Вазирлар Маҳкамасида 2022 йил 1 августда ўтказилган йиғилишда (189-сон баён
18-банд) Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Марказий банки 2023 йил ҳосилидан бошлаб ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тижорат банклари томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлар тўғридан-тўғри ер участкасига эгалик ҳуқуқи бўлган фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари
ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларига йўналтирилиши белгиланди.
Бунда, фермер хўжаликлари билан фьючерс шартномаси асосида фаолият юритадиган ғаллачилик кластерлари ва кооперацияларига имтиёзли кредит ажратилишига йўл қўйилмайди.
Айрим ижтимоий тармоқларда “Вазирлар Маҳкамаси баённомасидаги 18-банд қаерга йўқолди?” мазмунида хабарлар тарқалди.
Ушбу хабарларга Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг матбуот хизмати масъул ходими Б.Ҳидоятов аниқлик киритиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 августдаги
189-сонли йиғилиш баёнининг 18-банди техник хато сифатида тушиб қолганлиги, баённинг ушбу банди ўз кучида турганлиги, амалдаги тартиб бўйича ғаллачилик йўналишдаги фермер хўжаликларини молиялаштириш Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредитлар шаклида тижорат банклари орқали тўғридан-тўғри ажратилиши белгиланганлиги билдирилган.
Бироқ, ижтимоий тармоқларда ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитларни олишдан ихтиёрий воз кечиш ва кластер корхоналарига ўтказиб бериш ҳақида маҳаллий ҳокимликларнинг топшириғига асосан фермерлардан мажбурий ариза ва билдиришнома ёздириб олинаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Фермерлар диққатига,
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 1 августдаги 189-сонли йиғилиш баёнининг
18-банди ўз кучида, 2023 йил ҳосили ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан ажратиладиган имтиёзли кредитлардан воз кечиш
ва кластер корхоналарига ўтказиб бериш ҳақида маҳаллий ҳокимликларнинг топшириғига асосан мажбурий ариза ва билдиришномаларга имзо қўймаслигингизни сўрайман.
Маълумот учун: Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 2022 йил 27 август куни “Агробанк” АТБга банк филиаллари томонидан ғаллачилик фермер хўжаликларига имтиёзли кредитларни олишига имконият яратиб бериш юзасидан хат киритилди.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг Юридик хизмати (тел: +998 90 814 97 77 Санжар Исаев)
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
16 09 2022 / 11:40