Loading...
O’zbekcha Русский O’zb Рус

Экспертлар ЕТТБ анжуманини қандай баҳоламоқда?


Улашинг :


Хабар берганимиздек, Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Экспертлар – иқтисодиёт ва молия соҳаси вакиллари анжуманнинг аҳамияти, муҳокама қилинаётган долзарб масалалар хусусида ўз фикрларини билдиришяпти.

– Биз молия институти сифатида 2017 йилдан юртингиз иқтисодиётига сармоя кирита бошлаганмиз, – дейди Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Аликс Дракинос. – Ҳамкорлигимиз йилдан-йилга мустаҳкамланиб, натижа яхшиланиб бораётганидан мамнунмиз. Бу мамлакатда иқтисодиётни эркинлаштириш, бизнесга кенг йўл очиш, соҳада қонун устуворлигини таъминлаш йўлида қилинаётган ишлар самарасидир. Биз мавжуд имкониятдан фойдаланиб, республикани иқтисодий жиҳатдан кучайтириш, халқ фаровонлигини оширишга қаратилган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз.

Экспертлар фикрига кўра, анжуман глобал иқтисодиёт истиқболини кенг муҳокама қилиш, таҳлил олиб бориш учун самарали майдон яратди. Хусусан, энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, “яшил” иқтисодиёт дастурини илгари суриш сингари муҳим масалалар форумнинг долзарб мавзуларига айланди.

– Халқаро молия институтлари Ўзбекистонга ишонмоқда, – дейди иқтисод фанлари номзоди Дилафрўз Усмонова. – Бунинг амалдаги ифодаси намоён бўлаётган мана шундай анжуманларда кўплаб масалалар ўртага ташланади, муаммоларга ечим топилади. Муҳокамаларда “яшил” иқтисодиётни молиялаштириш, кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш мавзулари ҳам кўтариляпти. Ҳозирги трансформация жараёнида рақамлаштиришни молиялаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода тадбир мамлакатимизнинг мавжуд молиявий имкониятларини янада кенгайтиради. Янги маҳсулот ва хизматларимизни жаҳон бозорига тақдим этамиз.

Анжуман доирасида ташкил этилган тадбирларда мутахассислар фуқаролик жамиятини равнақ топтириш, барча соҳаларда кўзланган маррага етишда қатъий интилиш муҳимлигини ҳам таъкидладилар.

– Мазкур тадбирда турли-туман мавзулар кўтарилди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги лойиҳа раҳбари Азиза Умарова. – Маълумки, Марказий Осиё давлатларида фуқаролик жамиятини кучайтириш орқали келажакда амалга ошириладиган лойиҳаларга уларни кенг жалб қилиш кўзда тутилган. Сабаби, фуқаролик жамияти вакиллари бу ҳақда тўлиқ маълумотга эга бўлиши керак. Бу мамлакат тараққиётига хизмат қилади. Шунингдек, инсон ҳуқуқлари мавзуси таҳлил этилган йиғилиш ҳам истиқболда, албатта, самара беради.

Анжуман иши давом этмоқда. ЎзА тадбирларни батафсил ёритишда давом этади.

Икром Аввалбоев, ЎзА



Сарлавха :
Қонунлар

19 05 2023 / 12:09