Юртимиз аҳолисининг 55 фоизи, яъни 19 миллиондан ортиғини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил қилмоқда. Ҳар йили ўртача 600 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда. Яқин 10 йилда бу рақам 1 миллионга етиши кутилмоқда.
Шу боис, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати соҳасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган вақт ичида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида алоҳида тизим яратилди.
Жумладан, 30 июнь санаси мамлакатимизда “Ёшлар куни”, деб эълон қилинди. Ёшлар сиёсатини амалга оширувчи алоҳида ташкилот ташкил этилиб, ёшларнинг давлат бошқаруви ва жамият тараққиётининг барча босқичларида тўлақонли иштирокини таъминлашга қартилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
Хусусан, парламентимизнинг ҳар иккала палатаси қошида ташаббускор ёшларни ўзида жамлаган “ёшлар парламенти” фаолияти йўлга қўйилди. Турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган, юқори натижаларга эришиб, тенгдошларига ўрнак бўлаётган йигит-қизларни рағбатлантириш мақсадида “Мард ўғлон” Давлат мукофоти ва “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди.
Шу билан бирга, ёшларга сифатли таълим бериш, касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимликларида ёшлар билан ишлашга бевосита масъул бўлган ҳоким ўринбосари лавозими жорий қилинди. Бу ишларни маҳаллада ташкил этиш бўйича вертикал бошқарув тизими яратилди. Натижада, 9 минг 500 та маҳаллага фидойи ва ташаббускор ёшлар етакчилари тайинланди. Бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилиб, уларни манзилли қўллаб-қувватлаш йўлга қўйилди.
Шунингдек, алоҳида эътибор ва кўмакка муҳтож ёшлар билан манзиллий ишлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” ва жамғармаси ташкил этилди.
Иқтидорли ёшларнинг энг яхши ғоя, стартап ва лойиҳаларига қулай ва енгил шартларда, зарур бўлса фоизсиз кредитлар ажратилмоқда. IT-парклар бўйича тажрибадан келиб чиқиб, ҳудудларда “Креатив парк”лар ҳам ташкил этилиб, уларга ҳам IT-парк резидентларига берилган имтиёз ва енгилликлар қўлланилмоқда.
Жумладан, 2022 йилнинг ўзида ёшлар тадбиркорлиги учун 4 триллион сўм кредит ажратилиб, 150 мингта лойиҳа ишга туширилиб, 325 мингта янги иш ўринлари яратилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасига қизиққан, ер билан тиллашиб ўз даромадини ошириш иштиёқида бўлган ёшлар учун 43 минг гектар экин майдони ажратилиб, 435 минг ёшлар бандлиги таъминланди. Шу билан бирга, 32 мингдан зиёд ёшларга субсидия орқали ўз қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари ва компьютер жамланмалари олиб берилди.
Бу соҳадаги ишларни янада аниқ ва манзилли ташкил этиш мақсадида 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган 9 миллион нафар ўғил-қиз алоҳида эътиборга олинди. Шунингдек, илк бор 25 та вазирлик ва идора маълумотлари ўзаро уйғунлашган электрон базага жамланди. Барча ёшларнинг ижтимоий аҳволи, қобилияти ва қизиқишлари ўрганилиб, “маҳалладан вазирликкача” тизимида ишлаш йўлга қўйилди.
Умуман олганда, бугун ёшлар билан ишлаш барча раҳбарларнинг, кенг жамоатчиликнинг, бутун жамиятимизнинг ва парламент аъзоларининг энг устувор вазифасига айланди. Натижада, мамлакатимиз ёшларининг ўзига ва келажагига бўлган ишончи ортиб, халқаро майдонларда ҳар бир соҳа ва йўналишларда муносиб ўринларни эгаллаб юртимиз довруғини дунёга ёймоқда.
Маҳфират ХУШВАҚТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.
ЎзА
Сарлавха :
Қонунлар
26 06 2023 / 11:48