Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

ҚҚС тўловчиларга фарқ суммаси қайтариб берилган


Улашинг :


Навоий вилоят давлат солиқ бошқармаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “2022 йилда вилоят солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоби ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан қонунчиликка киритилган ўзгаришлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Бошқарма бошлиғи Анваржон Ботиралиев 2022 йилда вилоят солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Таъкидланганидек, 2022 йилда вилоят бюджет даромадлари прогнози 1 триллион 535,1 миллиард сўм ўрнига 1 триллион 690,6 миллиард сўмга, маҳаллий бюджет даромадлари прогнози 2 триллион 021,6 миллиард сўм ўрнига 2 триллион 268,2 миллиард сўмга бажарилиб, 246,6 миллиард сўм маблағ маҳаллий бюджет ихтиёрида қолдирилди.

– “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий кўмак бериш, фаолиятини тиклаши учун муносиб ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди А.Ботиралиев. – Жумладан, 3185 та тадбиркорлик субъектига ортиқча харажатлар ва қонун бузилишларидан сақлаш мақсадида ҳисоботларини тўлдириш ва топширишга кўмаклашилди. Янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектларининг 2487 тасига фаолият туридан келиб чиқиб, оптимал солиқ режими танлаб берилди. Шунингдек, айланма маблағга муҳтож бўлган тадбиркорлик субъектларига 1 миллиард 95 миллион сўм кредит олинишига кўмаклашилди.

Бугунги кунда вилоятда 5134 та қўшилган қиймат солиғи тўловчиси мавжуд бўлиб, 2022 йил якуни билан 376 та ҚҚС тўловчиларга 176,8 миллиард сўм қўшилган қиймат солиғидан салбий фарқ суммаси уларнинг ҳисоб рақамига қайтариб берилди. Натижада тадбиркорларнинг айланма маблағи яна ортишига имконият яратилди.

– Яширин иқтисодиёт мамлакатнинг иқтисодий ривожланишида асосий хавф туғдирувчи омиллардан биридир. Шу нуқтаи назардан, мамлакатимизда яширин иқтисодиётнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳар бир тадбиркорнинг қонуний фаолият юритиши учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилган, – дейди бошқарма бошлиғи. – Якунланган йилда норасмий иш ўринларини легаллаштириш мақсадида ўрганишлар ўтказилиб, 22 минг 765 нафар ходимнинг расмий бандлиги таъминланди. Натижада, 2022 йилда бюджетга 4 миллиард 813 миллион сўм солиқ тўланди.

Солиқ тўловчиларнинг мурожаатларига асосан ўрнатилган тартибда солиқларни тўлаш муддатларини кечиктириш, яъни бўлиб-бўлиб тўлаш имконини бериш бўйича 2 та хўжалик юритувчи субъектининг 1,2 миллиард сўмлик солиқ қарзини тўлаш муддатини ўзгартириш юзасидан қарорлар қабул қилинди. Шунингдек, қўшилган қиймат солиғи гувоҳномаси вақтинчалик тўхтатилган 183 та пахта-ғаллачилик фермер хўжаликларининг 6,5 миллиард сўмлик солиқ қарзини бўлиб-бўлиб тўлаш, қўшилган қиймат солиғи гувоҳномасини тиклаш имконияти яратиб берилди.

161 та тадбиркорлик суъбектига эса 2022 йил 1 январдан 1 июлга қадар бўлган даврда айланмадан олинадиган солиқ, фойда солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича 258, 8 миллион сўм солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди.

Матбуот анжуманида солиқ ва бюджет сиёсатининг 2023 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан қонунчиликка киритилган ўзгаришлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Бюджет ташкилотларини бошқа фаолиятдан олган даромадлари бўйича ноль фоиздан солиққа тортиш тартиби 2023 йил 1 январдан 2024 йил 1 январга қадар узайтирилди. Ер солиғи ставкаси 2022 йилга нисбатан 10 фоизга индексация қилинган бўлса, айланмадан олинадиган солиқ ставкалари солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун 4 фоиз миқдоридаги ягона ставкани белгилаган ҳолда бирхиллаштирилмоқда. Бунда бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларда жойлашган корхоналар учун пасайтирилган солиқ ставкалари 1 фоиз, бошқа аҳоли пунктларида жойлашган корхоналар учун 2 фоиз, аҳоли сони 100 минг нафар ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда 3 фоиз миқдорида сақлаб қолинди.

Жорий йил 1 январидан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотларини импорт қилишда акциз солиғи ставкалари 5 фоизга пасайтирилган бўлса, 1 февралидан нефть маҳсулотлари ҳамда ишлаб чиқариладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотлари бўйича акциз солиғи ставкалари 10 фоизга индексация қилинади.

Матбуот анжуманида ОАВ вакилларини қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоблар қайтарилди.

Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА



Сарлавха :
Қонунлар

30 01 2023 / 10:57