Айни пайтда Андижон вилоятида жами 147 йирик иссиқхоналар мавжуд бўлиб, уларнинг экин майдони 184 гектарни ташкил этади. Жорий йилда ушбу иссиқхоналарнинг 167 гектарига сабзавот маҳсулотлари – помидор, бодринг ва булғор қалампири экилган. Жорий йилнинг биринчи мавсумида иссиқхоналарда 12 минг 623 тонна маҳсулот, жумладан, 8,2 минг тонна помидори, 3,6 минг тонна бодринг ва 860 тонна бошқа маҳсулотлар етиштирилди.
– Вилоятимизда шу йилнинг ўзида умумий қиймати 84,9 миллиард сўмга тенг 24 та лойиҳа доирасида 51 гектар майдонда янги иссиқхоналар барпо этилиши режалаштирилган, – дейди Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими бош мутахассиси Абдумуталиб Сулаймонов. – Бугунги кунга қадар 21 та лойиҳа ишга туширилиб, 48 гектар майдонда янги иссиқхоналар барпо этилди. Бунинг натижасида 400 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Асака тумани адирликларида “Сабо ҳамкор” масъулияти чекланган жамияти томонидан “Net House” (иситилмайдиган) усулда 70 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар барпо этилди. Мазкур иссиқхоналарга малина, қулупнай, маймунжон, помидор, бодринг, бақлажон, карам, булғор қалампири каби 10 дан ортиқ турдаги экинлар интенсив усулда экилган бўлиб, айни пайтда етиштирилган ҳосил йиғиштириб олинмоқда.
Ҳосилдорлик эса анча юқори. Асака туманида “Net House” усулда иссиқхоналар қуриш ишлари давом этмоқда. Шу кунларда Қўрғонтепа туманида “аэропоника” усулида супер элита уруғлик картошка етиштириш учун иссиқхона қуриш ишлари якунланиб, жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур иншоот тўлиқ ишга тушиши билан 3 минг гектар майдонни истиқболли уруғлик билан таъминлаш имкони яратилади. Бундан ташқари, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш агентлиги вилоят бўлими томонидан сабзавот кўчатлари етказиб бериш мақсадида иккита йирик иссиқхона танлаб олиниб, кўчатлар етиштириш учун ер тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Вилоятда йил якунига қадар яна учта лойиҳа асосида 3 гектар майдонда замонавий иссиқхона барпо этилиб, ишга туширилади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари
07 12 2022 / 12:46