Ҳузур-ҳаловатдан кечиб, имконияти ва маблағини сарф қилиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб меҳнат қиладиган ишбилармонлар юксак натижаларга эришаверади.
Президентимиз нафақат ўз оиласи, балки эл-юрти равнақи учун хизмат қилаётган бундай тадбиркорларни ҳақиқий фидойилар, деб эътироф этганди. Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг бошидаги йиғилишлардан бирида иккитагина иш ўрни яратган тадбиркорни бошига кўтаришга тайёрлигини ҳам айтган эди.
Мамлакатимиздаги ишбилармонлик муҳити, бугунги натижалар ўша ваъда шунчаки айтилмаганини кўрсатмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 17 ноябрь куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Термиз шаҳридаги “Indenim Textile” кластерининг тўқимачилик корхонасида ҳам бўлди.
Кластерда пахта етиштириш ва қайта ишлаш, ип-калава тайёрлаш, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳамда тайёр маҳсулотларни сотиш занжири яратилган. Бу умумий ҳисобда айни пайтда корхона тизимида 9 минг нафардан ортиқ ходим меҳнат қилаётганини англатади.
Термиз шаҳридаги тўқимачилик корхонаси шу занжирнинг бир ҳалқаси саналади. Бу корхона 2019 йил ишга туширилган бўлиб, унинг умумий лойиҳа қиймати 10 миллион доллардан ортиқни ташкил этади. Корхонанинг жами ҳудуди 12 гектар, ишлаб чиқариш майдони 3 минг метр квадрат ташкил этади.
– Иш бошлаганимизда иккита дўконимиз бор эди, – дейди кластер таъсисчиси Шерзод Шоймардонов. – Товарларимизнинг катта қисми импорт маҳсулотлар эди. Оз бўлса ҳам ўзимизнинг трикотаж маҳсулотларимизни савдога чиқардик. Савдони таҳлил қилганда ўзимиз ишлаб чиқараётган кийим-кечаклар ҳам яхши сотилаётганига амин бўлдик. Кейин ишлаб чиқаришга куч бердик. Орадан тўрт йил ўтди, жаҳон брендлари билан рақобатлаша оладиган даражага чиқдик. Ҳозир мамлакатимизнинг турли ҳудудларида савдо дўконларимиз ишлаб турибди. Ўзимиз етиштирган пахтадан кийим-кечаккача бўлган босқични босиб ўтяпмиз. Бу маҳсулотларимиз таннархи ҳамёнбоп бўлишига хизмат қилмоқда. Натижаларга эришишимизнинг асосий омили мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитининг жуда яхшилигида деб биламиз.
Президентимиз тўқимачилик корхонамизда бўлди. Уни янада ривожлантириш учун нималарга аҳамият қаратишимиз лозимлиги ҳақида тавсияларини берди. Давлат раҳбарининг ташрифи жамоамиз учун катта энергия бўлди.
Дарҳақиқат, бу корхонада Германия, Япония, Туркия ва Хитой каби давлатлардан келтирилган илғор технология ва ускуналар самарасида йилига 800 турдаги 9 миллион дона тўқувчилик маҳсулотлари, жинси, қишки кийимлар тайёрлаш қуввати яратилган.
Ишлаб чиқарилаётган тайёр маҳсулотнинг бир қисми экспортга, асосий қисми ички бозор – кластернинг “Indenim” дўконларига чиқарилади.
Бу каби лойиҳалар ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Буни биргина шу корхонада 800 нафар хотин-қиз иш билан таъминланганида ҳам кўриш мумкин.
– Бундан олдин чет давлатдаги йирик текстиль корхонасида ишлаганман, – дейди корхона тикувчиси Рўзигул Мерганова. – Ўша корхона билан ҳозирги ишхонамни солиштираман. Бу ердаги шароитлар аъло. Ускуналаримиз замонавий, иш жойимиз тоза-озода, жамоамиз аҳил, даромади яхши. Энг муҳими, оиламдан узоқда эмасман. Ишидан хурсанд, оиласига қўшимча даромад келтираётган мен каби хотин-қизлар мана шу шароитларни қилиб берганларга ҳамиша раҳмат айтамиз.
Ишга қабул қилинадиган хотин-қизлар дастлаб корхонанинг мономарказида ўқитилади. Иш жараёни икки сменада ташкил этилиши натижасида унумдорлик юқорилиги таъминланмоқда.
Корхонада келгусида газлама мато тўқиш ва бўяш, кийим-кечак ишлаб чиқариш ҳажми оширилади. Бунинг учун умумий қиймати 55 миллион доллар инвестиция йўналтирилади. Натижада яна 10 минг 500 та янги иш ўрни яратилади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
Носиржон ҲАЙДАРОВ(сурат), ЎзА
Сарлавха :
Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари
24 11 2023 / 13:03