Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Қашқадарё вилояти: кластер тизими ўз самарасини берди


Улашинг :


Қашқадарё вилоятида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш бўйича салмоқли натижаларга эришилди.

Ер илмини билиш, мелиорация ишларини тизимли ташкил этиш, техникалардан самарали фойдаланиш учун пиллакор, ғаллакор, пахтакор ва боғбон ҳам соҳанинг билимдони бўлиши керак. Деҳқонлар тили билан айтганда ишнинг кўзини билган, илмли ва ерни алдамайдиган киши кўзланган ҳосилни олади, юзи ёруғ бўлади.

Таъкидлаш лозимки, жорий йил ҳам қишлоқ хўжалиги вакиллари учун жуда синовли келди. Сув ресурсларининг ҳар йилдагидан 20-25 фоизга танқислиги, табиатнинг инжиқликларига қарамасдан вилоятда 1 миллион тоннадан ортиқ ёки ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар зиёд ғалла, 437 минг тонна пахта, 403 минг тонна сабзавот, 159 минг тонна полиз маҳсулотлари, 149 минг тонна картошка, 44 минг тонна мева, 78 минг тонна узум, 2 минг 296 тонна пилла, 229 минг тонна гўшт, 898 минг тонна сут, 406 миллион дона тухум етиштирилди. Ғаллачилик ва пахтачиликда ўртача ҳосилдорлик ошди.

Умумий ҳисобда 23 триллион сўмга яқин ёки ўтган йилга нисбатан 12 фоиз кўп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилди.

– Бу йилни ҳам ёруғ юз билан якунладик, – дейди Касби туманидаги “Мардонов Йўлдош Равшанович” фермер хўжалиги раҳбари Йўлдош Мардонов. – Фермер хўжалигимизнинг жами ер майдони 58 гектар бўлиб, шундан 2022 йил ҳосили учун пахтачиликда 37 гектар ерда фаолият кўрсатдик. Қолгани ғалла майдони. 2022 йил режаларини ошиғи билан 115 фоизга бажардик. 135 тонна пахта хомашёсини давлатга топширдик. Деҳқончиликда қийинчиликлар бўлади албатта. Масалан, жорий йил жуда иссиқ келди. Шунга қарамасдан ўз вақтида агротехник тадбирларни бажариб, ниҳоясида ҳосилимиз мўл-кўл бўлди. Гектаридан 40-45 центнер атрофида пахта олдик. Туманимизнинг ҳам юзи ёруғ бўлди. Бунда кластерларимизнинг ёрдами катта бўлди. Улар таъминотни ўз вақтида бажарди. Деҳқоннинг иши тўхтамайди. Бу йил ҳосилдорлик яхши бўлди, дея тўхтаб қолганимиз йўқ. Боиси кейинги йил учун ҳаракатни ҳозирдан бошлаш керак. Шу боис фермер хўжалигимизда шудгорлаш ишлари тўлиқ якунига етказилди. Ғаллани экиб ундириб олдик. Бир марта озиқлантирдик. Насиб бўлса, кейинги йилдан ҳам умидимиз катта.

Янги ерларни фойдаланишга киритиш учун 103 километр электр тармоқларини тортиш, 26 дона насос агрегатини қуриш, 107 дона тик қудуқлар қазиш, 160 километр суғориш тармоқларини янгидан қуриш, 136 километр суғориш ва 89 километр коллектор тармоғини таъмирлаш-тиклаш тадбирлари амалга оширилди. Ўзлаштирилган 9 минг гектардан ортиқ ер майдонларида янгидан 20 мингта деҳқон хўжаликлари ташкил қилинди. Жумладан, 1530 гектарда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилалар, 738 гектарда хориждан қайтган мигрантлар томонидан “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирилди.

– Фермер хўжалигимизнинг умумий майдони 30 гектар бўлиб, асосан лалми ерлардан ташкил топган, – дейди Шаҳрисабз туманидаги “Очилов Лутфулло Ризо бува ўғли” фермер хўжалиги раҳбари Лутфулло Очилов. – Жорий йилда 1 гектар лалми ерда томчилатиб суғориш технологияси ёрдамида суғориладиган узумзор ташкил қилиб, қора кишмиш навли ток кўчатларини экдик. Узумзорда етиштирилган маҳсулотнинг деярли барчаси майиз қилиниб, экспортга йўналтирилади. Келгусида узумзоримизни янада кенгайтиришни режалаштирганмиз.

Сув ресурсларини самарали бошқариш, тежамкор ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация тадбирлари натижасида 125 миллион куб сув иқтисод қилинди. Янгидан 2 минг 812 гектар боғ ва 1 минг 661 гектар токзор барпо қилинди. Интенсив усулда сабзавот етиштириш йўлга қўйилди. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича Президент томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида йил давомида бозорларнинг тўкинлиги сақланиб қолинди.

Қишлоқ хўжалигида бозор механизмларига асосланган, бошқарувнинг мутлақо замонавий шакли бўлган кластер тизимини жорий этилгани амалда ўзини оқламоқда. Йилдан-йил натижадорлигини намоён этаётган кластер тизими, нафақат пахтачилик, балки ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, паррандачилик, чорвачилик, чилик, балиқчилик ва пиллачиликда қўлланилиши соҳа ривожини таъминлаш ҳамда фан-техника ютуқларини кенг қўллашнинг омили бўлмоқда.

