Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Ривожланишнинг янги босқичи белгилаб олинди


Улашинг :


Бугунги кунда иқтисодий қудрат касб этиб бораётган Сингапур ўзининг бетакрор давлат бошқаруви билан электроника, фармацевтика, нефтни қайта ишлаш ва юқори технологияли соҳалардаги ишлаб чиқариш ютуқлари билан жаҳон етакчиларидан бирига, энг йирик молиявий мамлакатга айланди.

Экспертлар кузатишича, мамлакат 2017 йилда харид қобилияти бўйича жаҳонда етакчи ўринни эгаллаб, аҳоли жон бошига номинал ялпи ички маҳсулоти 93 минг АҚШ долларига тўғри келди – бу молиявий баҳоланиш Қатар ва Люксембургдан кейин Сингапур иқтисодиёти учинчи ўринда эканини кўрсатади. Жумладан, 2016 йилдан буён ЯИМ киши бошига 4,8 ёки 5,38 фоизга ўсди. Аҳолисининг 3 фоизи йирик сармоядорлар ҳисобланади.

Жаҳон иқтисодчиларининг маълумотларига кўра, Пандемиянинг салбий оқибатларига қарамасдан Сингапур иқтисодиёти 2022 йилда 2021 йилга нисбатан 4,1 фоизга ўсган, прогноз эса 4,4 кўзда тутилган бўлган.

Хўш, ҳаммада Сингапур бу иқтисодий натижаларга бор-йўғи бир неча ўн йилликда қандай эришди, деган савол туғилади. Бунинг формуласи жуда содда. Бугунги кунда Сингапур тўртта асосий йўналиш бўйича модернизация қилинган, хусусан, инвестициялар ва инновацияларни ривожлантириш векторини белгиловчи иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий модернизация, коррупцияга қарши самарали кураш ва сиёсий барқарорликни таъминлаш каби принципиал бошқарувларга асосланган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 16−17 январь кунлари Сингапурга расмий ташрифи иқтисодий жиҳатдан индустриал ривожланиб бораётган Янги Ўзбекистоннинг бугунги аномал оби-ҳаво шароитида дуч келган ижтимоий муаммолари оқибатини бартараф этиш, бундай ҳолатларнинг институционал олдини олиш учун амалга оширилган катта ташаббусларидан бири бўлди.

Давлат раҳбарининг аномал совуқ муаммоларини бартараф этишга бағишланган кенгайтирилган йиғилишидан кейин фавқулодда Сингапурга бориши, ташриф чоғида кадрлар тайёрлашга катта эътибор қаратгани фикримиз далилидир.

Хусусан, олий даражадаги ташрифда 8 та ҳужжат имзоланиб, 6 йўналиш бўйича келишувга эришилгани, ижтимоий-иқтисодий, ахборот-технологиялари соҳаларида давлат бошқаруви ва малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда таълим сифатини янада оширишга қаратилган музокаралар ўз натижасини беради.

Икки давлат ўртасида олиб борилган дипломатик музокараларда Ўзбекистон-Сингапур таълим соҳасида фаол интеграциялашаётгани, жумладан, Тошкентда Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Сингапур технологиялар, менежмент ва коммуникациялар академиясининг янги босқичдаги чора-тадбирларини белгилаб берди, деб айта оламиз. Ўзаро самарали ҳамкорликни янада жадаллаштириш жараёнида халқаро тажриба алмашиш, бошқарувнинг синалган, инновацион жиҳатлари муҳокама қилингани, жадал ислоҳотларимизга катта куч бағишлайди.

Таъкидлаш жоизки, икки мамлакат сўнгги олти йилда товар айирбошлашни икки баробарга, саноат ишлаб чиқариш соҳаларида объектлар сонини 4 баравар оширишга эришилгани қайд этилмоқда. Шунингдек, ўзаро ҳамкорликнинг изчил йўлга қўйилиши сабабли Сингапурнинг тўғридан-тўғри инвестициялар ҳажми юртимиз иқтисодиётига 700 миллион доллар миқдорида кириб келгани ҳамкорликнинг катта тарихи яратилганини билдиради.

Мазкур ташрифда гувоҳмизки, мамлакатимизни глобаллашув ва демографик ўсиш шароитида таълим-фан, ижтимоий-иқтисодий, энергетика ва ишлаб чиқариш тармоқлари ва соҳалари нуқтаи назаридан жадал диверсификация қилиш мақсадида Сингапур-Ўзбекистон томонларининг ўзаро ҳамкорлиги янги поғонага кўтарилди. Боиси, аниқ мақсадлар сари одимлашда олти йўналиш белгилаб олинди.

Бинобарин, инсон капиталини ривожлантириш ва йирик корхоналарини хусусийлаштириш, давлат корхоналарини трансформация қилишни институтционал бошқариш, бугун долзарб бўлган IPOга чиқариш ва жозибадор инвестицияларни оптимал бошқаришда Инвестиция жамғармасини тузиш зарурлиги таклифи кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ўзининг барча улкан дастурларида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш, яшил иқтисодиётга ўтиш ва «яшил макон» каби халқаро лойиҳаларда ўз ташаббуслари билан фаоллик кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти ва БМТ минбарларида узоқни кўзлаган ҳолда иш олиб бормоқда. Мазкур йўналишларда ҳам «яшил» технологиялар ва рақамли ечимларни жалб қилиш, Сингапурнинг жадал рақамлаштириш, шаҳарсозлик ва коммуни-кацияларни такомиллаштириш жабҳаларидаги тажрибаларини янада кенг қўллаш белгилаб олинди.

Йўналишларнинг яна бир муҳим аҳамияти шундаки, инвестициялар ва савдо ҳажмини янада кенгайтириш, Сингапурнинг етакчи компаниялари билан қўшма лойиҳаларда Устав капитали 500 миллион долларга тенг Ўзбекистон-Сингапур инвестиция компаниясини ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди.

Мухтасар айтганда, ташқи иқтисодий-сиёсий ҳамкорликда икки мамлакат тўпланган тажрибалар асосида тинчлик-барқарорликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини янада такомиллаштириш, миллатлараро бирдамликни қўллаб-қувватлаш ва ноаниқ ахборот хуружларига қарши IT соҳаси ёрдамида курашиш тўғрисида муҳим ҳужжатлар имзоланди.

Президентимизнинг Сингапурга қисқартирилган, ижтимоий-иқтисодий, таълим-фан соҳаларини жаҳон стандартлари асосида аниқ ва самарали ривожлантиришга йўналтирилган расмий ташрифи – барчамиз учун давлатимиз ривожи йўлида ҳам ўрнак, ҳам масъулият юклайди десак, муболаға бўлмайди.

Қўнғиротбой ШАРИПОВ,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори



Сарлавха :
Қонунлар

19 01 2023 / 12:50