис ва чекка
ҳудудлардаги маҳаллаларда касаначиликни ташкил этган тадбиркорлик субъектларига
ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой давомидаги касаначилик фаолияти учун бир
ойлик ўртача даромади миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.
3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5
августдаги «Маҳаллаларда тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик
субъектлари билан аҳоли ўртасида кооперацияни ривожлантиришнинг қўшимча
чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-5214-сон қароридаги «етакчи»
тадбиркорлик субъектларига Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат
жамғармаси томонидан кредит суммасининг 75 фоизи миқдоригача кафиллик бериш
бўйича тартиб мазкур қарорга 1-иловада кўрсатилган
маҳаллаларда фаолият юритувчи касаначилар сони камида 10 нафар бўлган
тадбиркорлик субъектларига ҳам татбиқ этилсин.
4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2022 йил 1
июлдан 2025 йил 1 январга қадар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси
ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига «Темир дафтар», «Аёллар дафтари», «Ёшлар
дафтари»га киритилган ёки «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»да бўлган ва
касаначилик билан шуғулланаётган фуқароларга асбоб-ускуналар харид қилиб бериш
харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисми, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 10
бараваригача миқдорида субсидия ажратилади.
Бунда, субсидия тадбиркорлик субъекти ва туман (шаҳар)
аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари ўртасида тузиладиган қуйидаги шартларни
назарда тутувчи ижтимоий контрактга асосан ажратилсин:
тадбиркорлик субъекти томонидан касаначига буюртма
берилаётган иш турига қараб, субсидия ҳисобига харид қилинган асбоб-ускуналар
касаначига бепул берилади;
туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва
камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчилари
билан биргаликда касаначиларнинг иш фаолияти самарадорлигини доимий тарзда
мониторинг қилади ҳамда фойдаланилмаётган асбоб-ускуналарга ажратилган
субсидияларни қайтариб олади.
5. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон
Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан
биргаликда икки ҳафта муддатда ҳар бир ҳудуд учун алоҳида касаначиликни
ривожлантириш асосида аҳоли бандлигини таъминлашга оид чора-тадбирлар режасини
ишлаб чиқсин.
6. Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни
ҳудудларда татбиқ этиш бўйича масъуллар рўйхати 2-иловага мувофиқ
тасдиқлансин.
7. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури
координаторлари (С. Холхўжаев, А. Камалов, Д. Султанов) Бандлик ва меҳнат
муносабатлари вазирлиги (Н. Хусанов) билан биргаликда 2022 йил учун оилавий
тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилаётган кредитларнинг
камида 500 миллиард сўмини касаначиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни
молиялаштиришга йўналтирсин.
8. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги
(Н.Хусанов) иш берувчиларнинг буюртмаси асосида касаначиларни «Ишга марҳамат»
мономарказлари, туман (шаҳар) касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва маҳалла
аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида ўқитишни ташкил этсин. Бунда:
маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли
бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман
(шаҳар) ҳокими ёрдамчилари ва туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази
ходимлари касаначилик орқали фуқароларни ишга олиш истагида бўлган
тадбиркорларни аниқлайди ва фаолият йўналиши кесимида уларнинг рўйхатини
шакллантиради;
туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази
ходимлари тадбиркорлар томонидан таклиф этилаётган касаначилик фаолияти билан
шуғулланиш учун касблар рўйхатини шакллантиради;
касаначиларни ўқитиш харажатлари Бандликка кўмаклашиш
давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
касаначилик билан шуғулланмоқчи бўлган ишсиз шахслар
«Ишга марҳамат» мономарказлари, касб-ҳунарга ўқитиш марказлари ва маҳалла
аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларида талаб этиладиган касбларга
ўқитилади.