Айни пайтда вилоятда 77 та агрокластерлар, хусусан 18 та пахта-тўқимачилик, 28 та ғаллачилик ва 31 та мева-сабзавотчилик ва бошқа йўналишдаги кластерлар самарали фаолият юритмоқда. Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан 485 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Кластерлар томонидан илгари сурилаётган ташаббус, янги лойиҳалар ва илғор тажрибаларни оммалаштириш ҳамда изчиллик билан ҳаётга жорий этиш иши соҳа ривожини таъминламоқда.

Масалан, Қарши туманида фаолият юритаётган “Қарши агрокластер” МЧЖ негизида лойиҳа қиймати 14,5 миллиард сўмлик тўқимачилик корхонаси ташкил этилган. Эски, қаровсиз, фойдаланилмай турган бино ўрнида бунёд этилган ушбу корхонага Япония давлатидан 580 минг АҚШ доллари қийматида 25 турдаги 220 та замонавий тикув ва бошқа зарур ускуналар олиб келинди. Корхонада 400 та иш ўрни яратилди. Бу ерда бир кунда 4 миллион дона тайёр кийим-кечак тайёрланиб, ички ва ташқи бозорга чиқарилмоқда.

– Кластер корхоналари учун енгилликлар, имтиёзлар берилмоқда, – дейди “Қарши агрокластер” МЧЖ раҳбари Бекзод Мейлиев. – Инвестиция киритиш учун яратилган қулайликлар сабаб хориждан замонавий дастгоҳлар олиб келяпмиз. Масалан, ип йигирув фабрикамиз учун Швецариядан дастгоҳлар олиб келдик. Бу йил 1,5 минг гектар еримиздаги пахта ҳосилини машиналарда териб олдик. Келаси йил ушбу кўрсаткични 50 фоизга чиқарамиз. 2023 йил биринчи чорагида 400 ўринли ип-калава, иккинчи чоракда 300 ўринли тўқув фабрикалари ишга тушади. Мақсадимиз ҳудудда ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва иш ўрнини 1,5 мингтага етказишдир.

Соҳадаги бу каби ижобий саъй-ҳаракатлар келгуси йилда ҳам давом эттирилади. Бу ҳақида қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан вилоятда ўтказилган тантанали тадбирда Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов маълум қилди.

– Ҳисоботга кўра 2022 йилдаги ноқулай об-ҳаво шароити ҳамда энг кўп миқдорда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи давлатларда кечаётган можаролар натижасида глобал озиқ-овқат танқислиги янада кучайиши мумкин, – деди вилоят раҳбари. – Шунингдек, вилоят аҳолиси йилига ўртача 80 минг нафарга ёки 2,2 фоизга ўсиб бормоқда. Бу ўз навбатида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби ошишига ҳам олиб келади. Шундан келиб чиққан ҳолда келгуси йилда вилоятда 376 миллиард сўмлик 110 та қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат лойиҳалари амалга оширилади.

Вилоят ҳокимининг таъкидлашича, хусусан, кейинги йилда 10 минг гектар ер майдонида интенсив боғлар ва 9 минг гектар узумзорлар ташкил этилади. Шаҳрисабзда 3 минг гектар, Нишонда 1000 гектар, Косонда 300 гектар ер майдонида картошка етиштириш йўлга қўйилади. Кўкдалада паррандачилик бўйича 112 миллиард сўмлик йирик лойиҳа амалга оширилади. Қарши, Яккабоғ, Кўкдала туманларида умумий қиймати 15 миллион долларлик агрологистика марказлари, 150 та маҳаллаларда кичик ҳажмли музлатгичли омборхоналар барпо этилади. Гўштни қайта ишлаш 2 бараварга, мева ва сутни қайта ишлаш 1,8 бараварга оширилади. 10 минг гектардан ортиқ ер майдонлари лотларга бўлиниб, 22 мингта янги деҳқон хўжаликлари ташкил қилинади. 216 та контурда 5,4 минг гектар ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилади.

Қашқадарё шароитида ҳар бир томчи сувни тиллога тенг билган ҳолда иқтисод қилиб, иш юритиш талаб этилади. Бу борада, сув ресурсларини бошқариш халқаро институти мутахассисларини жалб қилган ҳолда вилоятда сув ресурсларидан фойдаланишнинг 2030 йилга қадар мўлжалланган концепцияси ишлаб чиқилади. Тизимдаги илғор хорижий технологияларни ўрганиш ва вилоятда жорий этиш мақсадида маҳаллий мутахассислар Исроил ва Туркия давлатларига тажриба алмашишга юборилади. 38 минг гектар ер майдонида, жумладан, 22 минг гектарда томчилатиб, 2 минг гектарда ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискретли суғориш ишлари ҳамда 12 минг гектарда лазерли текислаш тадбирлари ташкил этилади.

20 километр суғориш тармоқлари ва 7 километр коллекторларни янгидан қуриш, 95 километр суғориш тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилади. Сув таъминоти паст бўлган майдонлар улуши 14 минг гектаргача туширилади.

Хулоса қилиб айтганда, аграр сектор вилоятнинг муҳим тармоқларидан ва бу йўналишда эришилган ҳар қандай натижа вилоят бюджетининг ортишига, пировардида ҳудуд аҳолиси турмушининг фаровон бўлишига хизмат қилади.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА.



Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

14 12 2022 / 10:59