Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Тадбиркорлик кодекси – тадбиркорликка оид тизимли ҳуқуқий меъёрлар тўплами


Улашинг :


Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юки камайтирилди. Бизнес юритишдаги бюрократик тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Мисол учун, ўтган бир йил давомида бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб қувватлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 70 дан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинди.

Имтиёз ва кафолатларнинг тақдим этилиши эвазига тушумлари 1 миллион доллардан ошган тадбиркорлик субъектлари сони 5 мингтага ортди. Яна минг нафар тадбиркорлар товар айланмасини 1 миллиондан 10 миллион долларгача етказди. Шунингдек, 220 нафар тадбиркорнинг тушумлари 100 миллион долларга етиб, умумий экспорт ҳажми 30 фоизга кўпайди.

Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп, яъни 5 мингга яқин.

Соҳага оид қонунчиликни тизимлаштириш мақсадида Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилди.

Адлия вазирлигида Германия Федерал Адлия вазирлиги ҳузуридаги Халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган амалий семинарда Тадбиркорлик кодекси лойиҳасининг айрим масалалари муҳокама қилинди.

Хорижий экспертлар, Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш учун шакллантирилган ишчи гуруҳ аъзолари тадбиркорлик субъектларини кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратишнинг ўзига хос хусусиятлари ва тадбиркорлик субъектларининг ташкилий-ҳуқуқий шакллари ҳақида фикр алмашди.

Тадбиркорлик кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишга 3 йилга яқин вақт сарфлангани айтиб ўтилди. Лойиҳани ишлаб чиқишда нафақат миллий, балки халқаро экспертлар ҳам жалб қилинди. Лойиҳа 5 ойдан ортиқ вақт давомида жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Айнан тадбиркорларнинг таклифлари, уларни қийнаб келаётган тизимли муаммоларни ўрганиш учун республика даражасида ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида тадбиркорлар билан кодекс лойиҳаси муҳокама қилинди.

Жамоатчилик, тадбиркорлар ва соҳа экспертлари билан ўтказилган муҳокамалар натижасида 1,5 мингга яқин таклифлар келиб тушди ҳамда лойиҳада коррупциявий омилларнинг мавжудлиги, гендер тенгликка таъсири ва бошқа масалалар бўйича ўтказилган сўровномаларда 1,2 мингдан ортиқ фуқаролар иштирок этди.

Бундан ташқари, кодекс лойиҳаси етакчи халқаро 8 ташкилот, жумладан USAID, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Халқаро молия корпорaцияси, Германиянинг “Berlin Economics” иқтисодий гуруҳи, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотига тақдим этилган. Ушбу ташкилотлардан экспертиза натижалари бўйича хулоса ва таклифлар келиб тушган.

Бугунги кунда ушбу таклифлар асосида Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси мутахассислар томонидан ўз маромига етказилмоқда.

Кодексда тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясига, бюрократия ва маъмурий юкни, шу жумладан, давлат органларининг бизнесга аралашувини кескин камайтиришга ҳамда бизнес вакилларини қўллаб-қувватлашга эътибор қаратилган.

Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи 16 асосий принцип, жумладан, тадбиркорликнинг эркинлиги, тадбиркорлар фаолиятига давлатнинг ноқонуний аралашишига йўл қўймаслик, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги белгиланди.

Тадбиркорлик субъектлари кичик, ўрта ва йирик тоифаларга ажратилмоқда. Тадбиркорлар фаолиятидаги амалдаги текширувлар сони икки баравар қисқартирилиб, кодекс билан текширувларнинг қатъий рўйхати белгиланди. Тадбиркорлар фаолиятига давлат томонидан аралашув кескин қисқартирилиб, унинг аниқ чегаралари белгиланди.

Экспертларнинг сўзларига кўра, ушбу кодекс тадбиркорнинг қўлида ягона компакт ҳуқуқий меъёрлар тўпламига айланиб, ҳар доим унинг ёнида юрадиган ҳужжат бўлади.

Н.Абдураимова, ЎзА



Сарлавха :
Қонунлар

14 12 2022 / 15:34