9. 2023 йил 1 январдан бошлаб нодавлат таълим
муассасаларида давлат буюртмаси асосида иш билан банд бўлмаган фуқароларни касаначилик
йўналишида касбга ўқитишнинг қуйидаги тартиби жорий этилсин:
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент
шаҳридаги «Ишга марҳамат» мономарказлари ҳузуридаги малакани баҳолаш марказлари
касбий малака талабларини ишлаб чиқади ва салоҳиятли таълим муассасаларига
давлат буюртмасини беради;
ўқув курсларини тугатган фуқароларнинг билим даражаси
малакани баҳолаш марказлари томонидан аниқланади ва шу асосда уларга малака
сертификатлари берилади;
малака сертификатини олган фуқароларга меҳнат фаолиятини
бошлаши учун ўқиш харажатларига тенг миқдорда малакани баҳолаш марказлари
томонидан субсидиялар берилади.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.
Хусанов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.
Холхўжаев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А. Тошкулов) ҳамда Молия
вазирлиги (Т. Ишметов) икки ой муддатда нодавлат таълим муассасаларида давлат
буюртмаси асосида иш билан банд бўлмаган фуқароларни касаначилик йўналишида
касбга ўқитиш тартибини назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар
Маҳкамасига киритсин.
10. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ташкилий
тузилмасининг умумий штатлар сони доирасида вазирлик марказий аппаратида,
Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, вилоятлар
ва Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармалари тузилмасида касаначилик фаолиятини
ривожлантириш ва мувофиқлаштиришга масъул бўлган бўлимлар ташкил қилинсин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қуйидаги
қўшимча вазифа ва функциялар юклатилсин:
касаначилик соҳасида ягона давлат сиёсати юритилишини
таъминлаш ва ҳудудларнинг ихтисослигидан келиб чиқиб, касаначилик фаолияти
бўйича мақсадли дастурлар ишлаб чиқиш;
касаначиликни ривожлантириш бўйича ишларни самарали
ташкил этиш орқали норасмий бандликни қисқартириш ва маҳаллаларда иш билан банд
бўлмаган фуқароларни касаначилик фаолиятига жалб қилиш;
ишсиз фуқароларни касаначилик фаолияти бўйича
касб-ҳунарга ўқитиш ишларини ташкил этиш;
касаначилик фаолиятини ривожлантириш юзасидан
ажратилаётган субсидияларнинг мақсадлилигини таъминлаш ва мақсадсиз
фойдаланилган субсидияларни Давлат бюджетига қайтарилишини таъминлаш;
ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламларига
касаначилик билан шуғулланишлари учун имтиёзлар бериш бўйича таклифлар ишлаб
чиқиш.
11. Белгилансинки, иш берувчи ва касаначи ўртасида
тузилган меҳнат, фуқаролик-ҳуқуқий ёки пудрат шартномалари Давлат солиқ
қўмитасининг Ягона электрон шартномалар ахборот порталида мажбурий тартибда иш
берувчи томонидан рўйхатдан ўтказилади.
12. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.
Хусанов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.
Холхўжаев), Молия вазирлиги (Т. Ишметов) икки ой муддатда:
а) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда
касаначилик ривожланишини самарали мониторинг қилиш учун ва идоралараро
маълумот алмашинувини йўлга қўйиш мақсадида «Ягона миллий меҳнат тизими»
идоралараро дастурий-аппарат комплекси таркибида мавсумий ва касаначилик ишлари
портали ишга туширилишини таъминласин;
б) қуйидагиларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига
киритсин:
касаначиларга асбоб-ускуна харид қилиб бериш
харажатлари учун тадбиркорлик субъектларига Бандликка кўмаклашиш давлат
жамғармасидан субсидия ажратиш ва фойдаланилмаётган асбоб-ускуналарга
ажратилган субсидияларни қайтариб олиш тартибини;
олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда касаначиликни
ташкил этган тадбиркорлик субъектларига ҳар бир касаначининг дастлабки уч ой
давомидаги касаначилик фаолияти учун бир ойлик ўртача даромади миқдорида
субсидия ажратиш тартибини.
13. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги,
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси
мазкур қарорнинг мақсади, вазифалари ва ундан кутилаётган натижаларни оммавий
ахборот воситалари, Интернет ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритиш ишларини ташкил
қилсин.
14. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик
ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида
Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
15. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга
масъул ва шахсий жавобгар этиб бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Б.
Хусанов белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш ва ижро учун масъул
идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг
ўринбосари Ж.А. Қўчқоров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент
ш., 2022 йил 21 апрель, ПҚ-214-сон
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари
26 04 2022 / 15:39