Саноат соҳасининг ривожланиши нафақат мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлайди, балки мамлакатда иш ўринлари яратилиши ҳамда маҳсулотларнинг жаҳон бозорларига чиқиб боришини ҳам таъминлайди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда ушбу соҳага бўлган муносабат тубдан ўзгариб, у иқтисодиётимиз локомотивига айланмоқда. Энг муҳими, соҳада минглаб, ўн минглаб фуқаролар иш билан таъминланиб, доимий даромад манбаига эга бўлмоқда. Бу ўз навбатида, унинг нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ҳаётимиздаги ўрни ҳам ортиб бораётганини англатади.
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган барча ислоҳотлар марказига аввало, инсон қадри, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш бош мақсад қилиб қўйилган. Ушбу улуғвор вазифани амалга оширишда бошқа соҳалар қатори саноат соҳаси, унинг улкан имкониятлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, соҳа ривожига алоҳида эътибор қаратилиб, соҳани ривожлантиришга оид кўплаб норматив ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Аммо дунёдаги ҳозирги мураккаб вазият, транспорт-логистикадаги узилишлар бу тармоққа ҳам таъсир қилаяпти. Биргина жорий йилнинг 9 ойида юртимизда саноат 5,3 фоиз ўсган бўлса, 65 та йирик ҳудудий корхонада ишлаб чиқариш камайган.
Боз устига, дунёдаги мураккаб вазият, транспорт-логистика ва ишлаб чиқариш занжирларидаги узилишлар, энергоресурслар билан боғлиқ муаммолар мамлакатимизга ҳам таъсир қилмоқда. Жаҳон молия бозорларидаги ўзгаришлар таъсирида четдан жалб қилинадиган ресурслар нархи ошяпти.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида куни кеча саноатни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилиб, айрим камчиликлар, соҳадаги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Гиламчилик учун 50 миллион доллар йўналтирилади
Сўнгги йилларда юртимизда пахта ва тўқимачилик саноати ривожланиб бормоқда. Бу соҳа Ўзбекистон миллий иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоғига, хорижий сармояларни жалб этиш ва маҳсулот экспорт қилиш бўйича етакчига айланди.
Экспорт географияси доимий равишда кенгайиб, бугунги кунда ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари дунёнинг деярли барча қитъаларига – 70 дан ортиқ давлатга етказиб берилмоқда. Соҳадаги ютуқлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар билан бевосита боғлиқ.
Давлатимиз томонидан тўқимачилик саноати қўллаб-қувватланаётгани туфайли мамлакатимизда юқори сифатли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарувчи замонавий тўқимачилик корхоналари ташкил этилди. Натижада тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми ва халқаро стандартларга жавоб берадиган тўқимачилик маҳсулотлари экспорти барқарор ўсиб бораётир.
Лекин тўқимачилик саноати ташқи бозорга юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар етказиб бераётган истиқболли тармоқлардан бири бўлгани боис соҳани янада ривожлантириш долзарб вазифалардан саналади.
Шу жиҳатдан, йиғилишда тўқимачиликда кейинги йилда ички бозорга қўшимча 5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, экспортни 4,3 миллиард долларга етказиш топширилди. Бунинг учун Европа, Туркия, Миср, Марокашга газлама, трикотаж мато экспортига транспорт харажатлари 2024 йил 1 январгача 70 фоиз қоплаб берилиши айни муддао бўлди.
Шунингдек, камида 50 хил турдаги янги текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқариш дастури тасдиқланади. Янги турдаги тайёр текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаларига 100 миллион доллар, гиламчилик учун 50 миллион доллар йўналтирилади.
Тўқимачилик индустриал зоналари инфратузилмасига 200 миллиард сўм йўналтирилган ҳолда, йил якунига қадар Туркия, Эрон, Бельгиядан технология ва мутахассислар (дизайнер ва технолог) олиб келинади.
“Саноат ипотекаси” дастури ишлаб чиқилади
Бунёдкорлик бор жойда тараққиёт бўлади. Лекин илгари иморат солиш учун қурилиш материаллари топиш жуда мушкул эди. Ҳашар қилиб қурилган уйларнинг ками битмай, инсоннинг умри ўтарди. Бугунги? Ҳозир республикамизнинг қай бир гўшасига борманг, у ерда намунавий лойиҳа асосида қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар, замонавий иншоатларга кўзингиз тушади.
Қурилиш материалларининг тури ҳам кўп бўлгани туфайли қурилиш ишларида фақатгина энг сифатли материаллардан фойдаланилмоқда. Истаган нархда ҳоҳлаган маҳсулотингизни харид қилиб, кўркам уй-жой қуришингиз мумкин. Бунинг учун навбатда туриш ёки кимгадир илтимос қилишнинг ҳожати ҳам йўқ.
Эътиборлиси, бугунги кунда юртимизда ички бозорнинг қурилиш материалларига бўлган талабини қондириш баробарида унинг катта қисми экспортга йўналтирилмоқда. Чунки замонавий турар жойларни қуриш учун керакли қурилиш материаллари – цемент, томёпқич, ғишт, иситиш жиҳозлари кабиларни ишлаб чиқариш кўлами ниҳоятда кенгайди.
Валюта бозорининг либераллаштирилгани, бошқа давлатлар билан хамкорлик кенгайгани ва очиқ сиёсат олиб борилаётгани, маҳаллий ва хорижий инвесторларга кенг йўл очилгани сабабли қурилиш материаллари соҳасида ҳам ўтган йилларда катта силжишлар бўлди.
Лекин ҳозирги давр бу борадаги ишлар салмоғини янада оширишни тақозо этмоқда. Сабаби бугунги кунда мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари қизғин тусга кирган. Албатта, бу қурилиш материалларига бўлган эҳтиёжни кундан-кунга орттирмоқда.
Бунинг учун қурилиш материаллари экспортини 2023 йилда 900 миллион долларга етказиш, ички бозор учун 5 триллион сўмлик қўшимча маҳсулот ишлаб чиқариш лозим. Бу борада қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчилар учун камида 7 йиллик, 2 йил имтиёзли давр билан “Саноат ипотекаси” дастурини ишлаб чиқиш ва бунга биринчи босқичда 50 миллион доллар ресурс йўналтирилиши энг тўғри ва оқилона қарор бўлди, десак муболаға эмас.
Айниқса, Ангренда чинни идишлар ва сантехника буюмлари ишлаб чиқариш кластери ташкил этилиши, келгуси йилда Навоий, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида каолиндан кластер усулида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича камида 200 миллион долларлик 10 та лойиҳанинг ишга туширилиши ҳисобига тасаввур қиляпсизми, қанча одамлар ишли бўлади, даромад манбаига эга бўлади. Ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми кескин ошиб, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги ошади.
Бир сўз билан айтганда, кейинги йилларда мамлакатимизда тўқимачилик ва саноат соҳада изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар бугун одамларнинг яшаш шароитлари ўзгариб бораётгани, ҳаётдан мамнун яшаётгани, мамлакатнинг иқтисодий салоҳияти ошиб бораётганида намоён бўлмоқда. Йиғилишда белгилаб берилган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг бўлиб, уларнинг сўзсиз ижроси таъминланиши мамлакатни янада тараққий эттириш, инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилади.
Қаҳрамон ЭРГАШЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O'zLiDeP фракцияси аъзоси,
Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари
11 11 2022 / 15:28