Хўш, тадбиркор қандай ҳолатларда текширувчиларни ўз ҳудудига қўймаслиги мумкин? Бу борадаги саволга Бизнес-омбудсман масул ходими Азиз Усмоналиев қуйидагиларни маълум қилди.
–Қуйидаги ҳолларда тадбиркорлик субъектлари назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахсларини текширув ўтказиш учун ўз ҳудудига қўймаслик ҳуқуқига эга.
Жумладан, текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқ ўрнатилган тартибда расмийлаштирилмаганда, текширув белгиланган тартибда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишилмаганда ёки у хабардор этилмаганда текширув ўтказиш мумкин эмас.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқини берувчи махсус гувоҳнома мавжуд бўлмаганида ҳамда улар текширувларни рўйхатга олиш китобига маълумотларни киритишдан бош тортганида ҳам рухсат бермаслик ҳуқуқи мавжуд.
Хусусан, текширув ўтказиш тартибини бузган мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилади.
Андижон вилоятида фаолият юритувчи “Жайрона” (номи ўзгартирилган) МЧЖ раҳбари Бизнес-омбудсманга ўз корхонаси фаолиятида ўтказилган текширувдан норози бўлиб, текширув ўтказиш тартиби бузилгани юзасидан мурожаат қилди.
Аниқланишича, солиқ органларининг икки нафар масъул ходими “Жайрона” МЧЖ томонидан касса чеки берилмагани бўйича “Soliq hamkor” автоматлаштирилган тизими орқали йўлланган мурожаат асосида сайёр солиқ текшируви ўтказган.
Мурожаат ўрганилганда, сайёр солиқ текширувини ўтказиш жараёнида, бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланди.
Хусусан, давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 13 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар ўтказишни мувофиқлаштириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси текширилаётган тадбиркорлик субъектига тилхат олинган ҳолда топширилиши лозимлиги белгиланган.
Мазкур Низомнинг 26-бандида тадбиркорлик субъекти фаолиятида ўтказиладиган текширувларда тадбиркорга унинг ҳуқуқлари тушунтирилиши ҳамда бу ҳақда тадбиркорлик субъекти раҳбари (раҳбар вазифасини бажарувчи шахс) томонидан текширув ўтказишга асос бўлган ҳужжатлар нусхалари олинганини тасдиқловчи тилхатда маълумот қайд этилиши белгиланган.
Бироқ текширувчилар томонидан МЧЖ фаолиятида ўтказилган текширув жараёнида тадбиркорга текширув ўтказиш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхаси топширилмаган, шунингдек, унинг ҳуқуқлари тушунтирилмаган.
Бундан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 39-моддасида текширув бошланишидан олдин текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширувда иштирок этиш учун юридик хизмат вакилларини ва (ёки) адвокатни жалб этиш ёки уларнинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилиб, бу ҳақда баённома тузилиши белгиланган бўлса-да, ҳуқуқбузар томонидан баённома расмийлаштирилмаган.
Юқоридагиларга кўра, сайёр солиқ текширувини ўтказган икки нафар солиқчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-2-моддасига асосан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилди ва Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг қарорига кўра, БҲМнинг 10 баравари миқдорида маъмурий жарима тайинланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари
24 08 2023 / 10:35